Чўққига юксалиш йўли

Узвийлик, бардавомлик, адабий хотира халқ маданиятининг ажралмас қисми. Вақт — оқар дарё. Қирқ йилда эл янгиланади, дейишади. Евгений Евтушенко қачонлардир “Келди ўзга замонлар, Кўринди ўзга номлар” деган. Шартли маънода бўлса керак, “Истиқлол даври адабиёти” деб аталадиган жабҳада қилни қирқ ёрадиган ёки етти ўлчаб бир кесадиган, баъзан ўлчай-ўлчай ҳатто кесмай кетадиган янги синчилар пайдо бўлиши табиий эди, шундай бўлди ҳам. Адабиётшунос олима Марҳабо Қўчқорованинг эса баъзан ўлчамай кесиб юбориши фазилат касб этиб, теша тегмаган хулосаларга олиб келади.

Адабий жабҳада “неомифологизм” деган истилоҳни илк марта қўллаб, каминанинг “Шох” асари ҳам шунга мансублигини айтганида, катта ишни дўндириб қўйгандек қувонган эдим. Рост-да, ўзинг ўйламаган нарсани бошқа биров айтса, йўқотмай туриб нарса топгандек бўласан-да. Бу орада “Тафаккур” журналида “Кундузги эртаклар”, газеталарда яна бошқа суҳбатларимизни ҳам эълон қилишга улгурди. У матн остидаги кинояни, ёзувчи нима демоқчи бўлганини, сюжет манбаларини излаб топишга кучли иштиёқ билан киришди. Оламжаҳон ғайрату шижоат билан неомифологизм илдизларини изларкан, Рабғузий-у Гётедан тортиб Гогол-у Булгаковлар типологиясига доир қизиқарли нарсаларни ҳам топар, катта гап айтишдан олдин кичик нарсаларга эътибор қаратиб илҳомланар, Ницше айтганидек, “чўққининг ўзи эмас, унга юксалиш йўли” муҳимлигидан завқланарди. Унга: “Илмий ишингизни дарров ёқлаб қўйманг, бу кетишда ҳали кўп нарсалар топасиз”, деган ҳазилим бировнинг қулоғига етиб, жиддий тушунишганми, докторлик илмий иши ҳимояси ҳам катта қаршиликларга учради, аммо у барибир ҳақлигини исботлади. Ўзи шунақа бўлади-да, силлиққина кечган нарса исботланмайди-да, деб ўйлаб юрардим, яқинда Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони Шавкат Аюпов бир суҳбатида диссертациялар сони ортиб бораётгани билан ҳақиқий фундаментал илм, янги ғоя ва халқаро даражада таъсир қилувчи тадқиқотлар камлиги борасида айтиб қолди. Ие, бу ёғи қандоқ бўлди, тескариси ҳам авжида экан-ку? Қолаверса, дунёга машҳур математик олим, айниқса, мансабдорларнинг жуда тез илмий даража олаётгани ҳақида айтганда, ёқа тутамлаб қолдим. Тавба, уларга бу нимага керак экан? Ҳар ким ўз ишини қилмайдими? Умр-ҳаётини шу йўлга тиккан, илмни қисмат деб билган Марҳабо Қўчқорова ва унга ўхшаган фидойиларга йўл очиб бериб туришларингизнинг ўзи ҳам илмга қўшган ҳиссаларингиз ҳисобланмайдими? Бу танқиддан сўнг хаёлимдан негадир Машрабнинг “Олими илмиға мағрур, жоҳили исёнға ғарқ, Кас не билсун, рўзи маҳшар кимни тоши кам келур” деган оташин сатрлари ўтди. Бобур Мирзо: “Умаронинг зулми, раиятнинг иккиюзламачилиги, уламонинг тамаъи ва қўрқоқлиги бора-бора мамлакатни вайрон қилади”, деган эди. Мана, эшитинг, академия президенти нималар деяпти: “Ҳозир раҳбар бўлдими, икки йилда “PhD” бўляпти. Яна икки-уч йил ўтмасдан фан доктори бўляпти. У раҳбар одам қачон илм қилади?”. “Мана мен энди бундай мансабга ўтириб кўряпман. Китоб ўқишга ҳам, бошқага ҳам умуман вақт йўқ”. “Фанга эътибор берила бошлагандан кейин олимларга катта имкониятлар яратилди… лекин бу имкониятларни суиистеъмол қилиш авж олиб кетди”. “Илмий ишлар кўпайди, лекин мазмун йўқолмоқда”. “Улардан фанга нима фойда?”. Дунё илм-фанида катта обрў-эътиборга эга улуғ замондошимиз айтишича, аввалги йилларда бир йилда тахминан 100 та докторлик, 500-600 та номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинган, кейинчалик эса бу кўрсаткичлар бир неча баробар ошиб кетган эмиш. Натижа қандай? Халқ ҳаёти, мамлакат ривожига таъсири бўляптими? Социология деган фан бош кўтарсаки, ўйинқароқ кўрсатувлар, чучмал сериаллар оралатиб таништириб борса. Акс ҳолда, чўққига юксалиш йўли муҳимлиги ўрнини тубанга қулаш фожиаси кутади.

