8 000 000 нусхадаги жавоҳирлар
ёки Ўзбекистон Миллий кутубхонаси хазинасидан…
Эътироф этиш жоизки, инсоният пайдо бўлганидан буён яратган энг ноёб бойликларидан бири, шубҳасиз, бу китобдир. Китоб мутолаа қилиш инсоннинг нафақат фикрини теран, иродасини мустаҳкам қилади, балки хотирасини мустаҳкамлайди, заковат бахш этиб, ахлоқий, маънавий-руҳий фазилатларини шакллантиради. Мақсад сари интилиш сифатларини ўзида бойитишга хизмат қилади.
Кишида мафкуравий иммунитет, оқ-қорани ажрата билиш, дунёқараш, фикрлаш тарзи, воқеа-ҳодисаларга нисбатан нуқтаи назар, ҳаётий тамойилларнинг шаклланишида, тафаккур жараёнининг таркиб топишида китобхонликнинг ўрни беқиёс.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар, мутафаккирлар шоҳ саройларида талаби мақсудлари сўралганда олтину кумуш, жавоҳирлар ўрнига сарой кутубхоналаридан фойдаланишни ихтиёр этганлар. Дунёни илм нури билан ларзага солган “Байт ул-ҳикма” кутубхонасида ҳам бизнинг аждодларимиз мутолаа дунёсига ғарқ бўлиб, буюк кашфиётлар яратганлар.
Саккиз миллион нусхадан зиёд хазинага эга Низомиддин Мир Алишер Навоий номи билан аталадиган Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бу йил ташкил этилганига 155 йил бўлади. Қарийб бир ярим асрдан кўпроқ тарихга эга бўлган бу гўша халқимизнинг муқаддас масканига айлангани бежиз эмас. Негаки, кутубхонанинг фонди нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё минтақасида энг йирик нурхоналардан бири. Ундаги XIII-XIX асрларда Мовароуннаҳр, Хуросон, Туркистон заминида битилган қўлёзма ва тошбосмалар, XV-XVIII асрларда Ғарбий Европада чоп этилган нашрлар илмий, тарихий, маънавий жиҳатдан тадқиқотчилар томонидан эътироф этилиб келинади.

Жумладан, X–XI асрлар илм-фанига улкан ҳисса қўшган Шарқнинг буюк мутафаккири ва қомусшунос олими, Бағдоддаги “Байт ул-ҳикма” (“Донишмандлик уйи”) ислом олий мактаби раҳбари, маърифатпарвар ва давлат арбоби, исломшунос, қонуншунос Абулҳасан Мовардий (973 – 1058)нинг “Ал-аҳком ас-султониййа ва-л-валоёт ад-диниййа” (“Султонлик ҳукмлари ва диний бошқарув қоидалари”) асари давлатни бошқариш санъатига бағишланади ва мусулмон сиёсий таълимоти бўйича мумтоз асарлардандир.
Мовардий ўз асарида давлатчилик анъаналари, манбалари, яъни асослари, илк сайлов қонунчилиги, давлат раҳбари (султон), вазир ва бошқа маъмурий тизимлар борасида, ўрта асрлар давлатчилиги, ҳокимиятдаги вазифаларнинг бўлиниши, мансабдорларнинг сиёсий-ҳуқуқий мақомлари ва ваколатлари, бурч ва мажбуриятлари ҳамда иш юритиш масалаларини қиёсий-илмий жиҳатдан ўрганган. Асар ўзининг долзарблиги, айниқса, кейинги авлод олимлари ишлаб чиққан ҳуқуқий (фиқҳ) назарияларнинг келажакдаги тизимли асосига пойдевор бўлгани билан қадрлидир.
Нодир китоблар орасида улуғ бобомиз Маҳмуд аз-Замахшарий (1075–1144) қаламига мансуб бўлган, қадимий кўп тилли луғатларидан бири “Муқаддимат-ул-адаб” (“Адабиётга кириш”) асари ҳам бор ва у ҳижрий 701 – милодий 1302 йилда ёзилган. Яна бошқа бир қўлёзма – “Шарҳ Мулаҳҳас фил Хайя” эса ўрта асрларда яшаб ўтган астроном Маҳмуд Чағминийнинг “Мулаҳҳас фил Хайя” китобига Мусо бин Маҳмуд Қозизода Румий томонидан ёзилган машҳур шарҳлардир. Ушбу китоб ўрта асрлар Шарқидаги олий ўқув юртларида астрономия бўйича энг муҳим дарсликлардан бири бўлган. Китоб ўрта асрлардаги Самарқанд астрономик мактабининг асосчилари томонидан ҳам ўрганилган ва астрономияга оид бошқа йирик рисолаларнинг яратилишига катта таъсир кўрсатган.
