Сўз чамани ичра сўлмас дарахтим

Шу йилнинг 23-26 январь саналарида Озарбайжонда Ўзбекистон Республикаси фан ва маданият кунлари кўтаринки руҳда ўтказилди

Адабиёт, фан, санъат, маданият – дилларни дилларга, элларни элларга боғлайдиган, дўсту қадрдон айлайдиган қудратли риштадир. Давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик, дўстлик ва тотувлик муҳитининг яратилишида, албатта, сўз санъатининг, фан ва маданиятнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Ана шу қутлуғ ҳикматли сўз бизни дили, тили, урфу одатлари бир-бирига жуда-жуда яқин қардош Озарбайжон диёри сари етак­лади.

Жорий йилнинг 23-26 январь кунлари Озарбайжон Республикасида “Ўзбекис­тон Республикаси фан ва маданият кунлари”ни ўтказиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов бошчилигидаги давлат ва жамоат арбоблари, адабиёт, фан, маданият соҳасининг вакилларидан иборат делегация аъзолари йўлга отландик.

Хаёлимда эса Мир Алишер Навоий ҳазратларининг Низомий Ганжавий бобога шогирдлик эҳтироми билан битилган Эмас осон бу майдон ичра турмоқ, Низомий панжасига панжа урмоқ, Керак шер олдида шер жанги, Магар шер бўлмас бори палангисатрлари ва яна устозимиз Абдулла Ориповнинг машҳур “Озарбайжон” шеъри мис­ралари чарх урмоқда.

 

…Низомий болидан ҳалво пишурмиш

Навоий забт этиб туркий жаҳонни.

 

Бир лаҳза қўлидан қўйганми ўзбек,

Ўзинг айт, Фузулий битган девонни…

 

Шеър хулосаси ҳам киши қалбини жунбишга келтириб юборади.

 

…Мен сендай мезбонни топмоғим гумон,

Сен ҳам тополмассан мендай меҳмонни.

 

Мавжуд бўлмасайди оламда агар,

Ўйлаб топар эдим Озарбайжонни.

 

Биз устозларимиз қаламга олган улуғлар бешиги бўлган заминга – Озарбайжонга сафаримиз шундай ёруғ кечинмалар, нурли ўйлар билан бошланди.

Ташрифнинг илк кунида буюк ўзбек мутафаккир шоири, устозлар ибораси билан айтадиган бўлсак, ғазал мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий ва Озарбайжон давлат арбоби Ҳайдар Алиев ҳайкаллари пойига ҳамда Шаҳид­лар хиёбонида гул қўйиш маросимлари, шунингдек, Озарбайжон Ёзарлар бирлигида “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” мавзусида ижодий учрашув кечаси, Озарбайжон қўлёзмалар институтида “Ўзбекистон ва Озарбайжон: маданиятлар мулоқоти“ номли давра суҳбати бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон парламенти аъзоларининг Озарбайжон Миллий Межлиси раиси Саҳиба Гафарова билан учрашуви ҳамда парламентлараро алоқалар бўйича дўстлик гуруҳларининг қўшма йиғилиши ўтказилди.

Озарбайжон Ёзарлар бирлигида ижодий учрашув

Биз бир гуруҳ ёзувчи-шоирлар – Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Админс­трацияси масъул ходими, таниқли ёзувчи Ғафур Шермуҳаммад, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Хосият Рустамова меҳмонхонадан Дунё ёш туркий ижодкорлар уюшмаси раиси Интиқом Яшар ҳамроҳлигида Озарбайжон Ёзарлар бирлиги томон йўл олдик. Ёзарлар бирлиги биноси Бастакорлар уюшмаси, Миллий кутубхона билан бир қаторда жойлашган экан. Бизни Ёзарлар бирлиги раиси ўринбосарлари Салим Бабулла ўғли ҳамда Илғор Фаҳмийлар қарши олишди. Ёзарлар бирлигида эсда қоладиган адабий-маърифий тадбир ва саёҳат бўлди десам муболаға бўлмас.

