Тошкентда “Ғарбий Озарбайжонга қайтиш” туркий дунё саммити бўлиб ўтди

Туркий халқларнинг барчаси бир миллат, бир улкан чинорнинг шохларидир. Шу боис уларнинг тили, маданияти, урф-одатлари бир-бирига жуда яқин. Ўзаро мулоқотда таржимонга эҳтиёж сезилмайди. Маҳмуд Кошғарий туркий халқларнинг илк ўрта аср маданияти арбобларидан эди. Тилшунослик, хусусан, туркий тилларни ўрганиш соҳасида машҳур бўлди ва тарихда ўчмас из қолдирди. Унинг “Девону луғатит турк” асарини туркий халқлар ҳаёти ҳақидаги қомусий асар деб аташ мумкин. Мазкур асар туркий халқларнинг бир оила вакили эканини ҳар дам ва ҳар вақт эслатиб туради.

Куни кеча пойтахтимиздаги “Bentley hotel tashkent” меҳмонхонасида “Ғарбий Озарбайжонга қайтиш” деб номланган II Туркий дунё саммити ўтказилди. Нуфузли анжуманнинг би­­ринчиси ўтган йили Испанияда ўтказилган.

Тадбир ташкилотчилари: Нодав­лат-нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш давлат агентлиги, Озарбайжон – Туркия Аёллар жамияти, Озарбайжон – Туркия уйи, Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ва “Ипак йўли” жамғармаси.

Саммит аввалида Ўзбекистон ва Озарбайжон давлат мадҳиялари янг­ради.

Унда Озарбайжон –Туркия Аёллари жамияти раиси Танзила Рустамхонли меҳмонларга ўз саломини йўллаган ҳолда қадимий туркий элда Ғарбий Озарбайжон тадбирининг ўтказилиши алоҳида аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Озарбайжоннинг 44 кунлик Ватан уруши билан тупроқларининг ишғолдан озод қилингани, ўлка ҳудудининг сепаратчилардан тозаланиши билан бирга, ушбу ҳудудларга оммавий қайтиш президент Илҳом Алиевнинг назорати остида амалга оширилганини мамнуният билан таъкидлади.

Юқори даражада ўтган анжуман шўъбаларга бўлинган ҳолда “Ғарбий Озарбайжонга қайтишнинг туркий дунё­­да ифода топиши” ва “Буюк қайтиш. Озарбайжонлик қочқинларнинг қайтиши, уларнинг ҳуқуқий мудофаасига йўналган мавжуд стратегия ва механизмлар” мавзуларидаги маърузалар, муҳокама ва мунозара шаклида давом этди.

Ҳусайн ГУЛИЕВ,

Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси:

– Дунёда тили, урф-одатлари, маданияти, ҳатто ташқи кўринишидан бир-бирига ўхшаб кетадиган миллат ва элатлар кўп. Ўзбек ва озарбайжон халқларини ана шундай халқлар қаторига бемалол қўша оламиз. Ҳар икки миллат вакиллари бир-бирини таржимасиз тушуна олади. Турмуш тарзимиз, анъана ва урф-одатларимиз, халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиётда муштарак жиҳатларни кўплаб учратиш мумкин.

Тадбирда, шунингдек, Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати, озарбайжонликлар конгресси раиси, халқ шоири, ёзувчи Собир Рус­тамхонли, Ўзбекистон Аҳиска туркийлари уюшмаси раиси Умар Салмон, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти докторанти Мавлуда Рахманова, Қирғизис­тон – Туркия МАНАС университети катта ўқитувчиси, турколог олим Чингиз Буяр ва Озарбайжон Миллий Фанлар академияси Фалсафа ва Социология институти илмий ходими Ёсуман Маҳмудова Ватан уруши, Ғарбий Озарбайжонга қайтишнинг ҳуқуқий томонлари ва туркий дунёнинг дучор бўлган этник тозалаш сиёсати ҳақида чиқиш қилиб, ўз фикрларини билдиришди.

Анжуман якунида Озарбайжон –Туркия уйи ижрочи директори Тоғрул Аллаҳверди саммитнинг якунларига доир баёнотни ўқиб эшиттирди. Анжуманда маърузачи олимлар, иштирокчиларнинг илмий мақолалари алоҳида тўплам шаклида нашр этилиши ҳам маълум қилинди.

Ислом ЭГАМБЕРДИ ўғли.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + 8 =