Маҳаллага китоб келди!

— Китоб келди! Китоб келди!
Тонг саҳарда “Улуғобод” маҳалласи аҳолисини мана шу кутилмаган чорлов ҳушёр торттирди. Чунки ҳар саҳарда уларни: “Сут, қатиқ келди; ширин-шакар тарвуз-қовун олинг!” деган овозлар уйғотиб юборарди-ғда.
Аслида, ташаббуснинг туғилиши мана бундай бўлганди. Гулистон шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг дарсликлар бўйича методисти Лола Хушвақтзода раҳбари олдига янги ғоя билан кирди.
— Президентимиз ташаббуслари билан ёзги таътил пайти “Долзарб 90 кун” лойиҳаси эълон қилинди. Менга улов ажратсангиз. Маҳаллама-маҳалла юриб, куннинг салқин пайти китоблар сотувини йўлга қўйсак. Ота-оналар, ўқувчилар харид қиларди. Қўлларида китоб бўлса, бўш вақтларида мутолаа қилишларига ишонаман.
Ходимининг ғоясидан Гулистон шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Самандар Артиков мутаассир бўлди.
— Таклифингиз жўяли. Фақат сотувга олиб бориладиган бадиий китобларни синчков кўздан кечиринг. Ота-оналар ва болалар учун манфаатли, қизиқишларини оширадиган адабиётлар бўлсин. Бўлимимиз тасарруфидаги янги “Дамас” сизнинг ихтиёрингизда, — деди С.Артиков.
Фикри қўллаб-қувватланганидан хурсанд бўлган Л.Хушвақтзода китоб савдоси билан шуғулланадиган тадбиркор Бегзод Баҳром ўғлига сим қоқди.
— Қанақа китоблар бўлсин?, – деди тадбиркор.
— “Кичкина шаҳзода”дан тортиб, эртагу топишмоқлар битилган зўр адабиётлардан келтиринг. Айниқса, болалар яхши кўрадиган суратли эртак китоблар кўпроқ бўлсин! — деди Л.Хушвақтзода.
Сайёр савдога ажратилган китобларни мутахассислар назардан ўтказишди. Бари рисоладагидек.
Китоблар ортилган “Дамас” машинаси шанба куни тонгда Гулистон шаҳрининг энг чекка маҳалласи — “Улуғобод” томон йўл олди. Маҳалланинг қоқ марказида тўхтаб: “Китоб келди!” дея овоза қилинди. Шу пайт дарвозасининг олдини супураётган бир аёл машина томон пешвоз кела бошлади.
— Опажон, фарзандларингиз учун яхши китоблар бор, бир кўз ташламайсизми? — дея манзират қилди Л.Хушвақтзода.
Онахон эргашиб келган қизалоғига “Алифбо ҳарфлари” тўпламини харид қилди. Бироқ қизалоқ чиройли эртак китобни бағрига босиб: “Шу китобни ҳам олиб берасиз!” деб оёқ тираб туриб олди. Китобхон қизчага тадбиркор эртак китобни ҳадя қилди.
Ўзини Флюра опа деб таништирган аёл эса ҳайратини яшира олмади:
— Ҳар куни маҳалламизга озиқ-овқат маҳсулотлари сотадиган тадбиркорлар келиб туришади, китоб савдосини етти ухлаб тушимизда ҳам кўрмагандик.
Эрталабки салқинда 1-2 соат маҳаллани айланган китоб тўла “Дамас” анчагина оилаларга зиё тарқатди. 1 миллион сўмга яқин савдо бўлди.
— Бу ташаббусимизнинг бошланиши, — деди Лола Хушвақтзода. — Мақсадимиз — “Долзарб 90 кун” даврида ёшларимизни китобга янада ошно қилиш. Ҳар шанба, якшанба кунлари шаҳримизнинг барча маҳаллаларида сайёр китоблар савдосини йўлга қўйишни режалаштириб олдик. Истардикки, бизнинг ташаббусимиз бутун вилоят, республикага ёйилса. Чунончи, марказлардан узоқларда жойлашган маҳаллалардаги ёшлар янги бадиий адабиётларга жуда ташна.
Муҳаммадали АҲМАД,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.