Маржонбулоқ ва маржонбулоқликлар
юрт тараққиётига хизмат қилмоқда
“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни мужассам этган мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллик байрам шукуҳи халқимизга чексиз ғурур, қувонч улашмоқда. Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида Ғаллаоролда ижодий сафарда бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари, соҳа илғорлари билан яқиндан танишдик.
Навоий кон-металлургия комбинатида ҳар бир бўлинма пайдо бўлишининг ўз тарихи, таърифи бор. Маржонбулоқдаги бўлинмалар ҳам мана шундай тарихий йўлига эга. Айтишларича, бундан ярим аср бурун бу ерлар оддий қишлоқ, одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган дашту далалардан иборат бўлган экан. Бу замин бағридан қимматбаҳо металлар захираси топилиши ўтган асрнинг тарихий мўъжизаси бўлди. Бунинг натижасида ҳудудга саноат кириб келди. Кончилик ва металлургия индустрияси — “Маржонбулоқ” кони, “Маржонбулоқ” олтин ажратиб олиш цехи ва Маржонбулоқ шаҳарчаси қад ростлади. Улар ҳудуд қиёфасини тубдан ўзгартириб, янгича ҳаёт бағишлади.
Ҳозирги кунда мазкур кон ва цех Жанубий кон бошқармасининг таркибий бўлинмаси бўлиб, бу ерда минг нафардан ортиқ кончи-металлург, муҳандис-технолог, ишчи-ходим меҳнат қилмоқда.
— Ўтган давр биз учун жуда катта синов бўлди. Кечани-кеча, кундузни-кундуз демай фидокорона меҳнат ортидан режалар ортиғи билан бажарилиб, босқичма-босқич ўсиш суръатлари ошириб борилди. Самарадорликни таҳлил ва таққос этадиган бўлсак, ҳозирги пайтда кондан ҳар суткада 2,6 минг тонна, бир йилда 5,3 миллион кубометр оксидланган ва сульфидли тоғ жинслари қазиб олинмоқда. Олтин ажратиш цехида унинг 837 минг тоннаси қайта ишланмоқда, — деди цех бошлиғи Элёр Рустамов.
Биз борган паллада ҳам иш кўлами, ишлаб чиқариш жараёнлари қизғин давом этарди. Ёз жазирамасининг оташ тафти, эсаётган иссиқ гармселни писанда этмай, раҳбардан оддий ишчигача ҳамма иш, ишлаб чиқариш ва вазифаси билан банд эди. Улар ҳаракатида ғайрат-шижоат барқарор, масъулият мужассам эди.
Бу натижалар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунда меҳнатда тобланган жамоа жасорати ва машаққатли меҳнат мужассам. Дарвоқе, бу йил “Маржонбулоқ” кони ташкил топганига 45 йил тўлди.
ЗАМИН ЗАРНИ, ЗАМОН ЗАРГАРНИ ЯРАТАДИ
“Маржонбулоқ” кони — 1980 йилда ташкил топган. Шонли ва шарафли, залворли ва зафарли йўлига эга тарихий кон! Корхона шундан буён, яъни қирқ беш йил, 16 425 сутка, 394 200 соатдан буён бир он ҳам тўхтагани йўқ. Ишлаб чиқариш бир маромда давом этмоқда. Бунинг натижасида бугунга келиб кон узунлиги 2 минг метр, эни 900 метр ва чуқурлиги 2152 метрга етди.
Келинг, тарихга қайтамиз! Ўтган аср ўрталарида Ғаллаорол ҳудудида улкан маъдан захираси аниқланди. Бу Ўзбекистон учун тарихий янгилик, геология-қидирув ишларининг улкан натижаси эди. Ушбу кашфиёт бепоён дашт бағрида кон ва фабрика, шунингдек, ишчилар шаҳарчаси, ижтимоий инфратузилма объектларини қуриш даврини бошлаб берди.
