“Қисмати йўқликка кўмилган гуллар”

“Қабоҳат салтанати ёхуд қор қўйнида лолалар” шеърий романини ўқиб…
Яқинда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида шоира Шарифа Салимованинг “Қабоҳат салтанати ёхуд қор қўйнида лолалар” номли шеърий романининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда таниқли ижодкорлар, адабиётшунос олимлар, талаба-ёшлар иштирок этди. Асар ҳақида юраклар куйиб-ёнмасдан сўз айтиб бўлмаслигини унинг тақдимотида билдирилган фикрлардан ҳам англаш қийин бўлмади.
“Бўлди! Етарли ҳозирча шу икки қисмат! Қолганини эртага. Йўқ, бошқа бир сатр ҳам ўқиб бўлмайди бу китобни! Бугунга етади! Бугунгами ё бутун умргами етар бунча ҳасрат, дард, изтироб, фарёд. Китоб ҳали ярмига ҳам етмади. Аммо… Икки зиёли аёлнинг, икки олиманинг аччиқ қисмати, икки мазлума, аянчли тақдирлар эгалари — Хайринисо Мажидхонова, Марям Султонмуродова. Бунча мураккаб бўлмаса ҳаёт… Ахир улар ҳам аёл эди, нозик хилқат эди. Кўнгли шишадек тоза эди. Ниятлари улуғ ва кўп эди…
Ҳаммаси 1922 йилда Туркистонни тараққий эттириш ниятида “Туркистон кўксида ширин бир ташвиш” бўлиб, “Бир гуруҳ истеъдод эгаси — ёшлар Олмония сари йўл” олишларидан бошланди. Аммо Ватанга нур, зиё, тараққиёт олиб кириш ниятида илм-фан ривожланган ўлкаларда таълим олаётган ёшлар ҳақида сиёсатнинг кир қалами бошқа сўз айтди. Буни муаллиф ушбу сатрларда ифода қилди: “Сартлар Оврўпада нима қилади? Талабалар ортга қайтмоғи керак”… “Аросатда тутинг, не қилсангиз ҳам, Қудратли Туркистон уйғонмаса бас”…
Бир аччиқ фарёд келади юракдан. Эй, ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари! Сен нега бунчалар шафқатсиз келдинг? Нега миллат гулларини танлаб, ўроғинг билан аёвсиз ўриб-янчиб ташладинг? Миллат деганларни тенгсиз азобларга гирифтор қилиб, онасини ҳам, хотинини ҳам, синглисини ҳам жавобгар қилдинг? Йигирма минглаб болаларни ота-онаси бағридан юлиб олиб, болалар уйларига тиқиб юбординг? Нега аёлларнинг қамоқхоналарда калтакланишига, таҳқирланишига томошабин бўлдинг?
Нега октябрь тўнтаришидан кейинги ҳукумат бизнинг аёллардан ўз режаларини амалга оширишда фойдаланди-ю, оқибатда аёвсиз қурбон қилди?
Ҳа, ҳар мисрада бир дард, бир армон, бир ўкинч, бир андуҳ, бир иложсиз пушаймон. Ҳар саҳифада ортга қайтмас, ҳар не ҳақиқатларни кўмиб юборишга қодир Вақт ҳам даволай олмаган ўйиқ жароҳатлар, яшира олмаган аччиқ-аччиқ ростлар. Зиёли эркаклар — ота ё эр ортидан қатағон бўлган оддий уй бекалари… Миллатнинг, бутунроқ айтганда, кўплаб халқлар қалбидаги жароҳатларнинг бир улкан қисми — ўзбек зиёлиларининг гуллаган умри пайҳон этилиши, азоблар, қийноқлар, таҳқирлар ва ҳатто шафқатсизларча отув…
“Қабоҳат салтанати ёхуд Қор қўйнида лолалар” — бир адибнинг миллат дарди ўлароқ чеккан дил оҳи, руҳимиздаги минг-минглаб очиқ, қони сирқираб ётган дардларимиз… Асли бу маълумотларни, қатағон бўлганлар ҳақидаги манбаларни энди-энди интернет саҳифаларидан қисман топиш мумкин. Лекин яхлит асарда, яна шеърий романда бадиий ифодасини шунчаки ўқиб бўлмайди.
