“Дўстим ҳақида ёмон гап тополмайман…”

Ўтган кунларимни эсга олсам, бундан қирқ олти йил аввал Қўқонни кўрган эканман. Хонлар юрти, Яратганнинг файзу баракоти ёғилган Қўқон ҳақидаги илк таассуротларим курсдошим, қадрдон дўстим бўлиб кетган Шавкатбек Исроилов билан боғлиқ. Унинг зуваласи покиза тупроқдан қорилган бўлса керак, деб ўйлаб юраман. Ақлу фаросати, гўзал муомаласи, ҳеч кимни ёмон кўрмайдиган бағрикенглиги, борини аямайдиган сахийлиги билан барча ҳамкурсларимиздан ажралиб турарди. Зеҳниятимни қўқонликлар шундай бўлади деган фикр эгаллаб олган.
Яратганга шукрки, санайверсам адоғи кўринмайдиган, Аллоҳ ризқларини улуғ қилиб қўйган ўнлаб қўқонлик фазилатли инсонлар билан дўст бўлдим. Хусусан, устозимиз, таниқли адиб, “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасини қарийб 25 йил бошқарган Мақсуд Қориевнинг қадрдони, навоийшунослар гултожи бўлган академик Азиз Қаюмов билан кўп марта даврадош бўлдим. Унинг ҳалол ва маданиятли олим укаси Лазиз ака Қаюмов билан ўша йилларнинг отахон газетаси — “Совет Ўзбекистони”да бирга ишладим. Домла деса, аҳли Қўқон наздида бир улуғ сиймо гавдаланадиган Алижон Пайғамов билан ота-боладек яқин эдик.
Уларни осмондаги юлдузларга ўхшатсам, Қўқон кўзимга қуёшдек бўлиб кўринаверади…
Яқинда юқори идорада ишлайдиган танишим бир издиҳомда кейинги пайтларда ёзаётган эссе ва очеркларимни олқишлаб, қўқонлик кекса нуроний ҳақида ёзишга мени даъват қилди. Унинг таклифига кўра, Қўқонга бормоқчилигимни қадрдоним, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг Қўқон бўлими раиси Манзур Абдуллаевга айтсам, у бирдан хурсанд бўлиб кетди.
— Соҳиб Алиев ҳақида албатта чиройли бир нарса ёзиш керак. Шунга арзийдиган ажойиб инсон, келаверинг, сизни ўзим кутиб олиб, таништириб қўяман, — деди у.
“Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими биноси Қўқоннинг Чорсу майдонида — арчазорлар орасида жойлашган экан. Манзур аканинг хизмат автомашинаси идораси ёнида кўринмади. Ҳали келмаган, шекилли, деб ўйлаб унга қўнғироқ қилдим.
— Икки дақиқада ёнингизда бўламан, — деди у.
Ёнимга велосипед минган оқсоқол келиб тўхтади.
— Қойил-э, шу ёшда ҳам дадилсиз, Манзур ака, — дедим унга ўзимни яқин олиб.
— Велосипедга ўтирсам, от мингандек бўламан, ҳадеб машина ҳайдаш ҳам жонга тегади.
Ташқарига стол-стул олиб чиқиб ўтирибмиз.
— Таклиф қилиб қўйган эдим, мана, Соҳибжон ака ҳам келиб қолди, — деди бўйлари икки қулочдан баландроқ, марвариддек оппоқ сочли, тик қоматли нуронийга ишора қилиб.
Соҳибжон ака билан беш-олти дақиқа суҳбатлашибоқ, фикрларимиз қовушиб кетди.
— Касбим геолог-геофизик, 1957-1962 йиллари Ломоносов номидаги Москва давлат университетида ўқиганман, — деди Соҳиб ака. — Мактабни битираётганимда ўртоғим Рустамжон Ворисов Москва давлат университети ҳақидаги бир русча китобни олиб келди. Унда физика, геология факультети ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар ёзилган экан. Менга китобдаги геологларнинг формаси ёқиб, шу касбга қизиқиб қолдим. Ўзбек мактабини битирган бўлсам-да, рус тилида имтиҳон топширганман. Екатерина Михайловна деган аёл ўқитувчимиз бизга рус тилини меҳр билан ўргатган муаллима эди. Оналардек меҳрибон бу аёл шарофати билан рус тили ва грамматикасини яхшигина ўргандим. Устозимиз берган билим туфайли рус тилидаги юзлаб жаҳон классик асарларини ўқишга муяссар бўлдим. Маяковский, Чехов, Ян тахаллуси билан ёзадиган Янчевецкий ва бошқа кўплаб адибларнинг деярли барча асарларини ўқиб чиққанман. Рус тили билан боғлиқ ютуқларимнинг асл сабабчиси бўлган бағрикенг устозим Екатерина Михайловна номини бир умр эслаб юраман.
