Келажак кашфиётчиси

Бугунги кунда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда тутган ўрнини ошириш, турли соҳаларда фаол хизмат қилаётган олималар, зиёли аёллар ҳамда мунис опа-сингилларимизнинг қадр-қимматини юксалтириш, меҳнатларини эътироф этишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда.

Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, давлат бош­қаруви ва жамиятнинг барча жабҳаларида уларнинг ролини оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси гендер тенглик соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг асосига айлангани ҳам ҳеч биримизга сир эмас. Давлат бошқарувида аёллар вакилларини кўпайтириш учун етакчи лавозимларни эгаллашга қодир 15 минг нафардан ортиқ хотин-қизлардан кадрлар захираси шакллантирилди. Ўзбекистон тарихида илк бор миллий парламентдаги аёллар сони 32 фоизга етди. Мамлакатдаги раҳбарлик лавозимидаги аёллар сони эса 30 фоизни кўрсатмоқда.

Бу эса аёлларимиз ўзларига берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз иқтидори ва салоҳияти, самарали меҳнати билан давлат ва жамият ривожига салмоқли ҳисса қўшаётганидан далолатдир.

Мана шундай аёллар сафида ёшлар тарбияси билан шуғулланиб, эртамиз эгаларини юртга садоқатли фарзандлар қилиб тарбиялаётган мактабгача таълим ташкилотларида, мактаб ва олий ўқув юртларида фаолият юритаётган хотин-қизларнинг беминнат хизматлари ҳам алоҳида эътирофга лойиқ. Сабаби эртамизнинг қандай бўлиши бевосита уларнинг болаларга қандай тарбия бераётганига боғлиқ.

Бир неча йиллардан буён мактабгача таълим тизимида ишлаб, боғчасидаги барча тарбияланувчиларга ўз фарзандларидек меҳр бериб, дастлабки билимларни ўргатиб, мактаб томон йўналтираётган пойтахтимизнинг Яккасарой туманида жойлашган 249-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори Севара Аҳмеджанова ҳам мана шундай шарафли ишни ўзига касб қилганлардан биридир.

Даставвал Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтининг молия йўналишида ўқиган Севара Аҳмеджанова болаларга муҳаббати туфайли ўз йўналишини ўзгартиришга қарор қилган.

— Ҳамма одам нима бўлган тақдирда ҳам ўзи яхши кўрган соҳасини танлаши керак экан. Бундай вазиятда “маслаҳат” берадиганлар кўп бўлади. “Анави соҳага ўқи зўр маош оласан, манави соҳага ўқи мартабанг тез кўтарилади” деган гапларга қизиққан одам кейинчалик юракдан, ўз ишини севиб ишлай олмайди. Шу сабабли мен ҳам болаликдан орзу қилиб келганим, боғчада болаларга тарбия беришни ўзим учун ҳар томонлама фойдали деб билдим. Мана шунга ҳам анча йиллар бўлибди, — дейди С.Аҳмеджанова. —   Бугунги кундаги ишим менга бир олам мароқ беради. Ҳар тонг ишга келганимда мени кўрган болаларнинг яйраб бағримга югуриши, уйларига кетаётганларида эса хурсанд бўлиб, “эртага яна келаман, Севара опа”, дея қўллари орқали ўпич йўллаб хайрлашишлари кўнглимни масрурликка тўлдиради. Болаликдан бу йўналишимни яхши кўришимга сабаб 20 йилдан зиёд мактабгача таълим тизимида фаолият юритган онам Маъмура Шариф­боева ҳамда кейинчалик уларнинг ишини давом эттирган опам Шаҳноза Ҳамдамовага ҳавас қилганим туфайлидир. Ўқувчилик пайт­ларимдаёқ улар ишлайдиган боғчаларга бориб болалар билан шуғулланардим, ўзимни худди боғча опадек ҳис қилардим.

Ҳа, мободо йўлингиз тушиб ўша Яккасарой туманидаги 249-сонли болалар боғчасига бориб қолсангиз Севара Аҳмеджановани иш хонасида эмас, балки доимо болалар даврасида кўрасиз. Гоҳида уларга шеър ёдлатиб, қайсидир маънавий-маърифий тадбирга тайёрлаётган бўлса, гоҳида буюк бобокалонларимиз ҳақида ҳикоя қилиб, барча болаларни ўзига қаратиб ўтирган бўлади.

Раҳбарман деб бошқалар каби ходимларидан ўзини тортмайди ёки бирор ёрдам сўраб юзланганлардан юз бурмайди.

Қарийб 30 йилдан буён мактабгача таълим тизимида, 15 йилдан буён эса шу боғчада ҳамшира вазифасида ишлаб келаётган Санобар Раҳимованинг айтишича Севара Аҳмеджанова ходимларнинг билими ва салоҳиятига ҳам катта эътибор қаратади. Шу сабабли ҳам шу кунгача ўрта-махсус маълумоти билан ишлаб келаётган 7 нафар тар­биячини олий таълимга йўналтириб, сиртқи бўлим талабасига айлантирган. Тарбиячилар Наргиза Турғунова, Шаҳноза Ҳолиқова, Наргиза Миртожиева, Азиза Ҳайитова қандай ёрдам, маслаҳат керак бўлса дарров С.Аҳмеджановага мурожаат қилишади. У эса қўлидан келганича уларга кўмаклашишга ошиқади. Баъзида аёллар кўп жойда албатта ғийбат бўлади деган гаплар ҳам қулоққа чалиниб қолади. Аммо бу раҳбар чин маънода жамоада дўстона муҳит ярата олган.

Табиатан камтар бўлган қаҳрамонимиз ўзининг бу каби ишларини аввал ўзига бош­қалар томонидан қилинган яхшиликларга жавоб деб ҳисоблайди.

– Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтини тамомлаганимдан кейин Шайхонтоҳур туманидаги 461-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида илк фаолиятимни бош­ладим. Ўша вақтларда жамоадаги кўпчилик менга самимият билан ёрдам бериб, қўллаб-қувватлаганди. Шу сабабли ҳам ўз устимда ишлаб мана шу йил 7 февраль санасидан раҳбарлик даражасига эришдим. Аммо менинг асосий мақсадим раҳбарлик курсиси эмас, балки чин маънода барча ҳамкасбларимнинг яқин маслакдоши, суянчига айланишдир. Бола тарбияси бу нозик масала. Бу соҳада ишлайдиганлар учун эса энг муҳими соғлом муҳитдир. Ҳозирда боғчамизда 315 нафар тарбияланувчи 6 та ўзбек гуруҳи, 6 та рус гуруҳида тарбияланмоқда. Уларни юртга фойдаси тегадиган, порлоқ келажакка эриша оладиган қилиб тарбиялашда эса барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, хизмат қиляпмиз. Бу болалар келажакда халқимиз фахрланадиган инсонга айланса, элимиз корига ярайдиган бўлиб улғайишса, бу албатта барчамизнинг катта ютуғимиз бўлади, – дейди Севара Аҳмеджанова.

Ўзбекистонимизда мана шундай фидо­йилик билан эртамизни кўзлайдиган, бандан ўзини бахтиёр ҳис қиладиган ҳамда мана шундай бахтни бошқаларга ҳам улаша оладиган опа-сингилларимизнинг борлиги жамиятимизнинг энг катта ютуғидир. Бугунги айём, 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни билан уларни самимий муборокбод этиб, келгусидаги ишларига омад ва зафарлар тилаймиз!

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 − six =