Онлайн таълим керакми?

уни ким назорат қилади?
Қизиқиши ортган суҳбатдош яна сўрайди:
— Хўш, онлайн дарслар қандай бўляпти? Қийин эмасми?
Буниси шарақлаб кулиб юборади:
— Э, дугона, дарс қилишга вақт қаерда?! Эрта билан уй юмуши, бола-чақа, кечгача иш. Устозлар телеграм гуруҳга дарс мавзуларини ташлаб боради. Вақтим бўлса, кириб қарайман. Тайёрланишга хоҳиш ҳам, вақт ҳам йўқ.
Автобусдаги бу суҳбатни эшитган ҳар қандай киши, эҳтимол, илк қарашда буни оддий ҳаётий воқеага йўяр.
Аммо бу мисол замирида таълим тизимидаги оғриқли нуқталар кўзга ташланади, менинг назаримда.
Кўпчилик яхши эслайди, беш йил олдин “Covid-19” ҳаммани уй-уйига қамаб қўйди. Пандемия турмуш тарзи билан бирга таълим тизимида ҳам туб бурилишларни юзага келтирди. Шу бурилишлардан бири — онлайн таълимнинг оммалашуви бўлди. Тўғри, у пайтдаги глобал хавфсизлик ва санитария шароити бундай ёндашувни тақозо этганди. Ҳатто бу тизим пандемия шароитидаги ягона оқилона чора сифатида қабул қилинди. Аммо бугун ҳаёт изига тушган, таълим муассасалари эшиклари очилган бир пайтда ҳам онлайн таълимнинг ҳали-ҳануз кенг қўлланилаётгани ўйлантириб қўяди кишини.
Айримлар онлайн таълимнинг афзалликларидан менга гапириши турган гап. Ҳа, афзалликлари бор, ёниб-ўчган шам ёруғичалик. Энг аввало, масофавий имкониятлари устувор. Жуғрофий жиҳатдан олис ҳудудлардаги талабалар учун ўқиш имконини беради. Вақт, сафар, транспорт харажатлари тежалади. Вақтинчалик яшаш муаммоларига яхши ечим. Мультимедиа ресурсларидан унумли фойдаланиш мумкин. Дарслар ёзиб олиниб, уларни қайта кўриш имкони пайдо бўлди ва ҳоказо. Шу нуқтаи назардан қараганда, онлайн таълим технологик тараққиётнинг қонуний маҳсули бўлиб кўринади.
Онлайн таълимнинг кўзга кўринмас камчиликлари таълим мазмуни, самарадорлиги ва сифатини жиддий савол остида қолдиради. Уларни инкор этиш — жавобгарликдан қочиш билан баробар.
Ўқитувчи ва талаба ўртасидаги руҳий алоқа таълим сифатида роль ўйнайди. Устоз-шогирд муносабатларининг мазмун-моҳияти ҳам шунда кўринади. Бу муносабат фақат билим бериш эмас, балки қалб ва тафаккур тарбиясини ҳам ўз ичига олади. Онлайн тарзда эса бу руҳий боғланишга эришиб бўлмайди. Онлайн дарс жараёнида талабанинг дарсга реал муносабатини баҳолаш жуда қийин. Барча мезонлар “Ёпиқ экран ортида”ги сабоқ туфайли йўққа чиқади.
Нима бўлганда ҳам талаба олий даргоҳ остонасини кўриши, аудиториялар ҳавосини олиши керак.
Сўнгги йилларда олий таълимда сиртқи таълимни чеклаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар таълим самарадорлигини ошириш мақсадида ташланган қадам бўлди. Талабалар сиртдан ўқиб, юзаки билим олмасин, ўз соҳасини пухта эгалласин, деган мақсад бор эди бу дадил қадамларда. Сиртқи таълим тугатилди-ю, аммо биз айтаётган муаммолар таълимнинг онлайн шаклида сақланиб қолаётгандек. Хўш, биз нима қилмоқчи бўляпмиз-у, пировардида, нимага эришяпмиз?
Зеро, сиртқи таълимда ҳарна талаба аудиторияда ўтириб, устозларнинг сабоғини оларди-да. У ишлаб юриб ўқирди, бироз мустақил ва эркин бўларди. Ўз устида ишларди. Назарий ва амалий билимларини уйғун ҳолда бойитиб борарди.
Онлайн таълимда бунинг акси эмасми? Бунда талаба юқоридаги афзалликлардан маҳрум ҳолда, фақат номигагина дарслар “иштирокчи”сига айланиб қолмайдими? Талаба уйида ўтириб, ҳеч қандай аудитория муҳити, мулоқот, баҳс-мунозара, амалий машғулотларсиз диплом олишга интилмайдими? Бу эса, албатта, таълим сифатига путур етказади. Чунки айрим ОТМларда онлайн дарслар учун коммуникацион тизим тўлақонли ишламаётгани ҳақида ҳам эшитяпмиз-да. Агар шу гаплар рост бўлса, унда аҳвол биз тасаввур қилгандан-да ёмонроқ бўлиб чиқади.
Талаба ўқишини қайси мезонлар асосида онлайн таълимга ўтказяпти, бу ҳам, менимча, савол остидаги масала. Ёки бунда меъёр йўқмикан?
— Ёлғиз онаман. Ўтган ўқув йилида ўқишимни бир ОТМдан бошқасига кўчиришга мажбур бўлгандим. Сабаби — шартнома пулининг қимматлиги. Оилавий шароитимиз эса буни кўтара олмади. Боз устига, икки фарзандим ўқийди, улар ҳам “контрактчи”. Иложсиздан арзонроқ тўлов таклиф этиладиган олий таълим муассасасига ўтдим. Аммо “арзоннинг шўрваси татимас” деган гап бежиз эмас экан. Бу ердаги таълим сифати, афсуски, кутганимдай бўлмади. Ўқитувчилар аудиториядан маъруза ўқиб чиқиш билан чекланишади, талабанинг мавзуни қанчалик ўзлаштиргани билан деярли қизиқишмайди. Онлайн дарслар ҳам жиддий муаммоларга тўла: видеоалоқа сифати паст, техник камчиликлар доимий. Баъзи ўқитувчилар эса бу камчиликларни баҳона қилиб, умуман онлайн дарс ўтмай қўйишган. Хуллас, назорат йўқ. Масофавий таҳсилдаги талабалар бу шароитда нимани ўрганиши мумкин? Ҳақиқатан ҳам, бу савол менинг ўй-хаёлимни банд қилган, — деди олий таълим муассасаларидан бирида таҳсил олаётган талабалардан Гулшода Саидқулова.
Технология жамият ривожи учун муҳим восита. Уни инкор этиб бўлмайди. Лекин таълим — бу фақат технология эмас. У инсон руҳи, ижтимоий муҳит, фикрлаш маданиятига тааллуқли жараён. Онлайн таълимда тўлиқ самара кутилса, у ҳолда уни ўқитувчи салоҳияти, назорат тизими, методик базаси ва масъулият муҳити билан қувватлаш керак. Акс ҳолда, бу ёндашув “илм” деган муқаддас тушунчани ўз моҳиятидан ажратиб қўяди.
Ҳамзабек ТУРДИЕВ,
журналист.