Турк дунёси бирдамлиги

ёхуд интеллектуал ва инновацион келажак сари қадамлар

Замонавий глобал муҳитда фанлараро ёндашувлар тобора долзарб тус олиб бормоқда. Технологик тараққиёт инсон ҳаётининг барча жабҳаларига чуқур кириб бормоқда. Ижтимоий билимлар ва муҳандислик-технологик тафаккур ўртасидаги узвий интеграция барқарор ривожланишнинг пойдеворига айланмоқда. Туркий давлатлар учун бу интеграцион ёндашув стратегик аҳамиятга эга бўлиб, уларнинг илмий салоҳиятини, маданий муштараклигини ва иқтисодий тараққиётини уйғун ҳолда ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Яқинда бўлиб ўтган “Ижтимоий билимлар ва техник-муҳандислик турк дунёси” мавзусидаги халқаро симпозиум ушбу контекстда минтақавий ҳамкорлик, илмий изланишлар ва инновацион ташаббусларни бир платформада жамлаган муҳим илмий воқеликдир. Бугун муҳандислик ва ахборот технологиялари орқали ишлаб чиқилаётган ақлли тизимлар, рақамли хизматлар, экологик ечимлар, ўз навбатида, ижтимоий муносабатлар, бошқарув, ахлоқ, тил, маданият ва билим, таълим муҳитига таъсир кўрсатмоқда. Шу боис техник билимларни фақат иқтисодий восита эмас, балки ижтимоий тараққиётнинг барқарор кафолати сифатида ўрганиш муҳим бўлиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси, “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонун ва давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий асослар — мамлакатимизда илм-фан, тил сиёсати ва таълим интеграциясининг устувор йўналишларини белгилаб берди. Шу контекстда Тошкентда ўтказилаётган халқаро симпозиум ўзининг мавзулари, иштирокчилари ва муҳокама қилинадиган масалалари билан долзарб илмий ва амалий аҳамият касб этади.

Педагогик талқин ва тадқиқотлар

Замонавий таълим парадигмаси индивидуал ёндашув, инклюзивлик, компетенциявий ёндашув асосида шаклланмоқда. Ушбу йўналиш доирасида ўқитувчининг замонавий роли, рақамли педагогика, масофавий таълим платформалари, сунъий интеллект асосидаги ўқув моделларини жорий этиш каби долзарб масалалар муҳим ўрин тутади.

ХХI аср жамиятида таълим тизими нафақат билим берувчи, балки инсон капиталини шакллантирувчи стратегик омил сифатида эътироф этилмоқда. Бу ҳолат педагогик тадқиқотларнинг йўналиши, услуби ва вазифаларига янгича ёндашувни талаб этмоқда. Айниқса, Турк дунёсига мансуб давлатлар учун умумий тарихий-маданий асос, тил ва менталитет яқинлиги педагогик ҳамкорлик учун муҳим замин яратади.

Бугун педагогик парадигмаларнинг янгиланиши, педагогик тадқиқотларда методологик ёндашувлар, рақамли педагогика ва таълим трансформацияси, педагогик инновациялар ва Турк дунёси ҳамкорлиги масалалари ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда. Анъанавий таълим моделидан конструктивистик, компетенциявий ва рақамли таълим тизимига ўтиш глобал миқёсда давом этмоқда.

Замонавий педагогик ёндашувларда кўникма ва қадриятларга йўналтирилган таълим, ҳаётий компетенцияларни шакллантириш, кўп фанли (интердициплинар) ёндашув кун тартибининг етакчи масалалари сифатида юзага чиқмоқда. Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон ва Қирғизистон каби давлатларда миллий таълим тизимлари халқаро талабларга мослаштирилмоқда, рақамли дастур ва платформалар кенг жорий этилмоқда, замонавий педагогик тадқиқотлар психология, социология, антропология, технологиялар билан уйғунликда амалга оширилмоқда. Натижада бу таълим олувчи шахсини комплекс таҳлил қилиш, интеграллашган усуллар, видео-таҳлил ва кузатув методларини қўллаш каби имкониятларнинг таъминланишига эришилмоқда.

