Ватан
кўкрагингда гуллайди қийғос
Абдусаид КЎЧИМОВ
Муаллиф ҳақида:
Абдусаид Кўчимов Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Ўзбекистон миллий педагогика университети)нинг ўзбек тили ва адабиёти факультетида таҳсил олган.
Меҳнат фаолиятини болалар газетасида бошлаган ижодкор Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, “Шарқ юлдузи” журналида, Ўзбекистон телерадиокомпанияси ва бошқа юқори идораларда турли масъул вазифаларда меҳнат қилган.
Ҳозирда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) Бош директори вазифасида ишлайди.
Адибнинг “Кашфиётчи болалар”, “Менинг Ўзбекистоним”, “Тошбургут”, “Менинг юлдузим”, “Чаноқ”, “Ҳалқа”, “Икки баҳор”, “Умид дарахтлари”, “Қиёфа”, “Ёсуман”, “Муҳаббат боғлари”, “Сафар”, “Қор”, “Баҳор”, “Мен шоирман, истасангиз шу…”, “Бинафша”, “Қайта туғилган бола” сингари ўттизга яқин шеърий ва насрий китоблари нашр этилган.
Абдусаид Кўчимов “Шуҳрат” медали, “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвони билан тақдирланган.
Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси.
Беш ташаббус, беш ғоя
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан тақдим этилган 5 муҳим ташаббус мамлакат ҳаётида катта воқеага айланиб кетди.
Газета хабаридан.
Ёғмоқ учун ёмғирлар,
Ирмоқлар кулмоқ учун;
Кўкламоқ учун қирлар,
Дарёлар тўлмоқ учун;
Бир гулдурак, бир чақмоқ
Бўлган каби кифоя.
Дунёга очди қучоқ –
Беш ташаббус, беш ғоя.
Оролда берди жило
Бўкадан таралган нур.
Сайхун, Жайҳундек гўё –
Қалбларда тошди сурур.
Маҳобатли бу тўлқин
Энди билмас ниҳоя;
Қуёшдек сочгай ёлқин –
Беш ташаббус, беш ғоя.
Сафлар бошида лов-лов
Жилолангай маёқлар.
Дилларда ёнди олов,
Нурланди иштиёқлар.
Бугун дўст – дўстга қанот,
Бугун дўст – дўстга қоя.
Ҳар ботирга дулдул от –
Беш ташаббус, беш ғоя.
Ўзбекистон уйғонди,
Уйғонди мудроқ кўзлар.
Ой нурига чулғанди
Осмон тўла юлдузлар.
Энди шиддатимизга
Булутлар солмас соя.
Тоғдай таянчдир бизга
Беш ташаббус, беш ғоя.
Бўлмоқ учун мукаммал,
Қучмоқ учун самони;
Қурмоқ керак энг аввал
Кўнгил деган дунёни.
Кўксига қўнгай юлдуз,
Кимки қилса риоя;
Ёлқин илҳом, ёниқ сўз,
Беш ташаббус, беш ғоя.
Санъатсиз ҳаёт – куйбат,
Илмсизлик кулфатдир.
Баҳоналар ҳаммавақт
Танбалларга улфатдир.
Ёлғонларни сўлдиргай,
Алдовлар энди зоя;
Иллатларни ўлдиргай
Беш ташаббус, беш ғоя.
Барча ҳамоҳанг бўлиб,
“Ўқинг!” деган хитобга;
Юраклар шавққа тўлиб,
Қайтаётир китобга.
Бу қудратли ёлқинлар
Билмас энди ниҳоя.
Фақат юксакка ундар
Беш ташаббус, беш ғоя.
Ишласанг-у, билмасанг
Дам олишни, ҳордиқни.
Бўйнингга оссанг бешан,
“Нодон” деган ёрлиқни;
Кимга керак бу ситам,
Бундай маҳзун ҳикоя?
Чек қўймоқда бунга ҳам,
Беш ташаббус, беш ғоя.
Кўрсатгайлар яна бўй,
Навоийлар, Синолар.
Мулла Тўйчи чалган куй,
Бўлгай достон, кинолар.
Жаҳоний минбарларга
Чорлаб пояма-поя;
Етаклар зафарларга,
Беш ташаббус, беш ғоя.
