Етти иқлимдан келган ижодкорлар билан бир сафда

Фозил ФАРҲОД

Муаллиф ҳақида:

Фозил Фарҳод (Жабборов) – 1985 йили Қумқўрғон туманидаги Бўйрабоб қишлоғида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетини тамомлаган. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келяпти.

“Мактуб”, “Кўклам куйи”, “Болалик эртагим” сингари китоблари чоп этилган.

Мен ўтган бир неча ой давомида Корея Республикасининг Кападо оролида Жежу санъат ва маданият жамғармасининг уч ойлик резиденция дастури бўйича ўзбекистонлик ижодкор сифатида у ерда бўлдим. Оролда адабиёт бўйича кореялик Ан Санг Ҳак, визуал санъат бўйича кореялик Ли Вуман, мультисанъат бўйича кореялик Ким Доёнг, англиялик Вил Болтон, мультисанъат бўйича Бирлашган Араб Амирликларидан Ҳашил Ал Ламки, тўқимачилик ва мультисанъат бўйича япониялик Оҳ Ҳажи ҳам бор эди.

Биз, бир ойдан кўпроқ вақт мобайнида мўъжазгина оролда яшаб, бу ернинг одамларини, табиатини, жонзотларини, денгизни кузатдик, ижод қилдик, гурунглашдик, халқларимиз, Ватанларимиз, асарларимиз ҳақида бир-биримизга гапириб бердик.

Мўъжаз ва гўзал оролда қоралаган туркум шеърларимдан эътиборингизга ҳавола қиламан.

Муаллиф.

САБР БОБО

 

У туғилди Орол бўйида

Ва улғайди шодон, кўзи тўқ.

Энди яшар Орол ўйида,

Ўкинади, ўша денгиз йўқ.

 

Улкан уммон йўқолиб қолди,

Шундоққина кўзи ўнгида.

Кута-кута танаси толди,

Сув кўрай дер умри сўнгида.

 

Ташлаб кетди қишлоқни барча,

Қумлоқдаги якка тут ўзи.

Дили бўлди, эҳ, парча-парча,

Саҳрода сув қидирар кўзи.

 

Тушларида денгиз шовуллар

Ва балиқлар сузиб юради.

Денгиз узра шамол увиллар,

Юрак “Орол!” дея уради.

 

Дарддоши ҳам шу Орол бўлди,

Сирдоши ҳам шу Орол эди.

Бардоши ҳам шу Орол бўлди,

У албатта келади, деди.

 

Бундай кутиш яна қайда бор?

Бундай сабр дунёда тенгсиз!

Бир шўрликни қилма умидвор,

Қайтгин, Орол! Қайт, она денгиз!

 

УЧ КУНДИРКИ...

Уч кундирки, денгиз ҳайқирар,

Уч кундирки, недир айтмоқчи.

Балки қучоғига чақирар,

Балки у ҳам уйга қайтмоқчи.

 

Уч кундирки, келмайди кема,

Уч кундирки, кўчалар бўм-бўш.

Денгиз, йўлим тўсаман дема,

Қоч олдимдан, ҳой, қочгин, пўш-пўш!

 

Ёлғизликдан жунжикар танам,

Совуқ юртда қалбим тилинар.

Кимлар учун Ватансан санам,

Иссиқ ўлкам қадри билинар.

 

Орол мени ютаман дейди,

Балки кўраяпман ёмон туш.

Қолсам, мени сукунат ейди,

Қўйвормасанг, бўлгум озод қуш.

 

Адирларда ҳайқиргим келар,

Тоғларимга келяпти кетгим.

Соғинч отлиқ хуш насим елар,

Мен албатта Ватанга етгум.

 

Уч кунлик сас етарми қирга,

Тўполонинг — чақирим овоз.

Қирқ йиллик қалб — мен билан бирга,

Қирқ йилдирки, безовта бу соз.

БУЮК ЮРИШ

Бахт ва бахтсизликнинг ораси, билсанг,

Бир қадам, масофа жуда ҳам камдир.

Бахтсизлик томондан бахт сари жилсанг,

Бу бориш энг олий юриш, қадамдир.

Румий: “Гўзал кунлар сенга келмайди, –

Дейди, — сен уларга боришинг керак”.

Наҳот бу ҳикматни кўпчил билмайди?

Йўлда не тўсиқ бор, ёришинг керак!

Биродар, уқдингми, ўрнингдан тургин,

Боргин, бахтсизликдан бахтингни ярат.

Ундан тагкурси сол, сўнг уй ҳам қургин,

Бу бахтсиз дунёга хўп, кўп бахт тарат.

