“Хорижликларга тиллақош тақдим” — деди сирдарёлик заргар Раъно Азимбоева

Агар дунёда битта аёл бўлса ҳам заргарга иш топилади, деган мақолни бугун сал бошқачароқ талқин этишга тўғри келади. Яъни бир нафар заргар аёл бўлса, у дунёни ҳайратга солишга қодир.

Гулистонлик заргар Раъно Азимбоеванинг Ҳиндистондаги нуфузли халқаро кўргазмаларда иштирок этгани ҳақида кўп эшитганмиз.

Раъно Азимбоева яқинда нуфузли халқаро фестиваль саналган “Surajkund International Crafts Mela” 38-халқаро ҳунармандчилик фестивалида иштирок этиб қайтди. Ушбу фестивалда ҳар йили Ҳиндистоннинг барча ҳудудлари ва дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатлари вакиллари, шунингдек, 1,5 миллиондан ортиқ сайёҳлар ва маҳаллий фуқаролар иштирок этади. Мазкур тадбир ҳунармандчилик соҳасидаги дунёдаги энг йирик фестиваль-ярмаркалардан бири саналади. “Surajkund International Crafts Mela” 38-халқаро ҳунармандчилик фестивалида Ўзбекистон павильонига маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар томонидан катта қизиқиш билдирилаётир.

Дарвоқе, юртимиз заргарлари вакили бўлган Р.Азимбоева аввал ҳам ҳиндистонликлар ва бошқа хорижликларни ўз қўллари билан ясаган миллий тақинчоқлар билан лол қолдирган эди. Ўтган йили октябрь ойида Ҳиндистоннинг Деҳрадун ва декабрь ойида Крукшетра шаҳрида бўлиб ўтган ҳунармандлар фестивалида қатнашган ва ўша иштироки билан кейинги нуфузли кўргазмага йўлланма олиш имконига эга бўлган эди… Фестивалда иштирок этган барча миллий маданий марказлар, 20 дан ортиқ давлат вакиллари ўзбек аёли яратган миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини кўриб, тасаннолар айтишди.

Фестиваль доирасида миллатлараро дўстлик, тасвирий санъат асарлари, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари ҳам ташкил этилди.

Раъно Азимбоева Гулистон шаҳрининг “Улуғбод” маҳалласида яшайди. Дастлаб иш фаолиятини чеварликдан бошлаган ҳунарманд аёл кейинчалик миллий тақинчоқлар ясаш сирларини ҳам пухта ўрганди. Унинг заргарликка қизиқишининг сабаби бор эди.

— Уйимиздаги сандиқда буви, аммаларимдан қолган тиллақош, тумор, зирак ва бошқа зеб-зийнатлар бўлиб, кичкиналигимда онам уларни байрам ва ҳайитларда менга тақиб қўярди, — дея эслайди заргар. — Мен уларни ҳаммага кўз-кўз қилардим. Ёшим улғайгач, уларни ҳавас билан узоқ томоша қиларканман, бу тақинчоқларни ясаш менинг ҳам қўлимдан келармикан, деб ўйлардим. Бу ҳавас орзуга айланди ва мен бу ишга астойдил киришдим. Аста-секин оддий мунчоқлардан ва бошқа маҳаллий хомашёлардан бинойидек тақинчоқлар ясай бошладим.

