Наим Каримовнинг хазинаси

Бу олим билан кўп кўришганман. Игна билан қудуқ қазиган, ўқувчини ўйлантирадиган, баъзан кайфиятни тушириб юборадиган, мураккаб тақдирга эга қатағон қурбонлари ҳақидаги мақолаларини ўқиганман. Минбарга чиққанида, уни тушунадиганлар даврасида сокин, майин овозда сўз бошлаганларида, турган-битгани илм бўлган, одамларни адабиёт оламига олиб кириб қўядиган мазмунли маърузаларини эшитганман. Алам қиладигани, бирор марта турмуш ташвишларини бир четга қўйиб, “келинг, домлажон”, деб дилдан суҳбатлашмаганман.
Ахир эфир, диктофон деганлари орқали бемалол олимнинг олтиндан қиммат бебаҳо сўзларини ёзиб олиш имконияти айрим журналистлардан кўра менда кўпроқ эканлиги маълум эди. Лекин ана шу ҳақиқатни ўзим билмаганман. Аниқроғи, бефарқлик қилганман. Бугун тортинчоқлигим панд берганлигини ҳам тан олмай иложим йўқ.
Ҳечдан кўра кеч, деганларидек, яқинда Наим домла деган бу улуғ аллома билан суҳбатлашдим. Шу ерда ўқувчилар ҳайрон бўлиши мумкин, “Ахир, Наим ака бу фоний дунёни тарк этганига анча вақт бўлди-ку”, дейишлари турган гап. Ҳа, шундай. Устозни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!
Домла билан суҳбатлашганимга изоҳ шуки, шу янги 2025 йилни кутиб олиш баҳонасида, яъни байрам кунларидан унумли фойдаланиб, Наим Каримовнинг “Танланган асарлар”и билан танишдим. Шу пайтгача шундай китобни ўқимай юрганимга кўп афсус чекдим. Ана шу кунлари домла билан мириқиб суҳбатлашдим, улуғ олимнинг гапларини бўлмай жим тингладим. Мутолаа завқидан баҳраманд бўлиб, бир неча кун аллома билан гурунг қилдим. Ўзимча баҳслашмоқчи ҳам бўлдим.
Шунчалар катта олим билан ҳам баҳслашиб бўлармикан, дейишингиз ҳам мумкин. Яширмайман, ўзимча миллат буюклари ҳаёти ҳақида ёзганда айрим жиҳатларни четлаб ўтса бўлмасмикан, деган гапларни айтишга оғиз очганимда, Наим домла, “йўқ” деб туриб олгандай бўлди ва бу баҳс охирида қисқагина: “Ахир беайб парвардигор” дейдилар, деган гаплари билан кўнглимга келган ожиз эътирозларимга жавоб бериб қўйгандек бўлди.
Ҳақиқий олим учун ҳақиқат устун туришини исботлаб қўйди бу гаплари билан!
Хуллас, яхши китоб яхши суҳбатдош эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим ва бир ўқувчи сифатида ушбу китобдан олган таассуротларимни, мулоҳазаларимни сиз азизлар билан ўртоқлашмоқ, баҳам кўрмоқни ният қилдим.
Маврида келганда, аввало, бир сўзни айтмоғим шарт. Академик Наим Каримовнинг муборак таваллуд санаси муносабати билан чоп этилган китоб лойиҳаси раҳбари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Сирожиддин Саййид, китобни нашрга тайёрловчилар Шуҳрат Ризаев ва Жаббор Эшонқулларга ҳар бир ўқирман миннатдорлик билдирса арзийди.
