Олий таълим: Янгиланиш руҳида

Урганч давлат педагогика институтида салоҳиятли мутахассислар тайёрланмоқда

Ёш авлодни ҳар томонлама баркамол, ватанпарвар ва замонавий билимларга эга қилиб тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири. Таълим сифатини ошириш, замонавий ўқув дастурларини жорий этиш, ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини кучайтириш, илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро тажриба асосида педагогик инновацияларни кенг жорий этиш борасида қатор муҳим чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Давр педагогик фаолиятга замонавий ёндашув, методик янгиликлар, шахсга йўналтирилган таълим тизими ва рақамли технологияларни интеграция қилишни талаб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган қарор ва фармонлари, хусусан, педагогик кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, инновацион лойиҳаларни кенгайтириш, академик эркинликни таъминлашга қаратилган ҳужжатлар педагогика соҳасининг ривожланишида муҳим босқич бўлиб хизмат қилмоқда. Урганч давлат педагогика институтида ҳам олиб борилаётган ўқув, илмий, маданий, спорт ва халқаро ҳамкорлик йўналишларидаги ютуқлар бу соҳадаги ислоҳотларнинг кичик амалий натижаларидан бири дейишимиз мумкин. Институтда таълим сифатини ошириш, халқаро ҳамкорликларни янада мустаҳкамлаш, талабаларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш ва миллий қадриятларга асосланган тарбия тизимини шакллантириш бўйича олиб борилаётган ишлар эътиборга лойиқдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан бугунги кунда Урганч давлат педагогика институтининг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2-3-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари “4+2” тартибида, яъни дарсларнинг 4 куни институтда, 2 куни мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташ тартибида олиб борилмоқда. Ҳозирда институт талабалари вилоятдаги  368 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 542 та умумтаълим мактаби ва 11 та ихтисослашган мактабда амалиёт ўташ имкониятига эга. Институтдаги 19 та таълим йўналишининг барчаси умумий ўрта таълим мактабларининг ўқув режасидаги фанларга мос ҳолатда. Бу ёндашув педагогик таълим сифатини оширишда муҳим қадам бўлиб, бўлажак ўқитувчиларда касбий кўникмаларни шакллантириш, дарс жараёнини бошқариш, педагогик вазиятларга тўғри ёндашиш каби муҳим жиҳатларни эгаллаш имконини беради. Энг асосийси “4+2” тизими таълимда назария билан амалиёт уйғунлигини таъминлаб, талабаларни мактаб муҳити билан яқиндан таништиради. Бу эса уларни келгусида малакали, масъулиятли ва замонавий талабга жавоб берадиган педагог кадрлар сифатида шакллантиришда муҳим ўрин тутади.

Урганч давлат педагогика институтида ҳозирги кунда 19 та таълим йўналиши ва 11 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Кафедралар профессор-ўқитувчилари томонидан дунёнинг “Топ-300” талигига кирувчи ўндан ортиқ хорижий олий таълим муассасаларининг ўқув режа ва дастурлари таҳлил қилиниб, уларга асосан институтдаги таълим йўналишларининг юзга яқин ўқув режа ва дастурлари такомиллаштирилди. Буюк Британиянинг Кембриж университети, АҚШнинг Гарвард университети, Станфорд университети, Массачусетс технология институти, Техас давлат университети, Шотландиянинг Единбург университети, Россиянинг Москва давлат университети, Португалиянинг Порто университети дастурлари таҳлил қилиниб, янги фанлар киритилди, шунингдек, ўқув режаларидаги фан мавзулари мазкур олий таълим муассасалари дастурлари асосида такомиллаштирилди.

Институтда илмий ва инновацион фаолиятни тизимли йўлга қўйишда илмий салоҳиятни ошириш ва ёшларни илмий-тадқиқот фаолиятига жалб қилиш, профессор-ўқитувчиларнинг тадқиқот натижаларини нашр этиш, олий таълимдан кейинги таълим фаолияти самарадорлигини ошириш, тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш, илмий ва илмий-техник тадбирлар натижаларининг амалиётга татбиқи, профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаолиятини рағбатлантириш, илмий лойиҳалар, халқаро грант ва инвестиция лойиҳалари ҳамда илмий ишланмаларнинг амалиётга жорий этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2026 йилда илмий салоҳиятни 40 фоизга етказиш кутилмоқда. Бугунги кунда олий таълим муассасасида 7 та ихтисослик бўйича 150 га яқин таянч докторант ва мустақил изланувчилар тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

2025 йилда комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурида бажарилиши керак бўлган мақсадли кўрсаткичлар бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 майдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида институт инновацион жамғармасига кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан илмий-инновацион ишларни тижоратлаштириш асосида соҳа буюртмачилари (умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, махсус мактаблар) талабларига кўра таълим хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилган. Ўтган ўқув йиллари давомида профессор-ўқитувчилар томонидан жами 1000 га яқин нашр ишлари амалга оширилди.

