Саломат бўлинг!

Ҳаёт лаҳзаларини тарихга муҳрлаётган тажрибали сураткаш-журналист Шамшидин ҚОРАБОЕВ фаолиятига бир назар
Унинг журналистикага кириб келиши жамоатчи мухбирликдан бошланган. Ўшандан бери қанча сувлар оқиб ўтди, ҳаётнинг паст-баланд, ўйдим-чуқур йўлларида қоқинмай, мақсад сари дадил одимлашдан толмади.
Бугун умрининг етмиш бешинчи баҳорини қарши олган сураткаш-мухбир жамиятда энг фаол, жонкуяр мураббий, ёш журналистларнинг устози, оилада фарзандларининг меҳрибон отаси, набираларининг суюкли бобоси сифатида иззат-ҳурмат топган обрўли инсон, I даражали “Меҳнат фахрийси”, вилоят оммавий ахборот воситалари фахрийлари Кенгаши раиси.
— Дадам 2-Украина фронтида пулемётчи сифатида жанг қилган, урушдан сўнг вайрон бўлган қишлоқ хўжалигини тиклаш ишларида фидойилик кўрсатиб, 102 ёшида оламдан ўтдилар. Тасодифни қарангки, мен 9 май куни дунёга келган эканман. Ҳар йили бу кунни дадам раҳматли қўшалоқ байрам сифатида нишонлар эди. Оиламизда 6 ўғил, 6 қиз фарзанд улғайганмиз. Ота-онамиз бизни тинчликни қадрлашга, Ватанни севишга, унинг тараққиёти йўлида сидқидилдан хизмат қилишга ўргатганлар, — деб хотирлайди Шамшидин ака.
Ёшликда олган тарбия, билим, камтарлик ва самимийлик беиз кетмади. Бу инсоний фазилатлар ҳали-ҳануз Шамшидин акага зеб бериб туради. Фарғона давлат университетининг жисмоний тарбия факультетида ўқиётган чоғида волейбол бўйича вилоят терма жамоаси сафида кўплаб ютуқларга эришди. Аъло ўқиши, жамоат ишларидаги фаоллиги учун уни давлат стипендиясига тавсия қилишди. Қува тумани халқ таълими бўлими мудирининг спорт ишлари бўйича ўринбосари, “Ёш куч” спорт жамияти раиси сифатида туманда соҳа ривожига салмоқли ҳисса қўшди.
Айни пайтда ижод уни ўзига ром этар, “Қува ҳаёти” газетаси таҳририятининг топшириғи билан жамоатчи мухбир сифатида жамоа хўжаликларига велосипедда бориб, мақола тайёрлаб қайтар эди. Ўша пайтда ташкил этилган Қува шаҳар ҳокимлиги раҳбари Феронжон Муҳиддинов билан суҳбатда “Шаҳарга газета керак” деган таклифни ўртага қўйди. Ташаббус маъқулланиб, “Қува садоси” газетаси дунё юзини кўрди.
Шамшидин Қорабоевнинг фотоижодкорлик фаолияти “Фарғона тонги”, “Фарғона ҳақиқати” — “Ферганская правда” газеталари бирлашган таҳририятида ишлаган даврларида, айниқса, самарали бўлди. Сураткаш мухбир бормаган шаҳар, туман, қишлоғу маҳаллалар, хонадонлар қолмаган ҳисоб. Вилоят ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва маданий ҳаётининг ҳар бир қирраси моҳирона олган суратларида ўз аксини топган. Ўзбекистон Қаҳрамонлари, таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, жаҳон ва Олимпиада ўйинлари чемпионлари, иқтидорли йигит-қизлар, деҳқон, боғбону соҳибкорлар ҳаётининг оний лаҳзалари муҳрланган суратларни санаб адоғига етиш қийин.
— “Фарғона ҳақиқати” — “Ферганская правда” газеталарида ишлаган давримни умримнинг энг сермазмун, серзавқ ва ижодий юксалиш йилларим бўлган, деб ҳисоблайман. Аъзамжон Ортиқов, Иброҳимжон Ашуров, Тошқўзи Муллаев, Қодиржон Шодмонов, Юрий Ефимов, Муҳаббат Иброҳимова, Толибжон Турсунов, Тоҳиржон Ҳамроқулов (барчаларини Аллоҳ раҳматига олсин) сингари устозларимнинг ҳаёт ва ижод мактабларидан сабоқ олдим. Улар ўз соҳасининг истеъдодли вакиллари эдилар. Шаҳар, туман, вилоят газеталари таҳририятлари ижодий жамоалари билан ҳамнафас, ҳамкорликда меҳнат қилганим, уларнинг пурмаъно суҳбатларидан баҳраманд бўлганимдан қалбимда фахр-ифтихор туяман, — деди у миннатдорлик билан.
Ўз навбатида, ёш фотожурналистлар, қўлига қалам тутган ёшлар Шамшидин Қорабоев яратган фотоижод мактаби маҳоратидан сабоқ олмоқдалар. “От изини той босар” деганларидек, ўғли Шерзод Қорабоев бугун республика ва вилоят босма оммавий ахборот воситаларида фаолият юритиб, Қорабоевлар сулоласи анъаналарини муносиб давом эттиряпти.
— “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар”, дейишади. Довруқли фотожурналистлар Тоҳиржон Ҳамроқулов, Шуҳратжон Олимов, Шамсиддин Қорабоевдан олган сабоқларим фаолиятимнинг ҳар дақиқасида асқатади. Ҳаётда эришган барча муваффақиятларимни уларнинг ўгитлари, панд-насиҳатлари самараси деб биламан, — деди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фотомухбири Муқимжон Қодиров.
Ўзбекистон спорт фахрийси, таниқли фотожурналист, “Ўзбекистон Мустақиллигига 25 йил”, “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонлари, кўплаб Фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар соҳиби Шамшидин Қорабоев бугунги кунда ҳам ёшлардек ғайратли, ижтимоий ҳаётимизнинг турли жабҳаларида жавлон уриб, санъаткорона суратлар яратиш, келажак авлодларга аждодларининг ёрқин ва бетакрор турмуш лаҳзаларини инъом этиш билан банд.
Ҳеч эътибор берганмисиз — сураткаш мухбир фотоаппаратини “чирқ” этказиб босгач, “Сизларни тарихга муҳрладим” дегандек: “Саломат бўлинглар!” — дейишни канда қилмайди.
Сиз ҳам соғ-омон бўлинг, фарзандлар, набиралар бахту камолини кўриб юринг, Шамшидин ака!
Қувончлиси, куни кеча Президентимиз фармонига кўра Шамшидин Қорабоев “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Заҳматкаш ҳамкасбимизнинг меҳнатига юксак эътибор намунаси бўлди. Муборак бўлсин!
Абдужалил БОБОЖОНОВ