Энди “ТАНЛАНГАН АСАРЛАР”ни варақласак. Китобнинг дастлабки саҳифаларидаёқ домла ўқувчини буюк адиб Абдулла Қодирий сабаб ўша давр Тошкент адабий муҳити сари етаклайди. XIX аср охири – XX аср бошларида Тошкентда адабий-маданий ҳаёт, асосан, мадрасаларда, ҳужраларда, ҳатто чойхоналарда бўлганлигини тасвирлайди. Бугун Кўкалдош мадрасаси олдидан ўтадиган ўқувчи шу масканда Қўқондан келиб Фурқат, Муқимийлар бошпана топганини, ўша улуғлар суҳбатига кўплар шерик бўлганлигини билиб олишади. Яна бу ердаги ҳужраларда Шайх Саъдийнинг “Гулистон” асарини ўзбекчага ўгирган Муродхўжа домла номларига дуч келамиз. Наим домланинг китобини ўқиганидан сўнг, авваллари Кўкалдош мадрасаси олдидан бепарво ўтиб кетадиган ўқувчи мавлоно Муқимий, Фурқат, Хислат, Камий домлалар қадами етган, шеърият, адабиёт ҳақида эрта тонггача ўтган гўзал кечалар, кунларини қисқа давр бўлса-да ўтказган тарихдан сўзловчи бинога бошқача қарашлари турган гап. Улуғларнинг излари қолган бу муаззам мадрасалар тарихимизнинг, маънавият бешикларининг бир устуни бўлганлигини унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Буни бугун ҳам миллат фарзандлари билишлари шарт.
“Танланган асарлар”да Наим домланинг Абдулла Қодирий, Чўлпон ва Ойбек ҳаёти ҳамда ижодига бағишланган “Уч буюк сиймо” китоби, Ўзбекистон халқ шоири Миртемир ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи маърифий-биографик романи киритилган.
Академик Наим Каримов Қодирий яшаган давр ҳақида ёзиб: “Шу даврда Ўрта Осиёда халқ ва мамлакатимиз мушкул аҳволини ўзгартира оладиган бирор куч йўқ эди. Аммо кўп ўтмай, бундай кучнинг борлиги маълум бўлди. Бу халқни ғафлатдан, мудроқ ҳолатдан уйғота олувчи СЎЗ эди. Бу халқнинг юрагига етиб борувчи СЎЗ, унинг аянчли ҳаётини кўзгу бўлиб кўрсата олувчи СЎЗ, уни уйғота олувчи СЎЗ, уни эрк ва ҳуррият йўлида бирлаштира олувчи СЎЗ эди. Ана шу СЎЗ миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти намояндалари учун қудратли қурол бўлди”, — деган ҳаққоний хулосага келади.
Олимнинг бу фикрлари нақадар ҳақ эканлигини исботлашнинг ҳожати йўқ. Бу қарашнинг долзарблиги шундаки, бугун миллий ўзликни таниш, “Мен кимман?”, “Биз киммиз?” деган саволлар ҳар қадамда пайдо бўляпти. “Сўздай қудратли қуролдан ким қандай фойдаланяпти?” — деган саволлар бор. Олим сўз қудратидан Қодирий қандай фойдаланганлигига жавобни унинг ўлмас асарларидан топади. Мисол учун, барчага таниш: “Юсуфбек ҳожининг: “Биз шу ҳолда кетадурган, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядурған бўлсак, яқиндирки, ўрис истебдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар…”, деган сўзларни ўқиб, буюк адибнинг сўз қудратидан қай даражада фойдаланганлигини яна бир карра ҳис қилишимиз мумкин.
