Троллар кимга хизмат қилади?

Биз ахборот асрида яшаяпмиз. Мавҳумликлар, улуғ ғоялар, адолат ва эркинлик сингари тушунчалар энди қоғозда эмас — экранларда, лайклар ва комментарийлар сонида баҳоланаётган бир даврдамиз. Интернет — ҳақиқат ва ёлғон бир-бирига жуда яқин турган майдонга айланди. У ерда сизни ким мақтаяпти, ким ҳақорат қилаяпти — аниқ айтиб бўлмайди. Чунки кўпинча уларнинг ортида реал одам эмас, сохта номлар, турли чиркин мақсадлар туради.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда сохта аккаунтлар, троллар ва “бот фабрикалари” фаолияти тобора фаоллашиб бормоқда. Улар маълум бир шахс, ташкилот ёки ғоя манфаати йўлида ўйланган ва режалаштирилган муҳокамаларни яратади. Баъзан сиз ўқиган изоҳлар нафақат ҳақиқатни бурмалайди, балки сизнинг ҳис-туйғуларингиз, фикрлаш тарзингизни ҳам ўзгартиришга ҳаракат қилади.

Масалан, бир ижтимоий муаммо муҳокама қилинмоқда. Бошланғичда ҳақиқий, самимий фикрлар, шубҳасиз, бор. Лекин ортидан дарров бир неча аккаунтлар битта ғояни қайта-қайта такрорлай бошлайди: “Ҳаммаси яхши”, “Ҳеч кимни айбламаслик керак”, “Ҳукумат нима қилса, тўғри”, ёки аксинча, “Бу ерда жиноят бор, жазо бериш керак”. Ва сиз кўра бошлайсиз: гўё омма шундай ўйлаяпти, гўё бу ҳақиқат.

Лекин сиз шунчаки манзарани эмас, сценарийни кузатаётган бўлишингиз ҳам мумкин.

Яқинда “Kun.uz” сайтида яхши бир суҳбат эълон қилинди. Мавзу айнан сиз ва биз бугун муҳокама қилаётган масалада. Эътиборли жиҳати: спикер сифатида ҳам давлат амалдори, ҳам нодавлат жамоатчилик вакили таклиф этилган. Келинг, уларнинг айрим фикрларини келтириб ўтамиз:

Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА, ЎзЖОКУ ректори:

— Постлар остидаги 2-3 минг фикрлар бутун Ўзбекистон аҳолиси қарашини ифодаламайди.

— Дунёда мустақил журналистика йўқ, микрофон кўтарган кимки бор, манфаати учун чиқади.

— Одамлар кўпинча материал ёки постларни мукаммал тарзда кўрмайди, лекин изоҳ ёзади.

— Мен ректор бўлиб туриб, ОАВ ҳимоячиси бўлсам ҳам, туҳмат қилган бошловчи-ю шарҳловчиларни жазолаш тарафдориман.

Абдураҳмон ТАШАНОВ, Инсон ҳуқуқлари фаоли, “Эзгулик” жамияти раиси:

— Ерга сув қуйсангиз, биринчи бегона ўтлар ўсиб чиққанидек, сўз эркинлиги даврида радикаллар, шаллақилар кўпайиши бу табиий ҳол.

— Ўзбекистонда марказлашган тролл гуруҳлари ишлайди. Мақсад аниқ, улар фаолларга осилиб, ўзига ёқмаганларни ёмонотлиқ қилади.

— Давлат органлари, амалдорлар, сиёсатчилар ва халқ ўртасида тизимли коммуникацион муаммолар бор.

Яна мавзуга қайтсак. Хўш, троллар кимга хизмат қилади?

Аслини олганда, троллар ўз фикри учун ёнаётган оддий фуқаро эмас. У кўп ҳолларда пул ёки топшириқ учун ҳаракат қилувчи виртуал ижрочидир. Унинг вазифаси — муҳокамани асл мавзудан буриш, оқни қора, қорани оқ кўрсатиш. Улар жамиятда ишончсизлик, парокандалик ва кайфиятсизлик уруғини сочади. Ҳақиқий танқидчиларни “сотқин”, “хориж агентлари” деб аташ — улар учун оддий машқ.

