Китоб, газета улашиш анъанага айланмоқда

ёхуд оқила аёллардан туҳфалар

Сирдарё туманининг “Интилиш” маҳалласида истиқомат қилувчи уй бекаси Гулбаҳор Бозорова болалигидан китоб ўқишни яхши кўради. У ўрта мактабни тугатганидан сўнг оилавий шароити туфайли ўқишни давом эттира олмади. Кейин турмушга чиқди, тўрт нафар фарзанднинг онаси бўлди. Рўзғор ташвишлари, болалар тарбияси билан банд бўлса-да, ўқишга бўлган қизиқиши сўнмади, қўлига бирорта газета ёки журнал, ҳатто оддий қоғоз (бирор ҳужжат) тушса ҳам қизиқиб ўқир, уни авайлаб олиб, асраб қўярди. Фарзандлари мактабга чиққанида эса уларнинг дарсликлари, айниқса, адабиёт китобларидаги шоир ва адиблар ҳақидаги битиклар, уларнинг шеър ва ҳикояларини, эртакларни ўқиб, завқ оларди. Болалари билан уларни муҳокама қилар, биргалашиб топишмоқларни топарди. Лекин оилавий шароити туфайли китоб харид қилишга ортиқча маблағ тополмасди. Шу пайтгача ҳеч ким унга китоб совға қилмаганди…

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 апрелдаги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан жорий йилнинг май-июнь-июль ойларида “Аёллар дафтари” рўйхатида турадиган сирдарёлик аёлларнинг табиат қўйнида — Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги сўлим гўшаларда дам олишлари ташкил этилди. Гулбаҳор Бозорова ҳам навбатдаги гуруҳда тоғ бағрида дам олиб қайтди. Бу саёҳат Гулбаҳорга хуш кайфият бағишлади, ҳаётга қизиқишини орттирди. У турли маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этди, вилоятдан борган таниқли ижодкорлар билан танишди, зиёли, ўқимишли дўстлар орттирди. Энг қувончлиси, унинг орзуси ушалди, яъни шу саёҳат сабаб ўзи истаганидек, жавони китоблар билан тўлди…

Саёҳат давомида Гулбаҳорга ҳамроҳ бўлган вилоятда чоп этиладиган “Ойдин йўл” газетасининг бош муҳаррири, Сирдарё тумани “Оқила аёллар ҳаракати” аъзоси Дилором Эсонова у билан танишиб, орзулари, китоб ўқишга бўлган қизиқишлари ҳақида суҳбатлашди.

— Гулбаҳорнинг китобга бўлган қизиқиши мени ҳайратга солди, — деди Д.Эсонова. — Унинг: “Дилором опа, китоб ва газета ўқишни яхши кўраман, иложи бўлса, менга газеталарингиздан, вилоятимиздаги ижодкорларнинг янги китобларидан бериб туринг. ­Оиламиз катта, тўрт нафар ўғлим бор. Ҳар доим ҳам янги китоб сотиб ололмайман. Шу боис уйдаги бор китобларимни қайта-қайта мутолаа қилавераман. Ўқишга нарса тополмай қолсам, ҳатто қўлимга тушган дори-дармонлар ҳақидаги битиклар (аннотациялар)ни ҳам эринмай ҳижжалаб ўқиб чиқаман. Баъзан кўчалардаги нималардир ўраб ташлаб юборилган газеталарни ҳам секингина олиб, сумкамга солиб қўяман, уйга келгач, уларни ўқийман”, деган гапларини эшитиб, орамизда шундай китобхон, газетхон аёллар борлигидан хурсанд бўлдим ва унга вилоятнинг бош нашри бўлган “Янги Сирдарё” ҳамда “Ойдин йўл” газеталарининг янги сонларидан ва вилоятимизда яшаб, ижод қилаётган шоир ва ёзувчилар ҳамда журналистларнинг янги чоп этилган китобларидан бериб туришни ваъда қилдим. Ҳа, яна бир гап, кейинги пайтларда ижодкор дугоналарим китоб тақдим қилишса, “Менга яна битта беринг, уларни туманимиздаги китобсевар аёлларга туҳфа қиламан”, дейдиган бўлдим. Бундай қарасам, бир ой ичида Гулбаҳорга атаб йиққан китобларим ўнтага яқинлашиб қолибди. Китобсевар инсонларга улар суйган нарса (китоб)ни  тортиқ қилиш ҳам, менимча, савоб саналса керак.

Ваъда вафоси билан, деганларидек, Дилором Эсонова дам олиб қайтганларидан сўнг бир ҳафтача вақт ўтгач, “Оқила аёллар ҳаракати” туман бўлими раҳбари Шоҳида Мирзабекова билан бирга Сайхунобод туманининг “Интилиш” маҳалласига Гулбаҳорни излаб боришди. Китобларни кўрган Гулбаҳор худди кўп йиллик қадрдонларини кўргандек севинганидан икки аёлни ҳам қучоқлаб олди ва ўзи кутган туҳфаларни қабул қилди. Шуни таъкидлаш керакки, Д.Эсонова вилоятимиздаги хотин-қизлар ва ёшларга уч юзтадан зиёд турли бадиий китобларни совға қилди. Бундан ташқари, “Янги Сирдарё” ва “Ойдин йўл” газетасининг янги сонлари вилоятдаги кўпчилик маҳаллалардаги хотин-қизларга текин тарқатиладиган бўлди.