Наим ака шу пайтгача кўпчилик эшитган Абдулла Қодирий сабаб айтиладиган “Ўзбек романчилиги мактаби” деган тушунчага ҳам ўз муносабатини билдиради. У “Биз Қодирийни ўзбек адабиётида романчилик мактабига асос солган адиб сифатида эъзозлашимиз мумкин”, деган хулосага келади. Бу ҳам ўз айтар сўзига эга олимнинг асосли фикрларидан бири. Академик, улуғ адабиётшунос Наим Каримов буюк адиб Абдулла Қодирийнинг асарларига баҳо беришда ўзига хос ёндашади. Саволлар қўяди. Бунинг исботи сифатида “Абдулла Қодирий Умархоннинг канизи ҳақида қандай маълумотларга эга бўлган?”, “Мадалихон ўгай онасига уйланганми?”, “Ҳаё ким бўлган?”, “Қодирий қачон туғилган?”, “Холид Саид ким бўлган?”, “Жулқунбой тахаллуси қандай пайдо бўлган?” номли мақолаларни келтириш мумкин. Саволлар ва саволлар… Ҳақиқий олимнинг жавоблари осонликча пайдо бўлмаганлигини ҳис этмоқ учун, албатта, асарни ўқимоқ керак.
Наим ака тилга олган уч буюк сиймоларнинг икки буюги — Чўлпон ва Ойбек ҳақидаги асарларни ўқиган китобхон жуда кўп нарсани олиши мумкин.
Биринчидан, ўқувчининг бу йирик адиблар ҳақидаги билими бойибгина қолмасдан, аввалги қарашлари ҳам ўзгариши турган гап. Чўлпон ижоди билан бирга бу машҳур шоир шахси билан таништирилади. “Чўлпон ким эди?” — деган саволга жавоб берилади. Ойбек ҳақида ёзган асарининг бир бобига “Улуғ шоир, адиб ва олийжаноб инсон” деб сарлавҳа қўйилган. Иккинчидан, тўпламда ана шу уч жиҳат ярқ этиб кўринади. Бундай ёзиш учун олим адиб ижодининг чуқур билимдони бўлиш билан бирга Ойбекнинг шахсини ҳам яқиндан ўрганган бўлиши лозим эди. Наим Каримов академик Ойбекнинг ижодий жасоратини ҳам кўздан қочирмайди.
Бундан ташқари, мазкур китобда “Миртемир” деб номланган маърифий-биографик роман асосий ўринни эгаллаган. Бу роман ҳақида сўзни бошлаш аввалида ўзимнинг шахсий қарашим бўлса-да, бир нарсани таъкидламоқчиман: адабиётга қизиқиши бор китобхон бу асарни ўқий бошласа, уни тугатмагунча қўлдан қўймайди, қанчалар ширин бўлмасин, уйқусидан воз кечади. Негаки, асар фақат Миртемир домла ҳақида эмас, балки ана шу шоир яшаган давр, жафокаш Туркистон тарихи, одамлар тақдири, разилликлар, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги курашлар дунёсига кирилади. Ўқувчи шоир билан бирга юради. Унинг қувончидан шодланади, кўпроқ дарди, азобларига шерик бўлади. Ийқон манзаралари ва бошқа воқеалар тилга олинганда, катта олим Наим Каримов катта ва маҳоратли ёзувчига айланади, ўзини қийнаган, ўйлантирган ташвишларини ҳам қоғозга туширади. Асарни ўқий бошлаймиз:
“Ўзбек халқи мустақилликка эришганидан сўнг кадрлар тайёрлаш, айниқса, баркамол авлодни тарбиялаш масаласига мамлакатимизда алоҳида эътибор берила бошланди. Агар халқимизнинг олис ва яқин тарихига назар ташласак, бу масаланинг кун тартибига бир неча бор қўйилгани маълум бўлади. Хусусан, ўтган асрнинг 20-30-йилларида шу борада озмунча ишлар қилинмади! Лекин ўша даврдаги ёшлар билан ҳозирги ёшларни ўзаро қиёсласак, илм-фан асослари билан бирга турли касб-ҳунарларни эгаллаш улар учун ҳаётий зарурат бўлгани маълум. Шунинг учун улар маълум маънода баркамол авлод вакиллари бўлиб етишган. Ҳозирги авлод учун юқори малакали мутахассис, кенг билимли ва маданиятли инсон бўлиш эмас, балки моддий фаровонликка эришиш масаласи муҳим ва бирламчидир. Шунинг учун ҳозирги авлодни қоралаш ножоиз. Зеро, ҳозирги илмий-техник ва маданий тараққиёт даврида уларнинг Павел Корчагин бўлиб яшашлари кулгили. Шунга қарамай, 20-30-йилларнинг оғир иқтисодий ва мафкуравий шароитида яшаб, фидойи, олийжаноб, камтар, ҳалол, ватанпарвар ва олий тоифали мутахассис бўлиб улғайган авлодни кўпроқ ҳурмат қилгинг, уларга ўхшаган фарзандларни ўстиргинг келади, киши.
