Синчалак

Уйчида Раъно опа деса, уни ҳамма яхши билишар экан. Телефонда гаплашдик.

— Даламга келаверинг, мен йўл-йўлакай даладагиларга тарвуз олиб бораман.

Ҳокимиятдагилар йўлнинг чап томонида иссиқхонаси бор бино опанинг фермер хўжалиги деб тушунтиришди.

Уйчида Муҳитдин Валиев ҳокимлик қилган йиллари бу йўллардан кўп ўтганман. Туман маркази ҳам ўзгариб кетибди. Йўллар анча кенгайган бўлса ҳам, тирбанд. Ҳаво ҳарорати қирқдан ошиб ётсаям, тирикчилик қурсин, одамларда тиним йўқ. Назаримда, ҳамма кўчага чиқиб олганга ўхшайди. Ижтимоий тармоқларда “зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг, иссиқдан сақланинг, соғлиғингизни эҳтиёт қилинг” деган огоҳлантиришлар. Шундай жазирама иссиқда ўзинг нима қилиб юрибсан, дейдиган одам йўқ.

Илож қанча, хизмат сафаримнинг ҳар куни режали. Газетачилик ҳам қийин бўлиб кетди. Газетага меҳри бор, ёзса арзийдиган қаҳрамон топгунча у ёққа чопасан, бу ёққа чопасан. Аммо мақоланг чиққан куниёқ ҳамма заҳматларинг унут бўлади. Келгуси ҳафтада ёзиш учун янги қаҳрамон билан учрашганингда эса тилла топган одамдек севиниб кетасан.

Тўғриси, мақола ёзса, бажонидил рози бўладиган, газета ўқийдиган одамлар ҳам камайиб кетмоқда. Кўпчиликнинг инон-ихтиёрини интернет ўғирлаб қўйди. Шу кетиш бўлса, бу кунимиз ҳам ҳолва бўлиб қолади, шекилли.

Шийпон йўлнинг ичкарироғида экан. Хаёл билан ўтиб кетибман. Орқага қайтдим.

“Зарбол Навоий сувдан фойдаланувчилар” уюшмаси ҳудудидаги “Барногул зиё файз” фермер хўжалиги номи ва кўрсаткичлари ёзилган лавҳа рўпарасидаги иш ўриндиғига ўтирдим. Ҳар тугул, бу жойда шабада бор экан.

Ёши қирқлар атрофидаги полвонсифат келбатли киши “Жигули”да келиб тўхтади. У фермер хўжалиги иш юритувчиси Исмоилжон Тиллабоев экан. Меҳмон эканлигимни билиб, дарров чой дамлаб келди.

Замонавий электромобиль овоз чиқармай юради. Опанинг келганини сезмай қолибман.

— Ассалому алайкум, куттириб қўйдим, узр, — деди у. — Фермерлик ҳам азоб иш бўлиб қолди. Сув хўжалигидагиларга ғўзалар сувсизликдан шоналарини тўкиб юбораётганини айтсам, ишонишмайди. Вакил жўнатаман, текшириб кўрамиз, дейди. Ғўзаларни қаранг, суғориш вақти ўтиб кетгани учун барглари сўлиб, шоналарини тўкаман деб турибди. Эрталабдан бери ғўзаларимнинг аҳволини кўриб, томоғимдан овқат ҳам ўтмади. Ғўзаларнинг оёғи йўқ — ўзи бориб сув ичиб келолмайди, тили йўқ — сув ичаман дея олмайди. Аҳволини кўриб йиғлайман.

Ғўзаларига раҳми келиб, сув муаммосини ҳал қила олмай иложсиз тўлиб турган эканми, Раъно Қориева ўзини тута олмади. Йиғлаб юборди. Қаршимдаги олтмишни қоралаб қўйган аёлнинг кўз ёшларини кўриб юрагим оғриди. Яқинда Президент Фармони билан “Шуҳрат” медали олган, ютуқлари туфайли вазирлар ҳам шахсан танийдиган, ҳар байрамда вилоят ҳокимининг олқишию мукофотларини олиб юрадиган фермернинг ҳоли шу бўлса-я? Сув бошида турган роботсифат кимсалар умри далада ўтаётган Раъно Қориевани билмаса-я? Аёл қадрини, онаси тенги она қадрини билмаган ғўза қадрини биладими?

