Коррупцияга қарши кураш — ҳар бир инсондан бошланади!

Жорий йилнинг 10 сентябрь куни пойтахтимиздаги “Hilton” меҳмонхонасида Аксилкоррупция СОҲАСИДА ИЛК халқаро медиа форум ўтказилди.

 Мазкур нуфузли Форум ўтган йили Ўзбекистонда бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топшириш маросимида Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус асосида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастури, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлик бўлими, Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон миллий медиа бирлашмаси, Халқаро пресс-клуб ҳамкорлигида ташкил этилди.

Латвия, Сингапур, Филиппин, Австрия, Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Ўзбекистон етакчи оммавий ахборот воситалари журналистлари, вазирлик ва идораларнинг матбуот котиблари, халқаро экспертлар, дипломатик корпус вакиллари иштирок этган форумнинг очилишида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари мамлакатда аксилкоррупция сиёсатини амалга оширишда фаол ҳисса қўшиб келаётганини таъкидлади.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш, шу йўл билан камбағалликни бартараф этиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилаётгани ва сезиларли натижаларга ҳам эришилаётганини қайд этди.

— Аслида коррупцияга қарши курашиш глобал даражада  аҳамиятли, — деди А.Фужии. — Чунки шу иллат туфайли мамлакатларда ривожланиш бўлмай, халқи қашшоқликда яшашга мажбур бўлмоқда. Ўзбекистонда ҳам коррупцияга қарши курашиш, шу йўл билан камбағалликни бартараф этиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда ва сезиларли натижаларга ҳам эришилди. Бу БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси талабларига ҳам мос келади. Айтиб ўтиш керакки, коррупцияга қарши курашишда медиа муҳим ўрин тутади. Бу соҳа вакиллари давлат хизматчиларининг фаолиятини кузатиб боради, уларнинг адолатли ишлашига маълум маънода таъсир кўрсатади. Чунки ОАВ ходимлари кузатиш билан чекланмай, маълумот тўплайди, уни оммага ахборот сифатида тарқатади. Яъни, очиқлик асосида жамият коррупциядан тозаланади. Демак, коррупцияга қарши курашишда медиа имкониятларини ошириш бўйича натижадор ҳамкорликни  янада мустаҳкамлаш зарур.

Форумнинг асосий мақсади коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг ролини оширишдир. Бу борада глобал ҳамда маҳаллий муаммолар ва ечимларни муҳокама қилиш, жамиятда шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш бўйича қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш, сўз эркинлиги ва журналистлар ҳимоясини кучайтириш мақсадида оммавий ахборот воситалари, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва халқаро ташкилотлар вакиллари ўртасида мунозаралар ва ўзаро тажриба алмашиш учун платформа яратиш, шунингдек, келгусидаги режалар, янги истиқболларни белгилаб олиш форумнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Вим РИЕПМА,

Европа Иттифоқи делегациясининг Ҳамкорлик бўлими раҳбари:

— Бугун биз коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг роли ҳақида гапиряпмиз. Бу ролнинг аслида иккита жиҳати бор. Биринчидан, оммавий ахборот воситалари коррупция ҳолатларини очиқлаши мумкин, улар суриштирув ўтказишлари ва вазиятни жамоатчиликка тушунтириб беришлари мумкин. Иккинчидан, коррупцияга қарши кураш сиздан ва мендан бошланади. Умуман, ҳар бир инсондан бошланади. Коррупцияга қарши курашда ўз вазифангизни бажаринг. Одамлардан ҳам худди шуни сўраб қоламан – ўзингиз ва мамлакатингиз учун коррупцияга йўқ деб айта олинг.

