Фотожурналист бўлиш осонмас…

“Сирдарё ҳақиқати” газетасида ишлаган кезларимизда бош муҳарриримиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Саъдулла Боқиев (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) фотомухбирлар олган суратларга жиддий эътибор қаратар эдилар. Адабий ўқув ва режалаштириш жараёнларида энг кўп тавсияни сураткашларга берардилар. У кишининг наздида газета саҳифаларига қўйилган ҳар бир сурат нашрни кўримли қилиш билан бирга, газета мухлисларининг эътиборини оҳанрабодек ўзига тортиши керак эди.

Фотомухбирлар маҳорати ҳақида куйинчаклик билан айтилган бир-иккита воқеа ёдимга тушди.

Баҳор. Ғўзалар энди қўшқулоқ бўлган кезлар эди. Газетанинг биринчи саҳифасига пайкалларда бўй кўрсатган ниҳол акс этган сурат жойлаштирилиши режалаштирилди. Муҳаррир сураткашимиз Қўлдош Намозовга (жойи жаннатда бўлсин) маслаҳат бердилар:

— Ниҳоллар тасвирда бўртиб кўринсин! Акс ҳолда, биринчи бетнинг мавқеини тушириб қўямиз!

У пайтлар газетамиз ҳафтасига 5 марта чиқар, мухбирлар ҳам, сураткашлар ҳам елиб-югуриб ишлашарди. Эртаси куни газетанинг биринчи саҳифасида муҳаррир тайинлагандек гўзал сурат чиқди. Ўшанда Қўлдош ака муҳаррирнинг топшириғини рисоладагидек бажариш учун эгатга узала тушган кўйи сурат олган экан.

Яна бир мисол. Муҳарриримиз газета саҳифаларида кўпроқ фотоэтюдлар берилишига эътибор қаратар эдилар. “Яхши фотоэтюдни томоша қилган муштарий дилбар шеър ўқигандай завқ олади”, дердилар. Кундалик режалаштиришларнинг бирида сураткашларга “Правда” газетасида чиққан бир фотоэтюдни ўрнак қилиб кўрсатгандилар. Болакайнинг чоптираётган ҳолати кадрга муҳрланган эди. Фотоэтюдга “Не выдержался” деган тагёзув битилган эди. Ҳаммамиз суратни томоша қилиш асно роса завқланганмиз.

Ўша пайтлари икки босма нашр — “Сирдарё ҳақиқати” ва “Сырдариньская правда” газеталари ўртасида рақобат бор эди. Кези келганда икки газетанинг сураткашлари бир-бирининг юмушини қилиб кетаверишарди. Бир гал вилоятимизга кинорежиссёр Эдуард Хачатуров бошчилигида бир гуруҳ “Ўзбекфильм” киноактёрлари ташриф буюрди. Боёвут туманидаги “2-Боёвут” хўжалигининг дала шийпонида учрашув белгиланди. Тадбирни ёритиш учун камина ва “Сырдариньская правда” газетасининг сураткаши Виктор Втюрин борадиган бўлдик. Ўзимизнинг сураткашимиз топшириқ билан бошқа туманга кетган эди. Учрашув бошланди. В.Втюрин суратга оляпти. Бир пайт дала шийпони ёнида тўхтаб турган тракторга осилганча шийпон устига чиқиб кетса бўладими? Тепадан чиқиллатиб суратга ола бошлади. Сураткашнинг хатти-ҳаракатини кўриб, пахтакорлар ҳам ҳайрон қолишди.

Ҳа, ўша пайтлари Сирдарёда ўз ишининг усталари бўлган талай фотожурналистлар вояга етди. Абдухолиқ Тўраев, Рефат Жепаров, Олег Куликов, Олег Цой, Рашид Самдинов шулар сирасига киради. Улардан кейин Маматкарим Абдумўминов, Нарзулла Файзуллаев, Фурқат Тошматов, Баҳром Тўраев каби қатор ёшлар устозлари ёнига қўшилдилар.

