“Ҳабибдай туғилиб Қирғизистонда…”

Бир умр хотирамда қолган. 1979 йилнинг 10 июли эди. Тошкентга —  журналист бўлиш, катта қалам соҳибига айланиш орзусида отам билан йўлга чиқдик. Андижон вокзалидан ўтирган поезд Тошкент темир йўл вокзалига тонг саҳар келиб тўхтади. Ичи тўла китоблар ва бир-иккита кийим-кечак солинган чемоданни амаллаб кўтариб трамвай бекатига бордик. Сўраб-суриштириб Чиғатой қабристони яқинига борадиган трамвайга чиқдик. Чунки падарибузрукворим улуғ олим қабрини зиёрат қилишни ният қилган эди. Чиғатой қабристонига етиб боргунимизча  аравонлик ҳамюртимиз Ҳабиб Абдуллаев ҳақида менга сўзлаб кетди. Аллоҳ берган ноёб иқтидори бор, геология фани тилсимотларига ақл кўзи билан йўл топган олимнинг шу соҳа тараққиётига қўшган хизматларини эшитиб бордим.

Чиғатой қабристонининг катта дарвозасидан кириб, икки томони арчазор йўлдан тўғри борганда рўпарада Ҳабиб Абдуллаевнинг қабри жойлашган экан. Очиғи, ўқувчилик даврларимда масжид нималигини ҳам билмаганман. Бисмиллоҳни овоз чиқариб айта олмасдим. Отам Қуръон ўқиб, қабристондаги марҳум ва марҳумалар қаторида ётган Ҳабиб Абдуллаевга бағишлаб узоқ дуо қиларкан, менга шундай деди: “Ўғлим, дўстимиз Ҳабиб ака мусофир, насиб қилиб ўқишга кириб кетсанг, Чиғатойга тез-тез келиб, бу улуғ олимнинг қабрини зиёрат қилиб туришни унутма”.

Отам мактабда ўзбек тили ва адабиётидан оддий ўқитувчи бўлса-да, Алишер Навоийни илоҳий устозим деб юрарди. Чиғатой қабристонига дафн этилган машҳур олимлар, ёзувчилар, шоирлар, тарихчилар, рассомлар, санъаткорлар асарлари ва ҳаёти ҳақидаги отамнинг айтганларини эшитиб ақлим шошарди. Отам ўқиган, билган нарсаларнинг мингдан бирини ҳам билмаслигимдан уялиб кетардим. Шу тобда мени яна бир нарса қийнар, безовта қиларди. “Ўқишга кира олармиканман?” дея  хавотирга тушардим…

Биринчи мақолачам ўн икки ёшимда Аравон районининг қирғиз тилида чиқадиган “Достук” газетасида босилган бўлса, ўнинчи синфни битираётганимда вилоят ва туман газеталарида чоп этилган қирқдан ортиқ мақолаларимни альбом қилиб олиб келгандим. Ўзимча, мақолам кўп-у, албатта, ўқишга кириб кетаман, деб баланд парвозда юргандим.

Ўша пайтларда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетига ўқишга кириш амри маҳол эди. Синов имтиҳонлари ўтиб, ғалвир сувдан кўтариладиган пайтда, яъни мандатда атиги бир балл етмай ўқишдан йиқилдим. Кейин ўқишга кирганимдан кейин билдимки, курсдошларимнинг аксарияти уч-тўрт, ҳатто беш-олти йил йиқилиб-йиқилиб ўқишга киришган экан.

Ҳар тугул, отамнинг Иккинчи жаҳон уруши ногирони бўлганлиги ва Ўш вилоятидан эканлигим ҳисобга олиниб, университет ректори номига ёзган аризамиз эътиборга олинди. Раҳматли академик Тошмуҳаммад Саримсоқов университетнинг ўша вақтдаги ректори ва журналистика факультети декани Анвар Шомақсудовнинг ғамхўрлиги туфайли имтиёзли ўрин асосида ўқишга қабул қилиндим. Насиб этса, ажойиб инсонийлик фазилатларига эга бўлган ҳар икки устоз ҳақида алоҳида хотиралар ёзишни ният қилганман…

Хуллас, отамнинг айтганларига амал қилиб, мени йўқлаб Тошкентга келган қариндош-уруғларим бўладими, таниш-билишларимми ёки вилоятлардан келган мухлисларми, ҳамма-ҳаммасини аввало Чиғатой қабристонига зиёратга олиб борадиган бўлдим. Мана, қирқ олти йилдирки, Чиғатойга кириб турибман. Дўстларим билан кўришганда, “Чиғатойга олиб боргандингиз”, деб эслашганда бир бошқача бўлиб кетаман…

Айниқса, одам боласи тобора ёши улғаявергач, бундай зиёратлар моҳиятини чуқурроқ англайдиган бўлиб қолар экансан киши.

