Чустий маҳалласидаги ўзгаришлар

Тошкент шаҳар, Олмазор туманидаги бир маҳаллага таниқли шоир Чустийнинг номи берилган. Мазкур маҳаллада турли йилларда раис бўлиб ишлаган кишиларни биламан. Уларнинг айримлари ҳатто Чустий китобларини ҳам ўқимаган эдилар. “Шоир бўлган. Аммо-лекин ёзганларини ўқимаганмиз”, дер эдилар. Соҳиб Мирзаев маҳалла фуқаролар йиғини раислигига сайланганидан кейин менга: “Сиз шоирсиз. Чустий ижодини тузук англайсиз. Шу тўғрисида маълумот беринг”, деди.
Соҳибжон маҳалламизга кўчиб келганига беш йилча бўлди. Инженер оиласида таваллуд топган. Тошкент давлат политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети)нинг кимё-технология факультетини битказган. Пойтахтимиздаги ишлаб чиқариш корхоналарида ишлаган. Кейин ўз соҳаси бўйича тадбиркорлик билан шуғулланган. Икки нафар фарзанди бор. Рафиқаси билан биргаликда уларни тарбиялаб, уйли-жойли қилган. Уч нафар неваранинг бобоси.
Адабиётга қизиқишини пайқаб, “Ана энди маҳалла ишончли қўлларга ўтибди”, деб ўйладим. Очиғини айтсам, шаҳримизда яшаётган айрим маҳалла раҳбарлари шоирларни умуман танимайдилар, китобларини варақлаб ҳам кўрмаганлар. Соҳибжонга қарата Чустий ижодидан бир-икки намуна ўқидим:
Кимки ўз қадрини билмас, билмас одам қадрини,
Одам эрмас билмаса ҳар ким бу олам қадрини.
Айланиб сув устида оққан сомон янглиғ киши,
Қолмагай гирдоби ғамда билса бу дам қадрини.
Эй баҳор элчиси, боғда тутма пандингни дариғ,
Яхши билсин субҳидам гул барги
шабнам қадрини.
— Жуда маъноли сатрлар экан, — деди суҳбатдошим. — Ҳақиқатан ҳам, ўзининг қадрини билмаган бошқаларнинг қадрини билмайди-да. Демак, у одам қаторига кирмайди.
— Сув устида оққан сомонга ўхшар экан унақа киши, — дедим. — Сомон парчасини гирдоб ўз домига тортиб кетаверади.
Соҳибжон хиёл ўйланиб турди-да, учинчи байтни ўзича шарҳлади:
— Баҳор элчисига шоир мурожаат қиляпти: боғда пандингни дариғ тутма, токи тонгда гул барги шабнам қадрини билсин. Бу ерда шабнам беғуборлик тимсоли эмасми?
— Худди шундай. Чустий домла Алишер Навоий ижодини мукаммал билган эканлар. Айнан шунинг учун ҳам 1939 йилда уни Чустдан Тошкент шаҳрига ишга таклиф қилганлар. Чустийнинг асл исм-фамилияси Набихон Хўжаев бўлган. У 1904 йилда Чуст шаҳрида таваллуд топган. Туғилиб-ўсган шаҳрининг номини тахаллус сифатида танлаган. Мана, биз ҳам у туфайли Чуст шаҳри номини айтиб турибмиз. Наманганнинг энг машҳур гўшаси. Чустий домла 1983 йилда дунёдан ўтган. Шу ерликлар ҳам уни таниган, кўрган бўлиши мумкин. Муқимий театрида директор бўлиб ишлаганида актёрлар орасида довруқ таратган.
— Шундай машҳур инсонни ҳозирги ёшлар унчалик танимайди. Маърифий тадбирлар ўтказишимиз керак экан бу ҳақда.
Соҳиб Мирзаев маҳалла раиси вазифасида иш бошлаганига эндигина тўрт ой бўлди. Шу қисқа вақт оралиғида у кўплаб тадбирларни амалга оширди. Жумладан, маҳаллага кираверишда янги бетон устунлар ва ёриткич чироқлар ўрнатилди. Кўп қаватли уйларнинг том қисми қайта таъмирланди. Маҳалла ҳудудига 2500 дан зиёд гул ва турли хил кўчатлар ўтқазилди. Наврўз байрамида қозонда ҳалим тайёрланиб, кам таъминланган оилаларга, қарияларга тарқатилди. Болалар байрамига атаб тадбир ўтказилди. Беғубор кичкинтойлар шунда ниҳоятда шод бўлдилар. Қурбон ҳайити байрамида эса маҳалладаги эҳтиёжманд кишиларга турли маҳсулотлар берилди.
Бу манзилга келган меҳмонлар томонидан Чустий маҳалласидаги файз ва озодалик ҳақида самимий, илиқ сўзлар айтилди.
“Ҳамжиҳатликда қилган ишларимиз натижасида “Намунали маҳалла” деган эътирофни қўлга киритдик, – дея қувонади Соҳиб ака. — Биз маҳаллада маънавиятни тараққий эттириш борасида қайғуришимиз керак экан, – деди у.
Дарҳақиқат, шундай. Агар одамлар ўз қадр-қимматини билмас эканлар, бошқаларни ҳам қадрламайди. Бизнингча, Чустий номли маҳалла раиси Соҳиб Мирзаевдан кўп нарса кутишга ҳақлимиз. Чунки у ишни шоир Чустий ижодини тарғиб этишдан бошламоқда.
Комил ЖУМАНИЁЗОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.