Дунё журналистларини бирлаштирган медиафорум

2025 йил 14-20 июль кунлари Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида Умумхитой журналистлар ассоциацияси ҳамда Цзянси провинцияси бош ташкилотчилигида “Матбуотнинг кучи: цивилизациялараро мулоқот ва глобал модернизацияга журналистларнинг таъсири” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилди. Унда АҚШ, Германия, Бразилия, Франция, Аргентина, Россия, Туркия каби дунёнинг олтмишга яқин давлатидан юз нафардан зиёд Журналистлар уюшмалари раҳбарлари (баъзи давлатларда уюшма эмас, бошқача номланар экан) ҳамда  жаҳонга машҳур оммавий ахборот воситаларининг етакчи вакиллари иштирок этди.

Таклифга мувофиқ, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан Умумхитой журналистлар ассоциацияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик келишувида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда мазкур медиаофорумда қатнашдик.

Ушбу йирик тадбир доирасида “Журналистикада сунъий интеллект”, “Цивилизациялар ўртасидаги диалог” каби мавзуларда семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда халқаро медиа майдондаги энг сўнгги янгиликлар, айни кунги журналистикадаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечими бўйича фикр алмашилди. Фурсатдан фойдаланиб, халқаро анжуманнинг глобал аҳамияти, унинг дунё замонавий журналистикаси учун муҳимлиги борасида ўз фикр-мулоҳазаларимизни  билдириб, таклиф ва тавсияларни ўртага ташладик.

Мулоқотларда бутун дунёда тинчликни таъминлаш, турли миллат ва элатлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, журналистлар тараққиётга муносиб ҳисса қўшиши бўйича ҳам сўз юритилди.

Иштирокчилар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларда рўй бераётган ўзгаришлар билан ҳам таништирилди, Цзянси провинциясига қарашли Гуанчжоу ва Нанчанг шаҳарлари, Лушан тоғ ҳудуди бўйлаб экскурсиялар ташкил этилди.

Айтиш мумкинки, ушбу форум турли давлатлар журналистлар уюшмалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, ўзаро мулоқот ва тажриба алмашиш  учун қулай шароит яратди.

Бугун хориж тилларини билмасангиз ҳам махсус қурилма ва таржимон дастурлари орқали турли тилли ҳамкасблар билан бемалол суҳбатлашиш имкони яратилган. Ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, Уюшма масъули сифатида Умумхитой, Россия, Беларусь, Қирғизистон Журналистлар ташкилотлари  раислари  Ҳе Пинг, Владимир Соловьёв, Андрей Кривошеев, Азамат Касымбеков ва бошқа ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича мулоқот қилиб, келгусида биргаликда амалга ошириладиган ишларни келишиб олдик.

Хитойга сафаримизнинг иккинчи кунида “Олтин қалам” XVI миллий мукофоти учун халқаро танловнинг “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинацияси 2-ўрин соҳиби, покистонлик Халид Таймур Акрам билан кўришиб, суҳбатлашдик.

— Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида очиқликни, матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, соҳа ходимларини рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан яхши хабардорман.  Мамлакатингизда амалга оширилаётган ана шу ислоҳотларга оид материалларим турли тилларда эълон қилиб борилмоқда, — деди Халид Таймур Акрам. — Кўп давлатларда бўлганман. Биласиз, соҳамиз ходимлари ўртасида турли танловлар ўтказилади. Аммо мен шу пайтгача сизларда ҳар йили ташкил этиладиган “Олтин қалам” халқаро танловидагидек, танлов ғолибига — журналистга енгил автомобиль берилганини эшитмадим. Албатта, бу давлатингиз раҳбарининг медиа соҳа вакилларини моддий қўллаб-қувватлашга қаратаётган алоҳида эътибори намунасидир.

Халқаро медиафорум ҳақиқатдан ҳам юқори савияда ташкил этилди. Ташкилотчилар беш қитъадан келган соҳа масъуллари ва ОАВ ходимларини беш гуруҳга бўлди. Улар беш йўналиш бўйича тадбирларда иштирок этдилар. Якунда эса ҳамма жам бўлди. Бу ерда рамзийлик шуки, бешга бўлинган журналистлар гўёки инсон қўли бармоқлари. Улар — дунё журналистлари бирлашса, муштдек бақувват ва кучли бўлади, деган ғоя мужассамдир.

Маълум қилинганидек, бу йил саккизинчи бор ўтказилган ушбу йирик тадбир иштирокчилари сони ва географияси йилдан-йилга ошиб бормоқда. Халқаро медиафорум якунига бағишланган тантанали тадбирда бир қатор давлатлар медиа тузилмалари, жумладан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Халқаро Журналистлар уйига аъзо бўлганлиги эълон қилинди.

Ушбу аъзолик уюшмага нима беради, деган савол туғилиши мумкин. Таъкидлаш жоиз, Халқаро Журналистлар уйи дунёдаги журналистлар билан ишловчи тузилмаларни бирлаштирувчи платформа ҳузурида фаолият олиб боради. Мазкур платформа юқорида таъкидлаганимиздек, юздан ортиқ давлатлар журналистлар уюшмаларини жамлаган. Уларнинг сони кўпайиб бормоқда. Уюшмамизнинг унга аъзо бўлгани бизга биринчи навбатда халқаро ҳамкорлик учун кенг имкониятлар эшигини очади. Бошқача айтганда, ташкилотимизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширади. Шунингдек,  журналистларимизнинг хориж давлатлари медиа тузилмаларига бориши, тажриба алмашишини таъминлаш масалаларида Уюшмамизнинг кўмаги янада ортади, ўрни мустаҳкамланади.

Шу ўринда мазкур халқаро медиафорум Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси учун ҳам ҳар жиҳатдан самарали бўлди, дейиш мумкин. Негаки, йирик анжумандан унумли фойдаланган ҳолда Ўзбекистон билан дунё мамлакатлари ўртасида журналистика, медиа соҳасида ҳамкорлик ришталарини боғлаб, доимий мулоқот ўрнатишга келишиб олинди. Келгуси фаолиятимизда айни келишувлар натижалари ва самараларига, насиб бўлса, ҳамкасбларимиз гувоҳ бўлишади.

…Халқаро медиафорум тадбирлари якунига етди. Тадбир иштирокчилари, хорижликлар, ташкилотчилар-волонтёрлар билан самимий ва дўстона хайрлашдик. Мени таъсирлантирган нарса шу бўлдики, айни жараёнда тили, дини, миллати бошқа-бошқа инсонларнинг кўзида ёш кўрдим. Бу – меҳр-оқибат, дўстлик, биродарлик ёшларидан дарак эди.

Холмурод САЛИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси раиси в.б.

 Тошкент – Пекин – Цзянси,

 Цзянси – Пекин – Олмаота – Тошкент.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five − 1 =