“COVID-19” пандемияси глобал миқёсда таълимни рақамлаштириш заруриятини кескин кучайтирди. Бугунги кунда сунъий интеллект асосида индивидуал ўқув дастурларини яратиш, интерфаол ўқитиш технологияларини кенг татбиқ қилиш, “Онлайн-мактаб”, “Халқаро фан беллашувлари”, “edumarket” каби лойиҳалар муҳим ўрин тутмоқда.

Турк дунёси мамлакатлари учун умумий тарихий-маданий мерос, бир-бирига яқин лингвистик, маданий, дидактик асос, модель уйғунликлари мавжудлиги ҳамкорликда амалга ошириш имконини беради.

Педагогик тадқиқотлар фақат назарий ғоялар эмас, балки Турк дунёси олимлари ўртасидаги тажриба алмашинуви ва халқаро ҳамкорлик билан уйғун ҳолда ривожланар экан, Турк дунёси давлатлари ўртасида педагогик соҳада тажриба алмашинувининг профессионал ривожланишини таъминловчи рақамли платформаларни яратиш, “Педагогик ҳамкорлик” Турк кенгаши доирасида узоқ муддатли стратегик дастурни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳим ва бирламчи вазифалар сифатида қайд қилиниши зарур деб ҳисоблаймиз.

Филология: тадқиқ ва таълим

Филология йўналиши туркий тиллар тадқиқоти, адабий мерос, таржима назарияси, терминология, лексикография ва тил сиёсатига оид долзарб муаммоларни қамраб олади. Айниқса, ўзбек тилини ривожлантириш концепциясига мос тарзда, замонавий лингвистик услублар, корпус лингвистика ва сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш масалалари алоҳида аҳамиятга эга.

Туркий давлатларнинг маданий, тарихий ва тил жиҳатидан умумий илдизга эга бўлиши филология фанининг бу маконда ўзига хос стратегик ва бирлаштирувчи ролини белгилайди. Сўнгги йилларда тил сиёсати, лексикография, таржима назарияси, адабий меросни тадқиқ этиш ва рақамли филология соҳаларида йирик тадқиқотлар олиб борилмоқда. Филология тадқиқи ва таълими масалалари ҳам халқаро ҳамкорликни мустаҳкамловчи асосий платформалардан биридир.

Туркий тиллар, лингвистик қариндошлик, терминологик уйғунлик, тарихий-лисоний бирлик масаласи ҳам алоҳида ёндашув. Туркий тиллар — қадимий илдизга эга бўлган, морфологик ва лексик жиҳатдан ўзаро яқин тиллар тизимидир. Улар орасидаги аглютинативлик хусусияти; сўз ясашда қўшимчалар тизими; базавий луғавий бирикмалар ўхшашлиги; фонетик параллелизм каби умумийликлар замонавий тилшуносликда компаратив ва контрастив тадқиқотлар учун қулай замин яратади.

Туркий давлатлар ўртасида терминология ва лексикография, илмий ва техникавий терминларни ягона негизда стандартлаштириш муҳим вазифа ҳисобланади. Бу борада ҳам қўшма туркий тил корпуслари яратиш, илмий-техник атамаларни уйғунлаштириш, умумтуркий онлайн луғатлар ва таржима платформаларини ишлаб чиқиш олдимизда турган вазифалардан саналади.

Масалан, Ўзбекистон ва Туркия филологлари ҳамкорлигида “Ўзбекча-туркча” терминлар луғатлари, онлайн корпус лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда. Корпус тилшунослиги бугунги кунда филологик тадқиқотларда асосий воситага айланмоқда. Йирик матнлар базасига таянган ҳолда сўзлар ишлатилиш частотаси; тил бирликларининг контекстда ишлатилиши; синонимлар, антонимлар, коллокацияларни таҳлил қилиш каби имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, Турк дунёсида умумий туркий тил корпусларини яратиш орқали лингвистик анализни янги босқичга олиб чиқиш мумкин.

