Умр зийнати

ёхуд уч аср билан юзлашган момо

Одам боласи дунёга бир марта келади, фақат бир марта… Ана шу бир марта замирида минг битта ҳикмат бор. Буни билган — билади, билмаган — йўқ…

Қуръони каримнинг “Анкабут” (“Ўргимчак”) сураси 62-оятида айтиладики: “Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Албатта, Аллоҳ барча нарсани билгувчидир”. Аллоҳ берган умрга, ризқу рўзга рози бўлиб, борига шукр, йўғига сабр-қаноат қилиб ва, албатта, Аллоҳнинг буюклигига иймон келтириб яшаётган одамлар нақадар бахтли! Чин мўмин-мусулмон киши ўзи шунақа бўлади: Аллоҳдан қўрқади, бировнинг ҳақини емайди, ҳалол меҳнат қилади. Бироқ минг афсус-надоматлар бўлсинки, Аллоҳни танимайдиган, билмайдиган, жаҳолат ботқоғига ботган, куфрга берилган кимсалар ҳам борки… Қўйинг, улар ҳақида гаплашмайлик, кайфиятни бузмайлик. Уларга Аллоҳнинг ўзи кифоя қилсин.

Бошқаларни билмадим-у, менда қизиқ бир одат бор. Ёши улуғ кишилар билан суҳбатлашсам, ибратли ҳикояларини эшитсам, дуоларини олсам, ўзимни қушдай енгил сезаман, кайфиятим кўтарилади, ишларим юришади. Яқинда ана шундай қувончли воқеа юз берди: ер юзидаги энг ёши улуғ аёл — 130 ёшни, ҳа-ҳа, роппа-роса 130 ёшни қарши олган бувайдалик Ҳувайдо момо билан учрашдим.

Биз Бувайда туман ҳокимлиги Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Коммунахон Мирсаидова ҳамда “Қорақум” ва “Бачқир” маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоли Садоқатхон Деҳқонова ҳамроҳлигида Ҳувайдо момо яшайдиган (Қорақум қишлоғи, Замондошлар кўчаси, 44-уй) хонадонга кириб бордик. Бизни момонинг кенжа ўғиллари Тўрақул ака (62 ёш) очиқ чеҳра билан кутиб олди.

Узун-қисқа бўлиб ичкарига кирдик. Дарвозахонадан ўтиб, 5-6 қадам юрганимиздан кейин ўнгга бурилдик.

— Юринглар, юраверинглар, — дея йўл бошлади Тўрақул ака. — Келди-кетдилар кўпайиб кетгандан кейин бувимлар учун ҳовлининг бир четига алоҳида уй-жой қурдик.

(Эслатиб ўтамиз: Фарғона водийси қишлоқларида азал-азалдан ўғил-қизлар оналарини “буви”, оналарининг оналарини эса “эна” дейишган. Ҳозир ҳам кўп жойларда шунақа дейишади. “Бувинг ўргилсин”, “энанг айлансин” деган сўзлар ҳам қадим-қадимдан қолган).

Момо учун қурилган уй. Оддий уй-жой. Кириш қисми даҳлиз бўлиб, даҳлизга 5-6 кишилик диван-кресло, стол-стуллар қўйилган. Полга йўл-йўл палос тўшалган. Хона ёруғ ва шинам. Зиёратга келганлар аввал шу ерда бир оз нафасни ростлаб, бир пиёла чой ичиб, момонинг ўғил-қизларидан (улар кунда ва кунора шу ердалар) момо ҳақидаги қизиқарли воқеа-ҳодисаларни эшитиб, тинглаб, кейин ичкарига — момо ҳузурига кирадилар (айтиб қўяй, кейинги бир-икки йил ичида момонинг қулоқлари сал оғирлашиб қолган: секин гапирсангиз, яхши эшитмайдилар. Қаттиқроқ гапирай десангиз, ноқулай… Шунинг учун момони камроқ гапга солиб, кўпроқ дуоларини олиш керак). Ахир зиёратга боришдан асосий мақсад-муддао ҳам шу — дуо олиш эмасми? Худди шундай! Ҳа, дуода гап кўп. Дуо олган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Айниқса, Аллоҳ таоло марҳамати ила улуғ ёшларга етган, кўпни кўрган, таъбир жоиз бўлса, ўзидан узоқлашиб, Аллоҳга яқинлашиб қолган табаррук отахон ва онахонларнинг дуолари ижобат бўлгай, иншооллоҳ!

…Ичкарига кирдик, момо билан кўришдик. Момо бир оз ҳорғин, толиққандай кўринди. Ўзимча ўйладим: келди-кетди кўп бўлгандан кейин шу-да! Одам толиқади, чарчайди. Аммо момонинг ранг-рўйлари, юзлари тоза, тиниқ ва беғубор. Кўзлари сал хиралашиб қолган бўлса-да, сўзлари аниқ-тиниқ. Юз-кўзларидан гўё илоҳий нурлар ёғилиб тургандай туюлди.

Лекин бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Бутун ер юзидаги, дунёдаги ёши энг улуғ аёл — Ҳувайдо момо билан юзма-юз учрашиш, икки оғиз суҳбатлашиш, дуоларини олиш насиб этди.

