Масъулият, эътироф ва ишонч

(Андижон давлат тиббиёт институти ташкил этилганига 70 йил тўлди)

Соғлиқни сақлаш тизимида жиддий ислоҳотлар кечмоқда. Ушбу жараёнда Янги Ўзбекистон тиббиётини янада такомиллаштириш ва малакали кадрларни тайёрлаш муҳим вазифа этиб белгиланган. Бу борада Андижон давлат тиббиёт институти ҳам нафақат Республика, балки халқаро миқёсда шифокорларни етиштириб беришда етакчилик қилади.

Таъкидлаш жоиз, институтимиз йилдан-йилга ҳар тарафлама ривожланиб бормоқда. Таълим сифати, илмий даража ва унвонларга эга бўлган устозларнинг сафи кенгаяётганлиги, нафақат маҳаллий, балки хорижий талабаларнинг сони ортиб бораётгани бунинг ёрқин мисоли бўла олади.

Институтимизга 1955 йилдан 2015 йилга қадар қабул қилинган талабалар сони 31044 нафарни ташкил этган бўлса, бугунги кунда 11 000 нафардан зиёд талабалар таҳсил олмоқда.

Ўқитувчилар сони жорий йилда 967 нафарни ташкил этади. улардан 65 нафари фан доктори бўлса, 254 нафари фан номзодларидир.

1955-1964 йилларда 5 та тиббиёт фанлари доктори, 2 та тиббиёт фанлари номзодлиги учун диссертация ҳимоя қилинган бўлса, 2024 йилда 62 тадан зиёд тиббиёт фанлари доктори ва тиббиёт фанлари бўйича фалсафа докторлиги учун ҳимоялар ўтказилди. Бу эса, албатта, талабаларга сифатли таълим бериш имкониятини ҳам оширади.

Қолаверса, институтимиз профессор-ўқитувчилари хорижий муассасаларда малака ошириб келмоқда. Биргина 2024 йил мисолида айтганда 29 нафар ўқитувчимиз Россия Федерацияси, Америка Қўшма Штатлари, Германия, Жанубий Корея давлатларининг нуфузли олий таълим муассасалари ва клиникаларида малака ошириб қайтди. Хорижлик мутахассислар ҳам институтимизга келиб, ўқитувчилар билан маҳорат ва тажриба алмашиб, талабаларга маърузалар ўқимоқда.

Бугунги кунда Андижон давлат тиббиёт институти хорижнинг етук тиббиёт олий таълим муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйган. Йилдан йилга алоқалар доираси кенгайиб бормоқда.

Андижон давлат тиббиёт институти ҳозирга қадар 60 дан ортиқ хорижий тиббиёт университети, институт, клиникалари билан ҳамкорлик ўрнатган. Ҳозирда жами 105 та халқаро шартнома мавжуд.

Жорий йилнинг 30 апрель куни институтнинг 70 йиллиги муносабати билан “Профилактик тиббиётда илғор инновацион технологияларни қўллаш” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда ҳам Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликларидан вакиллар, республикамиздаги тиббиёт олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлар ҳамда хориждаги нуфузли олий таълим муассасалари ректорлари, профессорлар онлайн ва офлайн тарзда иштирок этди.

Халқаро илмий-амалий анжуманда Россия Федерацияси, Швеция, Туркия, Германия, Австралия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларидан 40 нафардан зиёд мутахассислар қатнашди.

Тадбир меҳмонлари институтимизнинг тарихи ва бугуни ҳақида сўз юритиб, улуғ устозлар хотирасини ёдга олди. Мен ҳам ушбу институтнинг собиқ талабаси сифатида айтиб ўтишим жоизки, бугунги эришилаётган ютуқлар бу, албатта, барчамизга билим берган устозларнинг фидокорона меҳнати ёрқин натижасидир. Ҳозирда ҳаёт бўлиб, биз билан елкама-елка меҳнат қилаётган устозларнинг қўллаб-қувватлаши бизга катта куч беради.

Анжуман давомида шундай бир ажойиб воқеа бўлдики, бу эътироф шахсан менга катта масъулият юклайди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғига биноан “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони билан тақдирландим.

Шунингдек, анжуман доирасида Россия Федерациясининг А.В.Вишневский номидаги миллий тиббий тадқиқот жарроҳлик маркази директори ўринбосари Мадина Кадирова Александр Васильевич Вишневский номидаги медални тақдим этди.

Мазкур медаль Федерал давлат бюджет муассасаси А.В.Вишневский номидаги миллий тиббий тадқиқот жарроҳлик марказининг олий мукофоти бўлиб, у таниқли жарроҳлар, олимлар ва соғлиқни сақлаш ташкилотчиларига берилади.

Ушбу эътирофлар ва ишонч учун чексиз миннатдорлигимни билдираман. Институтимиз жамоаси билан биргаликда янада улкан марраларни забт этишга, соҳанинг етук мутахассисларини тарбиялашга сидқидилдан ҳаракат қиламан.

Институтнинг 70 йиллик тантанасида институтимизда узоқ йиллардан буён фидокорона меҳнат қилаётган устозлар, ўзларининг фаоллиги, интилувчанлиги билан жамоамизга ўрнак бўлаётган ёшлардан жами 40 нафардан зиёд ходимларимиз муносиб тақдирланди.

Андижон давлат тиббиёт институтининг 70 йиллигида талабалар жамоаси ҳам фаол бўлди, десам, муболаға бўлмайди.

Институтнинг 70 йиллигига бағишланган Анатомия ва Гистология бўйича II халқаро олимпиада, “Морфология байрами” ҳам бўлиб ўтди. Унда Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон Республикасидан ва мамлакатимиздаги тиббий олий таълим муассасалари талабаларидан иборат, жами ҳисобда 10 та жамоа иштирок этди.

Олимпиада рус ва инглиз тилида бўлиб ўтди. Хорижий мамлакатлардан олимпиада учун 14 нафар етакчи морфологлар ҳайъат аъзолари сифатида қатнашди. Унда талабалар таништирув, савол-жавоб, амалий машғулот каби шартлар бўйича беллашди.

Мазкур олимпиадада талаба-ёшларнинг бир жамоа бўлиб иштирок этишлари катта ютуқ деб биламан. Бу уларнинг ўз имкониятларини синовдан ўтказишларига кенг тажриба майдони бўлди. Олимпиада чинакам дўстлик, бирдамлик байрами бўлди. Якунда эса энг билимдонлар аниқланиб, қатор номинациялар бўйича уларга кубок ва эсдалик совғалари топширилди.

Ўйлайманки, бу каби дўстлик ришталари келажакда мустаҳкам халқаро ҳамкорликларнинг дебочаси бўлиб хизмат қилади.

Институтимизнинг 70 йиллиги муносабати билан кўп сонли жамоамиз, қадрли профессор-ўқитувчилар ва азиз талабаларимизни самимий қутлайман.

Бу каби тантаналар институтимизда кўп бўлсин ва уларда сафимиз ҳамиша кенгайган ҳолда қатнашиб юриш барчамизга насиб этсин!

Мадамин МАДАЗИМОВ,

Андижон давлат тиббиёт

институти ректори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − seven =