Қўл телефони жиринглаб қолди.

— Вакилингиз тезроқ келиб кўрсин аҳволни, — деди у.

— Мамлакатга ибрат қилиб ёзса арзийдиган фермер сифатида туман ҳокими Шуҳрат Содиқов сизни тавсия қилди, — дейман унга юзланиб.

— Тошкентдан келдингизми, ўзимизнинг Наманган газеталаридан деб ўйлабман, ёзадиган гаплар кўп, — деди у чойнакка қўлини узатиб.

— Исмоилжон, чойни янгилаб беринглар!

Дадам раҳматли Фахриддин Қориев республикада таниқли судья бўлган. Ўта ҳақиқатгўй инсон эди. Ғафур Ғулом билан дўст эди. Оилавий борди-келдимиз бўлган. Академик шоир Ғафур Ғулом бир сафар бизникига келганида раҳматли Бувзаҳро онамнинг кўзи ёриб, акам туғилган экан. “Мен тошкентлик Ғафур, сен уйчилик Ғафур” деб исмини қўйиб берган экан. Шоиримизнинг аёли ўта маданиятли, эрига итоатли бўлгани учун ота-онам ҳавас қилиб опамнинг исмини Муҳаррам қўйишган экан. Шоирларга, ёзувчиларга, журналистларга ҳурматимиз баланд. Шунинг учун бўлса керак, китобга, газетага меҳр қўйганмиз.

Қаршимда одатдаги илғор фермер аёл эмас, зиёли оиланинг ўқимишли вакиласи гавдалана бошлади.

— Акамнинг кўзи яхши кўрмасди, — дея у ҳикоясини давом эттирди. — Бешинчи синфда қўлимга биринчи марта бадиий китоб олганман. Акам: “Китоб ўқиб бер, эшитайин”, дерди. Онамнинг хат-саводи бўлмаса-да, китоб ўқисам, акам билан бирга тинглаб ўтирарди. Гоҳ-гоҳида акамнинг кўзига қараб йиғлаб, кўнглини бўшатиб оларди. Улғайганимизда ҳам кечгача ишлаб, уйга қайтгач, овқатланиб, яна китоб ўқиш бошланарди. Навбат билан овоз чиқариб, қизиқ-қизиқ асарларни ўқиб берардик. Акам тез-тез “ақлсиз кўздан ақлли мия яхши” деб такрорлаб юради. Ўзига тасалли беради. Акамга китобга бўлган меҳрни Яратган Аллоҳ ато этган бўлса керак, деб ўйлайман. Агар унинг кўзлари кўрганида борми, умри китоб ўқиш билан ўтса керак, деб хаёл қиламан.

Унинг ҳикоясини эшитяпман-у, бугун кўпчилик кўзи очиқлар ҳам китоб ўқимай қўйгани сабабини англай олмай ҳайронман.

Раънохон Қориеванинг айтишича, у болалигида қўшиқчи бўлишни орзу қилган. Дадаси: “Қўй, қизим, бошқа касбни танла”, деб унга қаршилик қилган экан.

— Шундай бўлса-да, қўшиқ хиргойи қилиб юраман, — деди у қувноқ овоз билан. — 1989 йили Тошкент қишлоқ хўжалиги институти (ҳозирги Тошкент давлат аграр университети)да ўқирдим. “Наврўз” байрамида институт факультетлари орасида бадиий ҳаваскорларнинг кўрик-танлови бўлди. Ректоримиз Эркин Шайхов ҳаваскорлар чиқишларини кўриб юриб, бизнинг даврага келиб қолди. Катта домламизга келин салом айтиб берсам, хурсанд бўлганидан 25 рубль пул бергани ҳалиям кўз ўнгимда турибди.

Ўшанда яхши қўшиқ айтганим учун гуруҳимиз ғолиб бўлди, эвазига бутун группамиздаги курсдошларим институт ҳисобидан Шоҳимардонга дам олишга боргандик.

Трактор ҳайдашни яхши кўраман. Қўшиқ айтиб ҳайдаб юрардим. Турмуш ўртоғим: “Яна трактор минганингни кўрсам, қаттиқ хафа қиламан”, деганидан кейин тракторга ўтирмай қўйдим. Бундан ўттиз беш йил аввал ҳайдовчилик гувоҳномасини олганман. Чиройли, замонавий автомобилни ҳайдашнинг ҳам гашти бор.

