Улуғвор ўзгаришлар учун уйғонайлик!

ёки Президентимизнинг Паркент туманига ташрифидан кейинги ўйлар

…Болаликнинг узун тунларида хирагина шуъла сочаётган чироқ атрофида суҳбат қуришган отахонлар бугунгидек ёдимда. Ҳовлимиз саҳнидаги мўъжазгина тахта чорпоя шомдан сўнг бирдан гавжум бўларди. Осмондаги баркашдек ой… унинг теграсидаги жимирлаши кўзни олгудек юлдузлар… Тегирмоннинг ҳайбатли гулдураши. Мен гўё эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис қилардим ўзимни. Ўша ғоят қизиқарли гурунглардаги тасвирлар тошга ўйилган нақшдек ёш идрокимга муҳрланарди… Фаркатимизнинг ҳаёт томири милодий икки минг йилликларга бориб туташиши, шаҳар Чирчиқ дарёси бўйида қад кўтариб, кенгая бориб, атрофлари ички ва ташқи баланд деворлар билан ўралган кўркам ва мустаҳкам қўрғон, бизнинг Фаркатимиз (Паркент дейилмасди) жуда қадимий қалъа бўлганлигини ўша суҳбатлардан орқали билиб олардим.

Ёзда ҳам чўққиларидан қор аримайдиган Чотқол тоғ тизмаларининг ёши нечада эканлиги, Паркентни душманлар ҳужумидан асраб қолиб, ўзи қўйлари билан тошга айланиб қолган Одамтошни кўриш истаги ёш идрокимда ёлқинланиб ётарди. Фаркат ҳозиргача ўзининг сиру синоати, тарихий илдизлари билан, ёғийлар томонидан неча бор кунпаякун қилиниб, Қақнус каби яна қад кўтарган енгилмас паҳлавон, қадимий шаҳар сифатида ҳаммани ҳайратга солиб келади. Чор-атрофи буюк тоғлар билан ўралган, бетакрор табиати, доривор ўсимликлари, ям-яшил ўрмон ва ёқутдек жилғалар товланиб ётган бутазорлари, мағрур йўлбарслари-ю, кумуш туёқли оҳулари, беҳисоб ғор ва унгурлари, аждодларимизнинг моҳирлик билан қоятошларга чизиб қолдирган расмлари — дастхатлари… Ноёб археологик топилмалар қадимий Паркентнинг тарих тоғларига урилиб, бизгача етиб келган акс садоларидир. Улуғ олимларнинг географик асарларида Паркент ва қўшни қишлоқлар номларининг турли кўриниш ва талаффузларда қайта ва қайта айтиб ўтилиши, ҳатто қадимда ҳам аҳолининг синчли уйлар қуриши ҳақидаги тарихий далиллар… Не-не улуғ зотлар, хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ шоир ва шоҳнинг Паркентда бир неча бор бўлиши, охирги келишида туманнинг Сомсийрак — ҳозирги Самсарак ҳудудида тўхталиб, сўнгра ортга қарай-қарай ўзга диёрга юз тутиши… Гўё ҳозиргача шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тулпорлари туёқларидан кўтарилаётган чанг ва дукурлари, шоҳнинг юртдан узилолмай кетаётган нигоҳлари мени кузатиб тургандай бўлаверади…

Бугун эса кўҳна Паркент янги тарихи билан юзма-юз турибди. Худди эртаклардагидек…

