Фикрда бирлик, ишда якдиллик

Истанбулда Турк дунёси шарҳловчилари симпозиуми бўлиб ўтди

 

Ер сайёраси долғада қолган кема каби бесаранжом чайқалаётган, турли минтақаларда қуролли ихтилофлар авж олган даврда туркий ўлкалар ўз давлатчилиги ва ўзлигини сақлаб қолиш учун қандай йўл тутмоғи лозим? Дунё миқёсида ёлғон ахборот, ғирром ташвиқот кун сайин кучайиб бораётган муҳитда ахборий маконда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш учун қандай чора-тадбир кўрмоқ даркор?

Истанбул шаҳрида шу йил 27 – 28 апрель кунлари бўлиб ўтган Турк дунёси шарҳловчилари симпозиумида шу каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Туркия президенти девони Ахборот-коммуникация бошқармаси ташкил қилган анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Венгрия, Шимолий Кипр ҳамда мезбон давлат вакиллари қаторида ўзбекистонлик шарҳловчилар ҳам қатнашдилар.

Туркий халқлар асрлар мобайнида Шарқ ва Ғарб ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажариб келган. Аммо нетонгки ўтмишда тамаддун бешигини теб­ратган бу қавм сўнгги юзйилликларда мустамлака сиртмоғига тушиб қолди. Тарихий шарт-шароит бир тил, бир эътиқод ва бир маслак вакилларини пароканда қилиб ташлади. Машаққатлардан кейин албатта енгиллик келади, дейилади илоҳий ҳикматда. Янги юзйиллик ҳам туркий халқлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Дунёнинг ҳали у-ҳали бу минтақасида геосиёсий “зилзила”лар рўй бераётган ҳозирги паллада туркий халқларнинг якдил-ҳамфикр бўлмоғи муҳимдир. Зеро, бошқа қитъаларда ҳам айнан этник мансубликка кўра тузилаётган иттифоқлар ташқи хатарларга қарши курашда қўл келмоқда.

Мерсин университети доценти, доктор Каан Кутлу Атач ҳам симпозиумдаги маърузасида геосиёсий зиддиятлар замонида туркий давлатлар умумий ечим ва ёндашувларни белгилаб олиши, саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириши муҳимлигини таъкидлади.

“Бугун жаҳон мамлакатлари ўртасидаги боғлиқлик ҳамма даврдан кўра ҳам ортмоқда. Таъбир жоиз бўлса, Фарғона водийсининг чекка бир қишлоғида қабул қилинган қарор АҚШнинг Флорида штатида акс-садо бермоқда. Глобаллашув ва локаллашув орасидаги кўринмас чегаралар ғойиб бўлмоқда. Евроосиё минтақаси бўйлаб ёйилган туркийлар эндиликда ўтмиш хатоларидан сабоқ чиқариб, геосиёсатда мақбул ва манзур моделларни амалга татбиқ этиш зарур”, дейди туркиялик сиёсатшунос.

Глобал ялпи ички маҳсулотнинг 1,5 триллион доллари, дунё аҳолисининг 250-300 миллионини жамлаган туркий дунё ўлкалари аксар халқаро масалалар бўйича умумий ёндашувга эга. Халқаро сиёсатда гегемонликка даъвогар кучларнинг давлатларни ўз орбитасига тортишга уриниши очиқ тус олган даврда қардош мамлакатларнинг бир-бирига елкадошу кўмакдош бўлиши ҳаёт-мамот масаласи саналади. Бу ўринда туркий халқларда кенг тарқалган “Бирлашган дарё бўлар, тарқалган – ирмоқ” нақлини ёдга олиш ўринлидир.

Кейинги йилларда шиддат билан ривожланган ижтимоий тармоқлар инсоният корига ярагани, унинг узоғини яқин қилгани рост. Аммо танганинг орқа томонига қараганда, ижтимоий платформалар ёлғон, туҳмат ва ҳақорат майдонига айланиб қолаётгани аён бўлади. “Ҳақиқат чориғини кийгунча, ёлғон бутун дунёни айланиб чиқади” деган гап бор. Бугун ҳам ижтимоий тармоқларда ёйилаётган ёлғону ўтрик инсониятни роҳи ростдан адаштираётгани аччиқ ҳақиқат.

Туркия президенти девони Ахборот-коммуникация бошқармаси бўлим мудири, доктор Ўғуз Гёксунинг фикрича, дезинформация, қора пропаганда, исломофобия, туркофобия, киберимпериализм, рақамли диктатура каби хатарлар дунё халқлари, хусусан, туркий дунё ўлкаларининг мустақиллиги ва тараққиётига хавф солмоқда. У глобал ахборот маконида хаос ва анархия вужудга келганини хавотир ила қайд этар экан, зудлик билан чора кўрилмаса, вазият янада қалтислашувидан огоҳлантирди. Таъкидланишича, виртуал муҳитда адолат ва тартибнинг қарор топиши учун глобал киберхавфсизликнинг янги архитектурасини шакллантирмоқ даркор. Тақдируламал муҳорабада мағлуб бўлмаслик учун туркий давлатлар оммавий ахборот воситалари ҳам бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилмоғи лозим. Зеро, Туркий давлатлар ташкилотининг “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концепциясида ҳам ахборий таҳдидларга қарши курашга алоҳида ўрин берилган.

Сўнгги таҳлилларга қараганда, замондошларимиз интернетда кунига ўртача 6 соату 37 дақиқа вақтини ўтказмоқда. “Ўзгаришлар шамоли эсганда кимдир девор кўтарса, кимдир тегирмон қуради”, дей­ди хитойликлар. Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги шиддатли янгиланишлар ҳам кўр-кўрона кураш эмас, балки улардан самарали фойдаланиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Anadolu ахборот агентлиги Ижроия қўмитаси аъзоси Яҳё Бостан анжумандаги нутқида туркий давлатлар глобал ижтимоий платформаларга муқобил равишда ўз ижтимоий тармоғини яратиши лозимлигини таъкидлади. Айни чоғда, жамоатчиликда танқидий ёндашув ва медиасаводхонликни шакллантириш муҳим эканини уқтирди.

Истанбул анжумани давомида буюк маърифатпарвар Исмоил Ғаспиралининг (1851 – 1914) “Тилда, фикрда ва ишда бирлик” ғояси бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани қайта-қайта таъкидланди. Дарҳақиқат, турк дунёсининг овози халқаро майдонда баралла янграмоғи учун сиёсат, иқтисодиёт, маданият ва таълим каби соҳалар қаторида ОАВ жаб­ҳасида ҳам ўзига хос якдиллик талаб этилади.

Жаҳонгир адиб Чингиз Айтматов (1928 – 2008) сўнгги интервьюларидан бирида тил, тарих, маданият ва анъаналардаги муштараклик боис туркий халқлар янги дунё, яхлит тамаддун яратиши ҳақида некбин фикр билдирган эди. “Aдриатикадан Буюк Хитой деворигача чўзилган турк дунёси” (Туркия президенти Сулаймон Демирел ибораси) бугун яна бир тану бир жон бўлишдек тарихий имкониятга эга бўлиб турибди. Зуваласи бир тупроқдан қорилган халқлар ундан унумли фойдаланишига ишонгимиз келади.

Собир САЛИМ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 1 =