Берлинда Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган “SOMMER-FEST – 2025” фестивали ўтказилди

Ўзбекистон элчихонасида Германия сайёҳлик агентликлари уюшмаси (DRV) билан биргаликда “Sommerfest – 2025” фестивали ўтказилди.

Фестиваль Ўзбекистон туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш ва соҳа вакиллари билан халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилди.

Унда Германия Бундестагининг Туризм қўмитаси раиси Аня Карличек, парламент депутатлари, федерал вазирлик ва идоралар вакиллари, Берлиндаги дипломатия ваколатхоналари раҳбарлари ва вакиллари, Европанинг йирик сайёҳлик компаниялари ва турагентликлари, етакчи авиакомпаниялар, журналистлар иштирок этди.

Тадбирнинг расмий очилиш қисмида  сўзга чиққан мамлакатимизнинг Германиядаги элчиси Дилшод Ахатов  иштирокчиларни Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги сайёҳлик йўналишлари, барпо этилаётган замонавий инфратузилмалар ҳамда соҳа ривожи учун сармоя киритишга тайёр инвесторлар учун яратилган қулайлик ва имтиёзлар билан таништирди.

Ислоҳотлар самараси сифатида Ўзбекистон энг жозибадор туризм мамлакатларидан бирига айланиб бораётгани, хусусан, 2022  йилда 5,2  миллион хорижий сайёҳ Ўзбекистонга  келган бўлса, 2024 йилда эса уларнинг сони 10 миллиондан ошгани таъкидланди. Бу кўрсаткичлар билан Ўзбекистон ўн миллиондан ортиқ хорижий сайёҳларни қабул қиладиган ­дунёнинг 28 давлати қаторидан жой олгани урғуланди. Шунингдек, Европа мамлакатларидан сайёҳлар сони ошиб бораётгани, ўтган йилнинг ўзида Германиядан 38 мингга яқин турист ташриф буюргани қайд этилди.

Янги Ўзбекистон халқаро даражада эътироф этилаётганлиги, жумладан, мамлакатимиз 121 мамлакатни ўз ичига олган “Safety Perception Index 2023” – ­дунёнинг энг хавфсиз мамлакатлар рейтингида 1-ўринни эгаллагани, Англиянинг “Lonely Planet” сайёҳлик нашриёти томонидан “2024 йилнинг энг яхши туристик йўналиши” ва  “2024 йил учун энг орзу қилинган янги сайёҳлик маскани” номинациялари  ғолиб бўлгани  ҳамда “Wanderlust Reader Travel Awards“ мукофоти ва бошқа бир қатор совринлар билан тақдирлангани маълум қилинди. Жорий йил куз фаслида  ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси орадан 40 йил ўтиб, биринчи марта Париждан ташқарида, яъни Самарқандда бўлиб ўтиши халқаро эътироф сифатида таъкидланди.

Дипломатик ваколатхонаси раҳбари сўзининг якунида хорижий мамлакатларда Ўзбекистоннинг туризм элчилари тайинлангани ҳақида айтди ва Германиядан тайинланган икки нафар туризм элчисига Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан тақдим этилган махсус сертификатларни тантанали топширди.

Германия Бундестаги туризм қўмитаси раиси Аня Карличек ўз сўзида, қадимий ва сайёҳлар учун мафтункор Ўзбекистон бугун сайёҳлик имкониятларини янада юксалтирган ҳолда келажак томон одимлаб бораётгани, мамлакат туризмга иқтисодий тараққиётнинг таянчи сифатида қараётганини  маълум қилди. Парламентнинг туризм қўмитаси бу йўлда мамлакатни қўллаб-қувватлаш ва янада танитишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини билдирди.

Германия сайёҳлик агентликлари уюшмаси (DRV) президенти Норберт Фибиг  ўз мамлакатидан туристлар оқимини янада ошириш учун ҳамкорликни давом эттиришдан мамнунлигини билдирди.

Фестиваль давомида мамлакатимиздан келган таниқли санъат усталари томонидан ўзбек миллий куй ва қўшиқлари ижро этилди. Шунингдек, ўзбек миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

Аня Карличек,  Германия Бундестаги туризм қўмитаси раиси:

— Туризм нафақат инсонларнинг билим ва тафаккурини юксалтиради, балки тинчлик ва халқлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлайди.  Ўзбекистон ноёб маданий меросга эга, унинг қадимий Ипак йўлида жойлашганлиги, маданий хилма-хиллиги ва айниқса, бугун катта одимлар билан ривожланиб бораётгани дунё маданиятига қизиқадиган немис халқи учун севимли туристик масканга айлантирмоқда.

Норберт Фибиг, Германия сайёҳлик агентликлари уюшмаси  президенти:

— 2022 йилда соҳамизнинг энг яхши вакилларидан иборат делегация билан Ўзбекистонда  бўлдик. Орадан бир йил ўтиб 80 га яқин сайёҳлик агентликлари ва туроператорлар ходимларига Ўзбекистон билан яқиндан танишиш имконини яратдик. Натижада сайёҳлар сони икки бараварга кўпайди.

Менимча, халқлар урф-одати, маданиятига қизиқадиган сайёҳлар учун Ўзбекистон келажакда энг катта аҳамиятга эга масканга айланади. Биз Ўзбекистонни Германия учун жозибадор сайёҳлик маскани сифатида танитиш, бу ишда доим ёрдам беришга тайёрмиз.  Мамлакатларимиз ўртасида фойдаланилмаган салоҳият ва имкониятлар жуда катта. Ҳамкорликни ривожлантириш учун Ўзбекистон томонидан барча зарур шароитлар яратилган, биз Германия туризм уюшмаси, Германиянинг туристик саноати сифатида бу ҳамкорликни яқиндан қўллаб-қувватлаймиз.

“Дунё” АА,

Берлин шаҳри.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + 20 =