Ғилдирак ичидаги олмахон

ёки нафснинг чексиз йўли
Биринчи воқеа:
Бир дона бошоқни топиб олган чумоли уни минг машаққат билан уйига судраб бораётиб, йўлда каламушни учратиб қолибди.
— Ҳа, оч қолдингми? Меникига бормайсанми, бунақа донлардан бир нечтасини бериб юборардим, — дебди у чумолига.
Шунда чумоли: “Менга шу бир бошоқ дон ҳам етади. Чунки мен яшаш учун овқатланаман, сенга ўхшаб қорин тўйдириш учун яшамайман”, — деб жавоб берган экан.
Иккинчи воқеа:
Отақул Жумаев қишлоқнинг олд йигитларидан эди. Нима бўлди-ю, бир гуруҳ қишлоқдошларини олиб Россияга ишга кетди. Ўша ерда қурилиш ишларида гастарбайтер, яъни даллоллик қилиб, анчагина сармоя тўплади. Жамғарган пуллари эвазига қишлоқдан данғиллама иморат қурди, қўша-қўша машина сотиб олди.
Аммо кунлар ўтиб, бу ишларнинг миси чиқди. Унинг уйига қўшни қишлоқлардан бир гуруҳ йигитлар келиб, хорижда ишлаган пулларини талаб қилишди. Аниқланишича, Отақул мусофир юртда малласоч “оғайни”лар билан тил бириктириб, ўз юртдошларининг ҳалол меҳнат, минг машаққат билан топаётган пулларига кўз олайтирган, уларни ўз манфаати йўлида ишлатиб юборган экан.
Жанжал нима билан тугаганлиги номаълум. Фақат эндиликда Отақул инсульт олганлиги туфайли бир оёқ, бир қўли ишламайдиган, зўрға гапирадиган ногирон бўлиб қолган. Ҳашаматли дарвозаси олдида кўчадан ўтаётган одамларни томоша қилиб, ўйга чўмиб ўтирганини кўп кўраман.
Учинчи воқеа:
Яқинда жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида шов-шувларга сабаб бўлган бир иш кўриб чиқилди. Бу гал қора курсида ўтирганлардан бири — уюшган жиноий гуруҳнинг бошлиғи, ички ишлар ходими, яъни профилактика нозири эди…
Маълум бўлишича, профилактика инспектори лавозимида ишлаб келган Аловиддин Тўраев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2017 йилнинг август ойидан 2018 йилнинг июнь ойигача жиноий шериклари билан олдиндан тузилган режа асосида бировнинг номусига текканлик айбини қўйиш орқали фуқароларга таҳдид қилиб, мунтазам равишда тамагирлик билан шуғулланиб келган.
Мўмай даромад топиш мақсадида у 2018 йил февраль ойида ўзи ва ўртоғи Дилмурод Тугалов билан биргаликда уюшган жиноий гуруҳ тузиб, унга Шаҳноза Т., Муниса Т., Дилнура Т., Фарида Н., Луиза Ж., Феруза Т. исмли аёлларни жалб қилган.
Аёллар Пастдарғом туманидаги Кимё заводи атрофида ва Самарқанд шаҳридаги Кимёгарлар қўрғони ҳудудида эркакларнинг “кўнглини хушлаш”ни таклиф қилиб, уларни Дилмурод Тугалов истиқомат қилиб келган дала ҳовлига ёки унинг хонадонига алдаб-авраб олиб боришган.
Улар эркаклар билан ихтиёрий равишда жинсий алоқада бўлганидан сўнг, ўзаро келишувга биноан, телефон орқали шерикларига хабар бериб, номусига тажовуз қилинганлиги ҳақида ички ишлар органларига арз қилиш билан жинсий алоқада бўлган шахсларни қўрқитиб уларга таҳдид қилганлар.
Аловиддин Тўраев тузоққа тушган шахсларга қонуний чора кўриш баҳонасида уларни хизмат хонасига олиб бориб, у ерда “тасодифий ошиқ”лардан ишқий можарони “ёпиш” учун 1000 АҚШ долларидан 2000 АҚШ долларигача ёки 20 миллион сўмгача бўлган пул маблағини мунтазам равишда олиб турган.
Суд ҳукмига кўра, ички ишлар ходими Аловиддин Тўраев Жиноят Кодексининг қатор моддалари асосида айбли деб топилиб, 11 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Унинг жиноий шериклари ҳам 5 йилдан 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиндилар.
Чумоли ва каламуш, Отақул даллол ҳамда зинокор гуруҳнинг бир-бирига нима алоқаси бор экан, дерсиз? Тўғри пайқаганингиздек, юқоридаги воқеаларни бир-бирига “нафс” деган балои азим боғлаб турибди. Дарҳақиқат, ҳозир айрим одамлар молпарастлик, истеъмолчилик кайфиятининг қули бўлиб қолган, “яхши яшаш — тўйиб ейиш ва пўрим кийиниш, шоҳона уй, қўша-қўша машинадан иборат” деган бемаъни ва поёни йўқ ғояга кўр-кўрона сиғинмоқда.