Салим Бабулла ўғли бизни дастлаб Ёзарлар бирлиги биноси ва ижодкорлари билан таништирди. “Анар муаллим бироз хасталар, бугун кела олмайдилар, аммо “Туркий адабиёт дурдоналари” китоби тақдимотида қатнашиб, сизлар билан дилдан суҳбат қилишларини айтиб, узр сўрадилар”, —  деди Салим оға. Сўнгра Анар муаллимнинг хонаси сари етаклади. Хонага кириш билан устоз ёзувчимиз Эркин Аъзам: “Анар муаллимнинг хонаси музей экан-ку”, дея ўз ҳайратларини билдирди. Ҳа, ростданам Анар муаллимнинг ишхонаси жажжи музейнинг ўзгинаси эди. Устоз столи устида Ганжавий, Навоий, Фузулий боболарнинг бюст­лари, тасвирлари туширилган эсдалик буюмлар турибди. Деворда Анар муаллимга қадар ўтган Ёзарлар бирлиги раисларининг суратлари ҳамда озарбайжон мумтоз шоирларининг тасвирлари туширилган кичик ўлчамдаги гиламлар илиб чиқилган. Ёзувчининг диди, ўзгача нигоҳини хона дизайнидан ҳам билиш қийин эмасди. Буларнинг барчаси ўз юртига, миллатига ҳурмат ифодаси дейиш мумкин. Дарвоқе, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, устоз Сирожиддин Саййиднинг хонаси ҳам худди Анар муаллимнинг хонаси каби ўзига хос музейга ўхшашини эсладим. Бу жиҳатдан ҳам икки забардаст ижодкорнинг ўй-мақсадлари муштараклигини пайқаса бўлади. Ва албатта, шу ўринда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида жойлашган мўъжазгина музейимиз ҳам ёдимга тушди. Унга кирган одам Уюшмамизнинг ўтмишидан тортиб бугунги кунига қадар бўлган фаолияти хусусида муайян тасаввурга эга бўлиб чиқади. Уюшма йўлаклари деворларига ўзбек адабиётининг етук намояндалари сувратлари тартиб билан қўйилган. Ёзарлар бирлиги биносида ҳам шундай расмлар оз бўлса-да бор экан.

Шундай кейин бизни тадбирлар зали сари етак­лашди. У ерда бир гуруҳ озарбайжон шоиру адиблари, адабиётшунос олимлари, таржимонлари тўпланиб туришган экан. Бизни: “Ватандан Ватанга галан қўноқлар, хуш галдиниз”, дея кутиб олишди. Тадбир бошланди. Уни Озарбайжон Ёзарлар бирлиги раиси ўринбосари, таниқли шоир Салим Бабулла ўғли олиб борди. Тадбирда сўз олганлар ҳар икки давлат етакчиларининг адабиётга бўлган эътиборлари хусусида гапиришди. Ўзбек адиблари Эркин Аъзам, Ғафур Шермуҳаммад, Хосият Рустамова, озарбайжон адиблари Салим Бабулла ўғли, Рамиз Аскар, Илғор Фаҳмий, Сайфиддин Ҳусайнли, Интиқом Яшар кабилар адабий алмашинувлар бугун ҳар қачонгидан зарур эканлигини қайд этишди. Тадбир давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари томонидан Озарбайжон Ёзарлар бирлиги қошидаги “Дунё адабиёти” журналининг 2024 йилдаги сонларидан бирини тўлиқ ўзбек адабиётига бағиш­лаш таклифи берилди. Журналнинг бош муҳаррири Сайфиддин Ҳусайнли туркий халқларнинг бир-бирига яқинлашувида адабиётнинг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлади ва бизнинг таклифимизни мамнуният билан қабул қилишини айтиб ўтди. Бу амалга ошса, катта натижага эришган бўламиз, албатта. Ўз навбатида ўзбек ёзувчи-шоир таржимонлари озар адибларининг асарларини таржима қилиб матбуотда эълон қилишади. Тадбир давомида шоира Хосият Рустамованинг озарбайжонда нашр этилган китоб­лари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

“Туркий адабиёт дурдоналари” адабий обидаси тақдимоти

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2019 йил 15 октябрь куни Боку шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммитида ташкилотга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик китоблар мажмуасини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш ташаб­бусини илгари сурган эди.

Ушбу ташаббус асосида қисқа вақт ичида биринчи бўлиб Ўзбекистонда мазкур муҳташам адабий тўплам яратилиб, ўзбек тилида чоп этилди.

Мазкур йирик адабий лойиҳага умумтуркий адабиётнинг энг етук намуналари Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, шунингдек, кузатувчи мамлакатлар – Туркманистон ва Венгрия давлатларидан жами 1100 нафар атоқли шоир, адиб ва мутафаккирларнинг баркамол асарлари киритилгани унинг кўлами ва миқёсидан далолат беради.