Саноат индустрияси ва шаҳарча барпо этилишида ўша вақтдаги Ўзбекистон раҳбари, таниқли давлат арбоби, улуғ адиб Шароф Рашидовнинг хизматлари беқиёс бўлган экан. Маҳаллий халқ буни фахр билан кўп эслайди. Эътибор туфайли бу ерга бунёдкорлик руҳи, яратувчанлик шукуҳи кириб келди. Амалга оширилган барча оламшумул ишлар ўзбек фарзандининг қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ. Буюк шахс ҳудудга ташриф буюриб, маҳаллий аҳоли билан учрашади. Уларнинг муаммоларини тинглайди ва ҳал этишга бош-қош бўлади. Бу тарихий кунлар бугун Маржонбулоқ тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилган.
Илк йилларда ушбу коннинг бошқарув идораси маълум муддат Қўйтош посёлкасида фаолият олиб борган.
Конда илк қазиш ишлари бошланиб, тоғ жинслари “Лалмикор” темир йўл станцияси яқинида очилган маъдан сақлаш омборига ташилган ва у ердан Уралнинг Ревда шаҳридаги мис эритиш заводига жўнатилган.
Яна бир мисол. Илк йилларда аниқланган қимматбаҳо металлар захираси узоқ муддат ишлаш учун етарли эмасди. Бу, шак-шубҳасиз, геология-қидирув ишларини янада кучайтириш, хомашё захирасини кенгайтиришни талаб этарди. Ушбу эҳтиёждан келиб чиқиб, “Маржонбулоқ” геология-қидирув партияси ташкил этилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган геолог Пирмуҳаммад Тошқулов раҳбарлик қилган даврда эътирофга молик ишлар олиб борилди. Яъни, олтинтопарларнинг тинимсиз изланиши, геология-қидирув ишлари натижасида янги захиралар аниқланди. Бу эса кончилик ишини бир маромда олиб бориш имкониятини яратди.
Кон илк ташкил топган йилларда кадрлар масаласи муаммо эди. Шу боис мутахассис-кадрлар четдан жалб этилган. Улар кон ҳудудида қурилган барак уйларда яшаган. Кейинчалик Ўзбекистоннинг ўзида кадрлар тайёрлангани эвазига аста-секин ишлар изга тушиб кетди. Яқин йиллардан бошлаб маҳаллий кадрларга бўлган эътибор туфайли корхонага замонавий фикрлайдиган мутахассислар, соҳанинг янги вакиллари кириб келди.
Бир сўз билан айтганда, ўтган йиллар давомида “Маржонбулоқ” конидан кўплаб кончилар, металлурглар, шахтёрлар, геологу маркшейдерлар, эл-юрт корига яраган ва яраётган қанчадан-қанча улуғ инсонлар, соҳа дарғалари етишиб чиқди. Ва яна соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшишга қодир саноат ходимларининг янги авлоди шаклланди. Улар бугун ўзларига билдирилган ишончни тўлиқ оқлаб, замонавий техника ва технологияларни бошқармоқда. Бу, шак-шубҳасиз, мазкур коннинг бугуни ва келажаги ишончли қўлларда эканидан далолат беради.
ЭЪТИБОР БОР ЖОЙДА РИВОЖЛАНИШ БЎЛАДИ
Ҳукумат қарори билан 2002 йилда “Маржонбулоқ” кони Навоий кон-металлургия комбинати таркибига ўтказилди. Бу пайтда жиҳозлар техник жиҳатдан анча эскирган, ночор аҳволга келиб қолган, бинолар таъмирга муҳтож, иситиш тизимлари ишдан чиққан, сув муаммоси, махсус ишчи кийимлари таъминоти ва бошқа анча-мунча муаммолар тўпланиб қолган эди. Ҳаттоки керакли оддий эҳтиёт қисмлар ва жиҳозлар ҳам четдан келтирилгани боис, ишлаб чиқаришда тўхталишлар, узилишларга сабаб бўларди. Энг ачинарлиси, маошлар камлиги, ўз вақтида берилмаслиги натижасида жамоада норозилик кайфияти, кадрлар қўнимсизлиги юзага келганди.