Фаслларга бўлинган битикнинг аввалги боби. Ёш қизлар таҳсил учун Германияда бўлиб турар эканлар, Париж саёҳатига отланадилар. Уларнинг кўз ўнгида ўша йиллардаёқ ўзининг мафтункор қиёфаси билан оламни ҳайратга солган Европа кўчалари гавдаланади.
Лувр музейлари — бебаҳо тарих,
Наполеон излари — йиқилган тахтлар.
Ногоҳ Мустафо Чўқай, Аҳмад Наим билан учрашиб қоладилар. Шунчаки суҳбатлар келгусида қанча сўроқ-саволларга сабаб бўлишини ким билибди?
Ўзбекнинг биринчи олий маълумотли шифокор қизи Хайринисо Мажидхонова Германияда олти йил таҳсил олиб келди. Яна Тошкентда ўқишни давом эттирди. Дардларга даво қилиш, яраларга малҳам қўйиш билан кифояланиб қолмай, халққа тушунарли бўлиши учун ўзбек тилида ажойиб тиббий луғат тузди. Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” 1-жилдини ҳозирги ўзбек ёзувига ўгириб, оққа кўчирди. Тиббиётга оид 200 бетлик илмий иши деярли битган чоғи ногоҳ уйига бостириб келдилар. Тинтув, ҳамма нарса йўқ қилинишга маҳкум. Китоблар ҳам: Гёте, Байрон, Қодирий, Чўлпон, тиббиётга оид немис тилидаги, рус тилидаги бебаҳо китоблар, болалар учун адабиётлар…
Гуриллаб ёнади инсон қисмати,
Бир ҳовуч кул бўлиб ёнар китоблар.
Сўнг отувга ҳукм қилинди — охирги нафасигача қўйилган асоссиз айбларни тан олмаган, мардона турган, отасининг шаънини сўнгги нафасгача ҳимоя қилган ўзбек олимаси. Чимилдиқ кўрмаган навниҳол қиз. Бу даҳшатли отув кунида Хайринисонинг кўнглидан кечган оғир туйғуларни ҳис қилиш осон эмас. Шоира Шарифа Салимова буни шундай битади:
Дунёсига йиғлаб келгандим, она,
Дунёдан кафансиз кетаётирман…
“Қарс” этар, тунларни тилкалар товуш,
Деворга сачрайди Гул сиёҳли қон…
Одамзод нима учун ҳали-ҳануз ҳушини йиғмайди? Ҳали-ҳануз қон тўкади. Наҳотки инсоният ақлдан озган бўлса? Умр бир тутамлигини билади-ку. Авлодларига бойлик қолдирмоқчи бўладими? Аслида, гуноҳлар хуржунини илдириб кетмайдими худди не-не қонхўр босқинчи зотлар каби?..
Кейинги фаслда Марям Султонмуродова ҳақида.
Бир умр таъқибда яшаган, уч марталаб жазога, қамоққа мубтало этилган журналист ва таржимон Марям Султонмуродова тақдири. Бир муштипар онанинг фарзандлари дийдорига зор бўлган йиллари. Унинг меҳнати билан “Ёш Вертернинг изтироблари” таржима бўлди. Яна қанча асарларни таржима қилишни дилига туккан эди бу немис тили билимдони. Оз вақт бўлса ҳам “Гулистон”, “Ёрқин ҳаёт” журналларида журналист бўлиб ишлаган эди. Уч бора сўроқ-савол, уч бора сургун, уч бора фарзандларидан айролик. Ҳаммаси ортда қолдимикан дея оқланиши ҳақидаги ҳужжатларни кўзёшлар билан кутиб олганидан сўнг ҳам бир умр давом этган чекловлар, таъқиблар.
“Дунё, ҳозирча мен сенинг кўксингда
Ўқилмаган китоб, ўқилмаган сир”.
Менга шу азобли тарихни айтди
Қишлоқ четидаги униққан қабр.