Президентимизнинг яқиндаги Паркент туманига ташрифи халқ тилаганидек қутлуғ ташриф бўлди. Бу ташрифгача йиллар мобайнида силжитиб бўлмайдиган қоятош кўринишига келиб қолган, халқни қийнаётган муаммолар бирма-бир диққат билан, синчиклаб ўрганилди. Бу муаммоларнинг илдизи Паркент тумани Юқори Чирчиқ туманига қўшиб юборилиб, узоқ йиллар “қўл билан берганга қуш тўймас” қабилида иш тутилгани, одамларнинг арзимаган иш учун икки туман ўртасида сарсону саргардон кезишлари, ширин-шакар узумлар маскани бўлган Паркент аҳолисининг қозон қайнатиш учун бошқа туман далаларига бориб, гектар олишлари оддий ҳолга айланиб қолган эди. “Бизнинг ҳам косамиз оқарармикан?” — дерди халқ. — Бошимиздан офтоб ўтиб кетди-ку!” Одамзод бир ишга қўл урса-ю, натижа бўлмаса, ҳафсаласи сўнади, кўнгли совийди. Узоқ йиллар халқ шундай кайфиятда эди. Ҳар баҳорда Чотқол чўққиларидан отиладиган шаршаралардан куч олиб, баҳор қору ёмғирлари билан қўшилиб, жиловлаб бўлмайдиган асов кучга айланади. Сел Паркентнинг қоқ ўртасидан оқиб ўтадиган Паркентсой устига қурилган омонат кўприкни неча бор оқизиб кетар, икки қирғоқ атрофида яшайдиган аҳоли билан борди-келди тўхтар, муаммо муаммолигича қоларди. Ташландиқ ҳолга келган, сел ўпирган қирғоқлар юриш учун хавфли эди.

Муаммоларнинг залворли тошларини қўзғатиш янги, мустаҳкам, кенг, чиройли кўприк қурилишидан бошланди. Бу кўҳна Паркент кўксига хуш насимларнинг илк бор эсиши эди. Ҳозир тўрт томонга қараб баҳри дилингиз очилади. Тор кўприкнинг эни 12 метрдан 21 метрга кенгайтирилди. Пиёдалар йўлакчасидан онажонларининг қўлидан ушлаб, ўйноқлаб кетаётган болажонларга қараб, юрагингиз қувончдан ҳаприқади. Паркентсойнинг 4 километр қисми тўлиқ бетонлаштирилиши, сой четида 5 километрлик янги йўл қурилиши — булар бари халқимиз кутган янги куннинг шуълаларидир. Туман марказидан ўтган асосий кўчага ёндош бу янги йўл бир кеча-кундузда ўн минг автомобилнинг узоғини яқин қилади. Тирбандликнинг олдини олади.

Сел ўпирадиган жойда кўркам “Паркентсой” аҳоли массиви қад ростлаяпти. Президентимиз дастлаб ушбу массивга келиб, бу ерда тез фурсатда қад ростлаган 27 та кўп қаватли кўркам уйлардаги янги хонадонларда яратилган шарт-шароитларни синчиклаб кўздан кечирдилар. Умумий майдони 6 гектарни ташкил қилган сув ювиб кетган ҳудудда 5 минг 500 хонадонни ўз ичига олган, умумий сони 125 та кўп қаватли турар-жой қурилмоқда. Бу массив “Паркентсой”нинг кўркига яна кўрк бағишлаган. Бу лойиҳалар “БИЗ ИНСОН ОМИЛИ УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛАМИЗ”, деяётгандек. Дунёнинг қайсидир давлатларида  қирғинбарот уруш она заминнинг покиза ҳаволарини булғаётган, тинчлик сўраб, Аллоҳга тинимсиз тавалло қилаётган оналарнинг кўксидан гулдек гўдакларини юлиб олиб, ажал комига тортаётган бир дамда биздаги осуда дамлар, отаётган оппоқ тонглар ҳаққи Яратганга беҳисоб шукурлар қилишимиз керак, азиз замондош!

Президентимиз Паркент туманида туризмни ривожлантириш мақсадида қиймати 1 миллиард 800 миллион доллар бўлган 52 та лойиҳа амалга оширилиши ҳақида ҳам тўхтаганларида, кўз ўнгимда Учинчи Ренессанс тилсимларининг яна бир саҳифаси очилгандай бўлди.

Сайёҳлик тизими Ўзбекистонимизни дунёга янада яқинроқ танитиш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир. Жаннатмакон ўлкамиз, тоғларимиз, Масиҳ нафасли ҳаволаримиз, минглаб чулдироқ булоқларимизнинг шифобахш сувлари… кўкка бўй чўзган минорларимиз, қадимий, тарихий улуғ обидаларимиз… Булар бари сайёҳлар ўқиши зарур бўлган буюк китобларимиздир.

