Меҳр кўзда

ёхуд “Ватандошлар” Қорабулоқда учрашди

…Қозоғистоннинг жанубидаги Туркистон вилоятининг кўҳна Сайрам номи билан аталувчи туманидаги кўм-кўк дарахтлар оғушида бўй тиклаб турган Қорабулоқ қишлоғи марказидаги маданият уйида ўзгача жонланиш диққатни тортади. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб ичкарига кириб бораётганлар ҳам, қизғин суҳбат қуриб турганлар ҳам кимнидир кутишаётгани сезилади. Ичкарига қадам қўяркансиз, миллий либослардаги қизалоқлар қўлларини кўксиларига қўйиб, мулойимлик билан “Ассалому алайкум! Хуш келибсиз!” дея қаршилашади. Кенг кутиш залида китобларга кўзингиз тушади. Сизга миллий либослар-у пишириқ, нон ва таомлар ўз қўлларида миллий либосларда хуштавозелик билан салом беришади.

Қорабулоқда анча йиллардан бери фаолият юритаётган Победа опа Абдазимова бошчилигидаги “Оналар мактаби” нодавлат жамоат ташкилоти таклифи билан Ўзбекистондаги “Ватандошлар” халқ­аро жамоат фонди яқинда ушбу маданият уйида тадбир ўтказди.

Ўзбекистонлик хонандалар иштирокида концерт тақдим этилди. Қишлоқдаги саккизта мактаб ва қишлоқ кутубхоналарига китоблар совға қилиш ҳамда “Ватандошлар” халқаро жамоат фонди томонидан улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий таваллудига бағишланган онлайн танловда иштирок этган мактаб ўқувчиларини тақдирлаш режалаштирилган эди.

Ташриф буюрганлар орасида Қозоғистон ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти раҳбари И.Ҳошимжонов, оқсоқоллар кенгаши раиси Б.Турдиқулов, профессор Ё.Мадалиев, қорабулоқлик устоз педагог, Ҳ.Давронбеков, “Ижодкор” адабий бирлашмаси раиси, З.Мўминжонов, Сайрам тумани ўзбек маданият маркази раиси, тадбиркор Ғ.Райимқулов, халқ фаоллари М.Сиддиқов ҳамда бошқалар бор.

Тадбир маҳаллий санъаткорларимиз Сайдакбар ака Абдуғаниев ва Тўрахон Худойбергенов ижросидаги қўшиқлар билан бошланди.

“Меҳр булоқ” мактабининг рақс дастаси томонидан намойиш этилган “Жайрона”, “Попури” рақслари томошабинлар олқишларига сазовор бўлди.

Нафосат Акрамова бошқараётган “Қизлар академияси” ҳамда Д.Қўнаев коллежи талабалари ва М.Ниёзбекованинг шогирдлари ҳозирлаган миллий либослар намойиши ҳам эътирофга молик. Меҳмонларни карнай-сурнайчилар бор маҳоратларини ишга солиб кутиб олишди. Китоблар кўргазмаси ташкил этилди.

Тадбирнинг расмий қисми бошида “Ватандошлар” жамоат фондининг Қозоғистон бўйича координатори Юлдузхон Жаҳонгирова томонидан ижро этилган “Навбаҳор” қўшиғига ўқувчи қизлари хиром айлашди.

Саҳнага “Дўстлик” ҳамжамияти ва Амир Темур хайрия фондининг Туркистон филиали раҳбари И.Ҳошимжонов, Қозоғистон Парламентининг икки бор депутати, Қорабулоқнинг собиқ ҳокими Ф.Қаратоев, Ўзбекистондаги Қозоқ маданият маркази раиси Серикбой Усенов, Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистондаги консуллиги ходими Эркинжон Абдуқаюмов, Қорабулоқ ҳокими Комилжон Абдулаҳатов, “Ватандошлар” халқаро жамоат фонди вакили Ҳожиакбар Исоқовлар таклиф этилди.

И.Ҳошимжонов яқинда ўзи шахсан иштирок этиб келган Тошкентдаги тадбирлар, шу жумладан, Соҳибқирон Амир Темур таваллуди тантаналари таассуротлари билан ўртоқлашса, Серикбой оға сўнгги йиллардаги икки қардош эл ўртасидаги муносабатлар — элбошиларимизнинг халқ турмуши фаровонлигини ошириш борасидаги ютуқлари натижасида ижобий ўзгаришлардан мамнунлигини билдирди.

Фахриддин Қаратоев ўз сўзида ёш авлод тарбиясида адабиётнинг ўрнига эътиборни қаратди. Келтирилган совға китоблар учун “Ватандошлар” жамоат фондига миннатдорлик билдирди ва шахсий кутубхонасидан эсдаликка китоб ҳадя қилди.

Икки қардош эларо алоқалар мустаҳкамланиши ортида икки тарафлама сиёсий-иқтисодий юксалиш натижалари кўзга ташланиб бораётганлигини, бунда раҳбарларнинг етакчи ҳиссалари алоҳида ўрин тутаётганлигини таъкидланди.

Ўзбекистонлик делегация аъзолари: Аброр Шавазов, Азиз Бекмуродов, Азамат Аҳмедов, Фазилат Аҳмедова — Ўзбекистон Давлат филармонияси ҳамда Қорақалпоқ Давлат филармонияси, Бердақ номидаги давлат академик мусиқали театри хонандалари — Қазибек Кеугимжаев, Бахтиёр Жуматаев, Одилбек Темирбаевлар маҳоратларини куй-қўшиқлари билан намоён этишди.

Мезбон “Оналар мактаби” аъзолари томонидан энг аввал пахта даласидаги пахта чопиқ ишларини аъло даражада кўрсатиб бериб, кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди. Кейин эса чиройли “Ёр-ёр” қўшиқлари ижросида, уч авлоднинг “қиз узатиш” маросимини қойилмақом қилиб намойиш этди. Бу кўринишни саҳналаштиришда жонбозлик кўрсатган 25-Қўнаев номли коллежнинг бадиий раҳбари Раҳима Йўлдошбековага тасанно.

“Ватандошлар” жамоат фонди томонидан қишлоқдаги саккизта мактаб ва Қорабулоқ қишлоқ кутубхонасига етмиштадан китоблар совға қилинди.

Китоблар орасида дунёга машҳур “Бобурнома”, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романлари, Ҳалима Худойбердиева, Абдулла Ориповларнинг “Сайланма” асарлари бор.

Ҳазрат Мир Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллигига бағишлаб ўтказилган танловда иштирок этиб ғолиб бўлганлар сўнгги русумдаги планшетлар билан тақдирланди.

Қорабулоқнинг баҳаво тепалиги бағридан ўрин олган “Қувонч” тўйхонасидаги гурунг яна ҳам қизғин давом этди. Халқларимизда “Меҳр кўзда” деган мақол бор. Мана шундай хайрли учрашувлар кўпайиб, бир-бирларимизга меҳримиз ортаверсин, илоҳим!

Равшанбек УБАЕВ

Қозоғистоннинг

Туркистон вилояти

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − five =