Энг катта мукофот — қутқарилган ҳаёт

Ёнғинга ҳеч қачон бир киши кирмайди. Унга қутқарувчилар доим ҳалқа сингари биргаликда бостириб киради. Аслида ҳам ҳар бир касбий муваффақият жамоавий бирдамлик маҳсули. Қаҳрамонимиз — 1-даражали сержант Рустам Ҳайитов Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ишлаётганига 24 йил бўлди. Чорак аср вақт мобайнида уста қутқарувчи 10 га яқин қутқарув турларида, хусусан, катта ёнғинларда, чуқурликка тушиб кетган, чўққиларда адашиб қолган, лифтда қолиб кетган одамлар, уй эшиги қулфланиб, ичкарида қаровсиз қолган болалар қутқарувида ва яна кўплаб фавқулодда вазиятларда иштирок этган. Ўттизга яқин шогирдларга касб маҳоратини ўргатиб, елкама-елка ишлаб келаётган қаҳрамонимизни суҳбатга чорладик.

Катта уста қутқарувчи Рустам Ҳайитов фаолияти мобайнида мингга яқин турли хил чақирувларда иштирок этган. Айни пайтда Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган 16-қутқарув қисмида ёнғин ўчирувчи-қутқарувчи сифатида ўз фаолиятини давом эттириб, ёшларга касбий маҳоратларини улашиб келмоқда.

Қишда юз берадиган ёнғинлардаги вазият бошқа фаслларникидан бир қадар қийин. Сабаби оловга қараб сув сепар экан, ёнғин ўчирувчиларнинг уст-боши ҳўл бўлиб, эгнидаги 20-30 килолик эпикировка яна бир қадар оғирлашади, совуққа чиққанида эса ҳўл либослар музламага айланади. Бу жараён кишидан касбий маҳоратдан ташқари, матонатни ҳам талаб этишини шугина ҳолатдан билиш мумкин.

— Қутқарувчи учун фаслнинг аҳамияти йўқ. У ҳар қандай мавсумда хавф билан турли шаклда юзма-юз келади, — дейди Рустам Ҳайитов. — Масалан, Чиноротада подстанция ёнганида одамлар юз метргача ҳам яқин кела олмаган — ҳарорат жуда юқори бўлган. Биз эса тилсиз ёв ўчоғига тикка кириб борганмиз. Катта ҳарорат ичида, гарчи эгнимизда кислород баллони бўлса-да, ёниб кетиш, куйиш, жароҳат олиш ёки ҳаддан ташқари иссиқ ва тутунли ҳавода бўғилиб қолиш хавфи бизни ҳам қуршаб олган эди. Шунга қарамай, ҳар қандай хавф ичига тикка кирамиз. Ўша воқеа содир бўлганида алангани ўчириб, хавфни бартараф этганимиздан сўнг узоқроқда бизни кузатиб турган аҳоли қарсак чалиб, олқишлар билан қарши олган эди. Одамларнинг эътиборидан чарчоқлар бир зумда унутилиб кетган.

Эътибор, хайрихоҳлик кишига энг биринчи руҳий қувват берувчи кучдир. Халқ эътирофи ҳар қандай мукофотдан ҳам устун, десак, муболаға бўлмайди. Қутқарув жараёни бир кишилик иш эмас. Бир киши йўқ бўлса ҳам ўрни дарҳол сезилади. Чунки бу касбда ҳар бир мутахассиснинг муҳим вазифаси бор. Жамоавий бирдамлик ҳам инсонга куч бериши, қийин вазиятларда тўғри қарор қабул қилишига кўмак бериши шубҳасиз.

— Жамоа ҳам оиладай гап, унда ҳар бир киши занжирнинг ҳалқаси каби бир-бирига боғлиқ. Бу, айниқса, катта кўламли ёнғинларда сезилади, — дейди қаҳрамонимиз. — Шайхонтоҳур тумани Кўҳота кўчасида яқинда катта ёнғин юз берди. Юз квадрат майдон аланга ичида қолди. Ёнғин 5 соат ичида бартараф этилди. Беш соат деганимдан ҳам билишингиз мумкин ёнғиннинг қай даражада йирик бўлганини. Шундай катта ёнғинда ҳам жамоамиз билан бирдам ҳолда хавфни бартараф этдик.

