Далли хаёлларнинг жиловин тортма

Очил ТОҲИР
Муаллиф ҳақида:
Очил ТОҲИР — 1955 йили Косон туманида туғилган. 1979 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олган.
Меҳнат фаолияти давомида “Қишлоқ ҳақиқати” (ҳозирги “Қишлоқ ҳаёти”), Муборак туманидаги “Дўстлик байроғи” газеталари ва Ўзбекистон телерадиокомпаниясида турли вазифаларда хизмат қилган.
Шоирнинг “Қарз”, “Соғинч соҳили”, “Кўнглим билан суҳбат”, “Шаклсиз одам”, “Вақт ушоқлари” сингари ўндан ортиқ шеърий тўпламлари нашр этилган. Асарлари бир қанча тилларга таржима қилинган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ОНАМ
Саломдай қутлуғдир онамнинг сўзи,
Каломдай муқаддас онамнинг ўзи.
Офтобдай нурлидир онамнинг юзи,
Ой, қуёш, юлдузли осмоним онам,
Дуогўй, меҳрибон инсоним онам.
Оқ ойдин тонгларга бешикдир алланг,
Безавол улғайса бағрингда боланг,
Мунаввар кўринар кўзингга олам,
Меҳрибоним, жоним — жаҳоним онам,
Кўнглимнинг суянчи — сарбоним онам.
Айтганингдай, бу дунёга қўноқмиз,
Ҳаётда гоҳ мискин, гоҳо қувноқмиз,
Меҳринг туфайли биз доим иноқмиз,
Қибламда каъбамсан, дарбоним онам,
Қаноат боғида боғбоним онам.
Она, кўп ранжитдим нозик кўнглингни,
Кечирдинг ҳамиша саркаш ўғлингни,
Юзларимга босай қадоқ қўлингни,
Аллоҳнинг энг буюк эҳсони онам,
Менинг дуогўйим — посбоним онам.
ТААЖЖУБ
Бу кўнгил тўлмайди, недир кам,
Тўлса ҳам, меҳрга муҳтож-зор.
Таажжубим, аҳли қавм одам —
Бири-биридан безор.
У бепарво, у лоқайд, бахил,
Онг-тафаккур фақат унда бор.
Аммо юз-кўзига ҳукмрон жаҳл,
Гугурт янглиғ ёнишга тайёр.
Бу кўнгил тўлмайди, тўймайди,
Ўзича ҳайвондан қилар ор.
Ҳайвонлар бир-бирин сўймайди,
Уларга ғирромлик эмас касби-кор.
Минг таажжуб, одам ўйламас
Ётишини тупроқни қучиб,
Билар ўзи фаришта эмас,
Лекин юрар осмонда учиб.
ЁЛҒИЗ БОШ
Ёлғиз бош ёстиғин ярми бўш бўлар,
Шўрлик кўнгли яраланган қуш бўлар,
Орзу ҳам яримдир, ярми хўш бўлар,
Жавзода ҳам кўрган куни қиш бўлар.
Ҳаммага ҳам бирдек ёқмас бу сўзим,
Ёлғизга Аллоҳим берсин-эй тўзим,
Ичимдан ўтганин биламан ўзим,
Мажруҳ руҳга юпанч сароб, туш бўлар.
Бедорлик не, сўра кўнгли бедордан,
Қўш тор боис садо чиқар дутордан,
Жуфтлар кетар, шўрлик қолар қатордан,
Ғуссалар домида у беҳуш бўлар.
Тоқлик ва танҳолик Тангрига хосдир,
Бандасига бундай яшаш абасдир,
Шоир, юрак бу дастурхон эмасдир,
Айтаверсанг, дийданг қонли ёш бўлар.
ОЗОД ҚУШ
Қунишиб ўлтирар ёлғиз митти қуш,
Балки, олис манзилларни кўрар туш,
Ўз шаклига ўхшаш қовжироқ баргга
Гоҳо қараб қўяр ўйчану хомуш.
Сен бир зариф сирли хилқат —
митти жон,
Ажабланиб атрофингга қарайсан.
Мол-дунёмас, керак бир кафтгина дон,
Қушчам, мендан йўқ нарсани сўрайсан?
Жисмонан ожизсан, аммо мағрурсан,
Билмайсан, нима у алдов, хиёнат.
Эрка қушим, бахтинг: эркинсан-ҳурсан,
Унутма, озодлик — улуғ иноят…
УЛАР ҲАМ ТИРИК ЖОН
Қушлар ҳам тирик жон, суҳбат қурарлар,
Юрак кечинмасин қилишар изҳор.