— Ноёб касбни танлаган экансиз, машҳур геолог олим, академик Ҳабиб Абдуллаевни яхши билсангиз керак-а?
— Ўзлари билан кўришмаган бўлсам-да, китобларини ўқиганман, ғойибона устозим деб биламан. Бир воқеа ҳечам ёдимдан чиқмайди. Москва давлат университетининг уч минг нафар геолог-геофизиклар йиғилган катта залида нутқ сўзлаётган машҳур рус олими бир дақиқага сўзини тўхтатиб: “Ёзиб олинглар: ўрта осиёлик олим Ҳабиб Абдуллаевнинг шу номдаги китобини, албатта, топиб ўқинглар”, деганди. Шундай катта жойда ҳамюртимнинг номини эшитиб, фахрдан бошим осмонга етган. Ярим асрдан кўпроқ давом этган касбий фаолиятимда ҳам Ҳабиб Абдуллаев каби буюк олимларнинг илмий асарларига суяниб иш олиб бордим. Илм аҳлига, фанга суянган одам кам бўлмас экан.
— Ўзбек ёзувчи-шоирларини ҳам яхши билсангиз керак?
— Абдулла Қодирий романларини, Абдулла Қаҳҳор ҳикояларини қайта-қайта ўқиганман. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуфларнинг шеърларини яхши кўраман. Улар билан учрашиб, овозларини эшитган бахтли инсонлардан бириман.
Ёшинг бир жойга борганида қандай умр кечирдим экан-а, деб ўтган кунларни эслар экансан, — деб Соҳиб ака сўзини давом эттирди. — Яқиндан буён яхши кунларимга сабабчи бўлган устозим ҳақида ўйлаб юргандим. Сизни худо етказди. Менга отадек улуғ устозлик қилган Тошпўлат Бобожонов номини мамлакатимизда кўпчилик яхши билишади. Яқинда у киши тўқсон ёшга кирди. Мен каби шогирдлари тақдирини фарзандиникидек билган, ибратли ва баракали умр кечираётган устозимнинг борига шукур.
— Соҳиб аканинг ажойиб онаси бўлган, — деб Манзур ака суҳбатга қўр ташлади. — Тожиой хола моҳир тикувчи, ҳунарманд бўлган. Сўзана, кашта, рўжо, палак тикадиган қўли гул аёл эди.
— Мени ҳамма онамга ўхшатишади, — деди Соҳиб ака. — Онам раҳматли жудаям пазанда эди. Бизнинг ҳовлимизда ҳеч ким овозини баландлатиб гапирмаган. Жанжал ҳам бўлмаган. Онам ёқимли талаффуз билан чиройли сўзларни топиб гапирарди. Исломдан хабари бор аёл эди. Маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар “отинча ая” деб ҳурмат қилишарди. Уйимиздан одамлар узилмасди. Улар кўп масалаларда маслаҳат сўраб онамнинг олдига келарди. Онамга биров бировнинг устидан арз қилса, унинг фикрига қўшилмасди. Аям учун ёмон одам йўқ эди. “Эсон бўлсин, қўй, болам, у ҳам Аллоҳнинг бандаси”, дер эди.
Отам раҳматли ҳам ислом динимизни яхши биладиган, Аллоҳдан қўрқадиган киши эди, — деди у ҳикоясини давом эттириб. — Ҳамма уларни “мулла Али” дерди. Араб алифбосини яхши билардилар-да. Кам гапирардилар. Ҳар куни бомдоддан кейин бир соатлар чамаси овоз чиқариб Қуръон ўқирдилар. Овози қориларникидек эди. Ҳа, кунимизни Қуръон эшитишдан бошлардик. Шунча йиллар ўтган бўлса ҳам эрта тонглари отамнинг ҳеч кимникига ўхшамайдиган ширали овозини, онамнинг ширин сўзларини, меҳрибон қўлларини соғиниб қоламан. Қабрларига бориб уларни йўқлайман, дуои фотиҳа қиламан. Отам раҳматли Эшон бува деган қўшнимиз билан айниқса жуда иноқ дўст эди. У киши таниқли уламо бўлган. Улар деярли ҳар куни эрталаб кўришиб туришарди. Бу улуғ инсонни Эшонбува, Эшонбува деб, ҳатто исми кимлигини ҳам билмабмиз. Кейин англаб етдимки, улар Аллоҳ йўлида дўст бўлишган экан. Илоҳо, уларни Яратган раҳматига олган бўлсин!
