Мақом – дунё аҳлини ҳайратга солаётган гавҳар!

Буюк ипак йўли дурдонаси – жаннатмакон мамлакатимизнинг гавҳари, сервиқор тоғлар, ям-яшил ўрмонлар, халқпарвар ва олижаноб инсонлар гўшаси бўлган бетакрор Зомин тумани санъат байрамига мезбонлик қилди.

Ўзбек миллий мақом санъати халқимизнинг улкан маънавий меросидир. Унда халқимизнинг қадим тарихи, маънавий дунёси, бадиий фалсафаси, руҳий олами мужассам. Шу боис неча асрларки, мақом санъатимизнинг олий намунаси сифатида алоҳида ардоқлаб келинади.

Хабарингиз бор, Жиззах вилоятининг Зомин туманида жорий йилнинг 27-30 июнь кунлари II Халқаро мақом санъати анжумани бўлиб ўтди. Бу анжуман давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ва биринчи фестиваль 2018 йил Шаҳрисабзда ўтказилган эди. Кейинчалик пандемия туфайли кечиктирилган санъат анжумани бу йил янгича руҳ ва шукуҳ билан ташкил этилди.

Чиндан ҳам, миллий мақом санъати халқимиз маданий меросининг ажралмас қисмига айланган. У ўзининг узоқ тарихи, теран фалсафий илдизлари, бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда ўзига хос ўринга эга.

Шу жиҳатдан ҳам бу анжуманни нафақат мамлакатимиз ва халқаро майдондаги санъат аҳли, балки халқимиз ҳам катта қизиқиш билан ўтказади.

Фестивалнинг биринчи куни. Муаззам тоғлар бағрида кеч туша бошлади. Гўёки яшилликка бурканган она табиат қўлини кўксига қўйиб меҳмонларга пешвоз чиқади.  Анжуман муносабати билан безатилган Зоминсой мажмуасидаги амфитеатр эртакнамо қиёфага кирган. Навбатдаги Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали очилиш маросимига чорлов мусиқаси янгради. Саҳнага байрамда иштирок этаётган мамлакатлар вакиллари таклиф этилди.

Тантанали очилиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, мақом санъатининг тарихи ва аҳамиятини эътироф этди.

– Бизнинг қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, азалий қадриятларимизнинг рамзи бўлган мақом санъати теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди. Мақом – умумбашарий туйғуларни авж пардаларда тараннум этадиган нодир санъат тури сифатида ҳам биз учун ғоят қадрлидир, – деди Юртбошимиз.

Мақом санъати мусулмон Шарқидаги Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида жадал ривожланиб, юксак чўққига кўтарилган. Абу Наср Форобий ўзининг “Катта мусиқа китоби”да куйларнинг назарий ва амалий мезонларини уд сози орқали мукаммал тартибга келтирган. Абу Райҳон Беруний, ибн Сино, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк алломаларимиз ноёб мусиқий асарлар яратиб, жумладан, мақом ривожига ҳам беқиёс ҳисса қўшганлар.

Давлатимиз раҳбари мақом санъатини асраб-авайлашда атоқли давлат арбоби Шароф Рашидовнинг катта ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлади. Ўша оғир даврларда Тошкент давлат консерваториясида мақом санъатини илмий ўрганишга ва халқаро миқёсда тарғиб этишга асос солинган эди. Мақом ансамбли ташкил этилгани, ўлмас “Шашмақом” дурдоналари нотага олиниб, 6 жилддан иборат мукаммал китоб нашр қилингани чинакам фидойилик эди, албатта.

Мумтоз мусиқа санъатининг гултожи бўлган бетакрор мақомларимиз ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.

Бугун Президентимиз эътибори билан ушбу санъат равнақи янги босқичга чиқди. Эндиликда мақом бутун мамлакатимиз бўйлаб, бошланғич таълимдан тортиб, академик фан даражасигача бўлган босқичларда узлуксиз тарзда ўрганилмоқда. Тошкент шаҳрида Мақом маркази қурилмоқда. Бу йўналишда сермаҳсул ижод қилаётган бастакор, хонанда ва созандаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида миллий танловлар ўтказиб келинмоқда.

Давлатимиз раҳбари ҳаётини ана шундай шарафли ва масъулиятли ишга бағишлаган санъаткорларга бутун халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдирди.

Анжуманда ЮНЕСКО Бош конференцияси 42-сессияси президенти Симона Микулеску, АЙСЕСКО Бош директори Салим Муҳаммад ал-Малик ҳам сўзга чиқиб, иштирокчилар ва меҳмонларни қутлади. Шунингдек, маросимда ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, Туркий маданият ва мерос фонди президенти Актоти Раимкулова, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси Бош котиби Меҳмет Суреййа Эр, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бош котиби ўринбосари Нурлан Сейтимов, Туркия Президентининг бош маслаҳатчиси Ялчин Топчу, Қозоғистон Президентининг маслаҳатчиси Малик Отарбаев, Тожикистон Президентининг ижтимоий ривожланиш, маданият ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Абдулло Раҳмонзода, Қирғизистон маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Олтинбек Максутов, Озарбайжон маданият вазири Адил Габил ўғли Каримли қатнашди. Умуман, фестивалда Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Африка қитъаларининг 80 дан ортиқ мамлакатидан қарийб 400 нафар меҳмонлар иштирок этди.

Тантанали тадбир мумтоз куй-қўшиқлардан тузилган концерт билан давом этди.