2008 йилдан бошлаб Маржонбулоқда узоқ кутилган ўзгаришлар бошланди. Комбинат раҳбарияти ишчилар билан учрашиб, одамлар ичига кирди, уларнинг дардларини тинглади. Тўпланиб қолган муаммоларни батафсил ўрганиб, бартараф этишга киришди. Бу ҳаммада катта умид уйғотди. Бу ишга энг малакали мутахассислар, муҳандис-технологлар, бошқа соҳа вакиллари жалб этилди. Қурилиш-таъмирлаш, ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш, қайта жиҳозлаш ва техник янгилаш, кон техникаларини алмаштириш, ишчи-ходимлар учун муносиб иш, даромад манбаларини яратиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди.
Тез фурсатда барча муаммолар ижобий ҳал этилди. Ҳаттоки ишчи-ходимларни махсус кийим-бош билан таъминлаш, тегишли участкаларга бепул иссиқ овқат, сут-қатиқ маҳсулотлари бериш йўлга қўйилди. Кончилар шаҳарчасида ижтимоий ҳаётни яхшилаш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилди. Бу ўзгаришлар жамоага ишчанлик кайфияти, ҳаётий фаровонлик ва юқори иш самарадорлигини бағишлади.
* * *
— Айни пайтда конимизда 890 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг 168 нафарини олий, 258 нафарини ўрта махсус, 449 нафарини ўрта маълумотли мутахассислар, шундан 125 нафарини ёшлар ва 48 нафарини хотин-қизлар ташкил этади, — деди кон бошлиғи Алишер Ҳазратқулов. — Жамоа аҳиллиги, масъулиятни ҳис этиб ишлаётгани ва ёш, малакали мутахассислардан ташкил топгани асосий ютуқларга омил бўлмоқда.
Ўтган йилларда кон қувватини ошириш борасида жуда кўп ишлар амалга оширилди. Ишлаб чиқаришга замонавий техника ва технологиялар, рақамлаштириш жорий этилди. Муҳим дастурлар, лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилиши ишлаб чиқариш суръатини ошириб юборди.
2002 йилда ушбу кондан 718,8 минг кубометр тоғ жинслари қазиб олинган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 3,3 миллион кубометрга, 2024 йилда эса 5,4 миллион кубометрга етгани улкан юксалишдан далолат. Кейинги ўн йилликда жамоа ўсиш кўрсаткичларини 2024 йилда 2014 йилга нисбатан 216 фоизга етказишга эришилди. Бу — юқоридаги фикримизнинг яққол исботи. Бугун аҳил жамоа бирлашиб, ана шундай улкан марралар, муваффақиятларга эришмоқда.
Кончилик соҳасини техникаларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис техника парки доимий замонавий, қудратли техникалар билан тўлдириб борилмоқда. Айни пайтда кондаги қазиш ишларига 4 та бурғилаш ускунаси, 7 та экскаватор, 28 та автоағдаргич, 40 га яқин турли русумдаги ана шундай замонавий техникалар жалб этилган.
Навоий кон-металлургия комбинатида яхши бир анъана йўлга қўйилган. Эллик минг кишилик жамоа ҳар бир ишчи-хизматчисининг меҳнати эътиборда. Ўз эътирофини топиб келяпти. Маржонбулоқда ҳам бундай рағбатга эришганлар кўп. Жумладан, Нуриддин Бердиёров ва Абуҳаёт Ҳотамовлар “Шуҳрат” медали, 49 нафар ишчи-ходим турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони, 3 нафари “НКМК фахрийси” унвони билан тақдирлангани бунинг яққол тасдиғидир.