 

Бахтнинг гул уруғин сочгин, сеп кўпроқ,

Худо ҳам ҳаракат қилганга дўстдир.

Очунда бир сиқим қолмаса тупроқ,

Ҳовучингда бахтнинг дарахтин ўстир.

 

Бу бориш — яшашдан моҳият топиш,

Бу бориш — бировга яхшилик қилиш.

Бу бориш — бахтсизлар бозорин ёпиш,

Бу бориш — одамлар қалбини билиш.

 

Бу қадам — ўзингдан кечиш, жон бериш,

Бу қадам — ўзликни топишнинг сеҳри.

Бу қадам — муҳаббат дурларин териш,

Бу қадам — болалар кулгиси, меҳри.

 

Бу юриш — Ватанга, ҳа, хизмат қилиш,

Бу юриш — халқингга хизматкор бўлиш.

Бу юриш — дунёга байроғинг илиш,

Бу юриш — хотиржам яшаш, тинч ўлиш.

ҚАЙТИШ

Қанча улуғимиз ўзга элларда

Қолиб кетган, эвоҳ, аламда жоним!

Буюк ишлари-чи, достон тилларда,

Нечун сиғдирмадик, қайнайди қоним?!

 

Бугун наҳот қайтар тарих ортига,

Яхшилиғ кутади, халқ руҳи собур?!

Олти аср ўтиб ота юртига

Қайтди Заҳириддин Муҳаммад Бобур!

 

ЁЛҒИЗЛИК

Кўчма компьютерни келмайди очгим,

Кундалик ёзмадим анчадан бери.

Тиртайган оролдан келяпти қочгим,

Пардай оқ соғинчдан қорайди тери.

 

Кападо — мўъжиза, ҳамма нарса зўр,

Дунёда ўхшаши топилмас бунинг.

Юрак гапга кирмас, асов отдай ўр,

Ватанга қайтгиси келяпти унинг.

 

Кимдир ижодкорни ёлғиз қўйинг, дер,

Ишонманг, сафсата, бу гап ўтирик.

Агар яккаланса ич-этини ер,

У одамлар билан яшаса тирик.

 

Майли, шу иқрорни англамоқ учун

Ёлғиз қолганимга шукур минг бора!

Шоир шоҳ асарин қораламоқ-чун,

Танҳо яшамоғи эмасдир чора!

 

У миллатнинг, халқнинг ичида бўлса,

Томири сув ичса Ватандан, элдан.

Ҳаққа талпинса-ю, Ҳақ билан ўлса,

Шунда ёзганлари жой олар дилдан.

 

Қаҳва ичгим келмас, совиди чой ҳам,

Юрак денгиз каби яхлаб кетгандай.

Уй бозордай тўкис, лекин нима кам,

Дўстим, юртга қайтиш вақти етгандай?!

 

МУМКИН (МАС)

Гавжум пароходда гўё бир ўзим,

Тикиламан кўм-кўк осмон ё сувга.

Диққатим бўлинар, тушади кўзим

“Чекиш мумкин эмас”, деган ёзувга.

 

Тор кемада бирор ким чекмаса-да,

Эҳтиёт шарт керак бундай эслатма.

Гарчи тўрт томонинг денгиз эса-да,

Бизни таъқиб қилар бундай эскартма.

 

Аэропорт, вокзалу бекатларда ҳам,

Мазкур мумкинмаслар кўпдир ҳар жойда.

Ер юзида “мумкин”, деган ёзув кам,

“Мумкинмас”, дегани йўқ қуёш, ойда.

 

Қайғу чексам бунда малол эмасми?

Хаёл сурсам дейман бирорта хатсиз.

Дард чексам, кимлардир “чекма” демасми?

Ғам чексам майлими, дўстим, рухсатсиз?

 

ҚИЗИМ ПАРИЗОДГА

Дада қизи, сен худди ўзим,

Пари қизим, паризод қизим.

Сен бахт билан эгиз бўл, қўзим,

Яшайсанки, тугамас изим.

 

Бахтинг кўрмай мен бўлмайин зим,

Пари қизим, паризод қизим.

Берсин менга Худойим тўзим.

Сен марварид, маржон бир тизим.

 

Ерда қолмас сен билан сўзим,

Пари қизим, паризод қизим.

Сен қувонсанг, очиқдир кўзим,

Сен халқ бизим, сен Ватан бизим.

 

ҚИЗҒАНИШ

Денгизой, сокинсан, айт-чи, бу не ҳол?

Сенинг сочларингни силамас шамол.

Уфқда қизарган лабинг ранги ол,

Сени ўпгим келди, эй соҳибжамол!