Қутқарувчининг қуроли — тезкорлик, шайлик, маҳорат. Ҳар куни хавф билан юзлашадиган қутқарувчиларга аввало қутқарилган инсоннинг миннатдор нигоҳи таскин беради.

— Шахсан мен аввал хавф остидаги инсон, сафдошларим, сўнгра ўзим ҳам хавф ичидан омон чиққанимга севинаман, — дейди суҳбатдошимиз. — Янаям теранроқ англашингиз учун бир воқеани айтиб берай. Олмазор туманида водород пероксиди ҳавога сизиб чиқиб кетгани ҳақида шошилинч хабар келиб тушди. Биз зудлик билан ишлаб чиқариш корхонасига етиб бордик ва махсус иш қуролларимиз билан ҳавони заҳарли моддадан бартараф қилишга киришдик. Эрталаб 11 ларда чақирув келиб тушган бўлса, кейинги кун тонг саҳар 6 гача хавфни бартараф қилиш билан курашганмиз. Кимёвий хавф ёнғиндан ҳам ёмон. У шу қадар сезилмай зарарлайдики, баъзан энг мустаҳкам эпикировка ҳам ҳимоя қилолмай қолиши мумкин сизни. Ўша куни ҳам корхона ичида юрар эканмиз, ногаҳон этигимнинг ярми эриб кетганини сезиб, оёғим сувга ўхшаш алланима устида турганини ҳис қилиб қолдим. Дарҳол ўзимни панага олиб, хавфсизлик чораларини кўрдим. Гарчи катта кўламли хатар бўлса-да, ўша куни ҳамма, шу жумладан, ўзим ҳам соғ-омон қолганимдан севинганман.

Дарҳақиқат, фалокат оёқ остида. У кутилмаганда юз берадики, бундай пайтда киши баъзан тўғри қарор қила олмай, каловланиб қолиши шубҳасиз. Бу эса ўзининг, мол-мулкининг, қолаверса, яқинларининг хавф остида қолиш эҳтимолини ошириши ҳеч гап эмас. шунинг учун хатарнинг зарра учқуни сезилса, дарҳол қутқарувчиларга мурожаат қилиш лозим. Қутқарувчилар нафақат хатар пайтида, балки одатий кунларда ҳам муҳофазага шай. Бунда улар аҳоли турар-жой манзилларида, таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда профилактик тадбирлар олиб боради. Қаҳрамонимиз ҳам қутқарув ишларидан ташқари мана шундай профилактик тадбирларда ҳам фаол. Фавқулодда вазиятларга шай ҳудудларда талафот кам бўлиши ҳақида кўп бор эшитгансиз. Бу нақлга ҳар мавсумда риоя қилиш халқ муҳофазаси учун муҳим саналади. Уста қутқарувчи бу каби тадбирлар нафақат аҳолининг, балки қутқарувчиларнинг ҳам шайлик даражасини оширади, билим ва тажрибаларини мустаҳкамлайди, деб ҳисоблайди.

— Биз учун энг катта мукофот — қутқарилган ҳаёт ва миннатдор нигоҳлар, — дейди қаҳрамонимиз. — Қутқарувлардан сўнг бир ўлимдан қолдим деб айрим одамлар пул беради бизга, лекин олмаймиз. Уларнинг мана шу севинчи, дуоси бизга етарли.

Ҳар бир қутқарувчининг ўз ҳикояси бор ва бу ҳикоялар тиллардан тилларга кўчиб юраверади. Халқ муҳофазасига бел боғлаган инсонлар сафи ортар экан, бизнинг суҳбатларимиз ҳам давом этаверади…

Юлдуз ЎРМОНОВА,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + 17 =