Ахборот технологиялари воситалари ёрдамида автоматик таржима, матнни анализ қилиш, нутқни таниш ва лингвометрик тадқиқотлар ҳам амалга оширилмоқда. Бу эса адабий матнларни тематик ва стилистик таҳлил қилишни автоматлаштириш, талабаларнинг ёзма нутқини баҳолашда сунъий интеллект ёндашувларидан фойдаланиш имконини беради.

Лингводидактик ҳамкорлик доирасида туркий давлатлар ўртасида ўзаро ўқитувчилар алмашинуви, ёзги мактаблар, методик семинарлар ташкил этилиши ҳам таълим интеграциясини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Хусусан, туркий тилларни ўқитиш бўйича қўшма дарсликлар яратиш; “Тил ва маданият” тамойилига асосланган интеграцион дастурлар; магистратура ва докторантура бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Туркий халқларнинг адабий мероси — умумий маданиятнинг ажралмас қисми. Шоир ва ёзувчиларнинг асарларини замонавий илмий талқин қилиш, нашр этиш ва таржима қилиш мумтоз адабиёт намуналарининг критик нашрлари, туркий адабиётда типологик умумийликлар, туркий шоир ва ёзувчиларнинг адабий боғлиқлиги ва ўзаро таъсири бўйича алоҳида тадқиқотлар таъминланиши зарур. Ҳозирда Алишер Навоий ва Юнус Эмро, Абай ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди ўртасидаги умумийликлар замонавий адабиётшунослик тадқиқотларида чуқур ўрганилмоқда.

Филология — Турк дунёсини бирлаштирувчи кучли маданий-интеллектуал платформадир. Умумий лингвистик асосга эга бўлган туркий тиллар ўртасидаги интеграциялашган тадқиқотлар, қўшма терминологик ва лингводидактик лойиҳалар филологик ривожланишга кучли туртки беради. Рақамли воситалар ва сунъий интеллектни филологик таҳлилга жорий этиш орқалигина фан ва таълим замон билан ҳамнафас бўла олади.

Ўзбек, турк, қозоқ, қирғиз, озар тилларида дарсликлар, корпуслар, мультимедиа ресурслари яратиш — замонавий филология олдида турган муҳим вазифалардандир. Туркий тиллар орасида ўзаро терминологик уйғунлик, лексик-морфологик параллелликларни ўрганиш, уларни ягона илмий асосга келтириш долзарб бўлиб қолмоқда.

Яшил иқтисодиёт ва рақамли технологиялар

ХХI асрнинг энг долзарб чақириқларидан бири — экологик инқироз ва рақамли ўзгаришлардир. Шу сабабли туркий давлатлар барқарор тараққиёт моделини яратишда яшил иқтисодиёт концепциясини илгари сурмоқда. Бу модель атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган бўлиб, у рақамли технологиялар билан узвий боғлиқдир. Яшил технологиялар ва сунъий интеллект асосида ишлаб чиқилаётган рақамли тизимлар экологик мувозанатни сақлашда асосий роль ўйнамоқда.

Яшил иқтисодиёт — бу кам углеродли, ресурсларни самарали бошқарувчи ва ижтимоий инклюзив иқтисодиётдир. Экологик тоза энергия манбаларидан фойдаланиш (қуёш, шамол, биомасса), ресурсларни тежаш ва такрорий ишлатиш, “нолсарф” концепциясини жорий қилиш, барқарор қишлоқ хўжалиги ва экологик саноатни ривожлантириш унинг асосий тамойилидир.