Одатда, оммавий пиёда юриш саёҳатлари бетакрор тоғли табиат, улуғ дарёлар, мовий кўл, сув омборлари соҳиллари каби хушманзарали жойларда ташкил қилинади. Бундай масканлар Тошкент вилояти, хусусан, Паркент туманида жуда кўплиги халқимизнинг табиат қўйнида ором олиб, сўлим, гўзал манзарали жойларда тунаш, овқатланиш, спорт билан шуғулланиши учун имконият яратади.

Президентимиз туризм истиқболи ҳақида тўхталиб, 100 гектар ерда барпо қилинажак туризм объектларини алоҳида қайд қилиб ўтдилар. Йил якунигача фойдаланишга топшириладиган “Байтқўрғон-Паркент” йўналишидаги электрлаштирилган темир йўлнинг қурилиши ва электр поезднинг ишга тушиши Паркент тумани халқи учун бебаҳо туҳфадир.

“Хоҳишинг нур эрса, нурга оч қучоқ”, — дейдилар мавлоно Жалолиддин Румий.

Президентимизнинг яқинда вилоят ва Паркент фаоллари билан кечган суҳбатидан инсон қалби, унинг фикратидаги нурнинг улуғ яратувчанлик қудратига эга эканлиги, агар хоҳиш бўлса, Паркент халқи улуғвор ўзгаришлар учун уйғониши кераклигини англадим.

Бир ҳовлида уч-тўрт келинлар билан қийналиб қолаётган ҳамюртларимиз бўладими, моддий ёрдамга муҳтож ёлғиз инсонлар бўладими, халқни рози қилиш давлатимиз, ҳукуматимиз олдидаги муҳим вазифа эканлигига тўхталиб ўтди. Сўқоқ каби қишлоқларда беш-етти қаватли уйлар қуриб зич яшайдиган оилаларга тақсимлаб, томорқасини ўзларига қолдириб, экин-тикин учун имкон яратиб бериш заруратини айтиб ўтдилар. Маълумки, Паркент туманига қуёш йил бўйи 3000 соатдан зиёд нур улашади. Янги қурилаётган уй томлари тепасига давлат томонидан қуёш панеллари ва геоколлекторларнинг ўрнатилиши муҳим тажриба бўлиб, бу амалиёт Паркентда бошланиб, Паркент тажрибаси сифатида келажакда оммалаштирилиши айни муддаодир. “Оламга қуёш Япониядан чиқса, Ўзбекистонга Паркентдан чиқади!” — дедилар Президентимиз. Паркент халқига берилган бундай баҳо айни пайтда Ўзбекистон халқига берилган баҳо эди.

Президентимиз Янги Ўзбекистон шарафини дунёга сиёсий ирода билан кўрсатмоқда. Паркентда бўлаётган улуғвор ўзгаришлар бунинг яққол далилидир.

 

Мен Чотқол бағрида яралган куйман,

Шудрингларга кўнглим чайиб улғайдим.

Жўшқинлик тиладим шалолалардан,

Харсангларга исмим ўйиб улғайдим.

 

Майин баргларини силаб андизни,

Кузатдим меҳрини — ерга илдизни.

Ялпиз терганлардан асраб ялпизни,

Ариқчага тўшак ёзиб улғайдим.

Овлоқ далаларда ўчмаган изим,

Ўсма, ёшлигингман, деб жилмаяр ним.

Эртакданмас, тоғдан — ҳув, тизим-тизим,

Чинакам юрт сеҳрин туйиб улғайдим, —

 

деб ёзади Паркентнинг Усмонбек деган шоир боласи.