Соҳиб ака мулла Али отаси, отинча ая Тожиой онаси ҳақида гапираётганида, у кўзимга ота-она ҳузурида турган қобил фарзанддек бўлиб намоён бўлди. Ота-онасига муҳаббати билан иймонини қувватлантириб юрадиган Соҳиб акага тикилиб-тикилиб қарадим. Раҳматли ота-онам эсимга тушди. Қандай оталаримиз, қандайин оналаримиз бор эди-я?
— Ота-онангиз ибратли умр кечирган табаррук инсонлар бўлган экан, — дедим суҳбатдошимга юзланиб.
— Аввало, шундай инсонлар зурриёти қилиб яратгани учун шукур. Уларнинг дуолари туфайли шу кунларга етдим, — деди у.
Соҳиб акадан ота-онасининг фазилатлари ҳақидаги ибратли ҳикояларни эшитиб, ушбу ҳадис ёдимга тушди: “Ота-онадан гўзал ахлоқ мерос қолади”. Назаримда, Соҳиб акага ҳам шундай мерос қолганга ўхшайди.
— Сиздек улуғ ёшдаги самимий инсон билан рўбарў қилгани учун шукур, — дедим унга ҳурмат билан қараб. — Дўстларингиз ҳақида ҳам айтиб берсангиз.
— Энг яқин дўстим раҳматли Маҳмуджон Ҳошимов эди, — дея ғамгинроқ оҳангда Соҳиб ака хотирлади. — Маҳмуджон басавлат, чиройли йигит эди. У Самарқанддаги кооператив институтини битириб келгач, Қўқондаги савдо ташкилотларида ишлади. Қаерда ишласа, ўша жойга барака киритадиган, қадами қутлуғ савдо ходими бўлган. Ўша даврлардаёқ қурган янги дўконларини очишдан аввал дизайнига эътибор берар эди. Қайси даврада ўтирса, у жойга хушчақчақлик, файз кирарди. Маҳмуджон кўзи тўқ, диди баланд инсон эди. Саховатли савдогарлари кўп юрт обод бўлади, деган ҳикматни эшитсам, Маҳмуджон ёдимга тушаверади. Ошна-оғайниларига саховат қилишда унга тенг келадигани йўқ эди. Маҳмуджоннинг дадаси раҳматли Ҳошимжон тоға Қўқонда манаман деган ошпазларнинг пири, устози бўлган. Маҳмуджон ҳам пазандачиликни қотириб қўярди. Дўстлар йиғилганимизда ҳеч кимга ишонмай, ўзи бозорлик қилиб, ўзи овқат тайёрлаб роҳатланар эди.
Дадаси Ҳошимжон тоғанинг “Газ-21” “Волга”сини миниб келарди. Шунақа юмшоқ машина эдики, унга чиқсак, ўзимизни худди денгизда сузиб юргандек ҳис қилардик. Ёз ойларида тез-тез Шоҳимардонга дам олишга борардик.
Дўконига янги моллар келса, битта-биттадан мен каби дўстларига илинарди. “Пулим йўқ”, десам: “Топганда берасиз”, дерди. Топганда пулини оборсам, “совға қилганман” деб пул олмасди. Сахий, қўли очиқ, мурувват кўрсатиб роҳат оладиган мард инсон бўлган. “Зиёли одамнинг уйида чиройли нарсалар бўлиши керак”, дер эди. Бундан эллик йил аввал берган гиламчани ҳозиргача эсдалик деб сақлаб юраман. Умри қисқа экан, Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, эллик икки ёшида оламдан ўтиб кетди. Агар ҳаёт бўлганида, бу йил саксон бешга кирган бўлар эди.
Соҳиб ака суҳбатдошларининг раъйига қараб муомала қиладиган инсон экан.
Телефони жиринглаб қолди. Истиҳола билан узр сўраб, нарироққа бориб ким биландир гаплашиб, хурсанд бўлиб қайтди.
— Шаҳар ҳокимимиз Маъруфжон Усмонов телефон қилибди, — деди у. — Кеча у олтмиш ёшга киргани учун нуронийларга дастурхон ёзганди. “Камчиликлар бўлмадими? Келганинглар учун раҳмат”, деди.
— Қўқонда катта ишлар қилинмоқда, яқинда ҳунармандлар фестивали бўлади, — деди Манзур ака.
— Турмуш ўртоғим Барнохон аянгиз учун ҳам қувончли кунларда бизни йўқлаб келибсиз, — деди Соҳиб ака. — Куни кеча саксон ёшини фарзанду зурриётларимиз даврасида нишонладик. Илоҳо, умридан барака топсин, бахтимизга соғ бўлсин. Эллик олти йил турмуш қурган бўлсак, бирор марта гапимиз айро тушмади. Ота-онамнинг дуоларини олиб, бугун ўзи ҳам фарзандлар ардоғида муниса онахон бўлиб ҳаёт гаштини сурмоқда. Етказганига шукур, Маккаи Мадинага ҳаж зиёратига бориш насиб қилди. Ҳожи аянгиз билан бир ўғил, икки қизни тарбиялаб вояга етказдик. Ўқитдик, ундирдик.