Ҳамиша гап китоб, газета ёки журнал ҳақида кетар экан, онажоним Бувиҳожар ая билан боғлиқ хотиралар ёдимга тушади. Онам Зоминнинг (Жиззах вилояти) Жалоир қишлоғида туғилиб ўсган. Кейинчалик, яъни қатағон йиллари бобом — мулла Қунназар қувди-қувдилар туфайли оиласини олиб, ҳозирги Сирдарё вилоятининг Гулистон туманига кўчиб келган. Онам ана шу талатўп воқеалари, кейин эса Иккинчи жаҳон уруши даври қийинчиликлари боис мактабда жуда оз ўқиган, хат-саводи (лотин алифбосида), асосан, уйда чиққан. Кейинчалик мустақил равишда кирилл алифбосини ўрганган экан. Лекин жуда зукко, тиришқоқ бўлиб, ўқишга жуда қизиққан, лекин отаси (бобом)нинг раъйига қараб жуда эрта турмуш қурган. Болалигимиздан китоб жавонимизда жуда кўп адабиётлар бўлар, отам арабча, лотин алифбосидаги китобларни кўп ўқир, онам эса китобдан ташқари журнал ва газеталарни ҳам кўп мутолаа қиларди. Оила даврасида ўтирганимизда китоблар, газета ва журналлар кўп муҳокама қилинарди. Онам бизга болалигимизда жуда кўп эртаклар, ривоятлар, ҳикоялар ўқиб берарди. Уйимизга ҳафта-ўн кунда бир даста газета-журналлар келар, онажоним уларни бирма-бир ўқиб чиқарди. Яна бир қизиқ воқеа ёдимга тушди. Ўқувчилигимдаёқ туман ҳамда вилоят газеталарида хабар ва мақолаларим эълон қилиниб турарди. Онам уларни “қизимнинг мақоласи босилибди”, деб мақтаниб, фахрланиб, қўшниларга кўрсатиб чиқарди. Шу боис онам кўчаларда писта сотиб ўтирган аёлларнинг қўлларида газета кўрса: “Пистани газетага ўраб сотманглар, уволи бор. Уларга қанча одамнинг кўз нури тўкилган. Қизим редакцияда ишлайди, бу газета қанча меҳнат билан дунёга келади”, — деб уларни пистачиларнинг қўлларидан олиб қўйган пайтлари бўлган. Онам кексайганларида почтальонлар унга пенсия пулларини олиб келганларида улардан ортиқча газеталарни, журналларни пенсияси ҳисобидан сотиб оларди. Ўшанда почтальон: “Бошқа қариялар “менга газета-пазета керакмас, пулимни тўлиқ бер”, дейишса, бу онахон ўзи сўраб олади-я”, — деб ҳайрон бўлишаркан. Онам то 85 ёшга кириб, боши ёстиққа тегмагунча газета-журналлар ўқишни (улар нашрларни кўзойнаксиз ўқирди) канда қилмаганди. Ҳозир ҳар гал пенсия олганимда, шу воқеалар эсимга тушади.

Ҳа, вилоятдаги ижодкор аёллар ўртасида ўз маҳалладошлари ва бошқа аҳолининг турли қатламларига, айниқса, ёшларга китоблар туҳфа қилиш анъанага айланиб қолган. Масалан, журналист, адиба Дилором Исмадиёрова ўзининг турли йилларда чоп этилган “Сирдарёча тўй қиламиз”, “Сирдарёга қўниб ўтинг, дўстларим”, “Сирдарёнинг бўйларида уйларимиз” номли китобларидан салкам мингтасини воҳадошларига совға қилди. Турган гап, туҳфа олганларнинг аксарияти қишлоқ хотин-қизлари. Бу анъана кейинги пайтда оммалашиб кетмоқда. Вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидаги “Оқила аёллар ҳаракати” аъзолари ва бошқа зиёли аёллар томонидан ўзлари яшайдиган ҳудудлардаги, айниқса, кутубхоналар кам ва узоқ бўлган маҳаллалардаги уй бекаларига китоблар ва газеталар улашиш урфга кирди. Маҳаллаларда ташкил этиладиган турли маънавий-маърифий тадбирлар, ҳатто хонадонлардаги оилавий тантаналарга ҳам ижодкорларни таклиф этиш, уларнинг янги китоблари тақдимотини ўтказиш, ижод намуналарини тинглаш каби хайрли юмушлар амалга оширилмоқда. Шу тариқа хонадонларга янги китоблар, газеталар кириб боришига имкон яратиляпти.

Холида ПАРДАБОЕВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − eleven =