Бир пайтлар фойдали қазилмалари вагон-вагон бошқа юртларга юборилган Кумушконнинг вақтлар келиб, дунё талпинадиган сайёҳлик масканига айланиши кимнинг хаёлига келибди, дейсиз! Бугунги кунда “туризм қишлоғи” деб ном олган Кумушконда “от ўрнини той босар”, деганларидек, отасининг ишини муваффақият билан давом эттираётган Олим Юсупов 16 ўринли меҳмон уйини 48 ўринга етказди. Саранжом-саришта, ҳар бир жиҳозидан миллийлик уфуриб турган хоналар меҳмонни ўзига оҳанрабодек тортади. Ҳовли саҳнида хуш ифорини таратган райҳону жамбиллар, барқ уриб очилиб ётган гуллар ўз уйингиздаги каби ором беради. Ҳар йили икки минг сайёҳ роҳатланиб дам олиб кетади. Олимжон етти кишини иш билан таъминлаган.

Фарзандлари ёнида унга қўшқанот. Президентимизнинг тадбиркор хонадонига ташрифи, берган зарур ва фойдали маслаҳатлари Олимжоннинг ҳаётидаги янги саҳифанинг ёзилиши, амалга оширажак режалари йўлида яратувчанлик имкониятлари эшигининг кенг очилишидаги муҳим қадам бўлиб қолади.

Кумушкон ҳудудидаги тоғларга туташ жойда бунёд этилган интенсив боғга ташрифнинг ўзи бир достон бўлгулик. Гилос, олма, нок ва малиналар ҳосили кўзни қувонтириши Янги Ўзбекистонимизнинг янги боғларидаги меваларидир.

“Meridian Tempo” корхонасига қарашли ушбу 54 гектар боғда етиштирилган сархил мевалар дунё халқлари дастурхонига Ўзбекистон меваларининг тотини элтади. Франция ва Испаниядан келтирилган кўчатлар Ўзбекистон тупроғига — иқлимига мослашади. Ўзини ўзи чанглайди. “Ақлли” агрегатлар уларни бошқаради: ернинг нами қочса, автоматик равишда суғоради. Тоғларнинг салқин ҳавоси меваларни кеч етилтиради. Қуёш панеллари нур йиғиб, боғларга улашади.

Етилган мевалар эса юз фоиз экспорт қилинади. Халқимиз: “Боғни боқсанг боғ бўлади, ботмон даҳсар ёғ бўлади”, деб бежиз каромат қилмаган. Боғ ўз боғбонининг меҳнатини даромад билан ардоқлайди.

Президентимизнинг Кумушконга елка тутиб турган туташ тоғларнинг “Олтин бел” чўққисидаги дам олиш масканига ташрифлари Паркент тонгларининг янада нурга тўлиб, порлаб отишлари йўлидаги имкониятлардан биридир.

Олтинбелни кўришни орзу қилмаган одам кам топилади. Аммо уни кўрганлар ҳам кўп эмас. Асрлар мобайнида пана тортиб, кўздан ниҳон бу масканлар Янги Ўзбекистонимизга бағрини очди.

Бу ерда “Parkent mountain resort” тоғ-чанғи курорт зонаси ташкил этилди. Лойиҳада 1 та кўп тармоқли ташриф маркази, 7 та дор йўли, 7 та тюбанч йўли, 3 та тоғ-чанғи йўли, 4 та меҳмонхона, 40 та вилла, 4 қаватли автотураргоҳ, ресторан, вертолёт майдончаси, болалар майдончаси ва бошқа туризм объектлари ташкил этилиши кўзда тутилган. Бу ерда Австрия компанияси томонидан 1 минг 200 гектар майдонда тоғ-чанғи курорти қурилиши режалаштирилган.

Лойиҳа уч босқичда амалга оширилади ва тўлиқ қувватда кунига 15 минг нафар сайёҳни қабул қилади. 600 га яқин сервис мажмуалари ташкил этилади, мавсумий хизматлар билан бирга, 10 мингга яқин иш ўрни яратилади…

…Президентимиз ташрифи… қутлуғ ташрифи мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда. Дунёнинг энг илғор давлатлари Янги Ўзбекистон ва унинг муҳтарам Президентини қучоқ очиб қаршиламоқда. Гўё олам нурга қучоқ очгандай!

Шарифа САЛИМОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими,

шоира.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − 3 =