Шулар ҳақида ўйлаганимда, Марҳабо Қўчқорованинг “қоғозбоз илм”дан йироқлиги хаёлимдан ўтиб, кўнглим ёришади. Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида 1976 йилда (дарвоқе 50 ёшга кириб қўйибди, чин дилдан қутлаймиз!) оддий оилада таваллуд топган Марҳабо Қўчқорова бугун эътироф этилган олима. Эътироф илмий унвонлару даражалар билан боғлиқ эмаслиги борасида юқоридаги мулоҳазалардан сўнг, унинг Мирзо Улуғбек номидаги Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университет)нинг ўзбек филологияси факультетини тамомлагани-ю Урганч давлат университети қошидаги Минтақавий тиллар марказида ўқитувчи сифатида иш бошлагани, 2000 йилдан эса Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида аспирант, кичик илмий ходим, катта илмий ходим, етакчи илмий ходим бўлиб машаққатли илм йўлида изланиш, ҳозирда институтнинг ХХ аср ўзбек адабиёти ва ҳозирги адабий жараён бўлимида етакчи илмий ходим сифатида фаолият юритаётгани ҳақида гапни чўзиб ўтирмаймиз. Эшитишимча, ўтган йили профессор илмий унвонига ҳам сазовор бўлган экан. Унинг илмий изланишлари ХХ аср ўзбек адабиёти, ҳозирги адабий жараён, турк-ўзбек адабий алоқалари, таржимашунослик ҳамда замонавий ўзбек насри масалаларига бағишланган. Айниқса, ҳозирги ўзбек насри бўйича етакчи мутахассислардан бири сифатида эътироф этилади. Турли йилларда чоп этилган “Бадиий сўз ва руҳият манзаралари”, “Ўтмишдан эртаклар” тадқиқи”, “Абдулла Қаҳҳор истиқлол адабиётшунослиги кўзгусида”, “Ҳозирги ўзбек насрида бадиий шартлилик”, “Эркин Аъзам — сарказм устаси”, “Янги ўзбек адабиёти” монографиялари, республика ва хорижий нашрларда чоп этилган юзлаб илмий ҳамда илмий-оммабоп мақолалари унинг баланд чўққини кўзлаб йўлга чиққанига далолат этади. Истаса-истамаса, мансабидан фойдаланиб, “икки йилда “PhD” бўлаётган, яна икки-уч йил ўтмасдан фан доктори бўлаётган” сохта олимларни бу йўл зериктириб, улар дипломни қўлга олган заҳотиёқ ўзларини баланд чўққида ҳис этганча ортга қайтиб кетишади. Рамзий маънода айтадиган бўлсак, чўққи юксаклиги ҳам савияга қараб белгиланар экан. Пастаккина тепалик ёнбағрида туриб Ҳимолайни забт этгани даъвоси жирканчдир.

Баланд чўққиларни кўзлаган Марҳабо Қўчқорова тиниб-тинчимас. Илмий ва маданий ҳаётда ҳам фаол иштирок этиб, “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлиги доирасида Усмон Носир ва Омон Матжон асарларини нашрга тайёрлашда қатнашди. Абдулла Қаҳҳор, Бахтиёр Назаров, Шотурсун Ғуломов каби ижодкор ва олимлар асарларини нашрга тайёрлаш ҳамда уларга кириш сўзлари ёзишда ҳам четда турмади. Унинг илмий раҳбарлигида Шукрулло, Омон Матжон, Шукур Холмирзаев ижоди бўйича шогирдлари илмий ишлар олиб боришмоқда. Устоз кўзини шамғалат қилиб бўлмайди. Унинг раҳбарлигида бир нечта филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси, магистрлик ишлари ҳимоя қилинган. Айримларга ўхшаб йилда ўттиз-қирқталаб, пачка-пачка дессертацияларга илмий раҳбарликдан йироқ ҳолда, яхши уруғдан яхши қовун тамойили асосида докторант ва мустақил изланувчилар ўзлари, ўз ихтиёрлари билан унга шогирд тушиб, илмий тадқиқот олиб боришмоқда. Ўзи яхши ният билан келиб турса, кўксидан итара олмайди-ку!

Марҳабо Қўчқорова Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси ва Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳузуридаги илмий кенгаш аъзоси. Уни талабчан, интизомли, масъулиятли ва фидойи олима дейишади. Илм-фан ва жамоатчилик орасида ҳурмат қозонганидан хабаримиз бор. “Физиклар ва лириклар” дейилгани каби турмуш ўртоғи Иброҳимжон физика соҳасида аниқ илмий изланишлар олиб бориши жараёнида лириклар дунёсига ҳам назар ташлаб, завқ олади. Улар уч фарзандни тарбиялаб, жамиятга муносиб комил инсон қилиб тарбиялашмоқда. Эҳтимол, Марҳабо Қўчқорованинг митти жуссасига номуносибдай кўринган катта куч манбаидир бу!

Шойим БЎТАЕВ,

ёзувчи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 11 =