Бугун тоғдан тошгача
Бошқачадир наъраси.
Шовуллайди бошқача
Сангардак шаршараси.
Муҳташам қасрларга,
Муборак заррин лоя,
Тенг бўлгай асрларга
Беш ташаббус, беш ғоя.
Юртимизда, алқисса,
Мумтоз кураш бошланди.
Қўшай, деб унга ҳисса,
Алп қадамлар ташланди.
Ҳаммамизга ҳар дамда,
Ҳам қувват, ҳам ҳимоя;
Қанот ёзар оламга
Беш меъморий чўнг қоя:
— Беш ташаббус, беш ғоя!
27.05.2019
Қўлласин
Элбошим, Сизни бу тонг заррин маъволар қўлласин,
Шош сари Зомин оша, учган саболар
қўлласин.
Қўлласин Ўриклисой,
дарёйи Сангзор жўш уриб,
Ғовсул Аъзам, Нур ота, Занги боволар
қўлласин.
Чиқдингиз боғлаб камар,
оғир сафарга жаҳд ила,
Дуч келиб қолганда ёв – ёвқур даҳолар
қўлласин.
Йўлингизда йўлчироқ бўлсин
садаф сайёралар,
Қўлласин Одам ато, Момо ҳаволар
қўлласин.
Ҳар ниҳолу ҳар гиёҳ Сизга ҳамдам,
ҳамқадам,
Қумрилар чаппар уриб айтган наволар
қўлласин.
Қўлласин, меҳру вафо,
орзу-умид карвонлари,
Тоғу тош, чашма, булоқ – меҳригиёлар
қўлласин.
Шу Ватанга жонфидо бўлмоққа шайсиз
ҳар нафас,
Жонингизга жон бўлиб, жони фидолар
қўлласин.
Элбошим деб аҳли юрт куну тун қилгай дуо,
Элбошим, дарё бўлиб оққан дуолар
қўлласин.
1.02.2017.
ВАТАН
Ватан нимадир, деб сўрайсан, ажаб…
Таърифлаб бўлгайми она сутини?
Жавоб қидирмагин кўкка мўлтираб,
Ватан осмонларда ётмас беркиниб.
Бир парча ҳовлингни ифорга кўмиб,
Бир парча ҳовлингни яшнатиб бешан –
Саҳарда сеҳрли ўйларга чўмиб,
Гуркураб тургувчи райҳонинг – Ватан.
Ишкомда маржондай ялтираб ял-ял,
Ҳусайни лабидан томган болдир у.
Зангори соҳилда келинчак мисол
Сузилиб тургувчи мажнунтолдир у.
Нозик новдаларни опичлаб турган
Намозшом гулининг кўзи ҳам Ватан.
Ёлғиз саксовулнинг томири cингган,
Ялангтўш чўлларнинг тузи ҳам Ватан.
Далангда барқ уриб ўсган ҳар гиёҳ,
Ҳар эрка майсанинг нозидадир у,
Танбур навосидан чиққан маҳзун оҳ,
Ғанижон Тошматнинг созидадир у.
Сира кўрганмисан, қуёш ботар чоғ
Алвонга бўялар жилғалар ранги.
Аломат ғовурга кўмилар қишлоқ,
Димоқни қитиқлар поданинг чанги.
Икки қоп сомонни эшакка ортиб,
Ангардан қайтади отанг пиёда.
Зумда дастурхонга киради тартиб,
Ширин жаранглайди чойнак-пиёла.
Мусича солгандир айвонингга кўшк,
Балки, қалдирғоч ҳам қурган кошона.
Қушчалар ҳар саҳар куйлаган қўшиқ,
Ватандир муқаддас, мумтоз, ягона.
Яқинроқ кўрмоқни истасанг яна,
Йўнғичқа гулига юзларингни бос.
Осмонга тикилиб ётсанг жимгина,
Ватан кўкрагингда гуллайди қийғос.
Ё ярим кечада маъводан тушиб,
Томда ёнбошлаган юлдузларни кўр,
Юрагинг дарёдай кетмасми жўшиб?
Ватандир шу туйғу – самовий сурур.
