Газета ортиқча дахмазами?!

Гоҳида хаёллар оғуши турфа мулоҳаза-мушоҳадага чорлайди. Таҳририятда мухбир бўлиб ишлайдиган танишимнинг айтишича, ўзаро мулоқотларда, гурунгларда айрим ошна-оғайнилар унга маломат қилиб: “Ҳалиям газета борми?! Газетангизни ҳеч ким ўқимайди-ку, нима кераги бор?..” — дер экан. Айниқса, олибсотарлик билан шуғулланадиган (ўзини савдогар ҳисоблайдиган) Даврон кўп кесатаркан. Машинаси бор, участкаларини данғиллатворган, гаплариям бутун — пулдорлигини ҳам инкор қилмайди.

— Қулоғимда эса унинг “…ҳеч ким ўқимайди-ку”, деган маломати жаранглайверади, хомуш тортаман, — дея хўрсинди суҳбатдошим. — Кунларнинг бирида анча ҳаётий тажрибага эга, масъул лавозимда ишлайдиган бир зиёли профессордан интервью олиш асносида асосий мавзудан чекиниб, шу ичимдаги дардимни айтдим. Шунда фахрий устоз маслаҳат бердилар:

— Сиз ўша савдогар танишингизга: “Газетани ҳеч ким ўқимайди-я! Яхши, оғайни, сенинг савдо-сотиқдаги қинғирликларинг, кирдикорларинг ҳақида кичкинагина — икки сатрли “луқма” ёзаман. Исм-фамилиянгни ва дўконларинг манзилини аниқ келтираман”, деб айтиб кўринг-чи…

Вақти келиб, яна ҳалиги ишбилармон билан битта даврага йиғилдик. Буни қарангки, у ўзи мен кутган масалада гап бошлади:

— Ҳеч ким ўқимайдиган газеталарни чиқариб турибсизларми? — дегач, даврада одатдагидек кулги янгради.

Аммо бу сафар мен ҳам бўш келмадим. Гурунгнинг охирида мавриди келганида уни четроққа чорлаб: “Сенинг савдодаги қинғирликларинг, кирдикорларинг ҳақида газетада ихчамгина танқид ёзмоқчиман”, — деб қулоғига шипшитдим.

— Қўйсанг-чи, ошна, шартмас, нимага айнан мени ёзасан? — деди ўнғайсизланиб. — Ҳазиллашамиз-ку, кулишамиз-да… Яна ёзвормагин-а?!

— Ёзсам нима бўпти?! — дедим дадилланиб. — Бунинг нимаси ёмон? Барибир ҳеч ким ўқимайди-ку!

Хуллас, ҳазил-ҳузул-у қаҳқаҳаларга йўғрилган издиҳом охирлаб, уй-уйимизга тарқалдик. Соатга қарайман: 22:34. Ўринга ётиб, кўзим уйқуга кетган экан, телефоним жиринглади. Кўзларимни кафтим билан ишқалаб, яна соатга қарайман: 23:47. Ким экан ярим тунда безовта қилаётган? Ие, Даврон-ку…

— Ҳа, ошна, тинчликми, нима гап?

— Узр, кеч бўлса ҳам безовта қилдим, — деди Даврон хавотирли овозда, кейин давом этди, — ҳазиллашамиз-да, биласан-ку, а, яна чинликка олиб ёзвормагин-а…

— Нега чўчийсан? Хотиржам бўл-э, барибир ҳеч ким ўқимайди-е, — дедим кесатиқ аралаш кулиб.

— Ҳа, тўғри айтасан. Лекин ҳеч ким ўқимаса ҳам ёзмай қўявер, илтимос…

— Хотиржам бўл, яхши дам ол. Ёзмасам ёзмасман.

Бир неча соат мобайнида маломатчидан фикр юритувчи даражасига кўтарилган, юксалган Давронжон шу тариқа “газетани ҳеч ким ўқимайди” қабилидаги тушунчасини мутлақо аксига ўзгартирганлиги яққол намоён бўлди.

Айтишларича, аксарият “давронжон”лар “обуна мажбурий эмас” деган ниқоб остида газетани ортиқча дахмаза ҳисоблаб, мазкур маърифат маёғини, бунёдкорлик сари интилаётган жамиятнинг таянч-устуни, энг муҳим оммавий тарғибот воситасини зимдан инкор қилишяпти экан.