Қирғин йилларида қатағон бўлган аёлларнинг ҳар бири тақдири ана шу каби ўқилмаган китоб, очилмаган сир.
Шеърий романнинг сатрларида Файзулла Хўжаев, Ғайрат Мажидий каби миллатнинг энг илғор ойдинлари шаънига қўйилган бўҳтонлар, бошига тушган балолар, нафақат ўз бошига тушган офатлардан тортмиш азоблари, балки она Туркистон аҳволидан чеккан сўнгсиз изтироблари ҳам намоён бўлади.
Ўйлаб ўйингга етолмайсан. Хаёл ўша йилларга элтади. Юзи қора йиллар… Шунда ҳам ҳушёр бўлмагинми? Ахир сенинг ҳам кўзингни неча йиллар “буюк” ёлғонлар чалғитган. Фидойиларнинг номини қора қилган тузумнинг қўшиқларини жўшиб-жўшиб айтгансан:
Я другой такой страны не знаю,
Где так вольно дышит человек…
Ҳа, ҳаво етмайди. Энди дунёнинг бошқа ерида ҳам шунчалик разолат бўлганмикин деб ўйлаб қоласан. Ўқиганларинг ҳақида ўйлаб, ўйингнинг охирига етолмайсан, ором ҳам беркиниб олади қаерларгадир.
Яна очилади “Қабоҳат салтанати”.
Вилоят Хўжаеванинг сурати. Отасининг миллатпарварлиги, фидойилиги, ёшларни Оврўпага ўқиш учун юборгани сабабидан кўп йиллар саргардон бўлган қоп-қора, қуралай кўзлар. Суратга тушгани чоғ тақдирининг бунчалик оғир, манаман деган мард эркак кўтаролмайдиган даражада оғир бўлишини билармиди?
Отам Москвага йўл олди ногоҳ,
Нажот қалъаси, деб чиқарди қанот.
Сталин… у севган, у суйган даҳо,
Жаллод эканлигин билмасди, ҳайҳот!
Ёш талабанинг отаси айбсизлигини билдириб “Файзулла Хўжага қилингиз шафқат” дея битган хати каби умр йўли ҳам ёпилган қиз. Қизнинггина тақдири эмас бу бобда. Ўша давр илғор зиёлиларининг бирин-сирин жисман йўқ қилиниши.
Бундай тақдирлар қанчадан-қанча экан?
Кейинги саҳифаларда фарғоналик Кимёхон Ашурованинг эри билан партияга қилган содиқ хизматлари туфайли даҳшатли айбловларга мубтало этилиши, уч қизини қолдириб, қамоққа олиб кетилиши, эри Ўринбой Ашуровнинг отиб ташланиши, кичик қизи — ўн ойлигида онасига талпиниб қолиб кетган кичик қизи Кларанинг ичикиб вафот қилиши сатрларда битиларкан, бу даҳшатли воқеалар тасаввуримизда гавдаланади. Ўткир публицист (1938 йил апрелда отиб ўлдирилган) Абдулҳай Аҳмедовнинг аёли Тожихон Аҳмедованинг 1937 йилдан 1945 йилгача қамоқда ушланиши, чидаб бўлмас айблов ва таҳқирлар, соғлиғини йўқотиши ҳақида муаллиф яна бир фаслда таъсирчан шеърий ҳикоялар битади. Сабр-матонат намунаси бўлган бу аёлларни қандай қилиб хотирламаслик мумкин? Қандай қилиб пок руҳларига ҳурмат бажо келтирмаслик мумкин?
Чустлик моҳир журналист Собира Холдорова тақдири эса бир романга жо бўлгулик. 17 ёшидаёқ ҳукуматнинг яқинда таъсис этилган “Янги йўл” газетасининг муҳаррири бўлган бу аёл катта умидлар билан Москва давлат журналистика институтида ўқиган. Оила қуради, икки фарзанднинг онаси бўлади. 1937 йилдан то 1955 йилгача қамоқда, сургунда умр ўтказади. Ҳаётининг гул даврини ҳар куни 14-15 соат давом этадиган оғир меҳнат, қийин шароитда яшади, матонат билан озодлик кунларига етиб келди. Қизини ҳам сургун йилларида тарбия қилди. Аммо бу азоблар, изтиробларда ақлдан озди. Ўғлининг тақдири ҳам номаълумлигича қолди.