Бу лирик чекинишни навбатдаги масаланинг дебочаси сифатида қабул қилишингизни сўрайман, ҳурматли китобхон”, деб ёзади Наим Каримов.
Юқоридаги сўзлар ортида катта олимнинг дардлари турганлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Жамиятнинг бугуни ва эртаси ҳақидаги ўй-ташвишлар борлиги ҳам маълум. Хулоса зўр. Ҳақиқий аллома хулосаси. Кимлардир бу домланинг шахсий қарашлари дейиши ҳам мумкин. Лекин ҳаёт ҳақиқатининг ойнадаги аксини ҳамма ҳам инкор қилавермаса керак.
Наим домла Миртемир домланинг азобли ҳаётини қандай бўлса, шундайлигича тасвирлайди. Шу билан бирга олимнинг ёзганларида Қодирийга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатини, Чўлпон шеъриятидан ҳайратланишларини, Ойбекни жуда яхши кўришини, Миртемирнинг қувончидан қувонганларини, дарди, азобларига шерик бўлиб қўлига қалам олганлигини кўрасиз. Олим ижодкорларга баҳо беришда бир ўлчов — ҳақиқат тарозисини унутмайди. Улар ҳаётда қандай бўлсалар, шундайлигича кўрсатишга ҳаракат қилади. Ҳақиқий олим учун бир мезон — ҳақиқат ҳар нарсадан устун эканлигини исботлайди.
Миртемирнинг душманлари кўп эди. Улардан бири Қосим Бобоев деганлари бўлган. У адабиётимизга катта зарар келтирган мақолалар ёзган. Ана шу мақолалардаги найзалардан бири Миртемир кўксига қадалади. Бугун Қосим Бобоев деганлари йўқ. Лекин Миртемир бор, деб баралла айтилади. Аммо Қосим Бобоев деганлари бир-икки нафармиди? Улар кўп бўлишган. Кўплашиб миллат ойдинларининг бошига етганлиги ҳам аччиқ ҳақиқат. Улардан қолган ўчмас жароҳат излари-чи?
Аслида, Миртемир домлага ҳаётда яшаш осон бўлмаган.
Миртемирнинг:
Дарё эдим,
Замонларнинг зайли билан сой бўлганман,
Расо эдим,
Нодонларнинг майли билан ёй бўлганман, —
деган сатрлари асарнинг Учинчи фаслида келтирилган бўлса-да, Олтинчи фаслида ҳам яна такрорланади. Мутолаа жараёнида дастлаб шу такрорийлик тасодифан ўтиб кетгандир, деган ўйга бордим. Ўзимча хато топгандай ҳам бўлдим. Йўқ! Тўғри қилинган экан. Чунки бу сатрларда Миртемир домланинг сурати бор. Шоирнинг аччиқ ва очиқ ҳаёт йўли чизилган ўлмас сатрлар. Кўзни каттароқ очадиган мактаб ҳам бор. Гўё шоир: “Ўзбегимнинг фарзандлари дарёлигини йўқотиб, сой бўлиб, баъзан ёй бўлиб юришдан сақлансин!” — деб хитоб қилаётгандай. Аслида, бундай ўйлаб қаралса, бугунги алғов-далғов замонда ҳам миллатнинг ҳар бир фарзандининг кўзини очадиган сатрлар эмасми бу? Гўё шеърни қайта ўқинглар, Миртемирни билмаганлар билиб қўйинглар, дейилаётгандек…
Ноҳақ қамалишлар, айрилиқ азоблари… Булар етмагандай, чин юракдан севган рафиқасининг бир амалдорчанинг ўйинига ўйнаб кетишлари… Раққоса Ҳалимахон Миртемирдай хокисор, ноҳақ қамалган эрини кутишга ярамади. Раққоса рафиқанинг хиёнатига ҳам чидаб яшаган шоирнинг дардлари шеърларига кўчди.