Жуфт-жуфт бўлиб, бирга яшаб юрарлар,
Одамдай қавмига етказмас озор.
Ғийбат қилмас, гарчи тинмай сайрашар,
Улар чарчамаслар ёниб суйишдан,
Икки қалб сирин муқаддас санашар,
Қўрқар, бир-бирин йўқотиб қўйишдан.
БОШДАН ШУНДАЙ
Ҳасад эмас, ҳавасга
Юрагимдан топдим жой.
Қуллуқ қилиб ҳар касга,
Бўлмайман, деб патак-пой,
Хандақларда тепдим лой.
Қаддимни мисли терак
Тик тутдим, букилмадим,
Сени қийнадим, юрак,
Туллак кимсалар мисол,
Ҳар кимга юкунмадим.
Кимдир бўп искабтопар,
Дер, ўзича қотирдим,
Мен қўпол, бетгачопар,
Деган номни орттирдим.
Ўйчан тонглар орттирдим.
Во ажаб, букрилар ҳам
Созлабди ўз қаддини.
Нима қилай, қайсар дил
Билмас сира ҳаддини,
Ичда сақлар дардини.
Қоринқуллар алишди
Қорин-нафсга қадрини,
Ҳам бир-бирин сотишди.
…Телба кўнглим сатрини
Ўқиб ҳайрон қолишди.
Шоир доим шоир-да,
Кор қилмайди тазйиқлар.
Айтсам манглай тақдир-да,
Кўпдир эгри чизиқлар,
Бошдан шундай ёзуқлар!..
БИЗ ЯНА
1
Биз яна биргамиз!
Пичирлар лабинг:
“Чиқайлик қирга биз”,
Ҳаприқар қалбинг.
Қаҳри қаҳҳор қишнинг
Жиловин тортиб,
Бойчечак чиқиши
Табиий тартиб.
2
О, бойчечак қалблим,
Чекинмоқда қиш.
Ишва-ноздай ҳалим,
Ширин жилмайиш,
Аксланар акси
Дудоқ-лабингда.
Қалдирғочларнинг
Бошланар рақси
Менинг қалбимда.
3
Бу ҳамал-кўкламдан,
Мужда-хушхабар.
Айнан шу дамдан
Бошланар баҳор.
Дилга такрор-такрор
Солар бир оташ.
Муҳаббат ва баҳор
Томирдош, туташ.
ТАСКИН СЎЗ
Олисларга тикил, узоқдан-узоқ,
Далли хаёлларнинг жиловин тортма.
Ҳур ёдинг сор-бургут қўймагин тузоқ.
Эркалагин, чап кўксингни оғритма.
Йиллар оёқ яланг боладай чопар,
Кўзгудан тикилар мўйсафид нигоҳ.
Шивирлаб қўй, ҳали олдда деб баҳор,
Таскин сўз саналмас ёлғон ё гуноҳ.
ОДАМЛАРНИ ОРАЛАБ
Ўзимизда не бўлса борин
Ўртамизда кўрамиз баҳам,
Бизга ташвиш солмас нафс-қорин
Ва азобкуш катта бойлик ҳам.
Қалбимиз шамолдай эркин, ҳур,
Йўлимизни тўсолмас ғаним,
Гузарлардан ўтамиз масрур,
Одамларни оралаб, жоним.
Қош–қовоғин уйса уйибди,
Сен уларга қилмагин парво.
Кимдир кимни дилдан суйибди,
Чин бахт шудир қисматий туҳфа.
ТАЗАРРУ
Сомон сувоқ томда — лолақизғалдоқ
Жилмаяр, беғубор бир қучоқ соғинч.
Самимий туйғуга ўгайдир алдоқ,
Соддалик риштаси — узилмас боғич.
Вақтда жилов йўқдир, умрда тизгин,
Йиллар пўртанаси — югурик, ўзгир…
Менинг юрагимдан сўрамас изн,
Хаёл жойидамас, ўйларим тўзғир.
Эсласам… тобора соғинчим ортар,
Сувоқлари кўчган пахса девор уй.
Йилларга бўй бермай бағрига тортар,
Руҳимни титратиб соғинч деган куй.
Ўсдим. Ёлғон тинглаб, ёлғонлар айтиб,
Қиёфаси ОДАМ катта қавм аро.
Болалигим, сенга қарайман қайтиб,
Оҳ, сенинг олдингда юзларим қора.
