Тилла самовар

Ўтган асрнинг саксонинчи йили Москвада Ёзги олимпиада ўйинлари бўлиб ўтди. Катта спорт байрами тайёргарлиги ниҳоясига етай деб қолганида ёшлар газетасининг мухбири сифатида Москвага отландим. Менга олимпиадачилар шаҳарчасидан туркум репортажлар ёзиш топширилган эди.

Меҳмонхонага жойлашиб, ҳар куни мусобақалар ўтказиладиган спорт иншоотларидан бирини бориб кўраман, ён дафтаримга турли рақамларни ёзиб оламан. Кечқурун уларни мақола шаклида қоғозга тушираман.

Бир куни ёзганларимни Тошкентга жўнатиш учун такси ёллаб, Домодедово аэропортига бордим. У ерда бирорта ҳамшаҳардан мақолаларни таҳририятга бериб юбормоқчи бўлдим. (Ахир у пайтлар ҳозиргидек интернет имкониятлари қайда дейсиз!)

Эрталабдан майдалаб ёғаётган ёмғир биз йўлга тушишимиз билан жадаллашди. Бу шаҳарда анча йил яшаб, илм билан шуғулланган бир танишим “Москванинг ёмғири юрак-бағрингни эзиб юборади”, деганида, тўғриси, ҳайрон бўлган эдим. Мана, шу ҳолатга ўзим тушиб турибман. Машина ичида ўтирсанг ҳам, ёмғир ичингга ёғаётгандай бўлади. Қуёшни қўмсаб зерикиб кетасан, вақт имиллаб ўтади, бунинг устига, иштаҳанг забтига олади.

Ҳайдовчи йигитнинг исми Виталий, Тошкент яқинидаги Янгиобод посёлкасида туғилиб, шу ерда ўрта мактабни тугатгач, ота-онаси билан Москвага кўчиб кетишган экан. У мендан қачон учишимни сўради. Мен: “Йўқ, учмайман, Тошкентга хат бериб юбормоқчиман”, дедим. Бу гапим унга маъқул келди, шекилли:

— Ҳамшаҳар, шошилмаётган бўлсанг, илтимос, бир жойга бирров кириб чиқмоқчиман, қўрқма, машинани сенга ишониб қолдираман, ўтириб турасан, тез чиқаман, — деди. Гапимиз қовушиб қолгани учун рози бўла қолдим.

Машина катта йўлдан бурилиб, сершовқин кўприк остидан ўтди, кейин чоғроқ, анчагина қаровсиз йўлга чиқиб, анча юрди. Бир жойда тўхтаб, ҳайдовчи йўл ёқасидаги магазиндан бир нималарни харид қилиб чиқди. Мен унга анграйиброқ қараган эдим, у мийиғида кулиб деди:

— Қўрқма, дедим-ку, ҳамшаҳар, онам касалхонага тушиб қолди. Кўраману чиқаман, хатингни Тошкентга албатта жўнатамиз. Қовун жўнатишларини ёзган бўлсанг, охирига қўшиб қўй: менга ҳам битта юборишсин, анчадан бери еганим йўқ…

Бу гапдан кейин орамиздаги девор кўтарилиб, эски қадрдонлардай бўлиб кетдик. Катта йўлга чиқишимизга оз қолганида Виталий уф тортгандай бўлди-ю машинани секинлатди. Мен унга ажабланиб қарадим.

— Журналист бўлсанг ҳам, жуда эҳтиёткор экансан сен бола, — деди у. — Менга бундай қарагунча, ҳув тўққиз қаватли бинони кўряпсанми, ўша бинонинг бешинчи қаватига қара. Яхшироқ қарагин-а, ҳув ана, балконига болаларнинг иштончаларини илиб қўйишибди. Худди кўргазма қилаётгандай осишади-я! Кўряпсанми?

Мен Виталий қўли билан кўрсатаётган томонга қарадим, аммо қайси балконга қарашни билмай қолдим. Иштончалар деярли ҳамма балконларда кўзга ташланар эди-да. Виталийнинг ҳикояси шу ерда бошланди ва Домодедово аэропортига етгунимизча давом этди.

— Эҳ, йигирма йилдан бери ҳайдовчилик қиламан. Бу япасқи бош нималарга гувоҳ бўлмади, дейсан. Ўғрисини ҳам, тўғрисини ҳам кўрдим. Министр, депутат, халқ артисти, прокурор, қўйинг-чи, космонавтдан бошқа ҳаммасининг хизматини қилдим. Расул Гамзатов деган шоирни аэропортга олиб чиқиб қўйсам, бир сиқим пул берса бўладими? Ошиқчасини қайтармоқчи бўлгандим, ўзи ҳам шоирларнинг зўри экан, “Сен бола мени ким деб ўйлаяпсан? Сенга шунча пулни қўлингга тутқазадиган бошқа Гамзатов бу дунёда йўқ, билдингми? Чўнтагингга солгин-да, уйингга равона бўл, келинни бир хурсанд қил бугун”, деб танбеҳ берди. Бунақасини сира учратмаганман.

Битта аёл машинанинг ўзида фарзанд кўрди, доялик қилдим. Биттаси биқинимга пичоқ тираб, бор пулимни шилиб кетди. Муттаҳамлар ҳам учраб туради. Кечқурун ароқ сўрашади. Битта сенга ўхшаган ҳамшаҳарим самолётга кеч қолай деган экан, визиллатиб Домодедовога обориб қўйдим. Эҳ, сўтак, мени мақтаб, ишхонамга раҳматнома ёзибди. Нима дебди дегин: “Ҳайдовчининг маҳоратига қойил қолдим, у машинани мингга қўйиб, мени ярим соатга қолдирмай аэропортга етказди, сал бўлмаса, самолётдан қолиб кетардим. У мукофотга муносиб…”.