Ўн йилдан бери шу ҳунар билан жиддий шуғулланяпман. Йиллар ўтиб, оиламиз бисотидаги ўша момомерос зеб-зийнатларга ўхшаган буюмлар дунёга келди ва мен энди ўзим ясаган тақинчоқлар билан шаҳар, вилоят ва республика миқёсидаги кўргазмаларда қатнашиб, заргар деган ном олдим. 2018 йили “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлдим ва улар мени қўллаб-қувватлаб келмоқда. Юртбошимиз томонидан ҳунармандларга берилаётган эътибор, ғамхўрлик ва имтиёзлардан кенг фойдаланяпман. Уюшма томонидан республика ва халқаро миқёсдаги фестиваль ва кўргазмаларга йўлланмалар берилди. Ҳозиргача Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Фарғона, Бухоро ва бошқа вилоятларда, Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро кўргазмаларда иштирок этдим. Уч йилдан бери Тошкент шаҳридаги “Самарқанд дарвоза” номли катта савдо маркетида ҳар якшанба куни бўладиган ҳунармандлар ярмаркасида қатнашаман. Ҳар гал бошқа ҳудудлардан келган заргарлардан кўп нарса ўрганиб қайтаман. Шу ҳунарим орқасидан бир неча марта Ҳиндистонга бордим ва ўтмишда момоларимиз таққан заргарлик ишларимни намойиш этдим. Қаерга бормай, юртимнинг кичик бўлаги эканлигимни ҳис этаман, фаол иштирокчилар ва ғолибларни тақдирлаш чоғида Ўзбекистон номи эълон қилинганда юрагим фахр-ифтихорга тўлади. Ўн нафардан зиёд шогирд тайёрладим. Улар орасида Рухсора Камолиддинова, истеъдодли ёш заргар Муҳаббат Зиёеваларни алоҳида тилга олсам арзийди. Рухсора менинг ўнг қўлим десам бўлади, доимо ёнимда. Ютуқларимда унинг ҳам ҳиссаси бор. Гарчи фарзандларим Лазиза ва Азаматнинг касблари бошқа бўлса-да, улар ҳам болаликларидан шу қадимий ҳунарга меҳр қўйиб улғайишди, менга яқиндан ёрдам беришди.

Тадбиркор ва ҳунарманд аёл ҳозирги кунда ўз хонадонида устахона бунёд этиб, кўплаб шогирдларига ўз ҳунарини ўргатиш билан бир қаторда, касаначилик асосида кўплаб хотин-қизларнинг бандлигини ҳам таъминлаган.

Вилоят “Ҳунарманд” уюшмаси раҳбари Музаффар Раҳматов заргар аёл ҳақида илиқ фикрлар билдирар экан, унинг жуда тиришқоқ, изланувчан ва янгиликка ўчлигини алоҳида таъкидлаб, шундай деди:

— Раъно хориждаги фестивалларда шунчаки қатнашиб келмайди, ҳар гал янги ғоялар, янги таклифлар билан келади, уларни амалга оширишга интилади ҳамда шогирдларига ўз билганларини ўргатади.

— Аввал тарихий манбалар, альбомлар, китоблар ва расмларда берилган миллий безакларни кўриб, улар асосида тақинчоқлар ясаб юрган бўлсам, хориждаги кўргазмаларда қатнашган чет эллик ҳамкасбларимдан бу ҳунарнинг ўзим билмаган сирларини, янги қирраларини ўрганиб қайтяпман, — деди суҳбатни давом эттириб, заргар. — Қадимда Ҳиндистонда заргарлик кенг ривожланган. Ҳинд заргарлари ясаган буюмлар дунёни лол қолдирган ва ҳозир ҳам шундай. Заргарликнинг улардан ўрганадиган жиҳатлари кўп. Ҳинд фильмларида аёллари қулоқларига, бурунларига, қўлларига таққан тақинчоқларга ҳавас қилардим. Кўргазмамизни томоша қилган ҳинд аёллари эса бизнинг миллий тақинчоқларга жуда қизиқиб қолишди. Айниқса, тиллақош уларга жуда ёқди. Энг чиройли тиллақошни бир аёлга тақиб қўйгандим, роса хурсанд бўлди.

Хорижликлар зебигардон, зирак, билагузук ва бошқа миллий тақинчоқларимизни ҳам кўплаб харид қилишади. Улар адрас, атлас, беқасам ва бошқа матолардан тикилган миллий либосларимиз ва тақинчоқлар бир-бирларига уйғунлигини, гўзал ва бетакрор эканлигини эътироф этишади. Иш фаолиятим давомида мен мелхиор ва латун каби оддий металлардан фойдаланардим. Бир сафар Ҳиндистонга борганимда маҳсулотларимнинг кўп қисмини сотдим ва анчагина даромад қилдим. Ана шунинг ҳисобидан феруза, ёқут, ақиқ, александрия ва бошқа қимматбаҳо тошлардан белгиланган миқдорда харид қилдим. Мақсадим — улар асосида ўзига хос миллий безаклар ясаш ва келгуси кўргазмаларда янгича кўринишдаги заргарлик буюмлари билан иштирок этиш.

Қадимий ҳунар билан ҳурмат ва эъзоз топаётган заргар аёлнинг чин ниятлари амалга ошишига ишонамиз.

Холида ПАРДАБОЕВА

Суратларда: ҳунарманд Раъно Азимбоева хориждаги кўргазмаларда миллий заргарлик буюмларини намойиш этмоқда.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + 7 =