Манзилига кечиккан хатлар

24 ЙИЛ ЎТГАЧ…

Асли Қамашининг Дўстберди қишлоғида туғилиб, Ғафур Ғуломдек атоқли адиб очерки қаҳрамонига айланган оддий чўпон йигитнинг орадан йиллар ўтиб эл орасида Нодир командир дея ном қозониши ўтган асрнинг 30-йиллари ўрталарида катта воқеа бўлган, албатта…

Аммо, минг афсуски, оддий халқ орасидан чиққан мард ва ҳалол бу инсон ҳам 1937 йилда машъум қатағон шамолига дучор бўлди. У Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромовларнинг издоши деб, Қарши шаҳридаги турмага ташланди ва мислсиз қийноқлар исканжасида жон берди.

Гарчи Нодир Пардаев ишида жиноят аломатлари йўқлиги сабабли, 1938 йилдаёқ оқланган бўлса-да, унинг айбсизлиги ҳақидаги хат орадан нақ 24 йил ўтиб, яъни 1962 йилнинг 11 декабрида унинг оиласига етиб келган…

Ҳа, бир варақ жонсиз қоғоздаги хабар энг аввало унинг мушфиқ аёли ва ота дийдорига тўймаган ўғил ва қизлари юрагидаги дардга малҳам бўлолмасди, албатта.

Нетонгки, бу шўролар салтанатининг инсон тақдирига нисбатан бефарқлиги ва золимлиги деб ўзимизни овутамиз, кўнглимизга таскин берамиз…

ҚИЛМАГАН АЙБИ УЧУН…

Яқинда интернет тармоғида чиққан бир хабар, рости, ҳафсаламни пир қилди. Вилоятлардан биридаги савдо дўконига ўғриликка тушишда айбланган йигит уч йилга озодликдан маҳрум қилинади. Орадан бир қанча вақт ўтгач, маҳбуснинг айбсизлиги исботланиб, у оқланади. Лекин унинг оқланганлиги, айбсиз эканлиги ҳақидаги хат на оиласига, на унинг ўзига юборилган. Оқибатда айбсиз айбдор бўлган йигит яна 207 кун, яъни саккиз ой қамоқхонада сақланган ва ишда йўл қўйган бефарқлиги учун икки-уч масъулларга ҳайфсан берилганлиги баён этилган…

Инсон тақдирига нисбатан бундай бефарқлик кўнглингизда қандай иштибоҳ, ғалаён уйғотди? Шу бегуноҳ маҳкумнинг ўрнида мен ёки сиз, ёхуд фарзандларимиз, яқинларимиз бўлса, нима қилардик?..

Улуғ шоир Абдулла Орипов бекорга: “Инсон қалби билан ҳазиллашманг сиз” — дея ёзмаган эди…

ХОРИЖДАН КЕЛГАН МАКТУБ

Пирмамат Чориев ҳарбий хизматдан уйига қайтишига бир неча ой қолганида Иккинчи жаҳон уруши бошланиб қолади. Қақшатқич жангларнинг бирида оғир ярадор бўлиб, асирга тушади. Маҳбусликда не-не азоб-уқубатларни бошидан ўтказади. Уруш тугагач Пирмамат ака тақдир тақозоси билан Туркияда қўним топди. Раҳмдил кишилар кўмагида ўзига яраша иш топди, уйланди. Қизли, ўғилли бўлди. Бироқ барибир юрт соғинчи уни тинч қўймади. У киндик қони томган элига мактуб ёзди.

Конвертга эса: “Ўзбекистон давлати, Бухоро вилояти, Чироқчи тумани, Қоратепа овули, Санчиқул қишлоғи, Чори Берди ўғлига” деб ёзилган эди. Хат эгасини топгунча нақ олти ой Қамаши ва Чироқчидаги қанча қишлоқларга бориб қайтди. Ҳатто Санчиқул қишлоғи почтасига ҳам уч бора келиб кетди. Ҳеч ким бу ажнабий алифбода битилган хатга эътибор қаратмади (хат лотин алифбосида ёзилган эди). Ниҳоят, кунларнинг бирида Чимқўрғон қишлоғига борган уруш қатнашчиси Нурмамат Қурбоновнинг қўлига хат тушди-ю, у конвертдаги манзилни ўқиб, қийқириб юборди.

— Ахир бу Чориев Сурманнинг акаси Пирмамат акадан-ку! Бечора урушда дом-дараксиз кетганди.

Охири хат эгасини топди. Пирмамат аканинг отаси аллақачон оламдан ўтган бўлса-да, бироқ унинг икки укаси ва сингиллари бор эди.

1975 йилнинг ёзида Пирмамат ака қизи Ясамин билан Ўзбекистонга келди.

У 36 йилдан сўнг она заминига қадам босди.

ҚАРШИ БИЛАН БЕШКЕНТ ОРАСИ…

Кунларнинг бирида ижодкор укамиз қизиқ бир воқеани сўзлаб берди.

— Қаторасига тўрт қиздан кейин ўғил кўрган танишим босар-тусарини билмай, чақалоқнинг чилласи чиққач, тўй кунини белгилаб, қишлоқдаги собиқ синфдоши Тўлқинга: “Ҳамма синфдошларни бошлаб кел” дея телеграмма жўнатди (у пайтларда ҳозиргидек мобиль телефонлар йўқ эди). Тўй куни ҳамма айтилганлар келди, бироқ синфдошларнинг бирортаси кўринмади. Бундан хафа бўлган тўй эгаси орадан бир ой ўтиб, синфдоши Тўлқинни бозорда учратиб, тўйга келмагани сабабини сўради. Дўсти чўнтагидан телеграммани чиқариб кўрсатди. Во дариғ, тезкор чақирув хати манзилга нақ 15 кун кечикиб етиб борган экан. Ҳолбуки, Қарши билан Бешкент ораси 13 чақирим эди, холос…

БИЗДА ҲАМ...

Дунёнинг энг коррупциядан холи давлатларидан бири ҳисобланган Сингапурда хизмат вазифасини ўташ жараёнида қўпол хатоларга йўл қўйган давлат хизматчилари ва ҳатто полициячи, терговчи, прокурор ва судьялар ишдан бўшатилиши билан бирга пенсия олиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинар экан.

Балки бизда ҳам…

Зиммасидаги ишига совуққонлик билан қараш, бефарқлик каби салбий ҳолатлар қанчалик камайса, жамиятимизда қонун устуворлиги янада ошган бўларди, албатта.

Ўролбой ҚОБИЛ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + 15 =