Юртимизда таълимнинг ишлаб чиқариш ва илм-фан билан интеграциясига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Урганч давлат педагогика институтида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 6 июлдаги “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан институт ҳамда республика инновацион фаолият инфратузилма субъектлари (технологик парклар, технологиялар трансфери марказлари, инновацион кластерлар, венчур фондлар, инновация марказлари, бизнес-инкубаторлар ва акселератор) ҳамкорлигида Технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш маркази (ТИҚҚМ), “Innovation Center”, “Modern educators” коворкинг марказлари ташкил этилган.

Институт қисқа вақт ичида халқаро майдонда ўзининг мустаҳкам ўрнини топишга эришмоқда. Олий таълим муассасаси ўз фаолиятини замонавий илмий ёндашувлар, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва жорий этиш, профессор-ўқитувчиларнинг салоҳиятини оширишга қаратган бўлиб, бу борада халқаро алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор бермоқда. Институт “UI GreenMetric” халқаро университетлар рейтинги, “Times Higher Education” халқаро “Топ-1000” талик университетларни баҳоловчи рейтинг ташкилоти ҳамда Евроосиё педагогика университетлари ассоциациясига аъзо таълим муассасаси сифатида киритилди. Институт томонидан 14 та хорижий давлатдаги олий таълим муассасалари ва ташкилотлар билан жами 50 дан ортиқ ҳамкорлик меморандумлари имзоланган.

Яқинда Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида “Ўзбекистон — Буюк Британия таълим форуми” доирасида Урганч давлат педагогика институти ва Норвич тил ўқитиш институти (“Norwich Institute for Language Education”) ўртасида ўқув жараёнлари ва илмий соҳадаги йўналишлар бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Мазкур ҳамкорликлар натижасида илмий-амалий анжуманларни ташкил этиш, профессор-ўқитувчиларнинг малака ошириш ва стажировка амалиёти, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар алмашинуви, икки дипломли тизим асосида кадрлар тайёрлаш борасида жадал ишлар олиб борилмоқда.

Институтда кадрлар салоҳиятини ошириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2023 йилда 10, 2024 йилда 20, ҳамда 2025 йилда 30 га яқин профессор-ўқитувчилар ҳамкор хорижий нуфузли университетларда малака оширди ҳамда стажировка дастурларида иштирок этди. Мазкур олийгоҳлар орасида “Топ-1000” таликка кирувчи олий таълим ташкилотлари салмоқли ўринни эгаллайди. Бу ўз навбатида ўқитувчиларнинг хорижий замонавий педагогик ва илмий ёндашувларни ўзлаштиришига, талабаларга берилаётган таълим сифатини оширишга хизмат қилмоқда.

Институтда хорижий тажрибани тўғридан-тўғри ўқув жараёнига жорий этиш мақсадида хорижий профессорлар ҳамда соҳа мутахассисларини жалб қилиш фаолияти тизимли йўлга қўйилган. 2024 йилда Россия, Туркия, Озарбайжон, Ҳиндистон ва Қозоғистондан 9 нафар, 2025 йилда 11 нафар хорижий профессор ҳамда соҳа мутахассислари институт дарс жараёнига жалб қилинган. Бу — талабаларни халқаро стандартларга мос равишда тайёрлаш имконини бермоқда.

Институтнинг халқаро майдондаги фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши — илмий анжуманлар, форумлар ва симпозиумлардаги иштирокидир. 2024 йилда 20 нафар, 2025 йилда эса 26 нафар профессор-ўқитувчи ва олимлар Буюк Британия, АҚШ, Индонезия, Россия Федерацияси, Беларусь, Хитой, Жанубий Корея, Қозоғистон, Туркманистон, Туркия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликларида ташкил этилган илмий-амалий тадбирларда фаол иштирок этди. Бу каби тадбирларда иштирок этиш нафақат илмий ҳамкорликни ривожлантиришга, балки институт нуфузини халқаро даражада танитишга ҳам хизмат қилмоқда.