Собира Холдоровага бағишланган фаслда бундай сатрлар бор:
Нечун бунча кечга қолдинг, ҳақиқат?
Тойчахон қўлида бўлганмидинг қул?
Қаерларда эдинг ўн тўққиз йил-а,
Телба бўлганида навқирон кўнгил?
Китоб якунига қадар қисматлар тобора чигаллашиб бораверади.
“Акмал Икромовнинг думи” саналган партия раҳбарларидан бири Ғани Исҳоқовнинг аёли Мақсуда Исҳоқовадан уч фарзанди тортиб олинди ва болалар уйига ташланди. Ўзи узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтади. Қамоқда у сўнгсиз сўроқ қилинди, аёвсиз таҳқирланди.
Биринчи ўзбек профессори Абдурауф Фитратнинг аёли Ҳикматой Фитратовани беайб сўроққа тортадилар ва бир неча йил қамоқда ушлаб турадилар. Фарзанди Севара болалар уйига топширилади. Эрига қўйилган туҳматларга имзо чекишини талаб қилиб қаттиқ ва қайта-қайта сўроқ қиладилар. Шу билан бирга, Ҳикматойнинг ота-онасидан мерос қолган 200 га яқин тилла буюмларини мусодара қилиб юборадилар. Бу эса қатағончилар сўроқ-саволлардан, қама-қамалардан энг-энг чиркин мақсадларда фойдаланганига далолат.
Юрак қони билан тилга етиб келадиган сўзлар бор. Қисмати шундай титроқ, юракларни зириллатади. Юрак қони билан битиладиган сатрлар бор. Кўзларни куйдиради, ҳақиқатдан бонг уриб, тилларда мангу жаранглайди.
Халқ аҳволу руҳияси, ўзбек аёлларининг маънавий-миллий қиёфаси, зиёлиларнинг Ватан равнақи йўлидаги шижоат-шиддатлари — барча-барчасини ифодалашда халқимизнинг неча юз йиллик дардчил оғзаки ижодидан сатрлар келади: оҳангини эргаштириб, юракларни эзғилаб, кўнгилларни титратиб:
Дарё тошқин, сувлар тўлқин,
ўтолмайман-о,
Отим ориқ, манзилимга етолмайман-о.
Отгинамни ориқ қилган шу майда тош-а,
Ранггинамни сариқ қилган шу қаламқош-а.
Йиғламай, дард чекмай, изтироб тортмай ва яна ўша кир тарихнинг қора эшикларини очиб, ичкарини кўрмай, кўриб титрамай ўқишнинг иложи йўқ. Ўз кунингга ҳисоб-китоб қиласан. Китоб фаслларидан бирига эпиграф сифатида келтирилган сўзларга яна қайтиб борасан ва кўзингда ёш билан, иқрор билан: “Рост”, дейсан беихтиёр…
“Улуғ Турон, эй, арслонлар ўлкаси! Қайғурма! Эски давлатинг, эски салтанатинг, эски йигитларинг, эски арслонларинг ҳаммаси бор, ҳеч бири йўқолмамишдир. Ёлғиз… Оҳ, ёлғиз тарқалмишдир…”
Китобда қурбон тилидан бундай даъват келади:
Замондошим, сенга айтар сўзим бор,
Тарих тупроғига тўкилди қоним.
Ватанни жон каби асра, авайла,
Арслонлар ўлкаси бу юрт, ўғлоним!
Аёл боши билан Ватан озодлиги йўлида ҳақдан қайтмаган аёлларимиз руҳлари олдида ҳамиша қарздормиз.
Шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шарифа Салимова “Қабоҳат салтанати” китобида айтганидай:
Энди пок руҳингиз роҳатда бўлсин,
Тугамас тарихга берган саволлар.
Фаришта қавмида кетдингиз улуғ,
Ёрини сотмаган дилбар аёллар!
Маъмура ЗОҲИДОВА