Ўғлим Эркиннинг исми тарихини айтиб берайми? 1969 йили Эркин Воҳидовнинг “Ёшлик девони” китоби чиққанди. Дадамга шу китобдан “Ўзбегим” шеърини ўқиб бергандим. Дадам бу шеърдан ниҳоятда таъсирланди. “Буни ким ёзибди?” деб сўради. “Эркин Воҳидов”, дедим. “Агар ўғил фарзанд кўрсанг, исмини, албатта, Эркин қўямиз”, дедилар шунда. Орадан бир неча ой ўтиб, ўғил кўрдик. Исми Эркин бўлди. Орадан йиллар ўтиб, устозим Тошпўлат Бобожонов ва Эркин Воҳидов билан учовимиз бир дастурхон атрофида суҳбатлашиб қолдик. Бўлган воқеани айтиб бердим. Эркин ака ўшанда жуда хурсанд бўлиб кетганди. “Қўқонга бориб, адашимни зиёрат қиламан”, дегандилар.
Илоҳо, умрларидан барака топсин, қизларим ҳам бахтиёр оилалар соҳибалари. Адибахон — фармацевт, Ҳулкарой — иқтисодчи. Саккизта набирамиз, олтита эварамиз бор.
Суҳбат орасида Соҳиб акадан: “Бирорта дўстингизни таклиф қилайлик, сиз ҳақингиздаги фикрларини эшитсак”, дедим.
У кимгадир қўнғироқ қилди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, дўсти Анвар ака Ҳошимов даврамизга қўшилди. Ундан Соҳиб ака қандай инсонлиги ҳақида сўрадим. У бир гап билан саволимизга жавоб бериб қўя қолди: “Соҳиб Алиев тўғрисида ахтариб ҳам ёмон гап тополмайман”.
Соҳиб ака етмиш беш ёшигача “Ўзбекгеофизика” ишлаб чиқариш бирлашмаси Фарғона геофизикаси экспедицияси бошлиғи бўлиб ишлабди. Президент фармони билан 1996 йили “Шуҳрат” медали, 2017 йили “Дўстлик” орденига сазовор бўлибди.
Мароқли суҳбатимиз чоғи Соҳиб Алиевнинг иш фаолияти даврларидаги ютуқлар, оғир ўтган кунлари ҳақида елкани елкага қўйиб дилдан суҳбатлашдик.
— Одамларнинг яхшилари бўлганидек, ёмонлари ҳам бор, — деди Соҳиб ака. — Одамларга фойдаси етиб турувчилар бўлганидек, яхшиларга зиён етказувчилар ҳам кўпдир. Мен кабиларга душманлик қилганлар кўз ўнгимда қилмишлари жазосини кўришди. Менга эса Худо муродимни бериб, юзим ёруғ юрдим.
Соҳиб Алиевдан эшитганларимни тўлиқ ёзсам, саҳифалар етмайди.
Тошкентга қайтиб, Соҳиб ака ҳақида ёзаётган кунларим таниқли олим Нурбой Жабборов фарзандларининг никоҳ тўйига бағишлаб ёзган эҳсон ошига бордик. Дастурхон атрофида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, раҳматли Эркин Воҳидовнинг ўғли Хуршид Воҳидов билан бирга ўтириб қолдик. Анчадан буён Хуршид Воҳидовга “ота-онасини эъзозлайдиган сиздек фарзандга минг раҳмат” деб айтмоқчи бўлиб юргандим. Ниятимга етдим. Қўқонлик мулла Али Эркин Воҳидовнинг шоирлик истеъдодига маҳлиё бўлиб, унинг исмини набирасига қўйгани тарихини айтиб бердим. Хуршид жуда хурсанд бўлди. Биз билган Хуршид ҳам ўзбекча қилиб, халқ тили билан айтганда, ҳақиқий ота ўғил.
— Дилмурод ака, қўқонлик Соҳиб акамиз билан таништириб қўясиз-а, — деб Хуршид мен томонга юзланди. — Келгуси йили адамларнинг туғилганларига 90 йил тўлади. Хотира китобини тайёрлашни режа қилиб турибмиз. Адамнинг қўқонлик адаши Эркин укамизнинг исми тарихи ҳақида билганларингизни ёзиб берасиз-да!
— Албатта!
Яхшиларни йўқласангиз, яхшиларга рўбарў келаверар экансиз. Соҳиб Алиев каби элимизнинг пирубадавлат одамлари билан танишмоқ насиб этганига шукурлар бўлсин!
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.