Шунингдек, институтга ташриф буюраётган хорижий делегациялар сони ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2024 йилда 28 нафар, 2025 йилда 30 нафар Испания, Сингапур, Африка, Буюк Британия, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон, Ҳиндистондан хорижий делегация вакиллари институтга ташриф буюришди. Ушбу делегация таркибида хорижий университетлар, илмий марказлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари мавжуд бўлиб, улар институт фаолиятига ижобий баҳо бермоқда, илмий-амалий анжуманларда фаол иштирок этмоқда, шунингдек, келгуси ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилмоқда.

Шунингдек, ҳозирда хорижий таълим ва тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида хорижий талабалар улушини босқичма-босқич ошириб бориш ишлари олиб борилмоқда. Бунда халқаро талабалар анжуманларини ўтказиш ва уларда хорижий талабалар иштирокини таъминлаш ҳамда хорижий давлат ОТМлари ва консулликлари билан ҳамкорликда талабаларни жалб этиш каби вазифалар белгиланган.

Институтимизнинг халқаро майдондаги фаол иштироки Янги Ўзбекистон олий таълим тизимининг глобаллашув йўлидаги изчил ҳаракатлари, шунингдек, институт раҳбарияти ва жамоасининг фидокорона меҳнатининг ёрқин ифодасидир.

Институтда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш мақсадида 2024-2025 ўқув йилида 700 дан ортиқ маънавий-маърифий, маданий, турли спорт ва интеллектуал тадбирлар ташкил қилинган. Хусусан, “5 ташаббус маркази”, “Ёшлар маркази”, “Шахмат хонаси”, “Галерея”, “Гандбол зали”, “Ёш спортчилар”, “Чевар қизлар”, “Ёш китобхон”, “Заковат”, “Мушоира” клублари, “Хоразм ашула ва рақс ансамбли”, “Ниҳол” талабалар театр студияси, шунингдек, “Спорт клуби” ва спорт йўналишида 13 та спорт секциялари фаолияти йўлга қўйилган.

Мазкур ўқув йилида институт талабалари халқаро ва республика миқёсидаги бир қатор кўрик-танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллади. Халқаро миқёсдаги фан олимпиадаларида 4 нафар талаба ғолибликни қўлга киритди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси ва бошқа номдор давлат стипендияларига танлов натижасида 2 нафар талаба Навоий номли, 1 нафар талаба Ислом Каримов номли давлат стипендиясига сазовор бўлди. Шунингдек, 1 нафар талаба “Вилоят ҳокими стипендияси”ни қўлга киритди. Институтда 57 нафар иқтидорли талаба халқаро ва республика миқёсидаги анжуманлар, форум ва симпозиумларда фаол иштирок этиб, турли соврин ва ютуқларни қўлга киритган бўлса, 82 нафари жаҳон ва республика чемпионатларида олтин, кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлди.

Бугунги глобаллашув, рақамли трансформация ва билимга асосланган жамият сари интилаётган дунёда педагогик таълимнинг роли ва масъулияти тобора ортиб бормоқда. Бу жараёнда мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ва тизимли ислоҳотлар педагогика соҳасини тубдан янгилаш, уни замон талабларига мослаштиришга қаратилган. Таълим тизимининг барча бўғинларида, айниқса, олий таълимда сифат ва натижадорлик мезонлари асосида бошқарувни ташкил этиш, янгича ёндашувларни жорий этиш, халқаро стандартларга уйғун таълим муҳитини шакллантириш каби устувор йўналишлар асосий мезонга айланган.

Урганч давлат педагогика институти ушбу ислоҳотлар жараёнининг фаол иштирокчисига айланиб, кўплаб ижобий натижаларга эришиб келмоқда. Институтда ўқув жараёнини такомиллаштириш, илғор технологияларни татбиқ этиш, инновацион ёндашувларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишларда янгиланиш руҳини яққол кўриш мумкин. Профессор-ўқитувчилар таркибининг илмий салоҳияти, тажриба алмашинуви, хорижий ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг кенгайтирилиши, талабалар учун яратилаётган шароитлар, илмий изланишлар учун мотивацион муҳитнинг шакллантирилиши институтнинг ўз олдига қўйган мақсадларига қатъий ва босқичма-босқич эришаётганини кўрсатади.

Бундан ташқари, институтда маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, ижтимоий лойиҳалар, маданий-маънавий тадбирлар, спорт мусобақалари ва инновацион ташаббуслар орқали ҳар томонлама камол топган шахсни тарбиялаш йўлида ҳам тизимли фаолият юритилмоқда. Бу эса таълим-тарбия бирлигига асосланган ёндашувларнинг ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилаётганидан далолат беради.

Феруза МАДРАҲИМОВА,

Урганч давлат педагогика

институти ректори,

педагогика фанлари доктори,

доцент.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 1 =