Акмал БУРХОНОВ,

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори:

— Коррупция муаммоси ҳам ОАВнинг асосий фокусидаги мавзулардан бирига айланди ва раҳбар ҳамда мутасаддиларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланишга мажбур қилмоқда. Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши аъзоларининг 12 фоизи, ҳудудий коррупцияга қарши курашиш кенгаши аъзоларининг 14 фоизи, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг 20 фоизи ОАВ вакиллари ва ижтимоий тармоқ фаолларини ташкил қилади. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура ёки бошқа ташкилотлар қанчалик коррупцияга қарши курашишга масъул бўлса, вазирлик ва идораларнинг матбуот хизматлари ҳам шу жараённинг асосий иштирокчиларидан бири ҳисобланади. Ўз навбатида, матбуот хизматлари ҳам ўзларининг идорасига оид коррупция элементлари тўғрисидаги хабарларга ўз вақтида, тезкорлик билан муносабат билдиришлари, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВлар билан фаол ҳамда самарали ҳамкорлик қилишлари шарт.

Михаэль ВИММЕР,

Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси миссия раҳбари ўринбосари ва ҳамкорлик бўлими раҳбари:

— Биз Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан коррупцияга қарши ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда ҳамкорлик қилаётганимиздан фахрланамиз. Европа Иттифоқи ва Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат бошқарувини такомиллаштириш – коррупциянинг инклюзив олдини олиш” лойиҳаси, давлат институтларида яхлитликни мустаҳкамлаш, шу билан бирга коррупцияга мутлақо тоқат қилмаслик маданиятини шакллантиришга қаратилган. Лойиҳанинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири оммавий ахборот воситалари ходимлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва фаоллар салоҳиятини оширишдан иборат. Коррупцияга қарши самарали кураш масъулиятли ва мустақил фаолият юритувчи оммавий ахборот воситалари томонидан қўллаб-қувватланадиган хабардор ва фаол жамоатчиликка боғлиқ. Оммавий ахборот воситалари ва журналистлар ўзлари фаолият юритаётган мураккаб муҳитда коррупцияни текшириш ва хабар қилиш учун зарур воситалар ва билимларга эга бўлишлари жуда муҳим.

Асаджон ХОДЖАЕВ:

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори:

— Журналистга биринчи навбатда нима керак? Кенг аудиторияни қизиқтирувчи маълумот керак. Бундай маълумотлар сирасига халқ манфаатлари билан боғлиқ маълумотлар ҳам киради. Демак, коррупциявий ҳолатлар билан боғлиқ ахборотлар журналистлар фаолиятида устуворликка эга. Биз, давлат органлари, уларга ёрдам бериш учун амалга оширишимиз керак бўлган энг муҳим қадам — очиқликни таъминлаш. Журналистларда таҳлил қилиш учун маълумот кўп бўлиши учун давлат органларининг интернетдаги очиқ маълумотлари доимий янгилаб борилиши, даврий равишда ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиши ҳамда ОАВ учун матбуот анжуманлари ташкил этилиши лозим. Кўриниб турибдики, журналистлар ва давлат ташкилотларининг ахборот хизматлари ўз вазифаларини сидқидилдан бажариши жамиятга фақат фойда келтиради.

Шрея БАСУ,

“Очиқ ҳукумат ҳамкорлиги бўйича ўзаро ҳамкорлик ва қўллаб-қувватлаш стратегияси” раҳбари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан жалб қилинган эксперт:

— Мамлакатингизда йўлга қўйилган “Очиқ ҳукумат” дастурининг аҳамияти ва унинг коррупцияга қарши курашга қўшаётган ҳиссасидан мамнунмиз. Ушбу ташаббус ахборот олиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга, иқлим ўзгаришига қарши курашишга, бюджет очиқлиги ва оммавий ахборот воситалари эркинлигига ҳисса қўшади. Шунингдек, Очиқ Ҳукумат Ҳамкорлиги ҳукуматнинг барча даражаларида шаффофлик ва инклюзивликни яхшилашга ёрдам беради. Унинг ўзига хос модели тенг ҳуқуқли ҳамкорлик бўлиб, унда сиёсий етакчилик даражаси юқори бўлган ҳукуматлар ва фуқаролик жамияти ташкилотлари тенг ҳуқуқли ҳамкорлик қилади. Ўзбекистонда демократияни мустаҳкамлаши мумкин бўлган 10 та йўналиш ҳам эътирофга лойиқ. Улар орасида: ахборотга кириш, коррупцияга қарши кураш, фуқаролик майдони, рақамли бошқарув, иқлим ва атроф-муҳит муаммолари, гендер ва инклюзивлик, очиқ бюджетлар, адолат, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва жамоатчилик иштирокини айтиб ўтиш лозим, албатта.