Ватан нимадир деб сўрама, иним…
11.07.2012
Бу оқшом
Кўк тоқида юлдузлар, сайрон бўлди
бу оқшом,
Тоғлардаги қор, музлар, ҳайрон бўлди
бу оқшом.
Булутларни тебратиб, рақсга тушди шамол,
Еру самога ҳилол, султон бўлди бу оқшом.
Қордек дув-дув тўкилди
олча гулин барглари,
Олча гулин барглари хирмон бўлди
бу оқшом.
Кўм-кўк нилий самода юз бердими зилзила?
Сомон йўли кўпирди – тўфон бўлди
бу оқшом.
Сойлар – сойга, дарёлар
қўшилгандек дарёга,
Тўлқин-тўлқин денгизлар уммон бўлди
бу оқшом.
Бахт боғида чечаклар яшнаб ял-ял очилди,
Бахт гулшани чаманзор – бўстон бўлди
бу оқшом.
3.02.2020
Бугун яхши яшашинг керак!
Орзу билан ободдир дунё,
Муҳташамдир шонли келажак.
Фаёз бўлгай эртамиз, аммо
Бугун яхши яшашинг керак!
Ў! Биламан, мулки алдовдан
Зада бўлди не-не пок тилак.
Озод бўлдинг сур-сур – сўровдан,
Бугун яхши яшашинг керак!
Ўтди, гина замони ўтди,
Чинни қушдай бўлма жонсарак.
Ёнсин, ёндир қалбдаги ўтни,
Бугун яхши яшашинг керак!
Ўйла, боланг – қора кўзингни,
Суянчтоғ бўл – қоядек тиргак.
Унутмагин аммо ўзингни,
Бугун яхши яшашинг керак!
Фермердирсан, тадбиркорсан ё,
Посбондирсан ҳушёр ва сергак.
Эртанг учун куйиб-ён, аммо
Бугун яхши яшашинг керак!
Ишла, дам ол, парвозга шайлан,
Қучоқ очсин осмону фалак.
Нурга бойлан, юлдузга айлан,
Бугун яхши яшашинг керак!
Эрта тур-у, майли, кечроқ ёт,
Сенга бўлсин ҳар гул, ҳар чечак.
Сенга бўлсин пурсафо ҳаёт –
Бугун яхши яшашинг керак!
Гўрўғлидай сардор, сор-лочин,
Алпомишдай шердил, шерюрак;
Малоҳатга кўмилсин очун,
Бугун яхши яшашинг керак!
Обод бўлсин рўзғоринг, уйинг,
Обод уйга тушсин келинчак.
Кам бўлмасин бировдан тўйинг,
Бугун яхши яшашинг керак!
Бошга кўтар Ўзбекистонни,
Улуғ бўлгай эртамиз, бешак.
Шу заминга бахш айла жонни,
Бугун яхши яшашинг керак!
Бугун ҳамма-ҳаммадан ҳушёр,
Бугун ҳамма-ҳаммадан сергак,
Бугун бахтли, бугун бахтиёр –
Бугун яхши яшашинг керак…
24.02.2019
Юксаклик
Тоғларга чиқмоқни ким қилмас ҳавас,
Чўққига интилмоқ инсонга хосдир.
Аммо қор, бўронга чидаб ҳар нафас,
Юксакда турмоқ ҳам осон эмасдир.
Бир ниҳол экдингми?
Бир ниҳол экдингми Ватан боғига,
Меҳрингни тўкдингми чўл, янтоғига,
Гулларга чанг, ғубор қўнган чоғида
Арта билолдингми чангу ғуборни,
Десалар, юртдошим, жавобинг борми?
Битта ғишт қўйдингми майдонларига,
Бир васса ўйдингми айвонларига,
Бир мисра қўшдингми достонларига,
Кураб ташладингми томлардан қорни,
Десалар, юртдошим, жавобинг борми?
Кимдир узиб кетса дилбар гулларни,
Кимдир бузиб кетса сарвар йўлларни,
Кимдир эзиб кетса музтар дилларни,
Дуосин олдингми меҳрга зорни,
Десалар, юртдошим, жавобинг борми?