Турк дунёсида яшил ўзгаришлар доирасида қуйидаги ташаббуслар амалга оширилмоқда: Ўзбекистонда “Яшил энергия” миллий стратегияси қабул қилиниб, қуёш ва шамол электр станциялари қурилиши бошланган. Туркияда 2030 йилгача 30 фоиз энергияни қайта тикланувчи манбалардан олиш мақсад қилинган. Қозоғистон ва Озарбайжонда “Яшил иқтисодиёт – 2050” дастури доирасида экологик транспорт тизимлари жорий қилинмоқда.

Рақамли технологиялар: яшил иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи

Рақамли технологиялар — яшил иқтисодиётнинг самарали воситасидир. Улар орқали рeсурслар (сув, электр, газ) сарфини онлайн мониторинг қилиш; сунъий интеллект асосида энергияни автоматик бошқариш тизимларини жорий этиш; агротехнологияларда “ақлли суғориш” ва дронлардан фойдаланиш; шаҳар инфратузилмасини “ақлли шаҳар” моделига ўтказиш мумкин.

Яшил иқтисодиётни ривожлантиришда таълим муҳим аҳамият касб этади. Экология ва рақамли технологияларни бирлаштирган интерфакультет курслари, “Яшил муҳандислик” бўйича магистратура дастурлари, виртуал лабораториялар бўйича ўқув дастурлари жорий этилмоқда.

Туркий давлатлар ўртасида экологик илмий тадқиқотлар бўйича халқаро грантлар, лойиҳа танловлари, қўшма лабораториялар ташкил этилиши жуда ҳам долзарб. Технологик тенгсизликни бартараф этиш, барча ҳудудларда рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва экологик муаммоларни дипломатик кун тартибига олиб чиқиш ва БМТ, ТУРКСОЙ каби халқаро ташкилотлар орқали ҳамкорлик қилиш муҳим.

Яшил иқтисодиёт ва рақамли технологиялар уйғунлиги орқали туркий давлатларнинг барқарор тараққиётга эришиш имкониятлари ошади. Яшил стартаплар ва технологик инновацияларни қўллаб-қувватлаш экологик хавфсизликни таъминлайди. Шунга монанд, илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари ўртасида рақамли ҳамкорлик платформаларини яратиш, янги илмий лойиҳаларни йўлга қўйиш долзарбдир. Яшил дипломатия ва рақамли адолат концепцияларини халқаро даражада илгари суриш — Турк дунёси обрўсини оширади. Хусусан, сув ресурсларини бошқариш, қишлоқ хўжалигида дрон технологиялари, “smart city” лойиҳалари — булар замонавий технологик тараққиёт ва экологик барқарорлик ўртасидаги мувозанатни ифодалайди.

Туркий давлатлар тарихи ва маданияти

Туркий халқлар — Марказий Осиёдан Яқин Шарқ, Кавказ ва Шарқий Европагача бўлган улкан ҳудудларда яшовчи қадимий ва бой тарихий-маданий меросга эга элатлардир. Уларнинг муштарак тили, диний эътиқоди, маданий қадриятлари, урф-одатлари ва тарихий хотираси асрлар давомида халқлараро бирдамлик ва ҳамкорликнинг таянчи бўлиб хизмат қилган. Бугунги кунда туркий давлатлар ўртасидаги интеграцион жараёнлар тарихий илдизларга таяниб, янги босқичга кўтарилмоқда.

Маълумки, туркий халқларнинг илк давлатчилиги эрамиздан аввалги даврларга бориб тақалади: Хунлар империяси (милоддан аввалги II-I асрлар): туркий сиёсий ва ҳарбий ташкилотчиликнинг илк намунаси. Турк хоқонлиги (VI-VIII асрлар): биринчи бор “турк” номи сиёсий ва этник бирлик сифатида тарихда тилга олинади. Қорахонийлар, Салжуқийлар ва Хоразмшоҳлар каби йирик давлатлар туркий халқларнинг давлат бошқаруви, адабиёти ва маданиятининг юксалишига хизмат қилган.

