Ақлли агротехнологиялар соҳасида ҳамкорлик

2025 йил 21–24 июль кунлари Хитой Халқ Республикасининг Синьцзян-Уйғур автоном вилоятида жойлашган Шихэцзи шаҳрида “International Smart Agricultural Equipment Development – ISAED–2025” халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу анжуман “Бир камар – бир йўл” ташаббуси доирасида ташкил этилган бўлиб, унинг мақсади глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аграр соҳада замонавий технологияларни жорий этиш ва мамлакатлар ўртасидаги агроиндустриал ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди. Тадбирда дунёнинг турли қитъаларидан етакчи олимлар, муҳандислар, илмий марказлар ва олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этдилар.

Ўзбекистон делегацияси таркибида Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ҳам фаол қатнашди. Университет ректори, профессор Расул Тўраев мазкур конференцияда “Ўзбекистоннинг жанубий минтақасида машинасозлик ва қишлоқ хўжалиги соҳалари учун олий малакали кадрлар тайёрлаш истиқболлари” мавзусида маъруза қилди. Унда агроиқтисодий салоҳият, маҳаллий ишлаб чиқариш манфаатларига мос таълим тизимини шакллантириш, дуал таълим моделларини амалиётга татбиқ этиш ва халқаро тажрибаларни локаллаштириш борасида муҳим таклифлар илгари сурилди. Маъруза иштирокчилар томонидан қизиқиш билан қарши олинди.

— Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети делегациясининг ушбу нуфузли анжумандаги иштироки нафақат тажриба алмашиш, балки замонавий агротехнологияларни ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сафар доирасида Шихэцзи университети ва қишлоқ хўжалиги ускуналарини ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялар билан амалий музокаралар ўтказдик. Унда олий малакали муҳандис-кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар ўртасида академик алмашинувни йўлга қўйиш ҳамда инновацион стартаплар учун ҳамкорлик шароитларини яратиш бўйича келишувларга эришдик. Хитойдаги агротехник университетлар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик лойиҳалари келгусида кадрлар сифатини ошириш, таълим, фан ва саноатни чамбарчас боғлашга хизмат қилади, — деди профессор Расул Тўраев.

Сафар давомида ТерДМАУ делегацияси Шихэцзи университети раҳбарияти, Хитой қишлоқ хўжалиги ускуналари ишлаб чиқарувчи компаниялари ва соҳавий ташкилотлар билан қатор учрашувлар ўтказди. Музокараларда икки томонлама илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун малака ошириш курсларини ташкил этиш, аграр соҳадаги инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, стартап ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва академик алмашинув дастурларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу учрашувлар натижасида ТерДМАУ ва Шихэцзи университети ўртасида стратегик ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳужжат икки олийгоҳ ўртасида билим ва тажриба алмашишни тизимли ташкил этиш ҳамда олий таълим ва илмий салоҳиятни интеграциялаштириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Шихэцзи университети Хитойнинг ғарбий шимолида жойлашган, кўп тармоқли ва стратегик аҳамиятга эга олий таълим муассасасидир. У “Project 211” ва “Double First-Class” каби давлат дастурлари доирасида ривожлантирилаётган университетлардан бири бўлиб, аграр, муҳандислик, тиббиёт ва биотехнология соҳаларида илмий марказ сифатида етук тажрибага эга. Университет қошида 3 та миллий лаборатория, 30 дан зиёд илмий марказ ва “Science & Technology Park” инновацион технопарки фаолият юритади. Илмий тадқиқотлар, стартап лойиҳалар ва технология трансфери орқали унинг инновацион салоҳияти тижоратлаштирилади. Қурғоқчиликка чидамли экинлар, биологик ўғитлар, агро-дронлар ва рақамли мониторинг каби ишланмалар амалий жиҳатдан фойдаланишга жорий этилмоқда.

ISAED–2025 анжуманидаги иштирок ТерДМАУ учун илмий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, инновацион технологияларни жалб қилиш, ёш тадқиқотчиларни халқаро майдонга олиб чиқиш ва таълим-ишлаб чиқариш ўртасида самарали интеграцияни таъминлашда муҳим аҳамият касб этди. Хитойнинг илғор агротехнологиялари ва илмни тижоратлаштириш борасидаги тажрибаси Ўзбекистонда аграр соҳани ривожлантириш ва таълимни модернизация қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Ҳумоюн НИЗОМИДДИНОВ,

«Hurriyat» мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 3 =