Салқин ичимликларнинг ҳаммаси ҳам зарарсиз эмас

Ҳамкасбимиз билан тушликка чиқдик. Суҳбатимиз бевосита ҳозир сиз билан фикр юритмоқчи бўлган энергетик ичимликлар тўғрисида бўлди.

— Бир куни роса чанқагандим, бирданига бешта “Flash” ичдим. Бошида ҳеч нарса сезилмади. Кейин ҳолсизлантириб, бошни айлантириб юборди, — деди суҳбатдошим.

Буни эшитиб диққатим ошди.

Ҳар фаслнинг ўз ўрни, фазилати бўлгани каби ёзнинг ҳам ўзига хос томонлари бор, албатта. Масалан, бассейндан фойдаланиш, мумкин бўлган жойлардаги ариқ сувида чўмилиш, турли хил газли ичимликларни истеъмол қилиш… Лекин ҳозир сиз билан чанқоқбосди рангли ичимликлар ҳақида сўзлашмоқчимиз.

Иссиқ кунлар келиши билан кўпчилик орасида “Coca-cola”, “Fanta”, “Flash”, “Red Bull” каби турли-туман ичимликларга талаб кучаяди. Шуларни инобатга олиб, бу каби ичимликларни ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ортади. Улар эса деярли барча масканларда жойлашган дўконларнинг пештахтасидан жой эгаллаган. Лекин савдо шохобчаларида, айниқса, йўл юзида, қуёш нури остида сақланаётган уюм-уюм бўлиб турган маҳсулотлар инсон саломатлиги учун жиддий хавф келтирмаслигига ким кафолат беради? Ёзнинг иссиқ ҳавосида ушбу ичимликларнинг ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддатига кўпчилик эътибор қилмайди. Айниқса, ёшлар, болалар учун энг асосийси, ичимлик чанқоқни босса бўлгани, бошқаси билан иши йўқ.

Биламизки, салқин ичимликлар, асосан, пластикдан тайёрланган идишларда қадоқланади. Бундай маҳсулотларни 2–18 даража ҳароратда, қуёш нуридан сақлаган ҳолда, салқин ҳаво ва меъёридан ошмаган намликда сақлаш белгиланган.

Аммо амалда бу каби талабларга умуман риоя қилинмайди ҳисоб. Ичимликларнинг кун бўйи қуёш нурлари тўғридан-тўғри тушиб турган жойларда турганини кўрамиз. Мутахассисларнинг айтишича, бундай ҳолларда пластик идишлардаги кимёвий моддалар овқат ҳазм қилиш, танада қон айланиши, асаб тизими иш фаолиятини издан чиқаради. Яна инсон учун муҳим аъзо бўлган тишларни секин-секин емириб боради. Яна турли бошқа касалликларни ҳам келтириб чиқаради.

Огоҳ бўлиш керакки, сунъий ранг берилган газли ичимликларнинг онкологик касалликларни келтириб чиқариш эҳтимоли юқори бўлиб, бу айниқса, ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва кексалар ана шу сингари ичимликларни истеъмол қилиши мутлақо мумкин эмас!

Газли ичимликлар  таркибидаги сунъий моддалар, ранг берувчи воситалар инсон организмида  турли реакцияларга киришиб, аллергияни келтириб чиқариши мумкин. Болаларнинг эслаб қолиш қобилиятини, яъни хотирасини ҳам ишдан чиқараркан.

Бундан ташқари, зўрма-зўраки қувват берувчи ичимликлар таркибидаги зарарли модда ҳисобланган кофеин инсон организмидаги суюқликни сақлаш ўрнига, уни чиқариб юбораркан.

“Red Bull”, “Flash” каби ичимликларни эса айрим “тадбиркор”ларимиз ўзимизда ҳам ишлаб чиқармоқда. Бу тоифа “тадбиркор”ларга қанча кўп маҳсулот сотилса, шунча яхши. Лекин улар бошқаларнинг саломатлиги билан қизиқармиди? Албатта, йўқ.

Мутахассисларнинг фикрича, совитилган кўк чой, турли хил табиий усулда тайёрланган мева шарбатлари, энг осони, оддий совитилган тоза ичимлик суви саломатлигимиз учун кони фойдадир.

Шундай экан, ҳар биримиз Яратган томонидан инъом этилган соғлиғимиз учун бефарқ бўлмаслигимиз керак. Турли зарарли ичимликларни эмас, фойдали бўлган табиий ичимликларни истеъмол қилсак, саломатлигимизни авайлаган бўламиз.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + 8 =