Ўзбекистоннинг янги сиёсати туфайли Марказий Осиё минтақасидаги вазият тубдан ўзгарди

image description

Европа ташқи ҳаракатлар хизматининг муҳим критик минераллар бўйича катта маслаҳатчиси Люк Девинь Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида “Дунё” АА учун  берган интервьюсида Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали натижалари ҳақидаги фикрларини билдирди:

— Фаолиятим давомида Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан ҳамкорлигида аввалига муҳим критик минераллар савдоси бўйича бош директорат ходими, кейин Европа дипломатик хизмати вакили сифатида иштирок этдим.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан муносабатлари ижобий ривожланаётганини кузатиш бахтига муяссар бўлдим. Бу иккала жараён ҳам бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. 2016 йилда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши билан биз у томонидан илгари сурилган, Европа Иттифоқида тўлиқ қўллаб-қувватланаётган жуда муҳим кенг кўламли ислоҳотлар стратегияси амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик. Бу стратегия Ўзбекистоннинг  минтақа ва Европа Иттифоқи билан муносабатлари учун  муҳим ҳал қилувчи кучга  айланди.

Шунингдек, бу Ўзбекистон учун бурилиш нуқтаси бўлди, чунки мамлакатга сиёсий соҳада – демократия ва қонун устуворлигини қўллаб-қувватлаш учун ҳам, иқтисодий соҳада ҳам ислоҳотлар дастури зарур эди. Хорижий сармояни жалб қилишда иқтисодий очиқлик ва қонун устуворлиги жуда муҳим. Шу боис бу соҳалардаги ислоҳотлар Европа Иттифоқи томонидан  тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини ҳам қўллаб-қувватлайди ва биз 2026 йилда мамлакат ушбу мақсадига эришади, деб умид қиламиз.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг қамровли ва ортга қайтмас хусусиятга эга бўлиб, бу мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан муносабатлари учун ҳам, хорижий инвесторлар учун ҳам жуда муҳим.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг Ўзбекистон кейинги йилларда нақадар жадал ривожланиб, модернизация қилинаётганини кўриш қувонарлидир.

Ўзбекистоннинг янги сиёсати минтақадаги барча давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатлари мустаҳкамлангани туфайли Марказий Осиёдаги вазиятни бутунлай ўзгартирди. Чегара масалаларини биргаликда ҳал этиш, минтақа давлатлари ўртасида чегара пунктларини очиш, сув муаммоларини ҳал этиш каби ижобий натижалар қайд этилди. Биз минтақада қўшма лойиҳаларни амалга оширишда фаол ҳамкорлик, жумладан, сармоявий шериклик ривожланаётганини кўряпмиз.

Европа Иттифоқи минтақавий ҳамкорликнинг ушбу ижобий жараёнларини қўллаб-қувватлашга интилади, савдони ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган интеграция соҳасидаги тажрибасини Марказий Осиё мамлакатлари билан ўртоқлашади.

Шу нуқтаи назардан, 2022 йилда Самарқандда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасида барқарор алоқалар бўйича конференция, шунингдек, 2025 йил апрель ойида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити муҳим воқеа бўлди.

Марказий Осиё давлатлари, айниқса, Ўзбекистон Европа билан муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигидан жуда мамнунмиз.

Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг ижобий динамикасини алоҳида таъкидламоқчиман. Бунда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳал қилувчи таъсир эга.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон-Европа муносабатлари самарали ривожланиб, кундан-кунга яхшиланиб бормоқда. Умид қиламизки, алоқаларимиз бундан кейин ҳам янада мустаҳкамланади.

Дунё” АА.

Брюссель шаҳри.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − ten =