Ҳа, аслида, ўқилмаётгани фақат газетагина эмас, китоблар мутолааси ҳам, ҳар қалай, тараққий этган жамиятлардаги каби оммалашмаган. Ўйланиб, лол қолади киши — дунёда бажарилиши энг қийин бўлган машғулот илмий, бадиий адабиётлар, кундалик, ҳафталик газета, журналлар мутолаасимикан?! Бу оламдаги энг осон — хамирдан қил суғургандек силлиқ ва равон юмуш эса бу — катта-катта маблағни совуриш ҳисобига дабдабали тўй қилишмикан?! Ушбу ҳар иккисининг биринчиси инсонни дунё ва охиратда хор қилиб, юзларини қорайтириб ва залолат-у таназзулга олиб борармикан?! Иккинчиси эса кўзланган бахт манзилига элтиб, нажот кемаси янглиғ муқаррар ҳалокатдан қутқариб, бандаларни Роббул оламин ҳузуридаги мартаба-мақомини юқориларга кўтарармикан?!

Ушбу кинояли саволларга барча соғлом фикрлилар ҳеч иккиланмай “нажот — ўқишда, илмда, билимда” деган жавобни айтиши аниқ. Аслида ҳам шундай-да! Хўш, у ҳолда нега жамиятда — оилаларда, қўни-қўшниларда, маҳаллаларда ва хеш-у ақраболар даврасида китобхонлик, газетхонлик ва илм таҳсили устувор аҳамиятга эга эмас? Таассуфки, айнан гуноҳ-у маъсият ва албатта, охири хайрли бўлмаган қабоҳат, яъни, тўй-у маъракалардаги дабдабабозлик, хўжакўрсинлик иллатларига эса аллақачон муккасидан кетиб, бундай мубталойи дарди бедавога йўлиқиб бўлинган. Ана шундай тузалмас касалликнинг давоси нима экан-а?! Ахир булар ҳар қанча ёзиб, бонг урилгани сари камайиш ўрнига тобора сайқалланиб, янада долзарблашиб бораверадиган асло эскирмас-у барҳам топмас мавзуга айланиб бормоқда-я?! Ҳолбуки, мутолаасизлик-фикрсизлик ортидан урчиб, жамиятни маънавий-маданий, ахлоқий жиҳатдан турғунлик ботқоғига ботираётган иллатлар фақатгина дабдабабозликлардагина мужассам эмас-да.

Бешикдан қабргача изланиб, интилиб риоя қилиниши олий қадрият ҳисобланган ўқиш (китобхонлик, газетхонлик) жараёни устувор тамойил ўлароқ кенг оммалашмагани оқибатида кутилганидек натижаларга эришиш мумкинмикан?! Ҳолбуки, мамлакатимизда демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо қилинмоқда. Бундай тараққийпарвар жамиятнинг эса тўртта устуни бор: 1. Ахлоқий маданият. 2. Сиёсий маданият. 3 Ҳуқуқий маданият. 4. Узоқ ва яқин тарихни яхши билиш ва тарихий хотирадан хулоса чиқариш, сабоқ олиш. Бундай юксак маданиятларни шахс онгида, жамиятда ким шакллантиради? Сериалларми?! Егулиг-у рангли ичимликларни ва дориларни тинимсиз тарғиб қилаётган рекламаларми?! Телефонми ёки интернетми?! Ёхуд олди-қочди тезкор хабарларми?!

Наҳотки “Қорин тўқ, мегабайт мўл, қайғу йўқ. Аҳволим зўр. Бахтлиман: мана, тўйимни, машинамни кўр! Ҳашамларга кўзим асло тўймайди! Китоб ва газетани эса ҳеч ким ўқимайди”, қабилидаги устувор “ялломижоз” шиорлар оғушида умргузаронлик қилаётган бўлсак?!

Хулласи калом, обунанинг мажбурий ёки ихтиёрийлиги юзасидан жа “доноларча” бош қотирамиз. Хўш, дабдабабозлик-чи?! Исроф-у бидъат-хурофотларга жарақ-жарақ пулни аямай бажонидил харжлаш-чи?! Мажбурийми ё ихтиёрийми?! Бундай гуноҳи кабираларга мажбурлаётганлар устидан шикоят қилиб, уларга қатъий чора кўриб, чек қўйиб, ихтиёран китобга, газетга — илм-у ирфон-у ҳидоятга интилиш вақти аллақачон келмадимикан?

Муҳиддин МАҒЗУМОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 5 =