Уруш-жанжалларга хамиртурушлар,
Иллатфурушлару миллатфурушлар
Афиф осмонингга қилса хуружлар,
Ҳосуд ҳақирларга тикдингми дорни,
Десалар, юртдошим, жавобинг борми?
Жавобинг бўлмаса мумтоз-мукаммал:
Қўлингда зулфиқор, белингда камар,
Дулдул тулпорингга ёр бўлса қамар –
Йўлдошинг сабъаи сайёр бўлади,
Муқаддас жавобинг тайёр бўлади.
Танти ўзбек
Саховатли сахий куздек
Саодатли элдир ўзбек.
Буқа бўйин – манманларга
Парво қилмас жанда-бўздек.
Жаҳондаги бирон миллат,
Эл-улусдан йўқдир ками.
Юлдузлардек боқий қудрат –
Аждодларин қутлуғ шаъни.
Боболарин қанча халқлар
Бизники деб талашади.
Бундай шараф – шоён тахтлар
Ўзбекка хўп ярашади.
Азал-абад сочар ёғду
“Авесто”дек бўстонлари.
Жасоратга жасур кўзгу
“Алпомиш”дек достонлари.
Дўстларига меҳри қуёш,
Дўстларига қурбон жони.
Пашша каби эзар бебош,
Аллоп-қаллоб, бевафони.
Ҳавас билан боқар дунё
Тоғдай кўркам савлатига.
Дур маҳлиё, нур маҳлиё
Ўзбекистон давлатига.
Не-не фотиҳ, не-не хоқон
Синаб аччиқ омадини;
Эга олмай тутди мотам
Ўзбекнинг алп қоматини.
Шижоатда довқур-лочин,
Бургут кўзлик, қилич сўзлик.
Эгилса ҳам салом учун
Эгилади танти ўзбек.
ТОПОЛМАССАН
Кўкда Чўлпондек нурли,
Чўлпонни тополмассан,
Сомон йўлидек сирли
карвонни тополмассан.
Ўриклар ғарқ гуллаган
чаманзордир каҳкашон,
Оламда бундай латиф
бўстонни тополмассан.
Гулзора боғбон излаб, бўлма оворайи жон,
Қуёш каби меҳрибон
деҳқонни тополмассан.
Қизил гуллар, оқ гуллар
бири-биридан барно,
Ифорда тожи султон –
райҳонни тополмассан.
Жилғалару дарёлар, денгизлар озми, аммо
Булоқдек қалби урён –
уммонни тополмассан.
Шаббодалар, шамоллар майин,
жангари, шаддод,
Тонгги насимдек абру найсонни
тополмассан.
Гапни олис-олисдан бошлашдан
мурод шулки,
Ҳуснингга мендек лолу
ҳайронни тополмассан.
Гадо бўл, деган онинг,
гадоларга бўлгум Пир,
Шоҳ бўл десанг, қулингдек
Хоқонни тополмассан.
Кутиб хушрўй хушхабар,
бедорман кеча-кундуз,
Йўлингда мендек жони
сарсонни тополмассан.
Найлайки, бечораман,
кул бўлди куйиб борим,
Васл ҳажрида чашмайи
гирённи тополмассан.
Юлдуз бўларсан, балки,
ой бўларсан, эҳтимол,
Аммо қалбимдек мунир
осмонни тополмассан.
Оввора бўлма, лаълим,
икки жаҳонда мендек,
Жонингга жисми жони
қурбонни тополмассан.
8.03.2020
КАМАЛАК ЖИЛОСИ
Камалак жилоси қўнмиш адирга,
Кўкатлар баргида кумуш сирғалар.
Тоғлардан шамолдай чопганча ерга
Бетиним куйлайди митти жилғалар.
Ватаним ҳуснидан қамашар кўзим,
Ёмғирдай қуйилар қалбимга илҳом.
Шиддаткор ирмоқдай отилар шу зум
Дафтарнинг юзига дилдаги калом.
Руҳимда уйғонур чексиз бир сурур,
Чексиз бир севинчдан энтикади дил.
Кўнгил боғларига таратади нур
Оқ, қизил, нопармон, хил-хил атиргул.
1967
Унутиш
Аста-аста тинади ёмғир,
Аста-аста тўхтайди шамол.