Ёдингизда бўлса, “Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуаси 2022 йил ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарлари саммитида илк бор мамлакатларимизнинг муҳтарам етакчиларига тақдим қилинган ва уларнинг ижобий эътирофига сазовор бўлган эди.

Ҳозирги кунда ушбу китоблар Ўзбекистондаги барча кутубхоналар, олий ўқув юртлари, ўрта мактаб­лар, ижодий уюшмалар, илм-фан марказлари, хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналаримизга тарқатилиб, маданий жамоатчилик ва ёшларимиз томонидан кенг ўқиб-ўрганилмоқда.

Маълумки, мазкур китоб­лар мажмуаси тақдимоти дастлаб Ўзбекис­тонда, кейин Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтди. Худди ана шу тадбир  Боку шаҳрида ҳам ўтказилаётганининг ўзгача мазмун-моҳияти бор. Айтиб ўтилганидек, Давлатимиз раҳбари томонидан бу муҳташам китоб ғояси мана шу ўлкада эълон қилинган эди.

26 январь куни эрта тонгдан ёзувчи Ғафур Шермуҳаммад, ношир Умид Ҳайитов ва Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонасининг чаққон ходимлари ҳамроҳлигида Озарбайжон Халқаро мақом маркази томон йўл олдик. Режага мувофиқ, бир неча соатлардан кейин “Ўзбекистон фан ва маданияти кунлари” доирасида Боку шаҳридаги Озарбайжон халқаро муқом марказида “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик асарлар мажмуасининг тақдимоти бўлиб ўтиши керак.

Кўм-кўк тўлқинлари солланиб турган Ҳазар соҳилида жойлашган бинода  ям-яшил муқовали “Ўзбек адабиёти дурдоналари” 100 жилдлик китоблари бирам ярашиб  турибдики! Тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, озарбайжонлик ва ўзбекистонлик ижодкорлар иштирок этди.

Тақдимот тадбирида Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Акмал Саидов ва бошқа сўзга чиққанлар икки қардош мамлакат ўртасидаги ўзаро дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлашди.

“Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуаси жами туркий тилли давлатлар адабиётида муносиб ўринга эга 1100 нафар муаллифни қамраб олган. Мажмуада 133 нафар машҳур шоир ва адибга алоҳида жилд ажратилди. Шундан 88 нафар ижодкорнинг асарлари ўзига замондош, услуби ва йўналиши жиҳатидан ҳамоҳанг бўлган бошқа адиб ва шоир билан битта жилдга киритилди. Якка ўзига алоҳида жилд ажратилган ижодкорлар сони 45 нафар бўлди.

Мажмуада Озарбайжон адабиётига 16 жилд ажратилган. Озарбайжон адабиёти Низомий Ганжавийнинг ғазаллари ҳамда “Лайли ва Мажнун” достони билан бошланади. Озарбайжон мумтоз адабиётининг йирик вакиллари Насимий, Маҳсатий Ганжавий, Хоқоний, Ҳайрон хоним, Хуршидбону Нотавон, Фузулий шеъриятидан намуналар, шунингдек, озарбайжон драматургияси асосчиси Ҳусайн Жовид драмалари, Юсуф Чаманзаминли, Мамедсаид Ўрдубодий, Мирза Иброҳимов романлари, Самад Вурғун, Бахтиёр Ваҳобзода, Халил Ризонинг шеър ва достонлари билан давом эттирилди. Мажмуа учун Саидазим Ширвоний, Муҳаммад Ҳодий, Собир Алиакбар ғазаллари, Аҳмад Жавод, Сулаймон Рустам, Олмос Йилдирим, Микоил Мушфиқ, Расул Ризо, Наби Ҳазрий шеърлари махсус таржима қилинди. Замонавий озарбайжон адабиёти вакиллари Анар, Собир Рус­тамхонли, Рамиз Равшан асарлари алоҳида жилд­ларда тақдим этилди.

Озарбайжон замонавий шеърияти ва насри антологияларига Бунёдзода Улвий, Салим Бабулла ўғли, Акбар Қўшали, Ғанира Пошшаева каби шоирлар, Фируз Мустафо, Илғор Фаҳмий каби ёзувчиларнинг ҳикоялари киритилган бўлиб, ушбу антологияларга жами 100 га яқин ижодкорнинг асарлари жамланган.

