Ёшларнинг бўш вақти кўпайса…

Шу юртнинг фарзанди сифатида мамлакатимиз ҳаётидаги кенг кўламли ислоҳотларга бефарқ қараб туриш имконсиз. Айниқса, таълим соҳаси вакили сифатида ёшлар тарбияси ва уларнинг камолоти билан боғлиқ масалалар доимо диққат марказимизда. Жорий йил 15 май куни Президентимиз раислигида ўтказилган мактаб таълими юзасидан видеоселектор йиғилишида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ва илгари сурилган ташаббуслар нафақат таълим соҳаси вакиллари, балки бутун жамиятимиз учун дастуриламал бўлгулик аҳамиятга эга.

Мазкур йиғилишда ёш авлоднинг бўш вақтини фойдали ўтказишини таъминлаш мақсадида мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, 900 га яқин театр, маданият марказлари ва концерт заллари, ҳудудлардаги 1,5 мингга яқин спорт майдончалари, 200 та оромгоҳ ҳамда 2 мингдан ортиқ туризм объектларининг салоҳиятини бу борада тўлиқ ишга солиш кўзда тутилаётгани эътиборга молик. Бу рақамларнинг ўзиёқ ушбу масалага нечоғли жиддий эътибор қаратилаётганидан далолат беради. Бу, шубҳасиз, ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг жисмонан соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун мисли кўрилмаган имкониятлар эшигини очади.

Мутасаддиларга жойлардаги амфитеатр ва сайилгоҳларда ҳар куни концерт ва мусиқа кечалари уюштириш, маданият ва истироҳат боғларида санъат кўргазмалари, шеърият кечалари ва интеллектуал ўйинлар ташкил этиш юзасидан берилган топшириқлар маданий ҳаётимизга айрича кўрк бағишлаши билан аҳамиятли. Пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” боғи ва бошқа истироҳат масканларида ҳар куни очиқ осмон остида концертларнинг ташкил этилиши эса маданият ва санъатнинг халққа янада яқинлашувини, унинг кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланишини таъминлайди. Бундай тадбирлар ёшларнинг эстетик дидини тарбиялаш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурматини оширишда муҳим ўрин тутади. Зеро, санъат ва маданият инсон руҳиятига энг кучли таъсир этувчи воситалардан биридир. Мунтазам ўтказиладиган шеърият кечалари ёшларни сўз санъатига ошно этади, уларнинг нутқ маданиятини бойитади, бадиий тафаккурини ўстиради. Интеллектуал ўйинлар эса уларнинг зеҳнини чархлаб, мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантиради, билимга бўлган интилишини кучайтиради.

Бу борадаги ишларнинг кўлами нафақат маданият ва маърифат, балки спорт соҳасини ҳам қамраб олаётгани ва 6 миллион нафар ёшни жалб этиш мақсад қилиб қўйилгани, айниқса, таҳсинга сазовор. Оммавий спортнинг ривожланиши ёшларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, зарарли одатлардан йироқ бўлишини таъминлашда беқиёс аҳамиятга эга. Минглаб майдончаларнинг ҳудудларда барпо этилиши чекка-чекка жойлардаги ёшларнинг ҳам спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замин яратади. Спорт нафақат жисмоний чиниқиш, балки иродани тоблаш, мақсад сари интилиш, жамоавийлик руҳини шакллантириш каби муҳим сифатларни ҳам тарбиялайди. Бу эса ўз навбатида, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашади.

Икки мингдан ортиқ туризм объектлари имкониятларидан ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда фойдаланиш режаси ҳам эътиборни тортади. Бу, бир томондан, ёшларнинг ўз юрти тарихи, маданияти, бетакрор табиати билан яқиндан танишишига, уларда ватанпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилса, иккинчи томондан, ички туризмни ривожлантиришга ҳам салмоқли ҳисса қўшади. Оромгоҳларнинг фаолиятини жонлантириш эса ёзги таътил даврида ўқувчи-ёшларнинг дам олишини мароқли ўтказиш учун қулай шароит яратади.

Бироқ бундай кенг кўламли вазифаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши бир қатор муҳим жиҳатларга боғлиқ эканлигини ҳам назардан қочирмаслик лозим. Биринчи навбатда, бу тадбирларнинг сифат даражасига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ташкил этилаётган концертлар, кўргазмалар, спорт мусобақалари ёшларнинг ёши, қизиқишлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, юксак бадиий-эстетик савияда бўлиши шарт. Бунинг учун соҳа мутахассисларининг, тажрибали педагоглар, психологлар, санъатшунослар ва спорт усталарининг жалб этилиши мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, бу тадбирларнинг формал тус олиб қолишига йўл қўймаслик керак. Асосий мақсад – ёшларнинг чинакам қизиқишини уйғотиш, уларни фаол иштирокчига айлантиришдан иборат бўлмоғи лозим.

Иккинчидан, бу имкониятлардан барча ёшлар, айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари, имконияти чекланган ёшлар ҳам тенг фойдалана олишини таъминлаш муҳим. Маданий-маърифий ва спорт иншоотларининг жойлашуви, уларга бориш имкониятлари, тадбирларнинг ўтказилиш вақти каби масалалар пухта ўйланиши керак. Балки, айрим ҳолларда махсус транспорт қатновини йўлга қўйиш ёки кўчма маданий ва спорт тадбирларини ташкил этиш зарурати ҳам туғилар.

Учинчидан, бундай улкан лойиҳаларнинг узлуксизлиги ва барқарорлигини таъминлаш масаласи ҳам долзарбдир. Мавжуд инфратузилмани сақлаш, уни доимий равишда янгилаб бориш, тадбирларни молиялаштиришнинг ишончли механизмларини яратиш лозим. Бунда давлат бюджети маблағлари билан бир қаторда ҳомийлик, ижтимоий шериклик каби манбалардан ҳам унумли фойдаланиш мумкин. Айниқса, маҳаллий ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларининг бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳим.

Шунингдек, бу жараёнларда ёшларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ғоят муҳим. Тадбирлар “юқоридан пастга” тамойили асосида эмас, балки ёшларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда, улар билан ҳамкорликда ташкил этилса, самарадорлик бир неча баробар ошади. Ёшлар ўзлари иштирок этган, ўзлари ҳисса қўшган лойиҳаларга дахлдорлик ҳисси билан ёндашадилар.

Моҳир ХАЛИМОВ,

Низомий номидаги

 Ўзбекистон миллий педагогика

университети доценти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − 5 =