Кўп қутблилик сари йўл…

ШҲТнинг Тяньцзиндаги навбатдаги саммити якуни бўйича декларация қабул қилинди. Аъзо давлатлар ҳарбий, энергетика ва транспорт соҳаларида, шунингдек, сунъий салоҳият (интеллект) тизими хавфсизлиги йўналишида ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олдилар.

Ҳужжатда Фаластин-Исроил инқирозининг кескинлашувидан “чуқур хавотирда эканликлари” ҳамда “Ғазо секторида кўплаб ўлимга ва гуманитар вазиятга олиб келган” ҳаракатлар кескин қораланади.

Декларацияда, шунингдек, Исроил ва АҚШнинг Эрон ядро дастурига қарши ҳужумлари танқид қилинган бандлар ўрин олган.

“Давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги, ҳудудий яхлитлигини ўзаро ҳурмат қилиш, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатдорлик, ички ишларга аралашмаслик, куч ишлатмаслик ёки уни қўллаш билан таҳдид қилмаслик тамойиллари халқаро муносабатлар барқарор тараққиётининг асосидир”, деб қайд этилади ҳужжатда.

Декларацияда Украина уруши эсланмади.

Киев дунёдаги қатор савашлар, терактлар ва бошқа воқеалар акс этган шундай муҳим фундаментал ҳужжатда Иккинчи жаҳон уруши давридан бери Европадаги босқин ўрин олмаганидан таажжубда эканини билдирди.

Таҳлилчиларнинг эътироф этишича, Хитойда ўтаётган ШҲТ саммити ва Ғалабанинг 80 йиллиги тадбирлари доирасида барқарор Евроосиё ўқи — Пекин-Деҳли-Москва шаклланаётганлиги сабабли ҳақиқий кўп қутбли дунёнинг бошланғич нуқтасига айланиши кутилмоқда. Мазкур триаданинг умумий вазни декларацияларда эмас, балки молия, энергетика, логистика ва технологик алмашувидаги прагматик манфаатларнинг мослашувига асосланади.

Бурилиш нуқтаси бир неча даражада кўринмоқда. Биринчидан, етти йиллик паузадан сўнг Си ва Моди ҳамда уларнинг Путин билан учрашувлари мамлакатлар ўз ташқи сиёсий интилишларини мувофиқлаштиришларидан дарак беради.

Иккинчидан, юқоридаги декларацияга қўшимча равишда, “ШҲТ+” ва икки томонлама энергетика, транспорт ва молия-техник йўналишларни ўз ичига олган “йўл хариталари” қўшилади.

Учинчидан, Пекиндаги йигирмадан зиёд етакчи иштирокидаги рамзий маънодаги парад Глобал Жанубнинг муҳим қисмини муқобил тортишиш марказига қайта йўналтиришни мустаҳкамлайди. Ғарб матбуоти буни Пекиннинг “бирдамлик намойиши” ва “дипломатик ғалабаси” деб талқин қилмоқда. Шунингдек, Вашингтон ва Европанинг дунё кун тартибини белгилаш ролидан маҳрум бўлиш безовталиги кучайишига ишора қилмоқда.

АҚШнинг гегемонликни сақлаб қолишга қаратилган сиёсати тескари таъсир кўрсатди. Бундан буён кўп қутблилик шиор эмас, балқи ҳақиқатдир. Пекин-Деҳли-Москва ўқи Ғарбга қарши йўналтирилмаган, балки ўзаро манфаатлар ва суверенитетни ҳурмат қилиш асосида глобаллашувга муқобил равишда қурилган янги кўп векторли тизимнинг ўзаги намойишидир…

Аброр ХОН

2025 йил 2 сентябрь

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + ten =