Озарбайжон адабиёти бўлимини нашрга тайёрлаш ишларига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир ва таржимон Тоҳир Қаҳҳор бош­чилик қилди. Озарбайжон адабиёти жилдларини нашр қилишда бугунги кунда фаол таржимонлик фао­лияти билан шуғулланаётган Бобохон Муҳаммад Шариф, Шаҳло Қосимова, Карим Баҳриев, Муҳиддин Омонлар катта хизмат қилишди.

Ғафур Ғулом, Жуманиёз Жабборов, Тўхтасин Жалолов, Усмон Қўчқор, Ойдин Ҳожиева каби устоз таржимонларнинг озарбайжон шеърияти ва насридан қилган таржималаридан ҳам кенг фойдаланилди.

Ушбу 100 жилдлик асарлар мажмуасини тайёрлашда 200 дан зиёд таржимон-адиблар қатнашди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан яна 50 га яқин адабиётшунос ва матншунос олим, адиб, муҳаррир ва рассом нашрга тайёрлаш, чоп этиш ишларига кенг жалб этилди. Мажмуа чин маънода халқаро лойиҳа бўлди. Қирғиз адабиёти намуналарини ўзбек тилига ўгиришда Қирғизистонда истиқомат қилаётган 25 нафар ўзбек шоир ва адиби, Қозоғистонда яшаётган 10 дан ортиқ ижодкор, Туркманистондан 3 нафар, Туркиядан 2 нафар ижодкор иштирок этди. Мажмуани нашрга тайёрлашда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига фахрий аъзо бўлган қардош мамлакатлар фуқаролари яқиндан ёрдам берди. Масалан, озарбайжонлик таржимон Рамиз Асқар, қирғизистонлик ижодкорлар Авлиёхон Эшон, Бегижон Аҳмедовнинг иштироки самарали бўлди.

Тадбирда, шунингдек, Озарбайжон Ёзарлар бирлиги раиси, Озарбайжон халқ ёзувчиси Анар муаллим, Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхонов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Тафаккур” журнали бош муҳаррири Эркин Аъзам, Озарбайжон Ёзарлар бирлиги раиси ўринбосари, шоир Салим Бабулла ўғли, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, озарбайжонлик адабиётшунос олим Алмаз Улвий, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниева ва бош­қалар сўзга чиқди.

— Мен Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни жуда ҳурмат қиламан, яхши кўраман, – деди Анар муаллим. – Биринчидан, у туркий дунёни, туркий мамлакатларни бир-бирига яқинлаштирди. Иккинчидан, адабиётга жуда катта эътибор бермоқда. Учинчидан эса у озарбайжон халқининг дўсти. Биз озарбайжонлик ижодкорлар ҳам, албатта, ўз она тилимиз – озар тилида ҳам ушбу муҳташам мажмуани нашр этамиз. Бу китоблар нашри билан боғлиқ масалаларда ўзбек қалам аҳлининг тажрибаларидан унумли фойдаланамиз.

Бокуда “Ўзбекистон фан ва маданият кунлари” катта шукуҳ билан ўтаётган кунлари Португалияда бўлиб ўтаётган Дзюдо кураши бўйича Гран-При турнирида ҳамюртларимиз  умумжамоа ҳисобида дзюдо ватани Японияни ҳам ортда қолдиришганини, Дилшод Баратов, Диёра Келдиёрова каби спортчи ўғил-қизларимиз олтин медалларни қўлга киритганларини эшитиб, кўнглимиз янада фахр ва ғурурга тўлди.

Дарвоқе, тақдимот маросимида Ўзбекистонда янги таъсис этилган “Жадид” газетаси ҳақида ҳам сўз борди. Йиғилганлар янги газетанинг концеп­цияси, унинг ўз олдига қўйган вазифалари ҳақида саволлар беришди.

Тадбирда таниқли санъаткорлар Рамиз Усмонов, Озода Нурсаидова, Моҳичеҳра Шомуродованинг қўшиқлари янада файз киритди.

Тадбир сўнгида “Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуасидан бир тўпламдан Озарбайжон Миллий кутубхонасига, Фузулий туманидаги Мирзо Улуғбек номли мактабга, Ўзбекистон Республикасининг Озарбайжондаги элчихонаси кутубхонасига тақдим этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Озарбайжонда “Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуасини озарбайжон тилида тайёрлаш таклифи мамнуният билан қабул қилинди. Озарбайжон Ёзарлар бирлиги томонидан яқин келажакда ушбу ло­йиҳани амалга ошириш учун намуна сифатида “Ўзбекистон” нашриёти томонидан нашр этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” китобларининг “PDF” форматини олишда ҳамда ижодий ҳамкорлик кўрсатиш борасида ёрдам сўралди.

