Ўзбекнинг ўзбеклиги адлу адолатдадир

Ориф ҲОЖИ
Муаллиф ҳақида:
Ориф ҲОЖИ — 1966 йили Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида таваллуд топган. Ўн етти ёшидан бошлаб қарийб қирқ йил Самарқанд шаҳрида яшади, ижод қилди.
Унинг “Банди руҳ” (1994), “Озод руҳ” (1994), “Янги оҳанглар” (2001), “Самарқанд сайқали” (2007), “Қирқ ҳадис ва бир ривоят” (2008), “Оналар оёғи остида жаннат” (2011), “Ишқ йўли” (2012) номли шеърий, “Оппоққина қушгинам” (2009), “Оқ тулпор” (2010) номли ҳикоялар тўпламлари чоп этилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ЎЗБЕК
Ўзбекча сўйлаш билан ўзбек бўлмайди одам,
Ўзбекка бағрикенглик мерос Одам Атодан.
Ўзбекнинг ўзбеклиги адлу адолатдадир,
Ўзбекнинг ўзбеклиги хайру саховатдадир.
Меҳру оқибат билан ўзбек ўзбек бўлади,
Урф билан, одат билан ўзбек ўзбек бўлади.
Ўзбек орини сотмас, сотса, сотар отини,
Беш бармоғидай билар ўзбек етти зотини.
Ардоқлар аждодини, пирим дер устодини,
Қордай мусаффо бўлар асл ўзбек ботини.
Нон деб яшамас ўзбек, ўзбек шон деб яшайди,
Етти яшар ўғлини хон-султон деб яшайди.
Камситмайди бир-бирин, улуғлайди ҳамиша,
Ўзбек яхши билади: кишининг кўнгли шиша.
Ардоқлар Наврўзини, аямас нон-тузини,
Отасининг сўзини фармон деб яшар ўзбек.
Ўзбек ёт-ёғийга ҳам яхшилик соғинади,
Заминни онам, дейди, Худога сиғинади.
Ўзига тиламасдан, эл-юртга тилар ўзбек,
Қўшнисидан қарз олиб, худойи қилар ўзбек.
Бунёдкорлик қонида, мисолдир Соҳибқирон,
Қўлидан обод бўлди, арабу ҳинду эрон.
Ишонмасанг, Аграга бориб кўр Тожмаҳални,
Бинолардан халқига қўйиб кетган ҳайкални.
Шоҳрух Эрон-Туронни қирқ йил обод айлади,
Улуғбек осимонни “Зич”лаб маҳкам бойлади.
Хайру ҳасанот қилган ўзбекнинг боболари,
Ҳиротни Ҳирот қилган ўзбекнинг боболари.
Навоийнинг ҳиммати бир давлатдан бой эди,
Ўнгида Хуросону сўлида Хитой эди.
Еру кўк орасида нек ниятдир ўзбегим,
Ёмонликни ўйламоқ айб-уят, дер ўзбегим.
Қанча ёмонлик кўрса, ўзбек ичга ютади,
Ҳаттоки душмандан ҳам бир эзгулик кутади.
Санаб бир-бир барчасин вақтингизни олмайман,
Ўзбек бунёдкор бўлар, деган сўздан қолмайман.
Кимки бузмакор бўлса, ўзбек эмасдир мутлоқ,
Ўзбекман, деб алдаган Ултонтоздай бесиёқ.
Ўзбекнинг ўнг қўлида саховат кафгири бор,
Унинг Яланғоч ота — назаркарда пири бор.
Гар Искандар бўлса ҳам ҳеч пирсиз юрмас ўзбек,
Йиқилганни тепмайди, етимни урмас ўзбек.
Уч юз олтмиш томири ҳақ деб урар ўзбекнинг,
Ўғлонлари кундузи юлдуз кўрар ўзбекнинг.
КИТОБ ЎҚИ
(Набирам Абдуллога)
Полвон болам, султон болам, хон болам,
Мулло болам, тилло болам, жон болам.
Темурбекдан қолган ғайрат, журъатинг,
Кўктурклардан келган тоза қон болам.
Ўғузхоннинг қўшинида бор эдинг,
Буврахонга ишда мададкор эдинг.
Ёв қуш бўлса, бамисли шунқор эдинг,
Қиё боқмай ўтдинг, кўрсанг дон, болам.
Нафси шайтон қутқусига учмадинг,
Матлаб эди сенга мудом шон, болам,
Улуғларинг хислатлари қонингда,
Унутмагил зинҳор-зинҳор, жон болам.
Номардлару нокаслардан узоқ юр,
Бўлгин мудом сен Ҳақиқат ён, болам.
Бу дунёнинг арзимас матоҳига,
Алданмагин, алданиш ёмон, болам.
Ҳақни зикр эт, Ҳақни ёд эт ҳар нафас,
Ғофил бўлма Ҳақдан бирор он, болам.
Парво қилма, Шайтон гар зуғум қилса,
Ҳақ билан бўл, Ҳақ бўлар қалқон, болам.
Китоб ўқи, китоб ёдла, билгилки,
Китобларнинг онаси Қуръон, болам.
САМАРҚАНД
Фалакка тиргагингдурлар минорлар,
Қадимдан-да қадим бунда чинорлар,
Шифобахш сувларингга ташна лаблар,
Етишсам, деб кезар қанча диёрлар.
Азизлар хокидин бунёд замининг
Кўзига тўтиё айлар беморлар.
Тикарлар молу ҳолу жисму жонин,
Санга туфроқ бўлай деб шаҳриёрлар.
Самарқандим, самар, қандим, Самар, Қанд —
Вафога жонфидо вафоли ёрлар.