— Ишда ҳам, оилада ҳам намунавий аёллар қаторида жаҳон беш юзталигига кирган экансиз, бу мақомга қандай эришгансиз? — деб фермер суҳбатдошимиздан сўрадим.

— Аввало, ота-онамнинг, қайнона-қайнотамнинг хизматларини оғринмай қилганим эвазига олган дуоларим учун бўлса керак. Ҳар жума куни эрта туриб ибодатимни қилиб, эрим томондагиларни, ўзимнинг уруғларимни, ҳеч бўлмаса, тўртта нон кўтариб йўқлаб чиқаман. Қайнонам Чиннихон онамни онамдек яхши кўрганман. Тўйга борсак, “қизим қўшиқ айтиб берсин”, дерди. Азага борсак, Қуръон ўқитарди. Овозимга маҳлиё бўлиб дуо қилиб ўтирарди. Аёл киши ҳеч қачон қилган ишини гапирмаслиги керак. Кир ювиш, хамир қилиб нон ёпиш, овқат тайёрлаш ишмас, йўл-йўлакай бажариб кетиладиган арзимаган юмуш-ку! Ҳозирги ёш келинлар шу юмушларга ҳам тоби йўқ. Шу боис оилавий қўйди-чиқдилар кўп. Насиҳат қилсанг, қулоғига олмайди. Қанақа замон бўлди-я?!

— Кимнинг қўшиқларини айтасиз?

— Ҳабиба Охунова қўшиқларини маза қилиб айтаман.

Қўшиқ айтиб меҳнат қилай кенг далаларда,

Қўшиқларим сизга, дўстлар, манзур бўлса бас.

Катта тўйда куйлай-куйлай қўшиқ бир нафас,

Қўшиқ кирган уйга, дўстлар, қайғу йўлламас.

Очиғи, Раъно Қориеванинг овозини эшитиб лол қолдим. Ҳақиқий истеъдод соҳибаси экан.

— Овозингизга гап йўқ. Кам бўлманг, чарчоқ ҳам чиқиб кетди. Устозларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз…

— Учқўрғонда Гулхумор Тоғаева деган устозимиз — ҳожи онамиз бор. Ҳар соҳада баландда юради. Ҳам устоз, ҳам онамиз каби меҳрибон. Декабрда етмишга киради. Этагидан маҳкам ушлаганман. У менинг ҳаёт мактабим. Бир пайтлар туманимизни бошқарган раҳматли устозим Турсунпўлат Мирзамаҳмудовни эслаб, ҳаққига дуо қилиб юраман. Кўп яхши фазилатлари бор эди. Мени “Синчалак” дерди.

— Синчалак номини эшитсам, Носир Отахонов ҳақида ёзган “Чинор шохидаги синчалак” китобим ёдимга тушади.

— Раҳматли Носир ака Отахонов ажойиб устоз эди. У Наманганга ғалла уруғчилигини олиб кирган катта олим эди. Ўлимидан уч кун олдин менга қўнғироқ қилиб: “Раънохон, иш юзасидан сизни хафа қилган жойим бўлса мени кечиринг”, деб қолди. “Устоз, ҳеч қачон мени хафа қилмагансиз, ҳар доим ёрдам бергансиз”, десам, жуда хурсанд бўлганди. Ҳар иккала устозларимизнинг ҳам охиратлари обод бўлсин!

Сафар давомида юртимизда ҳалол меҳнат қилиб, тиниб-тинчимас ва фидойи инсонлардан яна бири билан танишганимдан хурсанд эдим. Чунки қаҳрамонимиз худди атоқли ёзувчи Абдулла Қаҳҳор ёзган “Синчалак” асаридаги бугунги раҳбар, ҳақиқий қаҳрамон замондошимиз эди. Жонкуяр, куюнчак, меҳнаткаш бу аёлнинг топгани олтин бўлсин деб кўнгилдан ният қилдим.

Ҳа, устозлари изидан юриб, эл-юрт назарига тушган Наманган юлдузлари каби порлаб турган Раънохонлар бор бўлсин!

Муҳаммад КЕНЖА,

публицист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + six =