Миртемирнинг кўплар ёд биладиган бир шеъридан парча:
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Шу кунгача ўзни мен чеклаб бўлдим.
Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,
Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим.
Наим Каримов “Бу шеърнинг ҳар бир сатри ва ҳар бир ҳужайрасидан ҳаётдан дод деб кетаётган шоир қалби зарб бериб туради”, — деган мулоҳазани билдиради.
Миртемир домла йиғлаб чарчаган экан, Наим домла-чи? Бу ёруғ дунёдан дод деб кетганларнинг аччиқ аламли қисматини ёзиш қанчалар оғирлигини тасаввур қилмоқнинг ўзи азоб. Бу азобга ҳам чидамоқ керак. Наим домла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир каби минглаб миллат ойдинларидан айрилган кунлар битилган архив ҳужжатларини кўрганида, кўз ёшларини тия олмаганини, йиғлаганини кўрганлар бор. Аччиқ қисматлар ҳукми ёзилган сарғайган сатрларни ўқиб, йиғламаслик учун юрак қурғур тошдан бўлиши керак. Домла йиғламаганда, улар ҳақида шундай ёза олмасди. Буюклардан айрилиш азобини чуқур ҳис қилмоқ учун буюк олим бўлмоқ керак, деган сўзларни айтгим келади. Домла йиғлаб-йиғлаб ёзганларида сарғайган сатрлар устига қанча кўз ёшларини тўккани бизга қоронғи бўлса-да, бир ҳақиқатни айтмоқ керак. Ҳақиқий миллат фарзандигина шунчалар оғир юкни ўз бўйнига олади. Қатағон қурбонлари ҳаётини авлодларга етказиш учун жуда катта, кучли юрак керак эди. Шунинг учун ҳам қабринг нурга тўлгур жаннати инсон Наим домланинг заҳматли меҳнатини ўзига хос қаҳрамонлик деб аташ мумкин.
Домла Наим Каримов Миртемир шахси, инсоний фазилатлари ҳақида ёзаркан: “Шоирнинг ўта даражада камтарлиги, ҳатто уятчанлиги мени ҳайратга солар, баъзан унинг олдида ўзимни қандай тутишни билмай қолардим”, — деган фикрларни билдиради. Ўзлари-чи? Наим ака ҳақида гап кетса, уни билганларнинг барчаси шунчалар катта олимнинг ўта камтарлиги ҳақида сўз юритишади. Чиндан ҳам академик Наим Каримов ўзининг камтарлиги билан ҳам камолга эришган улуғ олим эдилар. Бундай ўйлаб қаралса, ҳақиқий, асл олимларга ўта камтарлик фазилати “юққан дард” бўлармикан? Кўз олдимга Иззат Султон, Матёқуб Қўшжонов, Азизхон Қаюмов, Озод Шарафиддинов каби аллома инсонларни келтираман. Улар кибрдан бутунлай холи, ўзларининг бу ўткинчи ҳаётда одамни ҳайратга соладиган даражадаги камтарликлари билан ҳам мактаб яратиб кетгандилар. Ана шу улуғлар қаторидан муносиб жой оладиган олимлар ҳақида гапириладиган бўлса, Наим Каримов номини ҳеч иккиланмасдан фахр билан улар сафига қўйиш адолатдан бўлади. Наим аканинг қатағон қурбонларидан тортиб, адабиётимизнинг бугуни ва эртаси ҳақидаги ёзганларини тарози палласига қўйса қанча бўларкан? Ҳар бир жумла устидаги меҳнат, уйқусиз тунлар, ижод, илмий жасорат, ўз умрини илмга