Момо аста ва оҳиста дуога қўл очаркан, ҳар доим: “Бисмиллаҳи роҳманир роҳим! — деб бошлайдилар. — Қани, илоҳо омин, тани сиҳатлик, тинчлик, хотиржамлик бўлсин! Тан-жонларинг эсон бўлсин! Юзларинг ҳамиша ёруғ бўлсин, болажонларим! Мени йўқлаб кепсизлар, сизларни Аллоҳ рози бўлсин! Менинг ёшимга етиб, мендан ҳам ўзиб, кўп-кўп яшанглар…”

Момо тўхтаб-тўхтаб, нафасини ростлаб-ростлаб узоқ дуо қилди. Юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик тилайди.

Момо дуо қилганда бутун жисму жонингиз, вужудингиз қулоққа айланади. Момонинг дуоларида бир ажиб сеҳр ва меҳр борлигини ич-ичингиздан ҳис қиласиз, қалбингиз юмшайди, нурга тўлади, тўлқинланиб, ҳаяжонланиб кетасиз. Кўзларингизга беихтиёр ёш қуйилади…

Генетик олимларнинг таъкидлашича: “Узоқ умр кўрувчиларда насл қолдириш даври узоққа чўзилади”. Бу гапда жон бор. Савол туғилади. Хўш, ген, генетика нима ўзи? Ҳозирги замон генетикаси қандай илмий асосларга эга?

Маълумотларга кўра, ген (юнонча “genos” — уруғ, келиб чиқиш) — ирсиятнинг элементар ва структура бирлиги. Ирсий белгиларнинг ота-онадан авлодларга ўтишида маълум бир ирсий асос борлиги ҳақида қадимда Демокрит (қадимги юнон файласуфи), Гиппократ (қадимги юнон мутафаккири, антик медицина асосчиси) ва бошқа кўпдан-кўп олимлар томонидан таҳлилий ва тахминий фикрлар айтилган. Бироқ чех олими Г.Мендель 1865 йилда ирсий элементар факторлар борлигини исботлаб берди. Мендель генни доминант (бошқа генларга тобе бўлмаган) ва рецессив (инкор этилувчи) генларга бўлди. 1909 йилда даниялик олим В.Иогансен бу ирсий асосни “ген” деб аташни тавсия этди.

Ҳозирги замон генетикаси эса ҳар қандай тирик организмдаги белги ва сифатлар, физиологик ва биоким­ёвий реакциялар шу организмдаги мавжуд генлар назоратида бўлишини исботлаган. Демак, нафақат узоқ умр кўриш, соғлом турмуш кечириш, балки турли хил ирсий касалликларнинг келиб чиқиши ҳам кўпинча генларга боғлиқ. Демак, генда, генларда гап кўп. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, ўғил уйлантириш, қиз чиқариш, қуда-анда бўлиш арафасида турган ота-оналар бўлажак келин-куёвларнинг етти пуштини сўраб-суриштирсалар, фойдадан холи бўлмас.

Мавзудан четга чиқмаган ҳолда энди қуйидаги факт ва рақамларга эътибор қаратамиз.

Маълумотларга кўра, Ҳувайдо момо Умарова 1895 йил 1 январь санасида ҳозир яшаб турган Бувайда туманининг Қорақум қишлоғида таваллуд топган. Момонинг отаси Тошматжон Қодиров (1869-1942) ҳунарманд уста — тандирчи бўлган. Онаси Олияхон Қодирова (1876-1961) эса жамоа хўжалиги аъзоси — колхозчи бўлган. Буни қарангки, кимга эрта, кимга кеч деганларидек, Олияхон 19 ёшида, унинг қизи — уч аср билан юзлашган ҳикоямиз қаҳрамони Ҳувайдо момо эса 40 ёшида фарзанд кўришган: Ҳошимжон Умаров (1835-2013) туғилган.

Яна бир факт. Ҳувайдо момонинг тоғалари мулла Қодир бобо 130 йил, аммалари Сайдинисо момо эса 125 йил умр кўришган экан. Бунисига нима дейсиз? Узоқ умр кўриш уларнинг қонида бор, десак, асло муболаға бўлмас!

Давом этамиз. Ҳувайдо момо турмуш ўртоғи Умирали Умаров (1891-1971) дан 3 ўғил, 4 қиз кўрди. Айни кунларда уларнинг қизлари — Санобархон Бозорова (1942), Садбарой Тоштанова (1947), Раҳбарой Исломова (1952), Шарофатхон Аҳмедова (1961) ва ўғиллари — Абдуқосим Умаров (1949) ҳамда Тўрақул Умаров (1963) лардан бахтли-саодатли одам йўқ дунёда. Чунки Аллоҳга минг қатла шукурки, уларнинг табаррук ва дуогўй оналари бор. Оналарининг 242 нафар невара, чевара, эвара, кабира, абира ва 5 нафар “бегона”лари ҳам бор. Бундан ортиқ бахт борми?!

Ҳувайдо момонинг файзли хонадонидан бир олам таассуротлар билан қайтар эканмиз, кенжа ўғил Тўрақул ака бир гапни айтиб қолди.

— Яхшиямки, бувимлар бор, — дейди у маъюс оҳангда. — Бувимлар бўлмаса, бизни йўқлаб ким ҳам келарди…

— Ундай деманг, ака, — дедик биз. — Бу хонадондан одамларнинг оёғи ҳеч қачон узилмайди. Ахир узоқ умр кўрувчилар хонадони бу! Момонинг тоғалари, аммалари 125-130 йил умр кўришганлигини эшитдик, билдик. Шундай экан, демак, бу анъана ҳали узоқ давом этади. Демак, бу файзли хонадоннинг чироғи абадул-абад ўчмагай, иншооллоҳ! Келди-кетдилар давом этаверади…

Қурбон Али ТЎРАҚУЛОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 11 =