Отамнинг олиму уламоларга, фозилу фузалоларга муҳаббати туфайли Ҳабиб Абдуллаевни ўша вақтларда яхши билмасам-да, у кишига ғойибона ихлос қўйиб қолгандим. Унинг номини эшитсам, кўнглимга ёруғлик тушарди. Машҳур болалар шоири, раҳматли Турсунбой Адашбоев бор давраларда Ҳабиб Абдуллаев, Иброҳим Ҳамрабоев каби геолог олимларнинг ақлу зиёси, илму ҳақиқати, миллату умматпарварлиги тилга олинарди. Билмам, энди ундай илм аҳллари яна дунёга келадими, йўқми? Олимлар-ку келар, аммо, илмни шахсий манфаатию нафсидан баланд тутадиган, покиза орифлар келармикин?

…1990 йилнинг баҳори эди. Собиқ шўролар иттифоқи қудратсизланиб бораётган бўлса-да, катта-кичикни ҳамон шўролар салтанати, Московдан қўрқув ҳисси ҳали тарк этмаган эди. Миллионга яқин нусхада босилаётган Ўзбекистон Компартияси Марказий комитети ва Министрлар Советининг органи бўлган “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги адади икки минг нусхага ҳам етмайдиган “Ўзбекистон овози”) газетаси собиқ Шўролар Иттифоқи таркибидаги республикаларга ҳам етиб борарди. Шу вақтда газетанинг махсус мухбири сифатида Қирғизистоннинг Ўш вилоятига хизмат сафарига юборилдим. Ўша пайтдаги Аравон туман партия комитети биринчи котиби Муҳаммадсалим Султонов билан “Совет Ўзбекистони”да “Тилимиз ҳам, дилимиз ҳам бир” сарлавҳали суҳбатимиз босилди. Мақолани “Аравонда туғилган машҳур геолог олим Ҳабиб Абдуллаевнинг номи абадийлаштирилса яхши бўларди”, деган таклиф билан якунлаган эдим.

Газетанинг биринчи саҳифасида босилган мақолага икки ҳафта ўтмасданоқ Ўш вилояти Аравон райони партия комитетидан расмий жавоб хати келди. Унда Ҳабиб Абдуллаевнинг номи туман марказидаги мактаб ва кўчага берилгани ҳақида хабар қилинганди.

Ўша вақтларда журналист сифатидаги таклифим туфайли олимнинг номи мактаб ва кўчага берилганини оддий ҳол деб қабул қилганман. Бугун эса бу хайрли ишларимиз моҳиятини чуқурроқ англаб турибман. Номи абадийлаштиришга лойиқ ўнга яқин машҳурлар хусусида мақолаларимда шундай таклифларим инобатга олингани хайрли иш бўлган, албатта. Эндиликда қадриятлар ҳам, оммавий ахборот воситаларининг ўрни ҳам бошқачароқ бўлиб кетди. Номлар қўйиб, кейин ўзгартириб юбориш ҳеч гап бўлмай қолди. Тошкентда Ҳабиб Абдуллаев номини абадийлаштириш бўйича қабул қилинган қарорлар ҳам ўзгариб кетди…

1992 йил июнь ойи эди. Андижон ёғ-мой комбинатининг дам олиш уйида бир гуруҳ адиб ва ижодкорлар билан тасодифан учрашиб қолдик. Аравондан Ҳабиб Абдуллаевнинг 80 йиллик юбилейини ўтказиб қайтишаётган экан. Улар орасида оташин шоир Шавкат Раҳмон ҳам бор эди. Ҳабиб Абдуллаев Ўрта Осиёда биринчи Ленин мукофоти лауреати бўлгани, собиқ Шўролар иттифоқи Фанлар академиясининг мухбир аъзоси эканлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти бўлиб ишлаган пайтларда маҳаллий олимларга беқиёс ғамхўрликлар қилганлиги ва бошқа ибратли амаллари ҳақида шоир билан суҳбатлашдик. Олимнинг ўғли Пўлат Абдуллаев билан ўшанда биринчи марта кўришдим. У мақолам сабаб отасининг номи абадийлаштирилганидан мамнун бўлиб сўзлаганди.