Бугунга келиб ахборот технологияларининг жадал ривожланиши оқибатида етти ёшдан етмиш ёшгача барча сураткашга айланди. Энг замонавий рақамли фотоаппаратлар, телефонлар сураткашлар хизматида. Бироқ газеталарда чоп этилаётган аксар суратларда ўзига хослик, оригиналлик, нафосат етишмайди. Кўп ҳолларда чоп этилаётган суратлар статик (турғун) кўринишда эсдаликка олинган расмлардек таассурот уйғотади. Муштарийларда қизиқиш уйғотмайди, таъсирлантирмайди. Таниқли фотожурналист Дмитрий Фролов тўғри таъкидлаганидек: “Фотоаппарати зўр бўлса, сураткаш уста бўлиб қолмайди. Балки, яхши фотоаппарати бор кишига айланади, холос”, деган гаплари эсга тушади. Нафсиламрини айтганда, замонавий фотоаппаратларнинг барча имкониятларидан фойдаланиш учун фотожурналистдан анчайин билим талаб қилинади.

— Босма нашрлар, сайтлар ва ижтимоий тармоқлардаги каналларни мунтазам кузатиб бораман, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, “Энг улуғ, энг азиз” республика танловининг совриндори, профессионал сураткаш Маматкарим Абдумўминов. — Кейинги пайтларда босма нашрларда чоп этилаётган суратларнинг сифати анча тушиб кетди. Биринчидан, профессионал сураткашлар йил сайин камайиб бормоқда. Уларнинг ўрнини ҳаваскор омма эгаллаб олди. Қолаверса, илгарилари газеталарнинг фото бўлимида соҳани тушунадиган мутахассис ўтирарди. Расмларни синчков назардан ўтказарди. Замонавий фотоаппаратларни кўтариб юрган сураткашларнинг барчасини профессионал деб бўлмайди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фотожурналистларнинг бошини қўшиб, маҳорат дарслари ташкил қилиши керакмикан? Мақтаниш эмас-у, пойтахтдан меҳмонлар ташриф буюрса, айрим нашрларнинг вилоят бўйича мухбирлари: “Тасвирга олиб беринг!” деб мени чақиришади.

Маматкарим Абдумўминов вилоятимизда фото кўргазмасини ташкил қилди. Вилоят Маънавият маркази қошидаги Фотосуратлар галереясини ихлосмандлар томоша қилишди. Маҳорат билан олинган фотосурат рассом мўйқаламидан чиққан санъат асаридан қолишмайди.

“Маҳоратингизни ёшларга ўргатсангиз, маҳорат мактабингизни очсангиз ёки “Баркамол авлод” марказларида фототўгаракни юритсангиз бўлмайдими?”, — деган саволимизга: “Бу ишлар маблағ билан боғлиқ”, — деди суҳбатдошимиз.

Дарҳақиқат, “Баркамол авлод” марказларидаги тўгарак раҳбарларига жуда кам маош тўланади. Лекин ўз ишининг устасига ҳар доим харидор топилади. Туғилган кунлар, тўйлар ва бошқа маъракаларга М.Абдумўминовни чорлаб туришади.

— Бизда рассомларнинг каталоглари, альбомлари нашр этиб турилади. Бироқ моҳир фотожурналистларнинг ижодий ишлари бир муқова остида чоп этилганини эслолмайман. Россияда бу анъана яхши йўлга қўйилган. Таниқли журналист Василий Песковнинг альбомларини томоша қилиб, роса завқланганман. Она тилимизда бошловчи сураткашларга йўл-йўриқ кўрсатадиган методик китоблар анқонинг уруғи, — дейди М.Абдумўминов.

Халқимизда “Уста уста эмас, асбоби уста”, деган мақол бор. Ушбу нақл ҳар доим ҳам сураткашларга тўғри келавермайди, шекилли. Фотоаппарати зўр бўлса-ю, сурат олиш сирларини билмаса, муваффақиятга эришолмайди. Айниқса, у оммавий ахборот воситаларида ишласа… Бизнинг мулоҳазаларимиз шу…

Муҳаммадали АҲМАД,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + 12 =