Алоуддин Абу Бакр ал-Ахсикатийнинг “Уъжубат ал-фатава” асари X-XIII асрларда Марказий Осиё халқларининг ҳаёти, ҳуқуқий ва ижтимоий соҳалардаги муносабатларига бағишланган. Бу нусха 591/1195 йилда ёзилган бўлиб, бугунги кунда ушбу қўлёзма мазкур асарнинг энг қадимги нусхаси ҳисобланади. Шунингдек, Абу-л-Фатҳ ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил ал-Марғинонийнинг фиқҳга оид машҳур қўлёзмаси – “Китаб мажмуъу мухтарот ан-навазил” (“Фиқҳий масалалар мажмуаси”) асари ҳам диққатга сазовордир. Асарнинг ёзилган санаси: 651/1253 йил.

Кутубхонамиз хазинасидаги яна бир нашр, “Кашф ул-вужух ил-ғурри ли маъани назм ид-дурр” (“Назм дурдоналари маъноларининг кашф қилиниши”) қўлёзмаси бўлиб, Хожа Муҳаммад Порсонинг шахсий кутубхонасига оид ҳисобланади. Қўлёзма XIII асрда кўчирилган. Жилд фолиантининг, яъни кутубхона манбаларининг ўн тўққиз жойида Хожа Муҳаммад Порсонинг муҳри босилган. Муқова чармдан ишланган.
Ўрта Осиё кутубхона маданияти тарихини ўрганишда “Муҳаммад Порсо кутубхонаси”га бўлган эътибор сўнгги йилларда янада ортиб бормоқда, кутубхона соҳибининг илмий қизиқишлари борасидаги муҳим маълумотларни ўрганиш имконини бермоқда. Мазкур кутубхонада сақланган қўлёзмаларнинг умумий аломатларидан бири унга босилган ромб шаклидаги муҳрлар бўлиб (бир қўлёзмага бир неча бор ёки бир қўлёзманинг ҳар бир варағида), уларда “вақф аз китоб Хожа Муҳаммад Порсо” ёки “вақф ин Хожа Порсо ибн Маҳмуд ал-Бухорий” каби жумлалар XVIII аср охири ва XIX аср ўрталари оралиғидаги турли саналарда битилган. Иккинчи аломати уларнинг биринчи варағида битилган араб тилидаги қайдлардир. Умуман олганда, мазкур кутубхонага тегишли 3 та қўлёзма, унинг таркибига кирган 7 та асар Миллий кутубхонамизда сақланади.
Тарихчи олим, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Комилжон Раҳимов Мустамлий Бухорийнинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида илмий-тадқиқий ишларини олиб борди. Мустамлий Бухорий ўз даврининг Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, тасаввуф, фалсафа, тарих, тил ва адабиёт каби диний ва дунёвий билимларини чуқур ўрганган. Жумладан, тарихчи Самъоний Мустамлийнинг “фиқҳ ва ҳадис аҳлидан бўлгани, фиқҳ асосларида эса мутакаллимлар йўриғига эргашгани”, яъни унинг ҳадис, фиқҳ ва калом соҳаларининг билимдони бўлгани тўғрисида эслатиб ўтади. Мустамлий Бухорийнинг бизнинг давримизгача етиб келган иккинчи асари форсча-тожикча “Шарҳ ат-Таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф” (“Тасаввуф йўли билан танишув” асарига шарҳ”) китоби бўлиб, унинг тасаввуф илмидаги устози Абу Бакр Калободийнинг арабча “Ат-Таъарруф ли-мазҳаб аҳл ат-тасаввуф” (“Тасаввуф аҳли йўли билан танишув”) номли ҳажман кичик китобига шарҳ сифатида ёзилган.
Хорижий манбашуносларнинг қайд этишларича, бугунги кунга қадар дунёнинг турли мамлакатларида “Шарҳ ат-Таъарруф” асарининг 16 та қўлёзма нусхаси топилган бўлиб, улар Покистон, Туркия, Эрон, Россия, Германия, Франция, Миср ва Ҳиндистондаги қўлёзмалар хазиналарида сақланмоқда. Бундан ташқари, ушбу тадқиқот давомида “Шарҳ ат-Таъарруф”нинг Ўзбекистонда ҳам 11 та қўлёзма нусхаси мавжудлиги аниқланди. Шундай қилиб, бугунги кунда “Шарҳ ат-Таъарруф” асарининг ҳаммаси бўлиб 27 та қўлёзма нусхаси мавжудлиги маълум бўлди.