бахшида этиш… Шундай инсонни тириклигида қай даражада қадрладик, деган саволлар ҳам пайдо бўлиб қолади. Тўғри, умрининг охирги йиллари кўплаб олимлар қатори Наим аканинг ҳам меҳнати қадр топди. Буларнинг бари Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг илм аҳлига бўлган юксак эътибори самараси дейиш мумкин. Лекин барибир бир нарсани унутмаслигимиз керак. Наим акадек ўз соҳасининг ҳақиқий фидойилари, миллат эртаси учун умрини бахшида этадиганлар ҳар куни ҳам дунёга келавермас экан. Киму ким, бизлар учун катта сабоқ бор. Наим ака ёзган миллат қаҳрамонлари тириклигида хўрландилар, азобландилар, қатағон қурбони бўлдилар. Улар миллат пешонасига битган бахт эди. Ўша бахт қушлари қаро ер бағрига кўмилдилар. Шунинг учун ҳам Наим аканинг асарлари орқали улар тақдири ҳақида битилган ҳужжатларни варақламоқнинг ўзи қанчалар оғир бўлганлигини тасаввур этмоқ учун, эҳтимол, фақат Наим домла бўлиб туғилмоқ керакдир.
Рост, хазина топиб олдим. Китобнинг сўнгги саҳифаларини ўқиб тугатгач, шундай хулосага келдим. Бу асар — ҳақиқий хазина эди. Айрим ёшларни кўз олдимга келтираман. Улар бугун Наим домла ва бошқа ҳақиқий илм одамлари бўлмиш олимларни қай даражада билишади? Катта меросни ўқишяптими? Биргина Наим аканинг авлодларга қолдирган хазинасидан баҳраманд бўлиб, қай даражада ҳайратланадилар?
Наим домла ҳам айримларга ўхшаб: “Шунча қилган меҳнатим етарли, энди ёнбошлаб ётиб, қарилик гаштини сурсам бўлар”, деган ўйга борганмикан? Йўқ! Домла тинмади. Ёзди. Авлодлар олдидаги қарзини узмаса бўлмайдигандек, умрининг сўнгги кунларигача хазина қолдирмоқ учун кўз нурини, бор кучини, соғлиғини аямай меҳнат қилди. Шунинг учун ҳам олимнинг умри давом этяпти. Домла ўзидан катта хазина қолдириб кетди. Ушбу ўйлар сўнгида ҳам сўз айтиш навбатини Наим акага берсак:
“Ҳозир Миртемирнинг иккинчи ҳаёти давом этяпти. Бу ҳаёт аввалгисига нисбатан бахтли кечадими ё йўқми, бу, келгуси авлодларга боғлиқ. Авлодлар ўз халқи билан бирга нафас олиб, унинг мунгли кунларида йиғлаган, бахтли кунларида эса олтин рубобидан таралган куйлар билан уларга қувонч улашган шоир асарларини ихлос билан ўқийдиларми, унинг хотирасини ёд этиб эъзозлайдиларми, бу бизга қоронғи. Аммо шу нарса равшанки, агар келгуси авлодлар нафис сўз санъатини ҳурмат қилувчи, севувчи, маърифатли авлод бўлсаларгина Ўзбекистоннинг келажаги буюк бўлади”.
Бу жумлалар ортида Наим Каримовнинг ўзи тургандай. Чунки унинг илмига, ижодига тегишли гаплар ҳам бор. Бу катта олимнинг авлодларга васиятими, дардими, ташвиш ё ҳадигими, ё… Нима бўлганда ҳам, академикнинг, умрини илмга, ижодга бағишлаган миллат фидойисининг хулосасига қўшилмасдан илож йўқ.
Анвар АБДУВАЛИЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.