Онамнинг дугонаси

Тириклик ҳамиша

               бўлади содда…

Усмон АЗИМ

Онамнинг Хурсанд момо деган дугонаси бор эди. Ғоятда қувноқ, ҳазилкаш аёл эди раҳматли. Баъзида уйимизга келиб, Бибигул, Дайрахол, Анора деган тенгдошларини чақириб суҳбат қурар, турли ғаройиб воқеаларни сўзлаб берарди. Хурсанд момо сўзга чечан эди, гоҳида озгина қизиқарли бўлсин дея лоф ҳам қўшарди. Онам эса дугонасини койирди.

— Ҳей, ўлсин, айтганига ишонманглар, бариси ўтрук, — дерди.

Хурсанд момо давра кўрган аёл эди. Узоқ йиллар қишлоқ кенгаши раисаси бўлиб ишлагани сабабли ўзига ўхшаш фаол аёллардан танишлари кўп эди. Бир куни момомиз ўша аёлларни меҳмонга чақирибди. Башанг кийинган аёллар дарвозасидан кириб келишса, офтобрўяда ориққина бир одам чакмонга ўраниб деворга суянганча ухлаб ўтирган экан. Меҳмонлар уйга кириб ҳол-аҳвол сўрашиб бўлишгач, сўрашибди:

— Шодиева, анави ухлаб ўтирган одам ким, бечора касал эмасми?

Гап эри Сафар бобо ҳақида эканлигини сезган Хурсанд момо паст кетгиси келмай:

— Эй, уми? Узоқ қариндошимиз, бева, ҳеч кими йўқ, менинг отимга қараб юради, — дебди.

— Бўлмаса, эрингиз қаерда? Танишайлик, — деб сўрашибди аёллар.

Хурсанд момо деразадан ташқарига қараса, қўшниси — басавлат Жалил мудир қаёққадир кетаётган экан.

— Ана, ошнасиникига тўйга боряпти… — дебди.

Меҳмон аёллар келбатли Жалил мудирни кўриб: “Эрингиз ўзингизга мос экан”, деб мақташибди.

Алдови иш берган момомиз қўшиқ бошлабди:

Араванинг тагидан қуён қочди, ёр-ёр,

Қуён қочди деманглар, куёв қочди, ёр-ёр…

Хурсанд момо ўчоқбошига бориб паловни сузибди.

Бир куни одатдаги гурунгларнинг бирида Хурсанд момо дугонаси Бибигул момога қараб:

— Дугона, сенга бир сирни айтай, ичимда кетмасин, мен эринг Юсуф акадан қарздорман, — дебди.

— Нима, пул овдингма, қурғур?

— Пул бўлса тўлардим, бу бошқа нарса…

— Ҳей, кашмири, ичимизни қизитмай айта қол-да, — дебди Анора момо жўрттага аччиқланиб.

— Бунга анча йил бўлди. Михли улим қўлимда эди. Бир куни Қамашига идоранинг зарур иши сабаб боришимга тўғри келди. Ўша пайтлари Қашқадарё устида кўприк қурилмаган эди. Бировнинг отига мингашиб ўтдим. Ишимни бажариб, тушдан сўнг ортга қайтдим. Дарё қутуриб оқарди, ҳеч ким йўқ. Дарёнинг нариги тарафидаги отлиққа кўзим тушди.

Рўмолимни силкитиб чақирдим. Отлиқ дарёдан ўтиб келди, Юсуф ака экан. Колхознинг йилқисини боқиб юрарди. “Мени дарёдан ўтказиб қўйинг”, деб илтимос қилдим. Эринг кулди ва:

— Ҳақига нима берасан? — деди.

Шўхлигим тутди. “Истаганингиз!” дедим.

— Бўлмаса, битта муччи берасан!

— Майли, — дедим.

Дарёдан ўтдик. Отдан тушдик. Қўрқиб кетдим. Ахир эркак, раисалигимга қараб ўтирадими? Тағин ўзим майли дедим, шайтоннинг гапига кирса…

— Ака, — дедим, — сиз кутиб туринг, мен юзимни чайиб олай, терлаб кетибди, — деб қамишзор ичига кириб, сўқмоқ йўлдан қишлоққа қараб қочдим. Эринг мард экан, қувмади. Лекин учратиб қолса: “Ҳа, Хурсандой, қарзни қачон узасан?” — деб қўяди.

— Бечорани роса умидвор қилибсан-да, — кулишди аёллар.

— Юсуф акам ўзи яхшими? — деб сўрайди Хурсанд момо Бибигул момодан.

— Ётибди, дугонанг қачон қарзини узаркан деб, — дея кулди Бибигул момо.

Дугоналар ҳовлини кўтариб кулишди. Уларнинг кулгисида ойдинлик, беғуборлик, самимийлик бор эди.

Ўролбой ҚОБИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + ten =