ОСМОНГА ҚАРАГАН ОДАМЛАР
Бу ерга илк келишим. Шу боис таассуротлар бошқача бўлди. Ҳудуд ҳаёти, дашту далалари, аҳоли турмуш тарзи, шеваси бизникига ўхшаш. Одамлари оддий ва самимий. Аҳолининг асосий касбу кори — деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик, қоракўлчилик ортидан. Экин майдонлари, асосан, лалмикор. Осмонга қараган элнинг асосий даромади ердан. Қишу баҳор яхши, серёғин келса, улар учун катта байрам.
Ғаллаорол ҳақида икки оғиз сўз. Туман 1926 йилда ташкил топган. Ҳудуди кенг, Ғўбдин тоғ тизмасига туташ. Асосий майдони кенг дашт-адирлик, лалмикор ерлардан иборат. Қишлоқ номлари ҳам ажойиб-ғаройиб. Қўйтош, Ғаллакор, Мулкуш, Тозауруғ, Қипчоқсой, Ғўбдин, Мўлтоб, Кўкбулоқ, Мирзабулоқ, Булоқбоши, Маржонбулоқ ва ҳоказо. Менимча, улар жойнинг географияси, қайси қавм яшашидан келиб чиқиб номланган.
Маржонбулоқ шаҳарчасида, асосан, комбинат ишчи-ходимлари ва уларнинг оиласи яшайди. Шаҳарча уй-жойлардан ташқари, қатор ижтимоий объектларга ҳам эга. Энг муҳими, кундалик ҳаёт учун зарур ичимлик суви, табиий газ билан таъминланган. Хизмат кўрсатиш шароитлари ҳам яратилган. Маълум бўлишича, шаҳарча барпо этилиши, ободлиги, аҳоли бандлигида комбинатнинг катта ҳиссаси бор. Ишлаб топаётган даромади рўзғори, уй-жой, тўй-маърака қилиш, ўғил-қизларни ўқитишга етиб-ортяпти. Бундан барча маржонбулоқликлар, ёшу кекса хурсанд. Бугун бу манзилда истиқомат қилаётганлар республикамизнинг турли жойларидан келган. Улар бугун бир оила, аҳил-иноқ бўлиб ҳаёт кечирмоқда. Маржонбулоқ улар учун энг қадрли, қадрдон масканга айланган.
ҚАЙРАҒОЧ СОЯСИДАГИ ГУРУНГ
Эътибор бердим: шаҳарчада дов-дарахтлар бор. Асосан, қайрағоч. Чунки бу дарахт иқлимга мос, чўлга чидамли. Уларни экканларга раҳмат! Ўтган-кетганлар дуо қилиб, соялаб ўтади. Абуҳаёт ака Ҳотамов билан ана шундай қайрағочлар соясида гурунглашдик.
— Асли ғаллаоролликман. Шу ерда туғилиб-ўсганман. Ҳозир ёшим 56 да. Маълумотим — олий. Тошкент давлат техника университетини фойдали қазилмалар геологияси мутахассислиги бўйича тугатганман. Комбинат тизимида ўттиз тўрт йилдан бери, “Маржонбулоқ” олтин ажратиш цехи бош муҳандиси лавозимида 2019 йилдан буён ишлайман. Эсимни таниганимдан буён бу ердаги ҳар бир ўзгаришдан хабардорман. Мустақилликкача бўлган даврлар анча оғир, мураккаб эди. Ҳозиргидек шароитлар қаерда эди, дейсиз! Бугун унинг тамоман акси. Чунки замон анча илгарилаб кетди. Яқинда ижтимоий тармоқда 254 тонналик автосамосвал ҳақида ўқиб қолдим. Унинг ўша даврдаги биз ишлатган автоағдаргич ўртасидаги фарқи осмон билан ерча. Яна бир гап. Яқинда конга тадбирга таклиф этилдим. Шунда эски қадрдонлар билан кўришиб, уларнинг ишига гувоҳ бўлдим. Экскаватор қанча қазиди, автосамосвал қанча ташиди, иш жараёни қандай кетяпти — ҳаммаси шундоқ компьютерда акс этиб турибди. Олдинлари бундай ишлар, ҳисоб-китоблар тўлиқ қўлда, оддий чўтда қилинган. Бунинг ортидан қанча одамнинг сочи оқарган.