* * *

Рачел ҲАРРИС,

Этношунос олим, Лондон университети профессори (Буюк Британия):

— Анжуманни юксак савияда ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўрилган. Зоминсой ҳудудида мамлакат вилоят ва шаҳарларининг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидалари, миллий урф-одат ва анъаналаридан намуналар ташкил этилгани халқаро санъат байрамига ўзига хос мазмун бағишлаган. Улар менда катта таассурот қолдирди. Мақом Ўзбекистоннинг миллий бренди сифатида дунёга танилиши, шубҳасиз.

Фардин МУҲАММАДЗАДЕҲ,

Озарбайжон миллий консерваторияси ўқитувчиси, пианиночи, мусиқашунос-созанда:

— Келганимдан жуда хурсандман, ҳануз ҳаяжондаман. Маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги ва самимияти, санъатни улуғлаши, биринчи марта кўришиб турган бўлсак-да, худди азалдан танишдек уйларига таклиф қилишларидан лол қолдим. Бундай оқибатли, эътиборли халқнинг қадимий обидалари ҳам беқиёс экан. Ушбу анжуман эса халқлар ўртасида тинчлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, маданий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Бу юртингизда маданият ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганидан яққол далолат беради.

Моҳсен МОҲАММАДИ,

Ҳинд-Форс мусиқа маркази директори, Калифорния университети доктори, этномусиқашунос (АҚШ):

— Санъат дунё халқларини эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиради. Халқаро мақом санъати анжуманидан кўзланган мақсад ҳам шу. Бу тадбир ўзбек миллий мақом санъатининг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёш авлод қалбида миллий мумтоз санъатимизга ҳурмат туйғусини кучайтириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

* * *

Тўрт кунлик санъат байрамида қатор маданий тадбирлар ўтказилди. Шунингдек, анжуман доирасида “Мақом санъатининг назарий ва амалий асослари: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция, мақом санъати усталари иштирокидаги бадиий чиқишлар, давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

Хусусан, Зоминсой мажмуаси ҳудудида мамлакатимизнинг ўн тўрт ҳудудига хос аҳоли турмуш тарзи, анъана ва урф-одатларини ифода этувчи этнографик шаҳарча-павильонлар барпо қилинди. Уларда маданият ва санъатни намойиш этувчи буюмлар ҳам намойиш қилинди. Кичик саҳналарда театрлаштирилган томошалар, фольклор жамоаларнинг чиқишлари ҳавола этилди. Иштирокчилар мақом санъатига оид турли кўргазмалар, ҳунармандчилик буюмлари, қадимий сўзана ва либослар, гиламлар, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари билан танишди.

30 июнга қадар давом этган анжуманда кўрик-танлов ташкил этилди. Халқаро ҳайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишлари учта номинация бўйича — “Энг яхши мақом ансамбли”, “Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси”, “Энг яхши яккахон хонанда” бўйича баҳоланди. Иштирокчиларнинг чиқиш­ларини халқаро ҳайъат аъзолари — Тожикис­тондан Абдували Абдурашидов, Озарбайжондан Керими Сиявуш Ашраф ўғли, Миср­дан Ашраф Абделраҳман, АҚШдан Моҳсен Моҳаммади, Ҳиндистондан Али Фатеҳ, Туркиядан Фейзиоглу Несрин ва Ўзбекистондан Исроилжон Ваҳобов баҳолаб боришди.

Анжуманнинг тантанали ёпилиш маросими ҳам катта байрамга уланиб кетди. Узоқ кутилган натижалар бирма-бир эълон қилина бошланди. Унга кўра бош совринни Эроннинг “Форс” ансамбли солисти Али Асғар Арабшоҳий қўлга киритди.

Ансамбль жамоаси бўйича 1-ўринга Ўзбек миллий мақом санъати маркази Юнус Ражабий номидаги мақом хонандалари ансамбли, 2-ўринга Мақом маркази Жиззах вилояти ҳудудий бўлими мақом ансамбли ҳамда 3-ўринга “Шинжон” бадиий театри “Мақом” бадиий труппаси (Хитой) муносиб кўрилди.

Яккахон ижрочилик йўналишида 1-ўринни Тожикистон миллий консерваторияси гуруҳи солисти Хуршид Ирохимзода, 2-ўринни Чидем Гурдал (Туркия) ҳамда 3-ўринни Али Амжад Хон (Ҳиндистон) қўлга киритди.

Ғолиблар пул мукофотлари (бош соврин — 15 минг АҚШ доллари, 1-ўрин — 10 минг АҚШ доллари, 2-ўрин — 7 минг АҚШ доллари ҳамда 3-ўрин — 5 минг АҚШ доллари), дип­лом ва статуэтка билан тақдирландилар.

Шунингдек, “Энг яхши мақом хонандаси”, “Энг яхши мақом созандаси”, “Энг яхши мақом устози”, “Энг яхши мақом тарғиботчиси”, “Энг яхши ёш мақомчи”, “Энг яхши мақом бастакори” каби номинациялар бўйича ҳам иштирокчилар рағбатлантирилди. Уларга ЮНЕСКО, АЙСЕСКО ҳамда Жиззах вилоят ҳокимлигининг пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

* * *

Ҳа, Зоминда бугун ана шундай кўтаринки кайфият ҳукмрон. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, сайёрамизда турли келишмовчилик ва қарама-қаршиликлар, уруш ва низолар авж олган таҳликали замонда, одамзод тобора ўз дунёсига ўралашиб бораётган бир шароитда мусиқа, қўшиқ инсонга инсонлигини эслатиб, унинг қалбида келажакка умид ва ишонч уйғотади.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

“Hurriyat” мухбири.

Тошкент–Зомин–Тошкент

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + 20 =