“Мингга қўйиб машина ҳайдайдиган сенмисан ҳали?” дея сал қолди ишдан бўшатиб юборишларига. Икки ой гаражда ремонтчиларга қарашиб, мойга буланиб, зўрға қутулдим. Яна сен ҳам…

Шу ерда уни тўхтатдим.

— Бешинчи қаватдаги уйнинг балконига нега қарашим керак эди?

— Дарвоқе, сен ҳали ҳеч балони тушунмадинг. Қачон шу кўчадан ўтсам, шу балконга кўзим тушди дегунча, мазам қочади. Ўзимни ўзим койиб кетаман. Биласанми, нима бўлган ўзи?

…Ўшанда ҳам ёмғир ҳозиргидай эзиб шивалаётганди. Иккита талаба қизни ётоқхонага олиб бориб қўйиб, шу йўлдан бир ўзим қайтаётган эдим, йўл ёқасида турган битта кампиршо қўл кўтариб қолди. Тўхтадим. “Ўғлим, шу ерда тураман, битта эски самоварим бор, ломбардга қўймоқчиман. Бобомдан қолган ёдгорлик, аммо пул керак. Шунга ёрдамлашвор”, деди. Хўп деб, кампирни машинага ўтқазиб, тўққиз қаватли бинонинг тагигача бордик. Бешинчи қаватда турар экан, ҳаётидан нолиб, бир нималарни тинимсиз гапиради. Уйга кирдик. Самоварни кўтариб кўриб, “уҳ” девордим-да. Кўриниши жуда чиройли, аммо зил-замбил. Ичига темир-терсак солиб қўйишганми, дейсан. Бир амаллаб ташқарига олиб чиқдик. Машинани юргизганимда, кампиршо таклиф қилиб қолди:

— Ўғлим, кўриб турибсан, ноёб нарса. Йигирма беш сўм бериб, ўзингга олақолсанг-чи?

— Э, кампиршо, нималар деяпсиз ўзи, йигирма беш сўм эмиш, алмисоқдан қолган нарсаларга қизиқмайман, — дебман мен каллаварам.

Хуллас, ломбардга етиб келдик. Ўзи ҳам шум кампир экан, самоварни кўтариб ичкарига олиб кириб берсам:

— Ўғлим, сен кўчада кутиб тур, мен буни топшириб, пулини оламану чиқаман, бирйўла уйимга обориб қўясан, — деб қолди. Ёнида бир сўм ҳам пули йўқ экан-да.

Ноилож кўчада кутиб турдим. Ўн минут, йигирма минут, ярим соат ўтди ҳамки, кампир чиқмади. Кетворай десам, йўл ҳақини олмаганман. Яна бироз кутдим-да, ичкарига кирдим. Кампир йўқ. Аммо ҳамма безовта. Ходимлардан бири милицияга, иккинчиси “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилишмоқда. Кўринишидан орган ходимларини эслатувчи икки киши атрофга олазарак қараб туришибди.

Мен соддаси тушмагур, шулардан кампирни сўрабман. “Битта кампиршони олиб келувдим, самоварини топширмоқчи эди”, дейишимни биламан, қўлимни орқага қайириб, битта хонага олиб кириб кетишди. Ичкарида кампир ҳушдан кетиб, диванда чўзилиб ётибди, иккита аёл, бири қўйиб, иккинчиси тепасида елпиб туришибди.

— Нима гап ўзи, тинчликми? — ҳайрон бўлиб сўрадим нотаниш одамлардан. Улардан бири менга истеҳзоли қараб:

— Нима бўлганини бизга сен тушунтириб берасан, ўртоқ ҳайдовчи, — дейди.

Бу гапни эшитиб, баданимдан совуқ тер чиқиб кетди.

Гапнинг қисқаси, кампирнинг самоварини қабул қилиш учун текшириб кўришса, таркибида 23 килограмм 260 грамм соф тилла бор экан! Эшитяпсанми, ҳамюрт, 23 килограмм 260 грамм!

Мени аввалига роса ижикилаб сўроқ қилишди, тушунтириш хати ёздириб олишди. Кейин алоҳида тилхат ҳам ёздим: “Ҳеч қанақа кампирни, ҳеч қанақа самоварни кўрганим йўқ, умуман, бу кўчалардан ўтмадим, ломбард қаердалигини билмайман ҳам”.

Билсанг, бу билан ҳам қутулмадим. Ҳар ойда камида бир марта ишхонамга келишади, бирор кишига гуллаб қўйган-қўймаганимни сўрашади.

Мана шунақа гаплар, оғайни. Қачон шу кўчага йўлим тушса, бешинчи қаватга қарайман-у, ўзимга ўзим: “Эҳ, каллаварам”, деб қўяман…

Виталийнинг ҳикоясига қизиқиб кетиб, аэропортга етиб келганимизни ҳам сезмай қолдим.

— Биродар, агар кутиб турсанг, хатни бирортасига бераман-у қайтиб чиқаман, меҳмонхонага ташлаб қўйсанг, битта қулинг ўргилсин қовуним бор, сенга совға қиламан, — дедим.

Ҳайдовчи рози бўлди. Аммо мен ичкарида бироз ҳаяллаб қолдим. Ташқарига чиқсам, у аллақачон кетиб бўлган экан…

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × one =