Шулардан биттаси (№ПВ-16, 1289/1872-73 йил) кутубхонанинг Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар фондида сақланаётганини эътироф этиш лозим.
Фондимизда машҳур Альда Мануция босмахонасининг нашрлари, Даниянинг Эльзевирлар компанияси (XVI–XVIII асрлар) томонидан нашр этилган китоблар, шунингдек, 4000 тадан ортиқ Ғарбий Европа китоблари мавжуд бўлиб, улар Ғарбий Европа давлатлари тарихи, адабиёти ва санъатини ўрганиш учун қимматли манба ҳисобланади.
Бу ерда Марказий Осиё ҳақидаги жуда кўп сонли Ғарбий Европа китоблари мавжуд бўлиб, улар ўз вақтида бизнинг минтақамизни ва унинг тарихини ўрганишга Европада катта қизиқиш бўлганлигидан далолат беради. Улар Париж, Лондон, Берлин ва бошқа Ғарбий Европа шаҳарларида инглиз, француз ва немис тилларида нашр этилган. “Bibliotheque orientale” (“Шарқ кутубхонаси” ёки “Шарқий энциклопедия”) бизнинг фондимиз тўпламларида сақланаётган энг қадимий китоблардан биридир.
Уни таниқли француз шарқшуноси Бартоломей Эрбело тузиб чиққан. Китоб 1647 йилда Парижда француз тилида нашр этилган. Китобда Марказий Осиё ҳудудларида яшаб ижод қилган буюк олимлар, шоирлар ва давлат арбоблари ҳақида 100 га яқин мақолалар мавжуд. Китобнинг 661-саҳифасида буюк ўзбек шоири Алишер Навоий ҳақида қисқача маълумотлар келтирилган. 877-888-саҳифалари эса Амир Темур ва темурийларга бағишланган.

Шунингдек, француз тилида нашр этилган ва “Histoire de Timur-Bec” (“Темурбек тарихи”) деб номланган таниқли ўрта асрлар тарихчиси Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” (“Ғалабалар китоби”) номли асари ҳам темурийлар тарихига бағишланган. Таржимон – Пети де ля Кур. Китоб 1723 йилда Парижда тўрт жилдлик форматда нашр этилган.
Француз тилига таржима қилиниб нашр этилган яна бир китоб – буюк ҳукмдор Амир Темурнинг “Institutes political and military…” (“Сиёсий ва ҳарбий тузуклар…”) номли асари ҳисобланади. Китоб майор Дэви ва арабшунос профессор Уайт томонидан форс ва инглиз тилларида нашр эттирилган ва унинг ҳажми 408 бетни ташкил қилади. Нашрнинг оригинал нусхаси дастлаб туркий тилда ёзилган машҳур “Темур тузуклари” асари ҳисобланади. 1610 йилда Яман подшосининг таржимони Абуталиб Ал-Ҳусайн ушбу китобнинг аввал қирол Жаъфар кутубхонасида сақланганлиги ва 1610-1612 йилларда у “Тузуклар”ни форс тилига таржима қилганлиги ҳақида ёзган. Кейинчалик, “Тузуклар” инглиз тилига ҳам таржима қилинади.
Алишер Навоий асарлари эса фонднинг ҳақиқий хазинаси саналади. Улардан шоир ҳаётлиги давомида ҳам, ундан кейин ҳам то ХIХ асрга қадар турли хил хаттотлар томонидан қайта-қайта нусха кўчирилган. Ушбу қаторда Навоий ижодининг сўнгги ёрқин намунаси саналган уч қисмдан иборат бўлган “Маҳбуб ул-қулуб” (“Қалбга маҳбуб ҳикматлар”) асарини келтириш мумкин. Қўлёзмадан 1239/1824 йилларда хаттот Холиқназар Халифа ибн уста Қурбон томонидан қайта нусха кўчирилган. Шунингдек, “Ғаройиб ус-сиғар” (“Болалик ғаройиботлари”) лирик шеърлар тўпламини ҳам алоҳида эслатиб ўтиш мумкин.
