Зоминнинг ёруғ тонглари

Зомин сўзи қадим китобларда ҳам зикр этилгани кўпчиликка аён бўлса керак. Пурвиқор тоғлар қуршаган ушбу гўша танти одамлари, мусаффо табиати ҳамда қулай географик жойлашуви, ижтимоий, иқтисодий инфраструктуралари ривож топаётган гўшадир. Зомин каби ривожланаётган шаҳарларимизнинг самарадорлик мақомини янада ошириб бориш юртимиз равнақига равнақ, қудратига қудрат қўшади. Зомин ўзининг қадимийлиги ва навқиронлиги билан, гарчи туман негизида бўлса ҳам, айрим шаҳарларнинг шаҳарлик мақомидан ҳам баландроқ.

Ўзбекистоннинг электр юраги ҳисобланган гидростанцияси билан машҳур Ширин шаҳри бу туманга яқинлиги боис Зоминнинг энергия билан юқори даражада таъминланиши – ҳар қандай ривожланиш, тараққиётнинг бош мезони, десак, янглишмаймиз.

Сув омборининг яқинлиги эса ичимлик ва саноат суви билан таъминланганлик – бу ҳам барқарор ривожланиш кафолати. Бу аҳоли ва инвесторлар учун жуда кўп қулайликларни беради.

Кўп томонлама тармоқланган транспорт логистикаси ҳамда янги қурилган аэропорт давлатимизнинг муҳим қон томирларига Зомин нуқтасидан боғланиш имкониятини кенгайтирди.

Бу ҳудуд ўз қадимий урф-одатлари, маданиятини сақлаб қола олган, қадриятларни авайлаб-асраб келаётган ҳудудлар сирасидан. Бу эса миллий брендлар яратилишида, чет эл брендларининг маҳаллийлаштирилишида муҳим омилдир.

Яхши эслайман, илк бор севимли маскан – Зомин билан танишувим Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов бошчилигида “Зомин” ижодий семинари баҳонасида хушманзара табиатли Ўриклисой бағрига қадам ташлашдан бошланган эди. Ижод завқи билан тўлиб-тошган биз ёшлар Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тоир, Ҳаётхон Ортиқбоева каби устозлар билан турли шўъбаларда маҳорат дарсларидаги иштирокимиз, барча вилоятлардан келган ёш ижодкорлар билан дўстлашганимиз бугунги кунгача бўлган катта даврнинг метин пойдевори бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Ҳанузгача Ўриклисой булоқларидан ижодимиз сув ичиб илҳомланиб туради. Ўша вақтларда Жиззах вилояти ҳокими лавозимида ишлаган, узоқни кўра билган миллатпарвар инсон ­Шавкат ­Мирзиёевнинг ижодкорларга қанот бағишловчи лойиҳалари дунё даражасида эътироф этгулик ғоялар сирасидан, албатта.

Куни кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан берилган ижодий сафар йўлланмаси билан Зомин бағрида жойлашган “Навоий саноатни ривожлантириш комплекси” махсус саноат дирекцияси Зомин филиали ҳамда чет эллик инвесторлар томонидан қурилаётган “Зомин технопарки”нинг тўрт юз гектарлик ҳудудларида бўлдик. Бу ерда кўнгилда ниш отаётган орзуларнинг амалий натижаларини, жамиятнинг иш илинжида юрган қатламига яратилаётган имкониятларни кузатиб, бу замин келажаги нақадар ёрқинлиги кўз ўнгимизда бор бўй-басти билан жонланди.

Сафар давомида бизга йўлдош бўлган саноат зонасининг ҳар бир қарич ери ҳақида эринмай тўлқинланиб сўзлаши, қаерда кичик электр станция, қаерда сувни фильтрлаш жойи, қаерда меҳмонхона қурилаётгани ҳақида сўзлаган Зомин туман ҳокимининг инвестициялар, саноат ва савдо масалалари бўйича ўринбосари Даврон Каримовнинг куюнчаклигини алоҳида таъкидлашни истардик. Ана шундай билимли, тиниб-тинчимас навқирон раҳбарлар бор экан, юртимизнинг келажаги чиндан ҳам буюк бўлади. Зоминнинг ёруғ тонглари, ҳар бир куни янгидан-янги ютуқлар олиб келаверади…

Буғдойдан оқсил ва этанол, тиббий буюмлар, шамол парраги, алюминий профиллар, металл конструкциялар ва дренаж учун қувур ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона ва “Мidea” бренди остида совуткич ва электр газ плиталари ишлаб чиқариш лойиҳаларини ўзида жамлаган икки ёнма-ён гигант корхона. Улар – Янги Ўзбекистоннинг мевалари, янги имконият эшиклари.