…Форум ўз ишини ялпи мажлис билан давом эттирди. Мазкур медиа форум оммавий ахборот воситалари, ҳукумат ва фуқаролик жамияти вакиллари учун коррупцияга қарши курашишда саъй-ҳаракатлар ва имкониятларни бирлаштиришда муҳим платформага айланиши, халқаро ҳамкорликда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтиришга ва бу борада самарали стратегияларни ишлаб чиқишга хизмат қилиши қайд этилди.

Коррупцияга қарши курашишда замонавий медианинг ютуқ ва имкониятлари, муаммо ва камчиликлари, очиқликни таъминлаш, журналистик суриштирувлар ўтказиш усуллари ва маълумотлар билан ишлаш, янги технологиялардан фойдаланиш каби қатор муҳим масалалар бўйича етакчи экспертлар ва амалиётчилар билан панель сессиялар доирасида ўзаро мулоқотлар давом эттирилди.

Хусусан, “Давлат органлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда ОАВнинг роли” мавзусидаги дастлабки сессияда хорижий ва маҳаллий экспертлар, жумладан, “Transparensy International LATVIA”, “Очиқ ҳукумат ҳамкорлиги бўйича ўзаро ҳамкорлик ва қўллаб-қувватлаш стратегияси” маркази экспертлари томонидан  коррупцияга қарши курашиш борасидаги ислоҳотлардан жамоатчиликни хабардор этиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш,  давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашнинг самарали механизмларини яратиш, очиқ маълумотлардан фойдаланиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш сингари йўналишларда маълумотлар тақдим этилди.

ОАВ томонидан коррупция ҳолатларини аниқлашда муваффақиятли стратегиялар, коррупцияга қарши журналистикада этика ва стандартлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар бўйича соҳа вакилларининг хабардорлигини ошириш масалалари бўйича “Ахборот этикаси: замонавий медиа учун чақирув ва ечимлар” мавзусидаги сессияда ўзаро фикр ва тажриба алмашилди.

“Таҳлилий журналистика истиқболлари ва журналистик суриштирувларнинг роли” мавзусидаги сессияда  Филиппин журналистика тадқиқот маркази, Delfi.lv онлайн янгиликлар портали вакиллари тақдимот қилди. Бундан ташқари, сессия давомида ОАВнинг  коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги иштирокини кенгайтириш, журналистларнинг ҳимоясини кучайтириш, соҳанинг ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштириш, айни йўналишда халқаро ҳамкорликнинг ўзига хос жиҳатлари ва истиқболлари, Ўзбекистонда медиа орқали коррупцияга қарши курашишга оид ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Форумда иштирок этган халқаро медиа вакилларининг қайд этилишича, Ўзбекистонда сўнги йилларда ОАВ катта куч тўплади, муаммоларни муҳокама қиладиган, таклифлар билан чиқадиган жонли майдонга айланди. Шунинг учун Ўзбекистоннинг тарихий трансформациялари даврида ОАВнинг роли беқиёс.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бошқарма бошлиғи Акбар Эргашевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон дунё бўйича “Open Data Inventory” (ODIN) очиқ маълумотлар рейтингида 30-ўринни эгалламоқда. У Ўзбекистонда ҳам давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини баҳолашга қаратилган “Очиқлик индекси” жорий этилганини ҳам эслатиб ўтди. Унга кўра, индекс 84 та баҳолаш мезонидан иборат 8 та кўрсаткич бўйича ҳисобланади.

Мулоқотлар якунида коррупцияга қарши курашиш мавзусини кенг ёритишда журналистларнинг малакасини ошириш, хусусан, соҳада суриштирув журналистикасини ривожлантириш, глобал миқёсда коррупцияга қарши курашишда асосий восита сифатида оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш бўйича янги ёндашув, тавсия ва стратегиялар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, форум иштирокчилари ўртасида ахборот ва тажриба алмашиш учун доимий платформа яратишга келишиб олинди.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × two =