Тўлов-контракт ва молиявий шаффофлик: Талабаларга яратилган қулайликлар

Маълумки, бугунги кунда республикамизда ёшларнинг олий таълим муассасасида таҳсил олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, тўлов-контракт тизимининг тўлиқ рақамлаштирилганлиги талабаларга яратилган шарт-шароитларнинг муҳим омилларидан биридир. Бу қулайлик ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш билан бирга, молиявий муносабатларда шаффофликни ҳам таъминламоқда.

Хабарингиз бор, талабаларга онлайн усулда шартномалар олиш ва тўловларни амалга ошириш имкониятини яратиш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан “Олий таълим тизимида тўлов хизматларини ягона ҳисоб рақами орқали қабул қилиш ва тақсимлаш ҳамда молиявий ҳисоботларни юритиш” — billing.edu.uz ахборот тизими ишлаб чиқилган эди.

Шунга мувофиқ, эндиликда биринчи босқичга тавсия этилган талабалар ҳам янги ўқув йилининг биринчи кунидан бошлаб тўлов-контракт шартномаларини электрон шаклда, ортиқча оворагарчиликларсиз онлайн олишлари мумкин. Бунинг учун вазирликнинг kontrakt.edu.uz платформасидан рўйхатдан ўтиб, онлайн ариза юборилади. Ариза тасдиқлангач, тўлов-контракт шартномасини юклаб олиш учун ҳавола берилади. Шунингдек, белгиланган ўтиш баллини тўплай олмаган, аммо табақалаштирилган тўлов-шартнома асосида ўқиш истагини билдирган талабгорлар учун ҳам kontrakt.edu.uz платформаси орқали онлайн ариза бериш ва шартномани онлайн расмийлаштириш имконияти мавжуд.

Мазкур платформа электрон ҳукуматнинг идоралараро интеграцион тизими, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “UzASBO” дастурий мажмуаси, Солиқ қўмитасининг soliq.ijro.uz ахборот платформаси ва Марказий банкнинг “MUNIS” клиринг тўлов тизими ва бошқа манфаатдор давлат ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинганлиги фуқароларга қулайлик яратмоқда.

Хўш, мазкур ахборот тизими тўлов-контракт ва молиявий шаффофликни таъминламоқдами?

Kontrakt.edu.uz — бу Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида контракт асосида ўқиш учун тўловларни амалга оширишга мўлжалланган электрон платформа. Бу тизим талабалар ва уларнинг ота-оналарига банкларга бормасдан, онлайн тарзда контракт пулини тўлаш имкониятини бермоқда. Яъни инсон омили иштирок этмаган ҳолда кимнингдир кайфиятига қарамасдан, жараён ўз-ўзидан давом этмоқда.

Платформа ёрдамида талабалар ва уларнинг ота-оналари исталган жойда ва исталган вақтда интернет орқали тўловларнинг ҳолатини реал вақт режимида кузатиб боришлари мумкин. Тўлов маълумотлари автоматик равишда университетларга узатилади, бу эса талабани рўйхатдан ўтказиш жараёнини тезлаштириш имконини беради. Бундан ташқари, платформа турли тўлов усулларини, шу жумладан, банк карталари ва электрон пулларни қўллаб-қувватлайди.

Илҳом РЎЗИБАЕВ,

Тошкент давлат юридик университети

тўлов шартномалари ва тўловларини

мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 3 =