Етим даштга айланар сағир
Уфқларга туташ лолазор.
Аста-аста бўлмайсан ҳайрон
Булбулларнинг хонишларига;
Титранмайсан қуёш ботар он
Чўққиларнинг ёнишларига.
Аста-аста қалбингга намли,
Тундек сокин ором қўнади.
Вужудингда унутиш номли
Маҳобатли дарахт унади.
Аста-аста кўрсатгай жамол
Юрагингда ўзга бир чаман.
Хаёлингда бошқа бир хаёл,
Мен ҳам эсдан чиқиб кетаман.
Аста-аста ботгандек қуёш,
Унутилар сеҳркор кўзлар.
Унутилар саргашта, бебош,
Қасамфуруш, бевафо сўзлар.
Борлиғингни забт этар секин
Юлдузларнинг ўзга шуъласи.
Эсдан чиқиб кетади бир кун
Бу дардларнинг ҳамма-ҳаммаси.
…Аста-аста тинади ёмғир.
28.05.2020
Томчи
Ҳавасинг келмасин тоғлар қорига,
Дарё бўлмоғинг ҳам унча шарт эмас.
Элнинг юмушига, юртнинг корига
Бир томчи сувчалик нафинг тегса, бас.
6.10.2024
ТАНТИЛИК
Боболар, бировга кулма, деганлар,
Ҳар кимни ёмон деб билма, деганлар.
Танти бўл – Ёмоннинг Ёмонига ҳам,
Ҳеч қачон ёмонлик қилма, деганлар.
19.09.2022
Халқинг учун
Асқартоғдан ошсин десанг овозларим,
Уммонлардай тошсин десанг шўх созларим,
Шамоллардай шошсин десанг
парвозларим –
Билагингда бўлса қанча ғайрат, кучинг,
Ватан учун сарфла бугун, Ватан учун.
На иложки, кўплар сендан ўзиб кетди,
Бўз йигитлар бўзтўрғайдай тўзиб кетди,
Гулларингни, эҳ, ким-кимлар узиб кетди –
Билагингда бўлса қанча қудрат, кучинг,
Ватан учун сарфла энди, Ватан учун.
Ҳар қишлоғу ҳар овулинг Манас бўлсин,
Кўрар кўзга кўрган жойи ҳавас бўлсин,
Қумрилару булбулларинг сармаст бўлсин –
Билагингда бўлса қанча қудрат, кучинг,
Халқинг учун сарфла уни, халқинг учун.
Оқчорлоқлар қайтиб келсин Мўйноқларга,
Денгиз қўшиқ айтиб келсин қирғоқларга,
Меҳрингни бер сўқмоқлару қиёқларга –
Билагингда бўлса қанча қудрат, кучинг,
Халқинг учун сарфла уни, халқинг учун.
Чиқмоқдасан яна жаҳон минбарига,
Номингни ёз сайёрамиз меҳварига,
Айлан, айлан Ўзбекистон заргарига –
Билагингда бўлса қанча қудрат, кучинг,
Халқинг учун сарфла уни, халқинг учун.
Ўзбекзамин жавоҳирга кондир бугун,
Миллат шаъни ҳаммамизга шондир бугун,
Ўзингни ҳам, ўзгани ҳам ёндир бугун –
Билагингда бўлса қанча қудрат, кучинг,
Сарфла уни Ватан, миллат, халқинг учун,
Халқинг учун сарфла уни, халқинг учун.
22.01.2018
Янги кун
Жўшиб, ёниб сайради булбул,
Фавворадай тошди ўлани.
Жўшиб, ёниб сайради булбул,
Қўшиқ босди қирни, далани.
Ер кўксига, гуллар баргига
Шабнам бўлиб сингди қўшиғи.
Самовотнинг кимхоб бағрига
Юлдуз бўлиб қўнди қўшиғи.
Шамоллардан ўзиб кетди у,
Титроқ солди ой шуъласига.
Ойдан дув-дув тўкилди ёғду,
Эриб унинг ашуласидан.
Эриб кетди шамдай пирпираб
Зум ўтмайин ҳатто ҳоким тун.
Ёноқлари чўғдек ялтираб
Тушиб келди тоғдан янги кун.