Муҳтарам Президентимиз июль ойида “Зомин технопарки”га қилган ташрифи давомида маиший техника заводини кўздан кечирганди. “Навоий” махсус саноат паркининг филиали сифатида ташкил этилган мажмуа 80 гектарда жойлашган. Лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион АҚШ доллари. Бу ерда кир ювиш машинаси, совуткич, телевизор, электр сув иситкич каби йилига 1 миллион дона турли маиший техника ҳамда бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилади. Завод бир гуруҳ ходимларини ҳурмат билан меҳнат таътилига кузатаётгани, ўзида ишлаб чиқарилган маиший техникалар билан фаол ишчиларини рағбатлантираётгани учун уларнинг қувонганлари юзларидан сезилиб турарди.

Республика миқёсида улкан қудратга эга ушбу саноат зоналари чуқур ўйланган лойиҳалар асосида, илмий институтлар текширувлари хулосасини олган ҳолда, ҳудудни стратегик ривожлантиришда жуда олисни нишонга олиб, давлатни обод қилишга йўналтирилган. Саноат зонасининг бир қисмида ходимлар малакасини ошириш маркази ташкил қилиниб, шу ернинг ўзида заводнинг мутахассисларга бўлган талабини қондириб, камбағалликни қисқартириш масаласида устувор мақсадларни амалга оширмоқда.

Дарвоқе, чет эллик инвесторлар ҳақида гап кетганда, оммага худди ерларимизни улар эгаллаб олаётгандай тасаввур уйғотишга ҳаракат қилувчи кишилар ҳам йўқ эмас. Ҳақиқат шуки, давлат ерни ижарага бериш орқали ўз иқтисодиётини мустаҳкамламоқда. Аҳолининг ишга бўлган талабини қондирмоқда. Чет эл инвесторлари орасида ота-боболари асли ўзбекистонлик бўлган бизнесмен, тадбиркорлар ҳам кам эмас.

Муҳтарам Президентимизнинг ушбу саноат зоналарига ташрифи юзасидан кўпчилик хабарларда лойиҳаларни тезлаштириш, инвесторларга кўмаклашиш таклифи берилганлиги айтилади. Ростдан ҳам бу борада кечиктириб бўлмайдиган, айрим тадбиркорларни инқироз хавфидан асраб қолиш йўлида чоралар кўрилиши керак. Жумладан, тиш протезларини ишлаб чиқарувчи фирма патентлаш билан боғлиқ муаммога дуч келиб, маҳаллий хомашёдан тайёрланган дунё стандартларига мос тайёр маҳсулотини сотишда қийинчиликларга дуч келаётганини маълум қилди. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш асносида “Зомин фарм” компанияси фармацевтика соҳасида миллий иқтисодиётимиз вакили сифатида дунё бозорига чиқиб бормоқда.

Саноат зонасида бетондан тайёр уйлар ишлаб чиқарилмоқда. Бизнинг ота-бобомиздан қолган одат бўйича бир уйнинг қурилишидан тортиб то битгунича йиллар сарф бўлган бўлса, эндиликда бир-икки ҳафтада ҳар томонлама қулай уй қуриш имкони пайдо бўлди. Бундай уйлар, айниқса, қишлоқ жойларда жуда зарур.

Маълум бўлишича, ўзимизнинг миллий бренд “Artel” заводи филиали ҳам Зоминда сентябрь ойида тўлиқ қувват билан иш бошлайди. Ушбу корхона мингдан ортиқ ишчиларни иш билан таъминлаши ва миллий маҳсулотлар экспорт ҳажмини ошириши билан таҳсинга сазовор. Ҳудуднинг эллик километрлик радиусида ишчиларга автобус хизмати йўлга қўйилади. Сирдарё вилоятининг Зоминга чегарадош Ховос, Сардоба туманларидан ҳам ишчилар жалб этилиб, йилма-йил малакаси ошириб борилиши кўзда тутилган. Келажак авлодлар Жиззахнинг Зоминидаги бу қудратли заводларга маҳлиё бўлиб қарашса, ажаб эмас.

Умид қиламизки, зоминлик кучли тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар дунё бозорини забт этажак. Қизилсой, Қанғли, Ёйилма, Қудуқча, Лайлакуя, Боймоқли, Кўрпасой, Сўлоқли каби қишлоқлар бугун бошқача гўзал, мафтункор. Бу ерларнинг мусаффо ҳавоси танга даво. Бу гўша маҳаллий сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган манзилга айлангани бежиз эмас. Вақти келиб дунё сайёҳларининг ҳам энг севимли марказига айланса, сира ажабланмаймиз. Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида Юртбошимиз томонидан илгари сурилаётган “Ислоҳотлар штаби”, “Инновацион туман”, “Келажак мактаби”, “Мономарказ”, “Ғояларни тирилтирамиз” ва шу каби янгидан-янги ғоялар остида қанчалар залворли юк борлигини барча бирдек англаб етган. Янги Ўзбекистонда ёруғ манзилларни кўзлаб бораётган Зомин ҳам янада гуллаб яшнайверсин!

Ўзбектош ТЎРАХОНЛИ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 1 =