Журналист ён дафтаридан

Хассос адибимиз Абдулла Қаҳҳор ёш ёзувчиларнинг семинарида сўзлаган нутқида хотира яъни, ён дафтар тутишнинг муҳим аҳамияти ҳақида гапириб: “Бу дафтарга фақат мушоҳадаларгина эмас воқеалар, манзаралар, фикрлар, сўзлар, иборалар ҳам ёзилиши мумкин. Чехов ҳатто исмларни ҳам ёзган”, дея сўз айтганлар. Севимли адибимизнинг “Ён дафтари”ни ўқир эканмиз теша тегмаган иборалар, ибратли ҳикояларни ўқиб маза қиламиз. Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” асари бугунги кунда энг кўп ўқиладиган асарлар қаторидан жой олди.

Журналист қавми гарчанд кундалик қора меҳнат билан банд бўлса-да, сафарлари мобайнида қулоққа чалинган қизиқ-қизиқ воқеаларни ён дафтарига ёзиб борса, ўқишли материаллар дунёга келар экан. Камина мунтазам равишда ён дафтар тутмасам-да, одамлардан эшитган ибратли нақлларни оқ қоғоз юзига муҳрлаб қўяман. Яқинда ён дафтаримни варақлаб одамлардан ёзиб олган мухтасар ҳикоят, ривоят ва ҳаётий ҳангомаларни ўқиб, яна бир карра мутаассир бўлдим. Қуйида улардан айримлари.

 

БИРОВНИНГ ҲАҚИ

Бундан бир неча йил муқаддам Мирза­обод туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактаби жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Тоҳир Муҳамедов “Шуҳрат” медали билан тақдирланган эди. Таҳририят топшириғи билан нишондор устоз ҳақида материал тайёрлашга бордим. Суҳбат асно аждодларимизнинг ҳалол ҳаёт кечирганлиги, унинг сабаблари ҳақида қизғин суҳбат кетди. Шунда Тоҳиржон бобосининг бошидан кечирган ибратли бир воқеани сўзлаб берди.

—Дунёда ўзбек халқидай беозор, раҳмдил, бағрикенг халқ бўлмаса керак. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир йиллар. Одамларнинг қурсоғи нонга тўймайди. Кўзлар оч. Қачон қорнимиз нонга тўяркан, дея орзулаганлар минг-мингта.

Кексаю ёш ғаллага ўроқ тушишини интизорлик билан кутишади. Чунки ғалласи ўриб кетилган майдонларга одамлар бола-чақаси билан машоқ теришга чиқади. Машоқ деганлари ўримдан кейин ерга тўкилиб қолган дон-дунни битталаб теришга айтилади. Машоқчининг иши ҳам жуда оғир, майда иш. Бироқ наилож, яшаш учун курашиш керак.

Кунлардан бир куни буғдойи ўрилган далага машоқ теришга чиққан бобомнинг кўзи юмронқозиқнинг инига тушибди. Ҳойнаҳой бу жонивор қишга егулик ғамлаган бўлса керак, деб юмроннинг инини қазий бошлабди. Бобомнинг тахмини тўғри чиқибди. Юмронқозиқнинг инида 4 килоча буғдой уюлганини кўрибди. Уни халтасига солиб олмоқчи бўлганида юмронқозиқнинг ҳали кўзи очилмаган болаларига рўбарў келибди. Бечоранинг болалари ўлиб қолмасин, уволи тутади, бизга Яратган Эгам ризқимизни берар, дея юмронқозиқнинг инидаги ғаллани олмай уйга қайтибди.

 

НЕМИС ЎЗБЕК ЭМАС

Бу воқеа ҳақида 2010 йилда вилоят педагог кадр­ларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш иститути катта ўқитувчиси Баҳринисо Атаева ҳам кулиб, ҳам куйиниб ҳикоя қилиб берганди.

─ 2009 йил бир гуруҳ ўзбекистонлик ўқитувчилар Германияга малака оширишга бордик. Сабоқлар кўнгилдагидек ўтди. Айниқса, немисларнинг вақтнинг қадрига етишига қойил қолдик. Ҳар бир маъруза белгиланган вақтда поёнига етади. Биздагидек эзма чуруқлик йўқ. (Иккинчи жаҳон урушини Германия мағлублар сафида якунлаган бўлса-да, бугунги кунда дунёнинг энг ривожланган 7 та давлати қаторига киришида ҳам мана шу тартиб-интизом асосий роль ўйнаган бўлса не ажаб!)

Сабоқлар якунланиб, мезбонлар бизни Берлин бўйлаб Шпрее дарёсида катерда сайр этишга чорлади. Айтилган кун ва айтилган соатда катер пойтахтни олмос камардек кесиб ўтган дарёда енгил суза бошлади. Бахтга қарши Халқ таълими вазирлиги вакили ва икки қорақалпоғистонлик ўқитувчи белгиланган вақтда ҳозир бўлолмай сайру томошадан қолиб кетди. Тиниқ сувли дарёда эмин-эркин сузиб Берлинни обдон томоша қилдик. Қароргоҳимизга бир олам таассуротлар билан   қайтгач, вазирлигимиз вакили таржимонимизга ўшқира кетди:

─ Бизнинг салгина кечикканимизни тушунтириб айтсанг, тилингга тирсак чиқармиди? Сени деб саё­ҳатдан қолиб ўтирибмиз-а! ─ деди гезарганича.

Таржимонимиз босиқлик билан:

─ Ака, булар ўзбек эмас, Германия. Буларда олмонча ҳисоб-китоб бор. Ҳар бир дақиқанинг қад­рига етишади.

Таржимоннинг бу гапларидан кейин вазирлик масъулининг дами ичига тушиб кетди. Камина бу ҳикояни эшитиб роса таъсирланган эдим.

Муҳаммадали АҲМАД,

“Янги Сирдарё” газетаси бўлим мудири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + 1 =