Яна бир маълумот: шу куни Озарбайжон Респуб­ликаси Президенти Илҳом Алиев бутун туркий дунё­нинг севимли шоири Муҳаммад Фузулийнинг 530 йиллик юбилей тантаналарини ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатга имзо чеккан экан. Шу боис ҳам тақдимот яна ҳам баланд руҳда ўтди.

Таъкидлаш керак, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар  академияси мутасаддилари ва илмий-ижодий ходимлари, нуфузли ишчи гуруҳ аъзолари, муҳтарам таржимонларимиз, юздан ортиқ мунаққид ва матншунос олимлар, адиблар, муҳаррир ва мусаҳҳиҳлар, китоб рассомлари, “Ўзбекистон” нашриёти ва босмахона ишчилари, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи бўлган мамлакатлар элчихоналарининг масъул вакиллари биргаликда меҳнат қилиб, мана шундай улкан ижодий лойиҳани амалга оширишга эришдилар.

Мазкур адабий лойиҳани амалга ошириш орқали қардош туркий давлатлар ўртасидаги адабий алоқалар янги босқичга кўтарилди деб айта оламиз. Шу маънода, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик китоб­лар мажмуасини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш ташаббусини бошқа туркий давлатлар, хусусан, озарбайжон томони ҳам амалга оширса улуғ иш бўлади. Натижада адабий алмашинувлар, адибларимизнинг бир-бирларини яқиндан билиш имкониятлари яна ҳам кенгаяди. Ушбу 100 жилдлик китоблар мажмуасида жам бўлган адабий хазина бугунги глобал ва таҳликали дунёда инсониятни тинч­лик, дўстлик ва ҳамкорликка, эзгулик ва яхшиликка, илму маърифатга даъват этувчи беқиёс маънавий куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Мен эса шукуҳли учрашувлар, суҳбатлардан илҳом олиб ушбу шеъримни битдим:

 

Сўз чамани ичра сўлмас дарахтим,

Руҳимда порлаган андуҳим, бахтим,

Бу адаб мулкида азим пойтахтим,

Низомий, Навоий, Фузулий, Машраб.

 

Мусҳаф чашмасидан сув ичган боғлар,

Мангу офтоб янглиғ ўчмас чироғлар,

Толиб кўнгилларга боқий сабоқлар,

Низомий, Навоий, Фузулий, Машраб.

 

Қон дилим, жон дилим – “Махзан ул асрор”,

Айт ким у сўрсалар, “Ҳайрат ул аброр”,

Юз марта, минг марта айтаман такрор,

Низомий, Навоий, Фузулий, Машраб.

 

Муножот айлади юрагим тома,

“Мабдаи нур” асли “Муҳаббатнома”,

Олам, алик олгин қутлуғ салома,

Низомий, Навоий, Фузулий, Машраб.

 

Чўғ ковлаб қорадир косовнинг ранги,

Дилларда қолмасин адоват занги,

Қалбларга таралган пок ишқ оҳанги –

Низомий, Навоий, Фузулий, Машраб.

 

Мажнун бўл, топганинг Лайло бўлади,

Тупроқни ушласанг кимё бўлади,

Дунёдан ҳам мангу дунё бўлади,

Низомий, Навоий, Фузулий, Машраб.

 

Ўт надир, ошиқи мардман аслида,

Қирқ йил ёққан ёмғир – дардман аслида,

Ҳазрат боболардан гардман аслида,

Низомий, Навоий, Фузулий, Машраб.

 

 

Ўқи шоҳ байтларни, шоҳ бўласан, дер,

Бир куни муаззам оҳ бўласан, дер,

Оппоқ нур – қуёш ҳам, моҳ бўласан, дер,

Низомий, Навоий, Фузулий, Машраб.

 

Сўз чамани ичра сўлмас дарахтим,

Руҳимда порлаган андуҳим, бахтим,

Бу адаб мулкида азим пойтахтим,

Низомий, Навоий, Фузулий, Машраб.

Ғайрат МАЖИД.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + 3 =