VIII асрдан бошлаб ислом дини билан танишиш туркий халқлар маданиятида туб бурилиш ясади. Туркий-ислом маданияти шаклланиб, ал-Форобий, Беруний, ибн Сино, Яссавий, Навoий, Бобур каби алломалар томонидан илм-фан, адабиёт ва фалсафа ривожланди. Бу даврда араб ёзуви, исломий этика, тасаввуф анъаналари туркий халқлар дунёқараши ва ҳаёт тарзига чуқур сингди.

Туркий халқларда оғзаки ижод (достон, қўшиқлар, мақоллар) асрлар давомида халқнинг тарихий хотирасини сақлаб қолди. Ёзма адабиётда эса умумтуркий қаҳрамонлар — Алп Эр Тўнга, Тўмарис, ўтрорлик Форобий каби образлар пайдо бўлди. Туркий халқларнинг хаттотлик, наққошлик, гиламдўзлик каби анъанавий санъат турлари бутун дунё маданий меросига киради. Бухоро, Самарқанд, Истанбул, Боку, Қозон, Ашхобод, Бишкек каби шаҳарларда қад кўтарган маданий обидалар умумтурк тамаддунининг дурдоналаридир.

Туркий халқлар умумий тарихий-маданий илдизларга эга бўлиб, бу улкан бойлик замонавий интеграция учун мустаҳкам асосдир. ТУРКСОЙ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида маданият, таълим, санъат ва илм-фан йўналишларида фаол ҳамкорликни кучайтириш лозим.

Умумтуркий тарих ва адабий мерос асосида биргаликдаги ўқув дастурлари, халқаро танловлар, илмий лойиҳалар ишлаб чиқилиши муҳимдир. Ёшлар орасида умумтуркий ўзликни шакллантириш учун рақамли платформалар, подкастлар, веб-сериаллар, мобиль иловалар яратиш истиқболлидир. Туркий халқлар тарихий бирлиги, маданий мероси, ёзма ёдгорликлар, археологик изланишлар, этнологик жиҳатлар бу йўналиш доирасида илмий асосда очиб берилмоқда. Шу билан бирга, маданий дипломатия, тарихий қарашлар таҳлили ва умумтуркий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама марказида туради. Янги архив манбалари асосида тарихий фактларни қайта талқин қилиш, маданий интеграцияни чуқурлаштириш йўлидаги илмий қадамлар Турк дунёси бирдамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Технология ва тафаккур асри

Ахборот технологиялари, математик моделлаштириш, сунъий интеллект, рақамли тизимлар ва киберхавфсизлик каби соҳалар бугунги кунда нафақат иқтисодий, балки стратегик хавфсизлик масалаларида ҳам муҳим ўрин тутади. Симпозиумда бу йўналишлар бўйича замонавий илмий ишланмалар, патентлар, прототиплар, ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди.

Рақамли трансформация, сунъий интеллект, автоматлаштириш, энергетика ва экологик барқарорлик муҳандислик фанининг асосий йўналишларига айланмоқда. Туркий давлатлар бу соҳаларда ўзаро интеграция, илмий-тадқиқот алмашинуви, муҳандислик университетлари ўртасидаги ҳамкорлик орқали минтақавий тараққиётга катта ҳисса қўшмоқда.

Муҳандислик қадимда архитектура ва ҳарбий техника билан боғлиқ бўлса, ҳозирда у сунъий интеллект, нанотехнологиялар, биоинжиниринг ва робототехника каби мураккаб соҳаларни қамраб олмоқда. Жаҳон банки маълумотига кўра, 2023 йилга келиб техник олий маълумотга эга мутахассислар меҳнат бозоридаги энг талабгир кадрларга айланган. Масофавий таълим, виртуал лабораториялар ва симуляция асосидаги машғулотлар ёшлар орасида техник компетенцияларни оширмоқда.

