Бир сўз айтгин десалар, сўзимиз Ватан бўлсин

Муаллиф ҳақида:

Яҳёхон ФАЁЗ (Маҳмудов) 1988 йили туғилган. Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари иштирокчиси.

Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида “Бахтимизнинг зар туморлари” шеърий тўплами нашр қилинган.

                 * * *

Онам кирар тушимга,

Ҳол-аҳволим сўроқлар.

Шод бўламан бемисл,

Хуфтон кўнглим ярақлар.

 

Аллоҳимга кўп шукур,

Дориломон бу замон.

Не қилайин шум тақдир,

Сиз армоним, онажон.

 

Эслаб ўтар бирма-бир,

Бола-чақанг омонми?

Боряпсанми қишлоққа,

Ёлғиз опанг омонми?

 

Бу саволга жавоб йўқ,

Уйғонаман энтикиб.

Кўз ўнгимда қишлоғим,

Опам турар йўл кутиб.

 

Дилдан кетди ҳаловат,

Унум ҳам йўқ ишимда.

Ранжидими волидам,

Кирмай қўйди тушимга.

 

Отланаман қишлоққа

Соғинчни ўлдиргани.

Муздай қотган юракни

Меҳрга тўлдиргани.

 

Яхшимисан, жон опа?

Таним тўлди аламга.

Меҳрибоним ўлмаган,

Сен ўхшайсан онамга…

 

Эслатиб қўй бурчимни,

Келтир мени ҳушимга.

Дуо қилгин, опажон,

Онам кирсин тушимга.

 

                                       * * *

Дунёнинг ҳолига боқ, сўкилган авра-астар,

Бир томонда адоват, бир томонда юртсотар.

Озодлик керак ахир, гулга ҳам, булбулга ҳам,

Эр йигитлар бор бўлса, чегаралар бехатар.

Дуо қилинг, отажон, ҳар гўша гулшан бўлсин,

Бир сўз айтгин десалар, сўзимиз Ватан бўлсин.

 

Машаққатлар тоблади ору иймонимизни,

Асрадик, авайладик юрт, миллат, шонимизни.

Шу қадим тупроқ гувоҳ, шу азим осмон гувоҳ,

Ватанга қалқон қилдик аямай жонимизни.

Ғанимларнинг йўллари абадий тикан бўлсин,

Бир сўз айтгин десалар, сўзимиз Ватан бўлсин.

 

Ҳар қадамда ўзгариш, янги иш, янгиланиш,

Ҳар кун бир иморатга қўйилмоқда янги ғишт.

Шундай юртда куйланар минг йиллик

достонларим,

Ҳар бир ўғил қалбида мангу уйғоқ Алпомиш.

Йўлимиз мангу равон, кўнглимиз равшан бўлсин,

Бир сўз айтгин десалар, сўзимиз Ватан бўлсин.

 

Юрагимдан кечганин ёздим мактуб мисоли,

Илму маърифат билан фарзандларнинг камоли.

Обод Ўзбекистоним, Озод Ўзбекистоним,

Миллатнинг истиқболи, Ватаннинг истиқлоли.

Ватан ишқида қалблар қуёшдай гулхан бўлсин,

Бир сўз айтгин десалар, сўзимиз Ватан бўлсин.

 

                        * * *

Олис кетган турналар қайтди,

Хаста диллар топдилар малҳам.

Борлиқ шодлик қўшиғин айтди,

Баҳор келди, келгин-да сен ҳам.

 

Жилға эмас, сой бўлди соғинч,

Қай юракка жой бўлди соғинч,

Баҳор каби айлабон карам,

Баҳор келди, келгин-да сен ҳам.

 

Баҳор асли муҳаббат фасли,

Бунда кўнгил изҳорлари жам.

Кел, баҳорим, ўзингсан асли,

Баҳор келди, келгин-да сен ҳам.

 

Олисларга боқаман олис,

Кўз олдимда суратинг, эркам.

Туйғуларда бўлибон холис,

Баҳор келди, келгин-да сен ҳам.

 

Баҳор — дийдор, демиш дониш эл,

Сен бор, демам дунёси бир кам.

Келсанг фақат қайтмас бўлиб кел,

Баҳор келди, келгин-да сен ҳам.

 

ШУКРОНА

Бошга не тушса ҳам қадар деб билдик,

Салавотлар айтдик Расулуллоҳга.

Саждага бош қўйдик ҳам тавба қилдик,

Аллоҳга суяндик, фақат Аллоҳга.

 

Кўнгилнинг майлига кўнганимиз бор,

Гуноҳлар гардидан кир танимиз бор,

Меҳрибон эгам деб, бўлиб умидвор,

Аллоҳга суяндик, фақат Аллоҳга.

 

Номардга мардликдан сўзлаш ярашмас,

Бу сўзим ўзимни доно санашмас,

Розиқ зот тақсимда зинҳор адашмас,

Аллоҳга суяндик, фақат Аллоҳга.

 

Яқинлар панд берди, дўстлар панд берди,

Шум тақдир айрилиқ, неча дард берди,

Нолимам не толе, неча бахт берди,

Аллоҳга суяндик, фақат Аллоҳга.

 

Шайтонга эргашган охири хор деб,

Бу дунё ҳасратга тўла бозор деб,

Бандаси қўлласа миннати бор деб,

Аллоҳга суяндик, фақат Аллоҳга.

 

ТИЛАК

Авлодингиз давоми фарзанд –

Чироқ насиб этсин, илоҳим.

Ҳақ сийласин бир умр ҳамдард –

Ўртоқ насиб этсин, илоҳим.

 

Нолимасдан тўкис замондан,

Дилда санчиқ, неча армондан,

Ўрнак олиб яхши-ёмондан,

Сабоқ насиб этсин, илоҳим.

 

Юрт ишқида ёниб яшаш бахт,

Шу бахт ичра қониб яшаш бахт,

Ватан деса, кўнгилда фараҳ,

Титроқ насиб этсин, илоҳим.

 

Бу синовли дунёдир, инсон,

Синовларда синалгай имон,

Савол-жавоб маҳали осон

Сўроқ насиб этсин, илоҳим.

 

Одам — хокдан бино бўлган куч,

Умр ўтар — хаёл каби пуч,

Сўнг манзилда Ватандан ҳовуч,

Тупроқ насиб этсин, илоҳим.

Яҳёхон ФАЁЗ

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × one =