Тавба-тазарруми, не деб атайин,
Номини билмайман, чин иқрор сўзим.
Бир кун мақсадингга етишинг тайин,
Кибор юрагим сен — жаллод, бетўзим.
КЎНГЛИМСАН
Ўзини ҳар кўйга солар бу кўнгил,
Гоҳ ўзин шоҳ санар, гоҳо фақир-қул,
Учса тенг келолмас қанотли дулдул,
Сен кўнгилсан, ахир кўнглимсан.
Гўдакдай инжиқсан, битмас хархашанг,
Гоҳида хокисор, гоҳида башанг,
Қандай ошкор қилай элга томошанг,
Сен кўнгилсан, ахир кўнглимсан.
Менинг оқ кўнглимсан, қора кўнглимсан,
Тантисан, қалб аро сара кўнглимсан,
Қизғанчиқсан, рашкдан яра кўнглимсан,
Сен шундайсан, ахир кўнглимсан.
Ўзгача дунёмсан, танҳо ягона.
Эл ичра номимиз саркаш, девона,
Девона, эл аро мудом афсона,
Шарҳи достонимсан, ахир кўнглимсан.
Яшаймиз дунёда кўмилиб сирга,
Пайти келса таъзим қилганча ерга,
Бирга туғилгандик, кетармиз бирга,
Гулмисан, тошмисан, менинг кўнглимсан.
БУЮК ТИМСОЛ
Зирвасида оппоқ дастори,
Турар боқиб ҳайбатли тоғлар.
Доим бир хил ранги-атвори,
Доғласа ҳам кўксини доғлар.
Андиша кучлидир феълингда,
Тоғсан, қадрлайсан номингни.
Сирлар титраб турар тилингда,
Бироқ чиқармайсан дамингни.
Олмос чўққи — пурвиқор тоғлар,
Бошин қўяр тўшингга булут.
Юрак ютиб келолмас зоғлар,
Зоғлар қачон бўлибди бургут.
Тоғлар, тоғлар, қойил қоламан,
Майдаликдан тамоман холи.
Рости, қалбдан ҳавас қиламан,
Ироданинг буюк тимсоли.
ҚОЛДИРМАС ЎРИН
Сабрим дарахтининг барглари сарғиш,
Ёки зуваламни қорганми ташвиш?
Истайманми-йўқми, бўладиган иш
Бўлади, гумонга қолдирмас ўрин.
Сен хоҳла-хоҳлама, қадринг бир чақа,
Куйиниб, кучаниб қўй йиртма ёқа.
Оқим суриб ташлар, бир ўзинг якка
Қоласан, “ёмон”га қолдирмас ўрин.
Холиссан, ҳолингга ачинмас биров,
Аксинча, ортади танбеҳу буров,
Фақат эрта тушар сочингга қиров,
Сўзлашга забонга қолдирмас ўрин.
Насиҳатмас, айтаман куйганимдан,
Билиб-билмай яхшига йўйганимдан,
Мен гапирдим жонимдан тўйганимдан,
Жоҳиллар иймонга қолдирмас ўрин.
БУ КЎНГИЛ
Кампирнинг ортидан тикилди бир зум,
Ногоҳ сакраб кетди кўксида оҳу,
“Суқсурдай қиз эди! — ёнарди кўзим…”
Тикланар бағрида жунбишли туйғу.
Ҳаяжонли титроқ, мўъжиза, тилсим…
Босим берар ҳисга андиша, ҳадик.
Тилга тушов тушар, атрофда ҳеч ким
Йўқ бўлса ҳам, уни нўхталар қаттиқ.
Қани… чапдаст ёшлик, қирқ ўрим соч қиз…
Тағин кўз ўнгида бўларкан пайдо,
У каловланар, сўз тополмай ҳаргиз,
Пичирлар… бу кўнгил қилади адо!..
ЖАВОБ
Катталар излар қадр, қалбида кибор,
Гирди тоза, ичи қурумлаб кетган,
Улар болаларга бермас эътибор,
Болалик ҳам уларни унутган.
ИДРОК
Идрокимда ўсар бир дарахт,
Бўйи-басти савол шаклида.
Хомхаёлдан бошқа эмас бахт,
Умид-юпанч инсон аҳлига.
Нақли ишқда сеҳр-имо кўп,
Аҳли ошиқ туйгайдир буни,
Боғ бўлганми, қуриб қолган чўп?
Кўзни ачиштирар тутуни…