Қулоқчинлардан эҳтиёт бўлинг!

Бугун ҳаётимизни замонавий технология воситаларисиз тасаввур қила олмаймиз. Улар турмуш тарзимизнинг ҳар бир қисмига шу қадар кириб бордики, бугун вақтимизнинг кўпини улар билан ўтказмоқдамиз. Айниқса, алоқа воситалари бўлган смартфонлар, компьютерлар ва қулоқчинлар ажралмас дўстимизга айланган. Шунингдек, бу буюмларнинг кундан-кун янги қиёфа ва афзалликларга эга бўлиб бораётгани ишимизни анча енгиллаштирмоқда. Лекин инсоннинг яшаш тарзини осонлаштириш, узоғини яқин қилиш, қулай шароит яратишга қаратилган бу воситалар сўнгги даврларда ҳаёт ва соғлиққа жиддий хавф солаётгани ҳам сир эмас.

Оддийгина қулоқчинларни олинг. Қулоқчинлар — бу бошга кийиладиган ёки тўғридан-тўғри қулоқ каналларига ўрнатиладиган кичик минигарнитуралар ҳисобланади. Бугунги кунда кўпчилигимиз мусиқа тинглаш, телефонда суҳбатлашиш каби ишларимизни бажаришда қулоқчинларга мурожаат қиламиз.

Қулоқчинлар бугунги замонавий кўринишга келгунича деярли уч асрни босиб ўтган. Маълумотларга кўра, биринчи қулоқчин “Electrophone” бўлиб, 1890 йилда Британиянинг йирик компанияларидан бири томонидан ишлаб чиқарилган. Улардан алоқа воситаси сифатида эмас, аксинча, ўз мижозларига Лондон театрларидаги опера ва спектаклларни жонли эфирга узатишда фойдаланишган. Бу воқеадан бир йил ўтиб, француз муҳандиси Эрнест Меркадиер ҳозирги қулоққа тақиладиган қулоқчинларнинг дастлабки кўринишларини тақдим этган.

Бугун уларнинг русуми ва ташқи кўринишидаги ўзгаришлар смартфонлар билан тенг равишда ривожланмоқда. Дастлаб симли бўлган қулоқчинлар энди масофадан бошқариладиган симсиз кўринишда. Симли қулоқчинлар маълум қурилмага сим орқали уланиши билан бир қаторда “FM” радиолари билан ишлашда муҳим ҳисобланади. Шунга қарамай, технологик ривожланиш, замонавийлик талабидан келиб чиқиб, симли қулоқчинлар ўрнини симсиз уланувчи қулоқчинлар эгаллаб бораётир. Энди қўшиқ тинглаш ёки мусиқани алмаштириш учун телефонни очиш шарт эмас, биргина қулоқчин сенсорига тегиш кифоя. Бу бир қарашда кам ҳаракат қилишни қўллаб-қувватловчилар маҳсулотига ўхшайди. Ҳаммаси осон. Қулоқда тураверади, исталган вақтда ўчириб-ёқиш мумкин. Лекин бу қурилмаларни ҳар доим қулоқда, мия тизимига яқин жойда олиб юриш қанчалик тўғри?

Кўча-кўйда ҳар икки одамнинг бирида бугун қулоқчин бор. Қулоқчиндан фойдаланувчиларни, асосан, ёшлар, қисман 35-40 ёшгача бўлган қатлам ташкил этади. Лекин кўпчиликнинг муҳим воситасига айланган симли, симсиз қулоқчинлар инсон саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин экан. Маълумки, қурилмалар “Bluetooth” тизими орқали бошқарилади. Бу тизим худди микротўлқинли печ каби хавфли электромагнит нурланиш манбаига эга. Маълумотларга кўра, электромагнит нурланиш мияга яқин жойда юз беради. Кўплаб мамлакат олимлари эса симсиз қулоқчинлар мия саратонига, унинг жиддий бузилишларига олиб келиши мумкинлигини айтишмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё аҳолисининг 2,5 миллиарди 2050 йилга бориб эшитиш билан боғлиқ муаммоларга дуч кела бошлайди ёки буткул эшитишдан маҳрум бўлишлари мумкин, деб тахмин қилмоқда. Ушбу рақамларнинг 1 миллиарддан ортиғи ёшларга тўғри келиши эса ғоят ташвишланарлидир. Бунга сабаб мунтазам қулоқчинларга мурожаат қилиш, баланд овозда мусиқа ёки нутқ тинглаш билан боғланмоқда. Шунингдек, баъзилар қулоқчинлардан шовқиндан халос бўлиш мақсадида фойдаланишади. Бу кучли бош оғриқларига сабаб бўлади.

Қулоқчинлар нафақат саломатликка, балки ҳаётий фаолиятимизга ҳам хавф солиши мумкин. Масалан, автомобиль бошқарувидаги кишининг суҳбатга чалғиб кетиши, қулоқчиндан фойдаланиб кетаётган пиёда йўлдан ўтаётганда машина сигналини эшитмаслиги боис, йўл-траспорт ҳодисаларини келтириб чиқариб, автоҳалокатларга сабаб бўлмоқда.

Тўғри, ҳамма қулайлик истайди. Лекин у сизнинг эҳтиёжларингиздан кўра соғлиғингизга жиддий зарар етказса, бундай қулайликдан кечган маъқул эмасми? Қолаверса, қулоқчин келтирган қулайликдан оладиган фойдамиз ҳам у қадар салмоқли, айтишга арзирли эмас.

Гулнора ШЕРМАТОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − seventeen =