Ана шу интилиш эса уларнинг қалбида пул топиш, топганда ҳам кўпроқ топиш васвасасини келтириб чиқаряпти. Айтайлик, олий билим маскани муаллими пул топиш учун бадавлат оилалардан чиққан талабаларни имтиҳонларда “қийнамай”, пулини олиш илинжида бўлади. Шифокор операция столида ётган беморни эмас, у қанча пул беришини ўйлайди. Туғуруқхона ҳамшираси қувончдан эсанкираб қолган отани шилиш ниятида бўлади. Мактаб муаллими эса болаларнинг ота-оналарига синфга ҳали уни оламиз, буни оламиз, деб чопар жўната бошлайди.
Пул топиш учун баъзи бировлар ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, ҳалол ва ҳаромни ажратмайдиган, гуноҳлардан қўрқмайдиган даражага боришяпти. Пул топиш дарди уларни китоб ўқиш, чуқур билим олиш, маърифатини ошириш, маънавиятини бойитиш каби энг зарур ишлардан узиб қўймоқда, буларга ажратилиши керак бўлган вақтни кемирмоқда.
Бундан ташқари, бундай истеъмолчилик кайфиятига зўр бериш орқали инсон онгини ҳар мақомга солиш имкони пайдо бўлади. Чунки жоҳил, нодон, қолоқ ва оми одамларни алдаш ҳам, бошқариш ҳам осон кечади.
Шу ўринда цирк майдонида ғилдирак ичида чопаётган олмахон беихтиёр хаёлга келади. Эътибор қилган бўлсангиз, олмахон манзилига етиш мақсадида тинимсиз чопаверади, аммо ғилдиракнинг охирги чегараси бўлмагани сабабли олмахон асло мақсадига етолмайди. Чунки ғилдирак яна айланиб унинг оёқлари тагидан ўтаверади. Юқоридаги кишиларнинг фикри-зикри ҳам ҳозирда ана шу ғилдирак ичида чопаётган олмахон каби “яхши яшаш”, бунинг учун кўпроқ пул топиш, пул топиш учун эса маънавий дунёсини, имонини бой бериш каби беҳуда пойгада ғолиб чиқиш бўлиб қолган.
“Дунё ҳар қандай одамнинг эҳтиёжларини қондира оладиган даражада имкониятлидир, аммо инсоний очкўзликни қондиришга унинг кучи етмайди”, деган экан Ҳиндистоннинг улуғ мутафаккири ва давлат арбоби Махатма Ганди.
Аллоҳ таоло инсон танасини яратганидан сўнг, унга ўз ризқи, ўрнини топиши учун қўл, оёқ, кўз, бурун, қулоқ каби аъзоларни ҳам бериб, унга ҳаёт бахшида этади. Айни пайтда ҳаётий эҳтиёжларини қондириш учун инсонга нафс ҳам беради. Нафсини жиловлаш, танасидаги аъзоларини тўғри бошқариш учун эса Яратган одамзодга Ақл ато этади. Демак, кимки ақлини тўғри ишлата олса, нафсини жиловлай билса, тана аъзоларини тўғри бошқара олсагина бу синов дунёсининг барча машаққатларини енгиб ўтиб, саодат, бахтли ҳаётга эришаркан.
Дунёнинг барча лаззатларидан тезроқ ва кўпроқ фойдаланиб қолишга уриниш, ўзидан бошқани ўйламаслик, фақат қорин ғами билан яшаш эса инсонни маънавий таназзул сари етаклайди. Маънавий таназзул урчиган жойда эса танбаллик, манқуртлик илдиз отади.
Яна бир гап. Ҳозирда аксарият ота-оналар фарзандларини кўпроқ ҳуқуқ-тартибот соҳасига ўқишга киришини хоҳлайдилар. Чунки эгнида погони борлар тўкин-сочин ҳаёт кечираётганини, қўлларини қаерга узатса етишини кўриб туришибди. Шунинг учун ҳам мактабни зўрға битирган ўғлини ички ишлар идораларига жойлаштиришга интилишади.
Эътибор қилган бўлсангиз, бундан 15-20 йил аввал деярли кўпчилик шундай фикрлай бошлаган эди. Ўғли ёки қизи мактабни битирар-битирмас, уни бирорта хорижий давлатга ишга юбориб, мўмай пул топишга ундарди. Ҳозирга келиб аҳвол анча ўзгарди. Болалар, ёшларнинг қўлига китоб қайтяпти. Билимли, иқтидорли йигит-қизлар эл-юрт эътиборига, Президентимиз назарига тушяпти. Демак, замон ўзгаряпти.
Аммо ҳали-ҳануз ҳашамдор дарвозаси ёнида одамлар оқимини кузатиб ўтирган Отақулни, бир дона бошоқни судраб кетаётган чумолини кўрсам ёки нафс гирдобига тушиб қолган одамлар ҳақидаги гапларни эшитсам, хаёлимга негадир яна ўша манзара — ғилдирак ичидаги олмахон келаверади…
Ёрмамат РУСТАМОВ