Интернетдаги ҳар бир фикр — ҳақиқат эмас. Сўз эркинлиги деган ниқоб остида манфаат гапиряпти. Троллар ва ботлар сизнинг онгингиз билан ўйнашмоқда. Ва энг ачинарлиси — уларнинг гапига ишониш орқали биз ўзимиз ҳам сохта муҳитни қувватлаб қўйяпмиз.

Биз мавзу юзасидан бир нечта мутахассисларнинг фикрлари, мулоҳазалари билан ҳам қизиқдик:

Медиа таҳлилчи Нодира Отажонованинг фикрича, “Ижтимоий тармоқлардаги троллар фақат шов-шув учун эмас, балки жамиятни ифлос ахборот билан тўлдириш, одамларнинг реал воқеаларга бўлган эътиборини чалғитиш учун ҳам қўлланилади. Сизнинг фикрингизга таъсир қилаётган “оддий фойдаланувчи” ортида PR агентлик ёки сиёсий марказ яширин ҳолда туриши мумкин”.

Психолог Дониёр Мусурманов эса шундай деди:

“Сохта комментлар инсоннинг эмоционал ҳолатига таъсир кўрсатади. Қайта-қайта бир хил мазмундаги фикрлар, нафратбоп ёзувлар инсонда дунёқарашни, кайфиятни ўзгартириши, ҳатто руҳий тушкунликка сабаб бўлиши мумкин. Бу — психологик қурол”.

Ҳуқуқшунос Умид Расулов эътиборни қуйидаги жиҳатга қаратади:

“Троллар ва ботлар фаолияти кўп мамлакатларда кибержиноят деб қаралади. Бир инсонни обрўсизлантириш, шахсий маълумотини тарқатиш ёки уни ёлғон маълумотлар орқали жамоат олдида масхара қилиш — бу жиноят ҳисобланади. Бизда эса бу ҳали етарлича ҳуқуқий асосга эга эмас”.

Ахборот хавфсизлиги мутахассиси Нилуфар Ҳамдамова эса реал таҳдидни кўради:

“Баъзи троллар оддий фойдаланувчи эмас — у режали равишда ишлайдиган аккаунтлар. Улар турли давлатлар, компаниялар томонидан бошқарилади. Бугунги кунда ботлар маълум бир миллат, дин ёки сиёсий гуруҳга қарши нафрат уюштиришда ишлатиляпти. Бу — ахборот урушидаги замонавий қуролдир”.

Инсон сўзи — бу қалбнинг садоси. У самимиятдан туғилса, жамиятда нур бўлади. Аммо бугун интернет муҳитида бу сўзларга қўшимча овозлар аралашяпти — сохта, манфаатдан туғилган, гўё омманинг фикридек қилиб кўрсатилган сохта изоҳ ва шарҳлар. Улар ҳақиқатни парчалайди, жамият онгини манипуляция қилади, ишончни сўндириб, адоват уруғини эккан ҳолда жамиятни ичидан емиришга хизмат қилади.

Хўш, шундай экан, биз кимнинг гапига ишонишимиз керак? Фейк аватарли, ўзини таништирмасдан баҳсга аралашадиган “қаҳрамон”гами ёки ҳаётда бор, изтироб, тажриба ва билимга эга ҳақиқий инсонгами?

Ҳар биримиз ахборот майдонида нафақат иштирокчимиз, балки жавобгар ҳаммиз. Шунинг учун ҳам сохта фикрларга қарши иммунитетимиз — танқидий фикрлаш, таҳлил қилиш ва, энг муҳими, фақат инсонларнинг қалбидан чиққан сўзларга ишонч бўлиши керак.

Сўз озодлигини заҳарламайлик. Тролларга эмас, ҳақиқатга хизмат қилайлик.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 4 =