…Субҳидамда уйғониб кетдим. Ногаҳон Ҳабиб Абдуллаев ёдимга тушди. Эсиз, ёш ҳам сўзини айтар экан, гоҳида хотира ҳам аввалгидек бўлмай қоларкан. Ахир 1962 йил 20 июнда Ҳабиб Абдуллаев вафот этган эди-я? Чиғатойга — яна Ҳабиб Абдуллаев зиёратига бордим. Ҳаётда англаб етган ҳикматим шу бўлдики, ўтганлар руҳига Қуръон оятлари бағишлаб ёд этиш — тирикларга ҳадя бериш билан баробардир. Аллоҳ иқтидор ато этган ориф зотлар, олимлар, уламолар, комиллар, оқиллар ва авлиёлар мангу қўним топган жойларни зиёрат этган кишиларни худойимнинг ўзи қўлласин!

Шу эзгу ният билан дилим яна равшан тортади. Ўзбекистон Қаҳрамонлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Суюма Ғаниева, Ўзбекистон халқ ёзувчилари Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, академик Наим Каримов, отамнинг яна бир дўсти, болалар шоири Турсунбой Адашбоевларнинг қабрлари бошига бориб дуои фотиҳа қилдим. Қабристонни айланиб фикр қилдим.

Бу ҳаёт ўткинчи. Барча давру давронларнинг ҳам якуни бор. Лекин одамларга, элу халққа хизмат қилган инсонларни ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Бугун ўзларининг мавқейи-ю обрўйидан баланд уйлар қураётганлар кам эмас. Майли, қуришсин. Лекин атрофидаги йўқсил кишиларга, дардманд инсонларга, ғоятда муҳтож кишиларга ҳам озгина эътибор қаратишса, давлатлари камайиб қоладими? Доимо дилимдан ана шу ўйлар кетмайди. Мен билган, ҳурмат қилган юқоридаги улуғ зотлар каби инсонлар эса оддий, камсуқум яшашган. Аммо уларнинг қолдирган илмий мероси, асарлари яна неча асрларга татийди. Алам қиладигани эса бугунги кўпгина ёшлар, ҳатто ёшлари улуғлар ҳам уларни танимайди, билишмайди. Ҳаётдан ахтарганлари билим, китоб, эзгулик, савоб эмас. Аксинча, ҳашам, дабдаба, катта бойликка интилиш.

Иймони бақувват инсон қабристонни кўриб, охират учун хайрли амаллар қилиб қолиш ҳақида ўйлайди. Аммо шу ўринда яна бир гап. Бугун ҳатто Чиғатой қабристонига кирган киши у жойдаги кўплаб дабдабали сағана-ю қабртошларни кўриб, қизиқчи Аваз Охун таъбири билан айтганда, “одамнинг ўлгиси келиб кетади”. Жамиятдаги тенгсизликнинг-ку чегараси қолмади ҳисоб. Ҳеч бўлмаса, қабристонларда банданинг бандага тенглиги сақлаб қолинмаса-я? Фоний дунёдаги тенгсизлик қабристонда ҳам бўй кўрсатиб турса, не дейсан?

Майли, сўзим улуғ олим Ҳабиб Абдуллаев ҳақида эди. Шунга қайтайлик. Олимнинг номи дунёга маълум. Ана шу фахр. Ҳатто у туғилган Аравоннинг ширин-шакар анорлари, анжирлари довруғи ҳам узоқ-узоқларга кетган. Билмадим, мўъжизами, тасодифми, олим қабр тошининг ўнг томонида бир туп анор ўсиб чиқибди. Қиблага қараб турган шохчасидаги бир дона мева бошини қуйи солиб, қабрда ётган марҳумга қараб тургандек. Гўё салавот айтаётгандек…

Қайтар чоғим беихтиёр марҳум шоир Талъат Солиевнинг мисралари ёдимга тушди: “Ҳабибдай туғилиб Қирғизистонда, улуғлаб ўтаман Ўзбекистонни!”

Шоир худди дилимдагини ёзган экан.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар  уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight − four =