 

Балиқчи бобонинг кўк қайиғидан

Қизғаниб кетяпман, кўркам малагим.

Сени рашк қиламан йўл маёғидан,

Заминга осилган кўм-кўк палагим.

 

Ухлашингга кимса халал бермасин,

Кемалар келмасин, қушлар учмасин.

Хэнё лар ҳам бугун сора  термасин,

Белларингни бошқа биров қучмасин.

 

Ногоҳ деразамни чертади кимдир,

Наҳот дийдор они боряпти қўпиб.

Бу кеча ёнингда қолади ёмғир,

Оҳ, сени тонггача чиқади ўпиб.

 

БИР ШЕЪР ЁЗСАНГ…

Бир шеър ёзсанг, шундайлар ёзсанг,

Ҳамма ўқиб, ақлдан озса.

 

Уни ижро этиб ҳур қизлар,

Тонгга қадар чиқсайди бўзлаб.

 

Севги шеъри айласин ошиқ,

Ҳар тун уни тингласин маъшуқ.

 

Куйга солсин ҳофизлар жўшиб,

Сўзларингдан яралсин қўшиқ.

 

Оталардан фарзандга ўгит,

Қулоғига илсин ҳар йигит.

 

Ёдласинлар мактаб, боғчада,

Ётмасин хор бўлиб токчада.

 

Алла қилиб оналар айтсин,

Мусофирлар юртига қайтсин.

 

Кам-кўсти бор ҳар юрак тўлсин,

Сўзинг миллат қўшиғи бўлсин.

БУГУН

Ўтган кунларимни ўйладим узоқ,

Келажак ҳақда кўп хаёл сурибман.

Билсам, ҳар иккиси энг катта тузоқ,

Бугундан гап кетса, мен жим турибман.

 

Пайғамбарам ўйлар ҳозирини деб,

Айтганлар ҳаётнинг ҳикматин билган.

Мен қўйганман қанча бугунимни еб,

Улуғлар-чи буни ичдан ҳис қилган.

 

Кеча ўтиб кетган, келмаган эрта,

Ҳозир муҳим — юрак ҳис ҳам қилмаган.

Бугун қолаверган эшигим черта,

Шуни англамаган, ғўрман билмаган.

 

Бўлди бас, ўтмишни энди тинч қўяй,

Келажак ҳақида эрта ўйлайман.

Мен ҳозирларимнинг исига тўяй,

Бугун яшаб, бугун сизга сўйлайман.

 

Менга ўтмиш ҳақда сўйламанг эртак,

Буюк келажак ҳам эртага фахр.

Лекин мен шу бугун яшашим керак,

Бу дунёда ҳозир, бугун бор ахир.

 

Энди борларимнинг қадрига етдим,

Борлиғим ич-ичдан кетди ёришиб.

Айни лаҳзаларим чароғон этдим,

Руҳим Худойимга кетди қоришиб.

МАСТОН МОМО

Мастон момо ҳар кун тонг отмай

Уйғотади мудроқ қишлоқни.

Бозор жўнар ҳали туз тотмай,

Сотиб келар қаймоқ, пишлоқни.

 

Уйга қайтгач, кунгай томонда

Чувоқлайди ва йўл пойлайди.

Соғинч юки жуда ёмон-да,

Шаҳардаги ўғлин ўйлайди.

 

Йилда уч-тўрт келса боласи,

Бор қувончни уйга чорлайди.

Севинч бўлар унсиз ноласи,

Қуёшдан ҳам кўпроқ порлайди.

 

Ўғли кетса, яна қовоғи

Ўхшаб қолар қора булутга.

Сувга тушар қозон-товоғи,

Дардин айтар юз йиллик тутга.

 

Олиб кетай деса-да ўғли,

У шаҳарни ёқтирмайди ҳеч.

Соғинч ўти тобора чўғли,

Кута-кута йиллар бўлар кеч.

 

Тут умридай ўтади кунлар,

Мастон момо майиз бўлади.

Кўзин юммас у ҳатто тунлар,

Ўғли келмай қандай ўлади?

 

Бунда қаро тонглар отади,

Кунчиқардан ўғил келмайди.

Кунботарга она ботади,

Бола эса буни билмайди.

 

Мастон момо бугун саҳарда

Уйғотмади мудроқ қишлоқни!

Бозоргаям бормас наҳорда,

Сотиб келмас қаймоқ, пишлоқни!

 

Мастон момом йўл ҳам пойламас,

Бундан мени титроқ босди-да!

Шаҳардаги ўғлин ўйламас

Энди ҳеч ким тутнинг остида!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × five =