Ҳамсуҳбатим бироз тин олиб, яна гурунгни давом эттирди.
— Кўриб турибсиз, дунёда нима бўлаётганини. Урушлар, табиий офатлар қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўляпти. Одамлар, гўдаклар оч ва юпун. Шуларни интернетда кўриб, бугунги тинч-осуда, фаровон ҳаётимизга шукроналар айтамиз. Илоҳим, тинчлигимизга кўз тегмасин! Кўнгил хотиржамлик, соғлиқ бўлса, ҳаммаси топилади. Ҳа, айтмоқчи, олдинлари ҳозиргидек имкониятлар бўлмаган. Бутун халқ ўртаҳол кун кечириб, қора қозонни қайнатарди. Бугун эса тамоман акси. Ҳаёт ўзгармоқда. Шароитлар яхшиланмоқда. Шунинг ўзи катта бахт, олий саодат, асрий орзу эмасми!
Ҳа, яна бир камтарона меҳнатим эътироф этилди: 2008 йилда давлатимизнинг юксак мукофоти — “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Мендек оддий касб эгаси бўлган инсон учун жуда катта рағбат бўлди. Бу, шак-шубҳасиз, соҳада меҳнат қилаётган бутун маржонбулоқликлар меҳнатига бўлган эътирофдир. Бунинг учун давлатимиздан, комбинатимиз маъмуриятидан чексиз миннатдорман. Бу — оддий касб эгасининг бугунги ислоҳотлар, ўзгаришлар, инсон қадри улуғланишидан шукроналиги. Бугун меҳнатидан қадр топаётган улкан жамоанинг ҳар бир аъзоси ана шундай қувончли кайфиятда.
* * *
Кончилик саноати барқарор ишлашида маъдан захираси муҳим аҳамият касб этади ва унинг истиқболини белгилайди. Ҳозирги кунда “Маржонбулоқ” конининг аниқланган маъдан захираси 5,9 миллион тонна, деб баҳоланган. Бу 2034 йилгача коннинг бир маромда ишлашига етади, деганидир. Геология-қидирув ишлари эса яна жадал давом этмоқда. Келажакда унинг захирасини янада ошириш режа қилинган.
Бир сўз билан айтганда, жамоа бугун ўз олдига катта мақсадларни қўйган. Жумладан, 2027 йилгача тоғ жинсларини қазиб олиш ҳажмини 1,5 миллион кубометрга ёки 28 фоизга ошириш йўлида тинимсиз ҳаракат қилмоқда. Интилганга толе ёр, дейдилар. Улар бу йўлда комил ишонч билан фақат олдинга, юксак марралар сари интилмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳати, комбинат маъмурияти ўз ишчи-ходимлари ва уларнинг оила аъзолари бахтиёр, фаровон яшашлари учун керакли шароитларни яратиб бериш борасида доимий ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда. Буни биргина кончилар маскани бўлган Маржонбулоқ шаҳарчаси мисолида кўриш мумкин. Президентимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати, ислоҳотларнинг энг чекка ҳудудлар, хонадонларгача кириб бораётгани ва комбинат томонидан ижтимоий инфратузилмани яхшилашга қаратилган ишлар натижасида бу маскан йилдан-йилга гўзал ва обод гўшага айланиб бормоқда.
Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида шарафли ва машаққатли касб эгалари ҳузурида бўлиб, улар йилнинг тўрт фаслида, кеча-ю кундуз, энг мураккаб шароитларда, очиқ осмон остидаги конда олиб бораётган меҳнатига гувоҳ бўлиб, машаққатли ва матонатли касб эгаларининг фидокорона хизматлари ортидан қўлга киритаётган ютуқлари, бир сўз билан айтганда, замонамиз қаҳрамонларига қойил қолдик. Бу мавзуга яна, албатта, қайтамиз!
Абдумажид ЖЎРАЕВ,
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ матбуот маркази
бошлиғи.