Муҳандислик соҳасида мутахассислар етишмовчилиги — айрим минтақаларда кадрлар миграцияси юқорилиги, илмий грантлар, технологик тадқиқотларга ажратилаётган маблағлар миқдорининг беқарорлиги, турли давлатлар ўртасида стандартлар ва сертификатлаштириш тизимларида тафовутлар мавжудлиги каби муаммоларнинг ечимлари доирасида умумтурк муҳандислик ассоциациясини ташкил қилиш, умумий норматив ҳужжатлар базасини яратиш, технологик стартапларни қўллаб-қувватловчи умумий сармоя жамғармасини тузиш, муҳандислик олий билимгоҳлари ўртасида “Turk Tech Week” форматида йиллик илмий танлов ва кўргазмалар ўтказиш лозим деб ҳисоблаш мумкин.

Туркий дунё муҳандислик ва технологик билимлар соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали глобал миқёсда рақобатбардош минтақага айланиши мумкин. Илмий алмашинув, таълимда интеграция, технопарклар фаолиятининг кенгайтирилиши орқали биз нафақат иқтисодий барқарорлик, балки интеллектуал уйғонишни ҳам таъминлашимиз мумкин.

Турк давлатлари орасида муҳандислик йўналишларида илмий-кластер асосидаги ҳамкорлик, қўшма технопарклар ташкил этиш истиқболлари айни дамда долзарб вазифа сифатида илгари сурилмоқда.

Мазкур халқаро симпозиум нафақат илмий алмашинув, балки туркий тилли мамлакатлар ўртасида стратегик ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беради. Ҳар бир йўналиш бугунги дунё тараққиётининг муҳим йўналишларига мос келиб, нафақат назарий, балки амалий ечимларни ҳам таклиф қилмоқда. Яқин истиқболда бу симпозиум тавсиялари асосида қўшма илмий дастурлар, нашрлар ва лойиҳалар шаклланиши кутилади.

ХХI аср — технология ва тафаккур асри. Янги асрнинг асосий талаби эса ижтимоий тафаккур билан технологик тараққиётни узвий уйғунлаштиришдир. Туркий давлатлар бу йўналишда барқарорлик, инновация, фан ва жамиятнинг интеграцияси орқали янги уйғониш сари ҳаракат қилмоқда.

Симпозиумнинг “Ижтимоий билимлар ва техник-муҳандислик турк дунёси” йўналиши инсон капиталини ривожлантириш, технологияларни ижтимоий ҳаётга татбиқ этиш, рақамли маданият ва экологик онгни шакллантириш, муҳандислик тафаккурини ижтимоий эҳтиёжлар билан уйғунлаштириш каби стратегик вазифаларни назарда тутади..

Муҳандислик ва технологик билимлар ёрдамида қурилаётган ақлли шаҳарлар, автоматлаштирилган тармоқ тизимлари, экологик муҳандислик воситалари ижтимоий соҳалар: таълим, соғлиқни сақлаш, бошқарув, транспорт ва ҳатто тил сиёсатига ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳолат фанлараро ёндашув ва ижтимоий-технологик интеграцияни давр заруратига айлантирмоқда.

Илмий-амалий конференция ва симпозиумлар Туркий давлатлар учун нафақат илмий мулоқот майдони, балки стратегик шериклик ва глобал ташаббусларнинг бошланиш нуқтасидир. Ташаббус ва муҳокамалар, албатта, яқин давр ичида умумтуркий ижтимоий-технологик форумнинг асосий концепциясига айланишига ишонамиз.

Ижтимоий тафаккур билан технологик тафаккур уйғунлиги муҳокама қилиниши — замон, давр талаби. Туркий халқларнинг илмий-сиёсий ва маданий тараққиётида муҳим бурилиш ясайди деб умид қиламиз. Илмий тадқиқотлар, қўшма технопарклар, халқаро грантлар, рақамли таълим платформалари — буларнинг барчаси Турк дунёсининг глобал майдонда барқарор ва узвий тараққиёт йўлига кираётганини кўрсатади.

Нусратилла БАРАКАЕВ,

Ренессанс таълим университети ректори,

техника фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − seven =