“Hurriyat” газетаси тарихидан

“Hurriyat” газетаси 1917 йил 16 апрель кунидан бошлаб нашр қилина бошлади. Газета адабий, иқтисодий, сиёсий йўналишда бўлиб, ҳафтасига икки марта чиқиб турган. Туркистондаги жадид матбуотининг энг нуфузли, дадил ва сермазмун газеталаридан бири “Hurriyat”дир. “Hurriyat” гарчи Туркистоннинг бир вилояти марказида – Самарқандда чиқса ҳам, ўша пайтда ўлканинг марказий газетаси мавқеига эришган эди. Газетанинг биринчи муҳаррири Акобир Шоҳмансуров бўлиб, 9-сонидан 26-сонигача Мардонқул Шоҳмуҳаммадзода муҳаррир бўлган. “Hurriyat”нинг бундан кейинги раҳбарлиги, асосан, Абдурауф Фитрат зиммасига тушган. Айрим вақтда Ҳожи Муин муваққат муҳаррир бўлиб турган. Жами газетанинг 9 та сонига унинг муваққат муҳаррир сифатида таҳририятга бошчилик қилгани маълум.
“Hurriyat”нинг асосий ёзувчилари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саид Аҳмад Васлий, Саид Аҳмадхўжа Сиддиқий, Саид Ризо Ализода ва Ҳожи Муинлар эди. Шунингдек, Чўлпон, Садриддин Айний, Ғози Юнус, Уфадан Нуширвон Явушев, Хайруннос Айсин, Нажиб каби ижодкорлар ҳам ўз мақолалари билан қатнашиб турарди.
Газетанинг илк сонида Мардонқули Шоҳмуҳаммадзоданинг “Таъмини истиқбол” мақоласи босилган. Унда муаллиф мазкур газетанинг асосий вазифаси халқимизнинг маънавий камолоти, маърифати ва илми ривожига хизмат қилишдир, деган. Садриддин Айний эса “Ташаккур” мақоласида газетани инқилобнинг меваси сифатида баҳолайди.
Газетанинг 1917 йил 13 май сонида Маҳмудҳўжа Беҳбудийнинг “Муҳтарам самарқандийларға холисона арз” мақоласи босилган. Унда муаллиф “…Эй ҳазрати уламо! Эй тужжор, аҳли касаба ва ағниё! Эй, ғайратлик ёшлар! Нифоқ ва бир-бирига душманликни ташлангиз. Худо ҳақи, арвоҳи анбиё ҳурмати ва бу кунларда қорнини тўйғазолмайтургон етим ва бевалар ҳақи бири-бирингиз ила иттифоқ этуб, жамиятлар барпо қилуб, холиқ Худонинг нафъиға, дин ва миллат йўлиға хизмат этингиз. Миллат ва халқ сиздан хизмат ва яхшилик талаб этадур, нафсоният ва ғурур эмас.
Эй ёшлар! Сиз ҳам бир оз оғир ва хушсўз бўлингиз. Ҳурриятнинг аввалида халойиқ сизга инонди, сизға ўзини ташлади, аммо сизлар тажрибасизлик этиб ва ўз орангизда ихтилоф кўрсатиб, халқнинг ўз борангиздаги хушгумонлигини, афсуским, йўқотдингиз. Мана шул йўқотганингизни қайтариб топмоққа ҳаракат, саъй этингиз. Халқ сизларға майл қилғон эди, сизлар, тўғриси, бажаролмадингиз. Мана шу тажрибасизлигингизни хотирингизға келтирунгиз ва бул ёшларға дарси ибрат бўлсун.
Муҳтарам ёшлар! Замон сизникидур, қарилар замони ўткан. Сиз киромга бобасират бўлуб, ўн дафъа ўлчаб, бир дафъа кесингиз. Оташинлик ва тезлик ила иш бўлмас. Ал-ажла минаш-шайтон! (Шошилган шайтондандир!) Бу фикрни бошингиздан чиқарингизким, сизнинг ўз бошингизға тараққий қилмоғингиз мушкулдур. Балки, бутун шаҳрингиз ва миллатингиз ила тараққий қилурсиз…” деб ёшларга мурожат қилади.
Хуллас, “Hurriyat”нинг 1918 йил 30 апрелда чоп этилган 87-сони сўнггиси бўлган. Газета ўзбек матбуотининг ёрқин намунаси сифатида тарихимиз зарварақларидан мустаҳкам ўрин олган.
Умида ТЕШАБОЕВА,
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон
Миллий кутубхонаси директори,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
